Дилором – менинг талабам

Ҳар сафар бу ерга келганимда бир нарса такрорланади.
Аудиторияга кирар эканман шу жойда ўтирган ҳар бир илми толибнинг ёниқ юзига кўзим тушганида… ғалати бир ҳаяжон босади.
Тилим гўёки музлаб, оғзимга тиқилиб қолади.
Сабаби эса жуда оддий.
1960 йилларда айнан шу университетда онам талаба бўлган.
Эрксиз хаёллар мени тарихга етаклайди.
Шифт жуда баланд, кенг деразалар, хуллас классик маънодаги каттагина “паточный”.
Нима учундир бугун ушбу аудитория кўчадан ҳам ёруғроқ ва баҳавороқ туюлаяпти…
Маъруза олдидан ўпкамни тўлдириб, чуқур-чуқур нафас оламан.

Ниҳоят дарс ҳам бошланди.

Қаранг, рўпарадаги талабалар орасида, залнинг ҳў-ўв ўртароғида ёшгина Дилором Ғайниддинова ҳам бор.
Ҳа, менга таниш, қадрдон чеҳра… У ҳозир ё 18, ё 19 ёшларида бўлса керак.
Асли Булунғурдан, марказдаги Красногвардейск шаҳрида туғилиб ўсган. Гулжамол аянинг иккинчи қизи.
Мактабни аъло баҳоларга битириб, яқиндагина СамДУга ўқишга кирган.
Ҳозир Дилоромхон Химия ва биология йўналишида тақсил олмоқда.
Нигоҳларидан унинг анча тетиклигини, чаққонлигини сезиш қийин эмас. Айниқса, атрофга жиддий қарашлари унинг “Иккинчи жаҳон уруши” даври боласи эканлиги кўрсатиб туради.
Майли, нима бўлганда ҳам, Дилором бугун … менинг ажойиб талабам!
Ҳар сафар аудиторияга кирсам, уни кўраман. Қувонаман. Ғурурланаман.
Муҳими, у бирон марта дарс қолдирмайди. Тиришқоқ. Яхши ўқийди.
Бўйлари баланд, кўз-қошлари чиройли, жингалак сочли бу талабам бугун ҳам каминани диққат билан тинглаб ўтирибди.
Айтмоқчи. Шу йил баҳорда дезинформация бўйича тренингимизда ҳам у шундай диққат билан қараб ўтирганди. Ўшанда унинг биз томонга тикилиб ўтирганини кўриб, кўзимни ундан олиб қочгандим.
Ҳозир уни яна кўраяпман…
Дилором қунт билан эшитиш баробарида олдидаги партада турган дафтарга маъруза мазмунини конспект қилаяпти.

Дарс эса бир текисда, ортиқча шовқинсиз давом этмоқда.

Муҳими, Дилоромнинг курсдошлари ҳам ўзи каби ақлли.
Дарс ўтаётиб, уларнинг ҳар бирини диққат билан кузатиб турибман. Бу кўзларга муҳрлананган илмга интилишни қаранг-да…
Юрагингизни ҳеч иккиланмасдан шундай юлиб олиб, уларга бериб юборгингиз келади.
Ҳозир ўқитувчи бўлганим сабаб фақат мен гапираяпман. Лекин талабаларнинг юзидаги эмоцияларга яхшилаб разм солсангиз, улар шунчаки тингламаётганини илғаш жуда осон.
Баъзан гапингизни маъқуллашса, баъзан унинг аксини кўрасиз. Тортишувли ҳолатлар ҳам йўқ эмас.
Яна ўзимнинг ажойиб талабамга қайтаман. У эса бу сафар менга қараб, мийғида кулиб қўяди…
Дарс нимагадир жуда тез тугади.
“Паточный”дан чиқиб кетаяпман.
СамДУнинг эски, виқорли деворлари, баланд ойналарининг ромларию бетон зинапояларига диққат билан қарайман…
Сабаби… уларга бир пайтлар онажоним Дилором Ғайниддинованинг кўзлари тушганини ич-ичимдан сезаман.
Бу қандай ажойиб ҳолат бўлса экан-а!
Б.А.
10.10.2023.