ЎЗБЕКИСТОНДАГИ ЕТАКЧИ АХБОРОТ АГЕНТЛИКЛАРИ МАТЕРИЛЛАРИ ТАҲЛИЛИ

 

УЎК (УДК, UDC): 002,4,002 (И), 002 (Ўз)

DOI: 10.36078/ 1570169648

 

Беруний Султонович АЛИМОВ

PhD, доцент

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

Тошкент, Ўзбекистон

beruniyalimov@gmail.com, beruniyalimov.uz

 

 Аннотация

Мамлакат имижини ривожлантириш жараёнида ахборот агентликлари асосий роллардан бирини ўйнайди. Чунки улар аудитория қамрови ва тарқатилаётган контентнинг салмоғи, кўтарилаётган мавзуларнинг жиддийлиги билан бошқа миллий ОАВ платформаларидан фарқ қилади. Уларни образли қилиб айтганда «асосий ахборот фабрикарлари» деб аташ мумкин. Ушбу мақолада Ўзбекистондаги етакчи ахборот агентликлари материаллари мамлакат имижига таъсири нуқтаи назаридан таҳлил қилинади.

Калит сўзлар: имиж, мамлакат, ахборот агентлиги, Интернет, медиа макон, материллар, хорижий тиллар, когнитивлик аспекти.

 

АНАЛИЗ МАТЕРИАЛОВ ВЕДУЩИХ

ИНФОРМАЦИОННЫХ АГЕНТСТВ УЗБЕКИСТАНА

 

Беруний Султонович АЛИМОВ

PhD, доцент

Узбекский государственный университет

мировых языков, Ташкент, Узбекистан.

beruniyalimov@gmail.com, beruniyalimov.uz

 

Аннотация

Информационные агентства играют ключевую роль в развитии имиджа страны. Потому что они отличаются от других национальных медийных платформ, охватом аудитории, контентом распространяемого контента и серьезностью поднятых вопросов. Их можно назвать «основными информационными фабриками». В данной статье анализируются материалы ведущих информационных агентств Узбекистана с точки зрения их влияния на имидж страны.

Ключевые слова: имидж, страна, информационное агентство, Интернет, медиапространство, материлы, иностранные языки, когнитивный аспект.

 

ANALYSIS OF MATERIALS FROM LEADING

NEWS AGENCIES OF UZBEKISTAN

 

BeruniySultonovich ALIMOV

PhD, docent

Uzbek State World Languages University

Tashkent, Uzbekistan

beruniyalimov@gmail.com, beruniyalimov.uz

 

Abstract

Information agencies play a key role in the development of the country’s image. Because they differ from other national media platforms, audience coverage, content of distributed content and the seriousness of the issues raised. They can be called «main information factories». This article analyzes the materials of the leading news agencies of Uzbekistan in terms of their influence on the image of the country.

Key words:image, country, news agency, Internet, media space, materials, foreign languages, cognitive aspect.

 

Филология фанлари доктори Х.Дўстмуҳамедов қайт этганидек, «уч асрким, анъанавий босма матбуот нашрлари, қарийб бир асрким, радио ва телевидениедек имкониятлари бепоён ва қамровли ОАВнинг ҳар бири шу борада тинимсиз кураш олиб бормоқда, яъни мумкин қадар кўпроқ, кўпроқ ва янада кўпроқ муштарийни ўзи томон оғдириш йўлларини изламоқда (теграсида жипслаштиришга ҳаракат қилмоқда) ва XXI асрга келиб ниҳоят бутун курраи замин аҳолисини бирлаштиришга қодир қудратли восита – ахборот эканлиги аён бўлди» [Дўстмуҳамедов, 2013. 39]. Шу маънода ўзбек олими ҳозирги кишилик цивилизациясида ахборотнинг нақадар муҳим ўрин тутиши, унинг куч-қудратига алоҳида эътибор қаратади.

Айни пайтда жамиятнинг ахборотлашуви жадаллашиб, глобаллашув таъсирининг кенгая бориши шароитида халқаро алоқалар ривожланишининг дихотомик жиҳатига, яъни, бир-бирига боғлиқ бўлмаган икки томонига эътибор қаратиш зарурати туғилмоқда [http://www.lawinrussia.ru/node/345778 среда, 22.04.2015 – 22:52]. Бир томондан халқаро сиёсат субъектларининг умумий қадриятлар, халқаро қонун-қоидалар ва принципларни қабул қилиши кучаймоқда. Иккинчи томондан эса ана шу субъектлар ўртасида ўзлигини, миллий қадриятларини ва маданиятини сақлаб қолиш учун кураш кетмоқда. Ўзаро босим ўтказиш билан боғлиқ ушбу курашда давлатлар барча имкониятларни, хусусан, ОАВ, нодавлат ташкилотлар, тармоқ ташкилотлари, трансмиллий ҳаракатлар, интернет, СМС ва XXI асрнинг бошқа «гаджет»ларини сафарбар этмоқдалар.

Энг муҳими аудитория онгига ахборот орқали таъсир этишга жиддий эътиборга қаратилмоқда. Шу маънода медиа имижнинг когнитивлик аспекти кўзга кўринади.

2016 йилнинг 1 январида Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 1437 тага етди. ОАВ тури сифатида рўйхатдан ўтган 332 та веб-cайт ҳам фаолият олиб борган бўлса, [http://www.api.uz/#uz/content/licence/statistics/] 2019 йилнинг 1 июнига келиб ушбу кўрсаткичлар динамик тарзда ўзгарганлигини кузатиш мумкин. Яъни умумий ОАВ сони 1726, шулардан 533 таси янгича ахборот сайтларидан иборат бўлди. Ахборот агентликлари миқдори эса жами 5тани ташкил этмоқда.

Демак, мана шунча оммавий ахборот воситаси томонидан республикамиз қўлга киритаётган оламшумул ютуқлар тўғрисида бутун жаҳон аҳлига тезкор ахборотлар тарқатишга ҳаракат қилинмокда. Бу жараёнда оммавий ахборот воситаларимиз замонавий технологиялар, хусусан, интернет ва сунъий йўлдош имкониятларини ишга солмоқдалар.

Мазкур фаслда мамлакатимиздаги энг етакчи агентликлар – Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги – ЎзА ҳамда «Дунё» («Жаҳон») агентликлари томонидан ўз расмий сайтлари орқали тарқатаётган материалларини мамлакат имижига таъсири юзасидан таҳлилга тортамиз.

Интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш борасида биз ўрганаётган ушбу етакчи ахборот агентликлари, жумладан, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – uza.uz фаолияти алоҳида эътиборга молик.

Сўнгги йилларда, таъбир жоиз бўлса, ЎзА ва «Дунё» ахборот агентлиги каби «хабар ишлаб чиқарувчи асосий фабрикаларимиз» томонидан соҳани ривожлантириш бўйича қатор амалий ишлар йўлга қўйилди. Масалан, янгиликлар, хабарлар, репортажлар, мақолалар ва фото лавҳа каби журналистиканинг анъанавий жанрлари бугунги кун талаблари даражасида мукаммалашиб бормоқда. Шунингдек,  уларни хорижий тилларга таржима қилишга ҳам жиддий эътибор қаратилмоқда. Яна бир муҳим жиҳати шундаки, уларни дунё мамлакатларига бевосита узатиш жараёнида янгича технологик кўникмаларга ўрин берилиб, дастлабки натижаларга эришилмоқда ҳам.

Айни пайтда жаҳон бўйлаб кенг тарқатилаётган ана шу хабар, мақола ва материалларнинг ёзилиш услуби, тили ижодий маҳорат нуқтаи назаридан бугунги халқаро стандартларга, мезонларга, истак ва эҳтиёжларга мос келмоқдами, деган ҳақли савол туғилмоқда. Шу борада қандай ютуқларга эришилди-ю, қандай камчиликлар ўз ечимини кутиб қолмоқда? Мазкур масалаларда хорижлик мутахассислар, қолаверса, оддий мухлислар қандай фикр-мулоҳазалар билдирмоқдалар?

Айни шу маънода миллий ахборот агентликларимизнинг интернетдаги расмий веб-саҳифаларини олиб қарайдиган бўлсак, мавжуд ютуқ ва камчиликларни қисман бўлса-да таҳлил қилиб ўтиш мумкин.

Эътироф этиш керак, ЎзА (uza.uz) сайти етакчи хорижий тиллар сонининг кўплиги билан анча илгарилаб кетди. Бу ерда ҳозирги даврда республикамиз ҳаётига доир долзарб хабарлар ўзбек тилидан ташқари рус, инглиз, француз, немис, испан, араб ва хитой, яъни БМТнинг барча расмий тилларида бутун жаҳонга тарқатилмоқда. Айтиш мумкинки, uza.uz саҳифасининг дизайни ҳам замонавий талабларга деярли жавоб беради. Муҳими, фойдаланишга анча қулай. Уни такомиллаштириш бўйича ишлар мунтазам бажарилаётганлиги эътирофга сазовор.

ЎзАнинг муҳим ютуқлари қаторида, сайтнинг оммабоп ижтимоий тармоқлардан бири Twitter га бевосита уланганлиги унинг ўқувчилар ичига чуқурроқ кириб бориш имкониятини яратди, дейиш мумкин. Яна бир муҳим қадам –  мана бир неча йилдирки, мазкур веб-саҳифанинг мобиль версияси ҳам мунтазам фаолият олиб бормоқда. Бу ўринда агентлик уяли алоқа телефонлари ва кичик гаджетларга хабар узатувчи Ўзбекистондаги саноқли оммавий ахборот воситаларидан бири эканлигига алоҳида эътибор қаратиш керак.

«Дунё» ахборот агентлигининг сайти (jahonnews.uz) рус, инглиз, ўзбек (араб – 2015 йилнинг апрель ойигача) тилларида фаолият юритмоқда. Сайтда Президент, қонунчилик, мультимедиа, пресс-релизлар, сиёсат, иқтисодиёт, жамият, илм-фан, муҳим воқеалар ва саналар, маданият, спорт, сайёҳлик, экология рукнлари мавжуд. Булардан ташқари ўзбек халқининг буюк адиблари ҳақида алоҳида маълумотлар келтирилган.

Сайт дизайни бир неча бор қайта ишланди, модернизация қилинди. Бу ерда умумий хабарлар оқими ЎзАга нисбатан камроқ бўлса-да, ўз йўналиши, халқаро муносабатлар мавзусидаги материаллар қамрови жуда кенг. Мақола ва материаллар орасида ёрқин муаллифлик ишлари, айниқса, халқаро сиёсий масалалар кўтарилган шарҳларнинг бериб борилиши муҳим аҳамиятга эга.

Бироқ юқоридаги агентликлар сайтларида “навбатчи” мақолалар ҳам йўқ эмас. Шунингдек, айрим хабарларда ҳозиржавоблик (оперативлик) етишмайди.

Дунёда содир бўлаётган муҳим сиёсий янгиланишлар, ўзгаришлар ёки оламшумул воқеаларга нисбатан билдирилган муносабатларни ушбу веб-саҳифада ҳар доим ҳам кузатишнинг имконияти йўқ.

Назарий жиҳатдан маълумки, америкалик олим Г.Лассуэлл 1948 йилда ахборот коммуникацион ҳаракатнинг ўзига хос моделини (Lasswell’s model) яратган [http://prinfo.ru/modules/Articles/article.php?storyid=68&storypage=3]. Унга кўра ҳар қандай ахборот бир-бирига боғлиқ бўлган бешта саволга жавоб бериши керак: ким? нима ҳақида? қандай канал орқали? кимга? қандай самара билан хабар бермоқда? Бироқ, тарқатилаётган хабарларда ҳар доим ҳам журналистика илмининг мана шу каби оддий қонун-қоидаларига амал қилинмаяпти. Эҳтимол бундай талаблар  у даражада шарт эмасдек туюлар, лекин хориж ўқувчиси учун ҳар қандай хабарда биринчи навбатда аниқлик зарур. Мавҳумликка йўл қўйилдими, ўша хабар ё ахборот дарҳол ўз қимматини йўқотади.

Филология фанлари доктори М.Худойқулов матбуотнинг ижтимоий вазифаларини уч таркибий қисмга бўлар экан тасвир, таҳлил ва таъсир омилларини алоҳида аҳамиятли деб ҳисоблайди [Худойқулов 2011, 31]. Дарҳақиқат, ҳар қандай матбуот материалида у ёки бу кўринишда тасвир бўлмай иложи йўқ. Тасвир эса кейинчалик моҳиятан таҳлилга айланади. Кучли, асосли таҳлил матбуот материали ўқишлилигини оширади. Бундай шартларга эришиш учун муаллифдан тажриба, маҳорат, астойдил изланиш ва меҳнат талаб қилинади. Акс ҳолда сўз юритилаётган  сайтларда кузатилаётганидек уларга ташриф буюрувчиларнинг сони, орадан вақт ўтса-да, кўпаймай қолаверади.

Қуйидаги ҳисоботга эътибор берайлик. www.uz миллий қидирув тизимидан олинган маълумотга кўра (19.02.2016), uza.uz сайтини кунига ўртача ҳисобда 3500 киши кириб кўради, холос. jahonnews.uz саҳифасининг кундалик мухлислари сони эса ундан ҳам камроқ, яъни, жами 300 кишидан ошмаётганлиги ачинарли ҳолдир (Мазкур диссертация ишида www.uz сайтидан ташқари Facebook.com ижтимоий тармоғи орқали ўтказилган тадқиқот-суриштирув натижалари ҳам мисол сифатида келтирилади. – Б.А.).

2019 йил июнь ойида ўтказилган мониторинг натижаси шуни кўрсатадики, ЎзА сайтига бир кунда энг ками 1900 киши ва энг кўпи 27000 муштарий кирган [https://www.uz/ru/res/visitor/index?id=579. Мурожаат қилинган сана: 23.06.2019й.].

jahonnews.uz сайтига тегишли энг қуйи кўрсатгич – 35 ва энг юқориси эса – 270 тадан ошмайди [https://www.uz/ru/res/visitor/index?id=4139. Мурожаат қилинган сана: 23.06.2019й.].

Ҳар иккала агентликнинг аудитория қамрови мамлакатдаги оммабоп янгиликлар сайтларига солиштирганда жуда паст эканлигини кўриш мумкин. Масалан, daryo.uz сайтини кунига 470.000, Газета.uz сайтини 70.000 муштарий кириб ўқимоқда.

Энди ушбу агентликлар томонидан тарқатилаётган айрим материаллар таҳлилига эътибор қаратамиз.

ЎзАнинг инглиз тилидаги сайтида берилаётган мақолаларнинг сарлавҳалари, назаримизда, услубий жиҳатдан жуда ғализ ва улар аксарият ҳолатларда бир-бирини такрорлайди. Масалан, 2019 йил 21 июнь куни бирин-кетин узатилган 2та хабар сарлавҳаси бир-бирига жуда яқин: «Uzbekistan delegation attends international conference in Vienna» «Uzbekistan delegation visits Norway». Энг ачинарлиси, худди шунга ўзшаш сарлавҳа янгиликлар лентаси давомида (17.06.2019й.) яна учрайди: «Uzbekistan delegation attends the 7th International meeting of the CBRN Centres of Excellence».

Афсуски, бундай услубий ғализлик хорижлик ўқувчиларни чалғитади ва уларнинг ушбу агентлик янгиликларига нисбатан қизиқишини оширишга хизмат қилмайди.

Агентлик томонидан айнан шу куни, яъни 2019 йил 21 июнда рус тилида тарқатилган мақоланинг сарлавҳаси ҳам замонавий ўқувчини қизиқтира олмаслиги турган гап: «На пути обеспечения качества научных изысканий». Хабарда Олий аттестация комиссиясида бўлиб ўтган матбуот анжумани ҳақида сўз боради. Матн навбатчи тадбирлар ҳақида қандай ёзилса, шундай ёритилган. Ваҳоланки, соҳага тегишли янгиликларни қизиқарли тарзда бериш мумкин эди. Назаримизда бу ўринда ЎзА мухбирининг маҳорати унчалик кўринмаган [http://www.uza.uz/ru/society/na-puti-obespecheniya-kachestva-nauchnykh-izyskaniy-21-06-2019. Мурожаат қилинган сана: 23.06.2019й.].

2019 йил 22 июнь куни ўзбек тилида узатилган хабарга эса моҳирона сарлавҳа топиб қўйилганлигини эътироф этиш керак: «Ўзбекистонлик бадиий гимнастикачилар ҳозирча Осиёда тенгсиз» [http://www.uza.uz/oz/sport/zbekistonlik-badiiy-gimnastikachilar-ozircha-osiyeda-tengsiz-22-06-2019].

Муаллиф бу билан ҳали якунланмаган халқаро беллашувда спортчиларимизнинг устунлигини бўрттириб кўрсатишга ҳаракат қилган. «Хабар берганимиздек, шу кунларда Таиланднинг Паттайя шаҳрида бадиий гимнастика бўйича Осиё чемпионати қизғин давом этмоқда», – деб ёзади ЎзА мухбири. «Эртага якунига етадиган ушбу мусобақада Малайзия, Шри-Ланка, Ҳиндистон, Жанубий Корея, Хитой, Япония, Қозоғистон каби қитъамизнинг 18 давлатидан келган спортчилар ўз маҳоратини синаб кўрмоқда. Шундай қилиб, Ўзбекистон терма жамоаси аъзолари Осиё чемпионатида ҳозирча учта олтин, биттадан кумуш ҳамда бронза медалини қўлга киритган ҳолда норасмий умумжамоа ҳисобида етакчилик қилмоқда. Кейинги ўринларни Хитой, Япония ва Қозоғистон жамоалари банд этишган».

Умуман олганда спорт мавзусидаги хабарлар мамлакат имижи, хусусан унинг когнитив аспектида ёрқин кўринади. Яъни «Ўзбекистон – спорт яхши ривожданган мамлаат» деган тасаввурни бойитишга хизмат қилади.

«Дунё» ахборот агентлиги 2019 йил 11 июнь куни инглиз тилида тарқатган «International Investment Forum «Doing business with Namangan» has successfully completed» («Doing business with Namangan» ҳалқаро инвестиция форуми муваффақиятли якунланди) сарлавҳали хабар эълон қилинган [http://jahonnews.uz/en/ekonomika/316/54376/. Мурожаат қилинган сана: 23.06.2019й.]. Унда Наманган вилоятида 7-8 июнь кунлари ўтказилган йирик иқтисодий мавзудаги анжуман ҳақида сўз юритилади. Қайд этилишича, унда жаҳоннинг 40та мамлакатидан 500 нафар инвестор қатнашган.

Мазкур хабарнинг 3 кун кечикиб берилганлигини инобатга олмаганда, бу каби материаллар чет эллик ўқувчи, айниқса, инвесторларни қизиқтириши табиий. Чунки олдин Наманган шаҳрида бу форматдаги йирик сармоя анжуманлари ўтказилмаган.

Сайтнинг рус тилидаги версиясида 2019 йил 19 июнь куни тарқатилган хабар «Группа «хавас» покоряет сердца жителей Индии» («Ҳавас» гуруҳи Ҳиндистон халқи юрагини забт этмоқда») деб номланади [http://jahonnews.uz/ru/kultura/114/54541/. Мурожаат қилинган сана: 23.06.2019й.]. Унда Гужарат штатидаги Ражжот шаҳрида жойлашган Маҳатма Ганди музейида буюк сиёсатчи туғилганига 150 йил тўлиши муносабати билан концерт дастури ташкил этилгани ва табдирда Ўзбекистондан келган санъаткорлар оилавий гуруҳи 500дан зиёд томошабинлар олдида соф ҳинд тилида ашулалар айтиб, уларнни ҳайратда қолдирганлиги ҳақида хабар берилади.

Ҳақиқатан ҳам «Ҳавас» гуруҳи Ҳиндистон аҳолиси орасида, мамлакат медиа маконида жуда машҳур. Улар турли оммабоп теле-шоулар ва гала концертларда муваффақиятли иштирок этиб келишади (Б.А.).

Қайд этиш керак, бу каби ахборотлар нафақат маданий соҳадаги алоқаларнинг ривожланиб бораётганлигидан дарак беради. Балки Ҳиндистондаги кенг жамоатчилик онгида «ўзбекистонликларнинг санъат бобида жуда кучли» эканлиги билан боғлиқ тасаввурни мустаҳкамлашга хизмат қилади.

«Чет эл журналистлари «Навоий» ЭИЗ фаолияти билан танишмоқда» сарлавҳали хабар агентлик сайтининг ўзбек тилидаги саҳифасида 2019 йил 20 июнь куни берилган [http://jahonnews.uz/uz/ekonomika/285/54561/. Мурожаат қилинган сана: 23.06.2019й.].

Қайд этилишича, «2019 йилнинг 20 июнь куни «Навоий» эркин иқтисодий зонаси директори Ҳабиб Абдуллаевнинг таклифига биноан хорижий оммавий ахборот воситларининг Ўзбекистонда аккредитациядан ўтган вакиллари Навоий вилоятига келдилар. Сафар чоғида журналистлар иқтисодий зона фаолияти ва унда юз бераётган сўнгги жараёнлар билан танишадилар, ҳудудда фаолият олиб бораётган ташкилотларга ташриф буюрадилар, вилоят ва «Навоий» ЭИЗ раҳбарияти билан учрашадилар».

Фикримизча, хорижий ОАВ вакилларининг бевосита ишлаб чиқариш, қурилиш ҳудудларига ва алоҳида иқтисодий зоналарга таклиф этилиши яхши самара беради. Чунки чет эллик мухбирлар бундай пресс-турлардан кейин, кўпинча, ўзлари ишлайдиган ОАВ учун махсус репортажлар тайёрлайдилар. Муҳими, улар ўз кўзлари билан кўрган янгиликлар, гувоҳ бўлган воқеа-ҳодисалар ҳақида ёзишга одатланганлар. Бунда, табиийки, объективлик шарти деярли бузилмайди. Ваҳоланки айрим ҳолатларда хорижлик мухбирлар ўзлари бориб кўра олмаган, аниқроғи кўришга расман рухсат берилмаган, лекин кўришни орзу қилган объектлари тўғрисида баъзан уйдирма тўқишдан ҳам ўзларини тиймайдилар.

Шундай қилиб, юқорида мисол тариқасида агентликлар сайтларидан келтирилган хабарларнинг ютуқ ва камчиликлари, уларнинг медиа материал жиҳатидан сифатлилик даражаси, лисоний ва услубий характеристикаси тўғрисида яна жуда кўп фикр-мулоҳазалар айтиш мумкин. Бироқ мавжуд ахборот агентликлари сайтларининг бугунги аҳволи ҳақида мамлакатимиздаги ва хориждаги оддий ўқувчилар ҳамда мутахассисларнинг фикр-мулоҳазалари шу ўринда ниҳоятда қимматлидир.

Умуман олганда, ушбу мақолада сўз юритилаётган миллий ахборот агентликлари қаторида республика газеталарининг веб-сайтлари ҳам бир мунча фаоллашиб бормоқда. Улар орасида http://ut.uz/, www.narodnoeslovo.uz, www.uzbekistonovozi.uz, www.uzhurriyat.uz, www.jamiyatgzt.uz, www.marifat.uz, www.mohiyat.uz каби тармоқлар бор. Аммо кузатишлар шуни кўрсатадики, улар ўз вақтида, мунтазам равишда янгиланмаяпти.

Яна бир муҳим масала. Республикамиз вилоятлари ва туманларида чоп этилаётган ҳудудий газеталар интернет воситасида ўз ўқувчилари сони ва географиясини бир мунча кенгайтиришга эришмоқда. Бу борада «Зарафшон», «Андижоннома» сингари нашрлар сайтлари илғорлик қилмоқда.

Энг жиддий ва бош муаммо журналистик материалларнинг маҳорат билан ёзилишига бориб тақалади. Яъни, ижодий маҳорат ҳар қандай мавзуни, жумладан мамлакатнинг ташқи имижини кўтаришга қаратилган мавзуларни ёритишда ҳам муҳим шартлардан бири бўлиб қолади. Таҳлиллар шуни кўрсатадики, дунё халқлари эътиборига тарқатилаётган оддий хабардан тортиб салмоқли, ҳажмли мақола ва шарҳларни ёзишда муаллифларимиздан замонавий жаҳон стандартларига мос касбий маҳоратни эгаллашлари тақозо этилади. Шакл, тил, оҳанг, баён услуби, муаллиф позицияси ва ҳоказо омилларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги яққол кўзга ташланади. Шу каби талаблар ўзлаштирилган тақдирдагина муаллифларимиз томонидан тарқатилаётган ижод маҳсулотлари кутилган самара беради.

Шу билан бир вақтда:

  • телевидение ва радио дастурларда хорижий тилларда берилаётган ахборот дастурларини тубдан янгилаш, уларни жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш лозим;
  • таҳлилга тортилган миллий ахборот агентликлари сайтларида айрим қўшимча технологик ва услубий ишларни, жумладан, замондошлар талаби ва дидига мос бўлган янгиланишларни амалга ошириш керак (мисол учун, он-лайн ёки офф-лайн тарзда видео ҳамда аудио-лавҳаларни жойлаштириб бориш);
  • агентликлар миллий ва хорижий журналистларни қизиқтирган долзарб мавзуларда интернет орқали ёки бевосита матбуот анжуманларини ташкил этишлари мақсадга мувофиқ;
  • шунингдек, хорижий ОАВ вакиллари учун мунтазам равишда брифинг ва матбуот анжуманларини ташкил этиш зарур.

 

Адабиётлар рўйхати:

  1. Дўстмуҳаммад Х. Ахборот – мўжиза, жозиба, фалсафа. –Т.:  “Янги аср авлоди”, 2013. – 320 б.
  2. Худойқулов М. Журналистика ва публицистика. –Т.: “Тафаккур”, 2011. 281 б.
  3. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони. 2017 йил 7 февраль // «Халқ сўзи» . 2017 йил 8 февраль.
  4. Парсонс Т. О структуре социального действия. – М., Академический проект, 2000.– 880с.;
  5. Тлепбергенова А. Страновой имидж: учебное пособие для студентов бакалавриата университетов, обучающихся по специальности «Журналистика», «Связь с общественностью». – Алматы: Қазақ университетi, 2011. – С. 78.
  6. Василенко И.А. Геополитика современного мира. – М., 2006. – 317 с.
  7. Утлик Э.П. Практическая психология имиджа. // Вестник университета. Сер. Социология и психология управления. – М.. ГУУ, 1999. –С.47.
  8. Макиавелли Н. Государь. Минск. 1998. –С 35.
  9. Киселев И.Ю. Проблема образа государства в международных отношениях в рамках конструктивистской парадигмы // www.elitarium.ru. 2007. Апрель. – C. 8.
  10. Исмаилова К. Современные проявления направленности материалов зарубежную аудиторию в сфере международного радиовещания. Глобаллашувшароитидаахборотхавфсизлигимасалалари. Республика илмий-амалий конференция материалларитўплами. – Т., 2016. – Б.21.
  11. «Дунё» ахборотагентлигинингсайти. – URL.: http://jahonnews.uz/uz/
  12. Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг сайти. – URL.: http://www.uza.uz/oz/
  13. Пупкова А. Международный имидж страны: теоретические аспекты. – URL.: http://www.lawinrussia.ru/node/345778 29 октября 2016.
  14. ЎзбекистонРеспубликасиПрезидентиАдминистрациясиҳузуридагиАхборотваоммавийкоммуникацияларагентлиги.– URL.: http://www.api.uz/#uz/content/licence/statistics/
  15. Миллий қидирув тизими. – URL.: https://www.uz/ru/res/visitor/index?id=579. Мурожаатқилингансана: 23.06.2019й.
  16. Миллийқидирувтизими.– URL.: https://www.uz/ru/res/visitor/index?id=4139. Мурожаатқилингансана: 23.06.2019й.

References:

  1. Dostmuhammad H.Axborot – mojiza, joziba, falsafa (Information – mastery, glamor, philosophy). –Тashkent: Yangi asr avlodi, 2013. 320 p.
  2. Hudoykulov M. Jurnalistikavapublitsistika.(Journalism and Publicism). –Тashkent: Таfakkur, 2011. 281 p.
  3. O’zbekiston Respublikasini yanada rivojlantirish bo’yicha Harakatlar strategiasi to’g’rdida O’zbekiston Respublikasi Prezidentining farmoni.(Decree of the President of the Republic of Uzbekistan on the Strategy for the Further Development of the Republic of Uzbekistan).Xalqso’zi. February 8, 2017.
  4. ParsonsТ. O strukturesotsialnogodeystviya.(On the structure of social action).. – Мoscow, Akademicheskiyproekt. 2000. – 880 p.
  5. Tlepbergenova А. Stranovoyimidj.(Countryimage). – Alamty: Qazaquniversiteti, 2011. – p. 78.
  6. Vasilenko I.A. Geopolitika sovremennogo mira. (Geopolitics of the modern world). – Мoscow, 2006. – 317 p.
  7. Utlik E.P. Prakticheskaya psihologiya imija (Practical psychology of image)Vestnik universiteta. Seriya Sotsiologya i psihologiya upravleniya. Sociology and psychology of management Journal. – Мoscow. State University of Management, 1999. – p.47.
  8. Machiavelli N. Gosudar.(The Prince).Minsk. 1998. – p. 35.
  9. Kiselyov I.Yu. Problema obraza gosudarstva v mejdunarodnih otnosheniyah v ramkah konstruktivistskoy paradigmy. (The problem of state image in International relations in the framework of constructivist paradigm)available at: www.elitarium.ru. 2007. Апрель. – C. 8.
  10. Ismailova K. Sovremennye proyavleniya napravlennosti materialov zarubejnuyu auditoriyu v sfere mejdunarodnogo radioveshaniya.(Modern manifestations of materials orientation to foreign audiences in the field of international broadcasting).Information security issues in the context of globalization. Collection of materials of republican scientific-practical conference. – Тashkent, 2016. – p.21.
  11. Dunyonewsagency.Available at: http://jahonnews.uz/uz/
  12. National news agency of Uzbekistan. Available at: http://www.uza.uz/oz/
  13. Pupkova A. Mejdunarodniy imij strany: teoreticheskiye aspekty. (International image of the country: theoretical aspects).Available at: http://www.lawinrussia.ru/node/345778 (April 22, 2015).
  14. Information and Mass Communications Agency under the President of the Republic of Uzbekistan.Available at: http://www.api.uz/#uz/content/licence/statistics/
  15. The National search engine.Available at: https://www.uz/ru/res/visitor/index?id=579(June 23, 2019).
  16. 16. The National search engine.Available at: https://www.uz/ru/res/visitor/index?id=4139(June 23, 2019).

 

Манба:“Ўзбекистонда хорижий тиллар” илмий электрон журнали.

Fledu.uz.№ 4 (27) / 2019

https://journal.fledu.uz/uz/%d1%9ezbekistondagi-etakchi-ahborot-agentliklari-materillari-ta%d2%b3lili/

113-122 бетлар.