ХХ асрнинг 90-йилларида истиқлолга эришган давлатлар мустақил тараққиёт йўлини яратиш билан бир вақтда тобора авж нуқтасига кўтарилаётган глобаллашув жараёнлари талабларига мослашишга мажбур эдилар. Глобаллашув ҳодисасига шу қадар кўп таъриф берилганки, улар қанчалик хилма-хил бўлмасин, барчасида бир катта ҳақиқат – глобаллашув – умумлашув, яхлитлашув, ўзаро алоқадорлик ва ҳамкорлик эканлиги у ёки бу кўринишда, шакл-шамойилда таъкидланади, такрорланади. Яна бир ҳақиқат – глобаллашув, кенг маънода олиб қаралганда, кўпроқ ахборот глобаллашувида ўз ифодасини топмоқда.
Бундай ҳолат жаҳон медиа маконида ахборот ва умуман оммавий ахборот воситалари тушунчасини ўзгартириб юборди. Вужудга келган “янги жаҳон ахборот тартиби” ҳар қандай давлат олдига янгидан-янги вазифаларни кўндаланг қўйди. Қолаверса, ушбу ҳолатга мослашиш мустақил давлатнинг халқаро имижи шаклланишида ҳал этувчи аҳамият касб эта бошлади.
Шундай экан, халқаро журналистика нима? Жаҳон медиа макони қандай тушунилади? Улардаги йўналишлар, манфаатлар, қонуниятлар нималардан келиб чиқади? Глобал ахборий қарама-қаршиликлар ҳамда ғоявий-сиёсий технологияларнинг таъсири мамлакатимиз журналистлари олдига қандай талаб ва вазифаларни қўймоқда? Халқаро журналистика дунёсига Ўзбекистоннинг интеграцияси журналистларимиз олдига қандай янгидан-янги талабларни қўймоқда?
Бу каби саволларга ҳам назарий, ҳам амалий нуқтаи назарлардан жавоб топа билиш жамиятнинг, давлатнинг замонавийлигидан, замон талаблари даражасида тараққий топаётганлигидан, пировардида эса халқ ва давлат имижи нечоғли мукаммал яратилаётганлигидан далолат берувчи мезон бўлиб қолмоқда.
Ахборот глобаллашаётган ҳозирги замонда дунё мамлакатларидаги матбуот ва оммавий ахборот воситалари фаолияти бир тизим сифатида тасаввур қилиб бўлмас, ақл бовар қилмас оқимга айланиб бормоқда. Инсон ақл-идрокининг, цивилизациясининг бемисл ихтироларидан бўлган мазкур оқим “жаҳон журналистикаси”, “халқаро журналистика” деб аталмоқда.
Инсоният “глобаллашув” деб аталган янгича ҳамкорлик алоқалари йўлга қўйилган ва бу алоқалар жадал суръатларда кенгайиб, чуқурлашиб бораётган янги тараққиёт босқичига чиқди. Бунинг натижасида “глобаллашув” сўзи иқтисодийгина эмас, ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ва бошқа қарийб барча соҳалардаги умуминсоний жараёнларни қамраб олувчи тушунчага айланиб улгурди.
Ахборот глобаллашуви дунё мамлакатларидаги шарт-шароит ва ижтимоий-сиёсий, маънавий-маърифий ҳаётимиздаги умумийликни, ўхшашликларни келтириб чиқарди. Бунинг оқибати ўлароқ:
биринчидан, дунёда олий даражадаги илғор жамият барпо этишнинг бирдан-бир оқилона йўли демократик-ҳуқуқий давлат қуриш эканлигини эътироф этиш кучайди;
иккинчидан, демократик-ҳуқуқий жамиятнинг бош белгиси ва шартларидан бири – оммавий ахборот воситаларининг эркинлиги эканлигини инкор этиш мумкин бўлмай қолди;
учинчидан, бирор тараққий этган мамлакат матбуотини эркинлаштириш соҳасида эришилган илғор тажрибаларни узоқ-яқин давлатларга тарқатиш имкониятлари кўпайди;
тўртинчидан, халқаро журналистика мактабларини қамраб олишга қодир кўплаб муҳим халқаро ҳужжатлар яратилди ва ҳаётга татбиқ этилди ;
бешинчидан, дунё мамлакатларидаги матбуот эркинлиги аҳволини халқаро миқёсларда кузатиш, улар ҳақида фикр-мулоҳаза юритиш, баҳосини бериш ва шу асосда муайян мамлакатдаги аҳвол ҳақида дунё жамоатчилиги фикрини шакллантириш одати бирмунча оммалашди.
Санаб ўтилган ҳолатлар, табиийки, дунёни яхлит ахборот майдонига айлантириб улгурмоқда.
Эътироф этиш керак, эндиликда давлатларнинг қудрати, салоҳияти нечоғли кўп ахборотга эгалиги билан ўлчанмоқда. Энг муҳими, ахборотга эгалик қилиш теварагида рақобат ҳар қачонгидан кучайиб бормоқда. Мазкур жараённинг ўзи халқаро журналистиканинг қарор топишини, ривожланишини, пировард натижада бутунжаҳон журналистикаси хусусиятларининг умумийлашувини жадаллаштирмоқда. Филология фанлари доктори Х.Дўстмуҳамедовнинг фикрига кўра, бу ҳол миллий журналистикани жаҳон журналистикаси нуқтаи назаридан, айни чоғда жаҳон журналистикасини миллий журналистика нуқтаи назаридан ўрганиш, таҳлил қилиш заруратини кун тартибига қўймоқда[1].
Тўғри ва аниқ белгилаб олинган вазифалар қаторида, фикримизча, жаҳон медиа макони, унда халқаро журналистиканинг ўзига хос ўрни ва аҳамияти, шунингдек, миллий журналистиканинг жаҳон медиа маконида тутган ўрни каби мавзулар ҳам долзарб масалалар сирасига киради.
“Халқаро журналистика”, “хорижий журналистика”, янада кенгроқ маънода қўлланадиган “жаҳон журналистикаси” атамаларининг ҳар бири ўзига хос баҳо, маъно бўёқлари ва йўналишларга эга бўлиш билан бирга, умуман олганда бир тушунчани ифодалайди.
Халқаро журналистика дипломатия билан узвий боғлиқ бўлиб, у халқлар ўртасидаги ўзаро ҳамкорликнинг ижтимоий, ҳуқуқий ва сиёсий меъёрларидан кенг фойдаланилиш заруратига алоҳида эътибор қаратади. Шунингдек, миллий-маданий ўзига хосликлар, қадриятлар, менталитет ва ахлоқий-тарбиявий меъёрлар, анъана ва ақидалар ҳам халқаро журналистиканинг таркибий унсурларидандир.
Дарҳақиқат, демократия ва инсон хуқуқлари, уруш ва тинчлик, гиёҳвандлик, терроризм, экологик муаммолар, шунингдек Европа давлатларининг дунё ҳамжамиятига интеграцияси масалаларини жаҳондаги деярли барча йирик ОАВ саҳифаларида кўриш, кузатиш мумкин.
Дунё мамлакатларидаги миллий журналистика мактабларига хос бўлган умумий ўхшашликлар ҳақида сўз юритганда, айни вақтда ҳар бир давлат журналистикасида муайян тафовутлар ҳам мавжудлигини эътибордан соқит қилмаслик керак. Қайд этиш жоиз, журналистика соҳаси жадал ўзгариб бораётган ҳамда ОАВ мураккаб жараёнларни бошидан кечираётган мамлакатларнинг асосий гуруҳини собиқ социалистик давлатлар ташкил этади. Зеро, жамиятдаги ижтимоий-сиёсий ва иқтисодий ўзгаришлар даврий матбуот, радио ва телевидениенинг фаолият йўналишини белгилаб бермоқда. Шу сабабдан ёш мустақил мамлакатлардаги ривожланиш тенденциялари миллий журналистикадаги туб ўзгаришларга сабаб бўлмоқда.
Аслида ҳам маданий келиб чиқиши бир-бирига ўхшаш – “Ғарб”га мансублигидан қатъи назар, Европа ва Америка мамлакатлари журналистикаси бир-биридан кўп жиҳатлари билан фарқ қилади. Умуман, Европа қитъаси журналистикасида муаллиф нуқтаи назарини ифодаловчи “фикр”ни бериш (яъни, “Фикрлар журналистикаси”) устун мавқени эгаллаган бўлса, Америка ва Британия журналистикасида аниқ далил ва фактларга кўпроқ таянилган, бошқача айтганда, матбуот вакиллари томонидан ижтимоий аҳамиятли янгилик сифатида баҳоланиб тарқатилган хабарлар тобора кўпроқ қадрлана бошлаган.
АҚШ ва Буюк Британиядаги ҳаёт ва турмуш тарзининг тезкорлиги, шиддати факт ва далилларни қандай бўлмасин, зудлик билан қўлга киритишни зарур шарт даражасига кўтарди. Пировардида ахборот материалларини ёзишнинг ўзига хос “тўнкарилган эҳром” усули вужудга келди ва бу одат аксарият газеталарда репортёрлар номини аноним сақлаш анъанасини шакллантирди.
Ўзбекистон журналистикаси, маълумки, рус журналистикаси таъсирида пайдо бўлган ва ривожланган. Шу билан бирга биз учун Европа қитъаси журналистикасининг тараққиёт модели ҳам бегона эмас.
XX асрда халқаро журналистика, асосан, “икки қутб” ўртасидаги ўзига хос қурол вазифасини ўтади. Журналистиканинг ғоявий, тарафкаш, қизғин сиёсий характери йигирманчи юз йилликнинг 90-йилларига қадар сақланиб турди. СССРнинг парчаланиши ҳамда “совуқ уруш” муносабатларининг барҳам топиши халқаро журналистиканинг ҳам моҳиятини бутунлай ўзгартириб юборди.
Аммо, наздимизда, яна бир муаммодан кўз юмиб бўлмайди. “Ривожланмаган давлатларнинг етакчи сиёсатчилари, – деб ёзади “ЮНЕСКОнинг матбуот эркинлиги ишлари бўйича маслаҳатчилар гуруҳи” раиси Миа Дорнерт, – кўпинча халқаро ахборот оқими ичида нотенглик мавжудлигидан, унда бадавлат ғарб мамлакатлари етакчилик қилишидан нолишади. Уларнинг фикрича, тенг ҳуқуқлилик таъминланмаган эркин ахборот оқимида иштирок этишга муроса қилиб бўлмайди. Шундан келиб чиқиб, ЮНЕСКО ахборот борасида “бадавлат” ва “ночор” давлатлар ўртасидаги жарликни йўқотиш масаласи билан шуғулланмоғи керак деган талабларни қўйишмоқда”[2].
1978 йилда илк бор “Янги жаҳон ахборот тартиби” тушунчаси ҳуқуқий жиҳатдан халқаро миқёсда эътироф этилган. Ҳужжат БМТ Бош Ассамблеяси ва ЮНЕСКО Бош конференцияси томонидан расман қабул қилинган. ЮНЕСКОнинг Оммавий ахборот коммуникацияларининг халқлар ўртасидаги тинчлик ва ўзаро тушунишни мустаҳкамлашга қўшадиган ҳиссаси билан боғлиқ асосий принциплар ҳақида қабул қилинган декларациясида хусусан, шундай дейилади: “ривожланаётган мамлакатлар учун ва улардан чиқаётган хабарлар тарқатилишида тенгсизликка йўл қўйилмаслиги керак. Шу ўринда Ўзбекистондан тарқатилаётган хабарларга кенг йўл очилишини таъминламоқ зарур”. 1980 йилда ЮНЕСКО томонидан халқаро майдонда янгиликлар ҳамда турли маданий маҳсулотлар оқимини назорат қилиш (ёки лицензиялаш) бўйича алоҳида резолюция қабул қилинган. Шу йили ЮНЕСКО ташаббуси билан “Коммуникацияларни ривожлантириш халқаро дастури” номини олган янги ташкилот фаолият юрита бошлади.
Нуфузли халқаро ташкилот томонидан амалга киритилаётган бу каби янгиликлар бир қатор ривожланган давлатларга маъқул келмади. Ушбу мамлакатлар вакилларининг фикрига кўра, гўёки, ЮНЕСКО жорий этаётган тизим бу борадаги фаолият турларининг назорат этилиши, Ғарб матбуотининг демократик анъаналарига зид ва умуман дунёда ахборотнинг эркин тарқатилишига ҳалақит берар экан.
Сир эмаски, айни даврда Интернетдан фақат ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш Ғарб мамлакатларининг асосий мақсадларидан бирига айланмоқда. Ривожланган мамлакатларда кибер хавфсизликни мустаҳкамлаш масаласига, шунингдек, Интернетдан ҳарбий-психологик таъсир ўтказиш мақсадида фойдаланишга жиддий эътибор берилмоқда. Баъзи бир давлатлар Интернетни ўз мақсад-режаларига тўғридан-тўғри бўйсундиришни маъқул кўрсалар, айримлари уни чеклаш, чегаралаш орқали ҳимояланиш чорасини ишлаб чиқмоқдалар.
Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Чунончи, Эрон Ислом Республикасида мамлакатни ташқи Интернетдан узиб, мутлақо миллий ички “ўргимчак тўри”ни яратиш устида иш олиб борилмоқда. Хитой эса хорижий ижтимоий тармоқларни батамом ёпиб ташлаш ҳамда матнни фильтрлаш борасида техник чораларни кўрмоқда.
АҚШ маъмурияти 2012 йилда дунёда биринчи бўлиб Кибермакон учун халқаро стратегияни эълон қилди. Ушбу ҳужжат асосида кибер технологиялардан самарали фойдаланиш орқали мамлакат ичкарисида хайрихоҳ медиа муҳитини яратиш кўзда тутилмоқда. Таъкидлаш жоизки, мутахассислар буни АҚШ томонидан глобал миқёсда одамларнинг онгига бевосита таъсир кўрсатишга бўлган уриниш сифатида баҳоламоқдалар. “Российская газета”да “АҚШ давлат департаменти Россия билан янги уруш бошлаш ишларини якунламоқда, – деган сенсацион хабар босилди. – Бу урушда асосий босқинчилик қуроли сифтида компьютер, жанг майдони учун эса Интернет танланди”. Белгиланган режага кўра, рус тилида фаолият юритадиган барча сайтлар, блог ва чатлар қаттиқ тазъйиқ ва босим остида қолдирилади[3]. Мазкур вазифа юкланган хизмат (“Ташқи рақамли алоқалар жамоаси” деб аталади – Б.А.) мутасаддиларидан бири тарқатган маълумотга кўра, Интернет тўлқинларидаги бундай ахборот жанги араб, форс ва урду тилларида ҳам олиб борилади.
Ахборот жангида туғилаётган жиддий муаммолардан бири ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйган давлатларнинг ривожланганлик даражасига бориб тақалмоқда. Дейлик, қудратли давлат ҳали ривожланмаган ёш мустақил давлат билан ҳамкорлик борасида аҳдлашувга келишди. Ва қудратли давлат ёш мустақил ҳамкор давлатни исталган тарзда назорат қилишдан тоймайди, ҳали бундай имконияти бўлмаган давлат эса пассив ҳолатда қолаверади. Хўш, бу ҳолда ҳамкорликдаги тенг ҳуқуқлилик сақланиши мумкинми? “АҚШда яратилган ўта қудратли АКТ-имконияти шу каби хавотирни келтириб чиқаради[4], – деб ёзади Россия Федерацияси ташқи ишлар вазирлигининг махсус ходими, профессор А.Крутских. – Ҳамкор томонлардан бири иккинчи томон мақсадларини назорат остига олиш имкони бўлса, иккинчи томон бундай имкониятдан маҳрум бўлса, бундай ҳамкорликни тенг ҳуқуқли дея оламизми?”
Бир сўз билан айтганда, кибермакондаги АҚШнинг халқаро стратегияси тобора мукаммаллашмоқда. Бу баҳонада, гўёки сўз ва уюшиш эркинлигини таъминлаш учун “ишончли, хавфсиз ҳамда ҳимояланган платформалар” яратиш бўйича АҚШ зиммасига мажбурият олишини кўпчилик, айниқса, АҚШ гегемонлигига қарши чиқадиган давлатлар мутахассислари шубҳа остига оладилар.
Азал-азалдан дунё саҳнида бир-бирларига турли кўринишда – гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона қарама-қарши кайфиятида бўлиб келган давлатлар Интернет ва ахборот мўъжизасидан мутлақо янги жанг майдонларини бунёд этмоқдалар. Энг ачинарлиси, эзгулик учун хизмат қиладиган журналистикани, оммавий ахборот воситаларини ўша жанг майдонларининг жангчиларига айлантирмоқдалар. Кўплаб давлатлар ахборот урушига ҳозирликни бошлаб юборишган. Шу мақсадда беҳисоб маблағлар сафарбар этилмоқда. Ахборот уруши учун анъанавий чегараларни бузиб ўтиш шарт эмас, қолаверса, бу урушда одамларга қирғин келтирилмайди, балки телекоммуникация, ОАВ тизимлари “ҳамкорлиги”да кенг омманинг дунёқарашларига зуғум ўтказилади[5].
Эътиборли томони шундаки, бу сингари тизимларни қудратли давлатлардан ташқари ҳеч бир давлат ёки марказлар чеклаш ёки назорат қилиш имконига эга бўлмайди. “Аслида, – деб ёзади ўзбек публицисти Ж.Мелиқулов, – бунинг ортида Ғарб қадриятлари ва қолипларига мосланган ғояларни бутун дунёга жорий этиш ва шу орқали ўз таъсир доирасини кенгайтириш истаги ётади. Мақсад эса онгни экспорт қилиш”[6].
Жаҳон медиа макони – халқаро журналистиканинг ҳозирги тарихий палладаги инсоният, жумладан, давлатлар, халқлар, миллатлар тақдиридаги ўрни, аҳамияти шу қадар улканки, бир сўз билан айтганда, “Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бутун дунё ягона ахборот маконига айланган бугунги кунда инсонни камолотга чорлайдиган эзгу таълимотлар билан ёвуз ғоялар ўртасидаги кураш тобора кескинлашмоқда”[7].
Хулоса ўрнида таъкидлаш лозимки, жаҳон журналистикасини таҳлил этишда унда рўй бераётган барча жараёнлар, янги тенденцияларни тўла-тўкис қамраб олишнинг имкони йўқ, албатта. Лекин айни пайтда сақланиб келаётган миллий ўзига хосликларни миллий манфаатларга путур етказмаган ҳолда кўриб чиқиш ва ахборот жамияти сари интилиш жараёнида асқотадиган бирмунча самарали бўлган тамойилларни белгилаб олиш бугунги миллий журналистикамиз учун зарурий вазифалардандир.
Глобаллашув ва ҳозирги турмуш жараёнининг кескин суръати, илмий-техника тараққиёти, янги ахборот технологиялари ҳаётимизни, умуман жамиятни жадал равишда ўзгартирмоқда. Бундай шароитда кишилик жамиятининг журналистлар олдига қўядиган талаблари ҳам ўзгармоқда.
Дарҳақиқат, бугунги ривожланган даврда барча соҳалар сингари ОАВ соҳасида ҳам туб бурилишлар ясалди. Ядро полигонларидан ҳам қудратли бўлган ахборий хуружларга, янги тамаддун – глобаллашув жараёнининг “хурмача қилиқ”ларига дош бериш учун эса профессионал жангчилар – журналистлар тарбияланмоқликлари даркор. Глобал ахборий маконда эса журналистлар ҳам сиёсатчи, ҳам давлат арбоби, ҳам миллат ҳимоячиси сифатида фаолият юритмоғи жоиз.
Матбуотда, мутахассислар томонидан эълон қилинаётган суҳбатлар, тадқиқот ва таҳлилларда такрор-такрор таъкидланаётганидек, “Бугун ахборот технологиялари орқали бошқа бир мамлакатдаги ҳаққоний вазиятни онгли равишда бузиб кўрсатиш, у ердаги сиёсий раҳбарият ва фуқаролар кайфиятига мақсадли таъсир қилиш амалиёти борган сари кенг кўлам касб этмоқда. Бу эса жаҳон ҳамжамияти учун катта муаммо бўлиб қолаётир”[8].
Ушбу мақолада баён этилган фикр-мулоҳазалар, таҳлиллар асосида қуйидаги хулосалар чиқарилди:
– глобаллашув жараёнлари жуда кўплаб ўзгаришлар қатори мутлақо янги жаҳон ахборот тартибини вужудга келтирди, бу тартиб катта-кичик давлатларда деярли барча соҳани, жумладан, ахборот ва ОАВ соҳасини тубдан ислоҳ этишни тақозо қилди;
– янги жаҳон ахборот тартиби шароитида дунёдаги барча мамлакатлар учун умумий бўлган хусусиятлар шаклланди, бу ҳол халқаро алоқаларни йўлга қўйиш, ўзаро тажриба алмашишни осонлаштирди;
– жаҳон журналистикасида икки хил тенденция кузатилди: биринчиси – деярли барча давлатлар ўхшаш ислоҳотлар жараёнларини бошдан кечирдилар, иккинчиси – айни вақтда ҳар бир давлат ўзига хос ва ўзига мос йўлдан борди. Хусусан, ёш мустақил давлатлар мазкур икки йўл орасида мувозанатни сақлаш, уйғунликни таъминлашга ҳаракат қилдилар. Ушбу ҳолат ҳам давлатларнинг халқаро имижини ошириш ва мустаҳкамлашда алоҳида аҳамият касб этди;
– глобаллашув шароитида дунё ахборот маконини эгаллашга уринишлар, унга мутлақ эгаликка интилиш кайфиятлари яққол кўзга ташланмоқда. Бу халқаро медиамаконда ахборотнинг монополлашувига йўл очмоқда, айрим ҳолларда эса қудратли давлатларнинг эндигина ривожланаётган, эндигина мустақиллик йўлини танлаган ёш давлатлар манфаатлари билан ҳисоблашмаган ҳолда иш тутишларида ўз аксини топмоқда;
– жаҳон медиамаконидаги реал шарт-шароит ва тинимсиз юз бераётган ўзгаришлар миллий журналистикамизда кенг маънодаги профессионаллашув масаласига алоҳида эътибор қаратилишини тақозо этмоқда.
Фойдаланилган адабиётлар:
- Дўстмуҳаммад Х. Журналистнинг касб одоби муаммолари. Т.: Янги аср авлоди, 2007.
- Дорнерт М. Свобода печати как право человека. Право на мнение. Deutschland. 2000г. №1.
- Воробьев М. Белый дом назвал Интернет “полем боя”. // Российская газета. 30 октября 2008.
- Роговский Е.А. Кибер-Вашингтон: глобальные амбиции. М.: Международные отношения. – 2014.
- Мелиқулов Ж. Импортлашаётган онг ёхуд глобаллашаётган дунё муаммолари. // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 2006 йил, 1 декабрь. 48-сон (3877), 2-бет.
- Мирсаидова М. Ҳаёт билан ҳамқадам. / Ўзбекистон матбуоти. 2014, №5. – Б.15.
- Мирносиров М. Глобал таъсир воситаси. / Тафаккур. 2004, №2. Б.83.
Беруний Алимов,
ЎзМУ тадқиқотчиси