Ўзбекистон журналистикаси: 150 йиллик тарихга назар

Бундан қарийб бир ярим аср олдин, аниқроғи 1870 йил 28 апрель (янги тақвим бўйича 10 май) куни Тошкентда “Туркестанские ведомости” газетасининг биринчи сони босмадан чиқди. Бу билан нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиё минтақаси вақтли матбуотига тамал тоши қўйилди. Кейинчалик ушбу нашр ўзбек тилида “Туркистон вилоятининг газети” номи билан ҳам чоп этила бошланди.

Муаллиф:


 Беруний Алимов

филология фанлари бўйича, фалсафа доктори

Тарихга назар ташласак, бу ўша даврдаги кишилик жамияти тараққиётидаги том маънодаги оламшумул воқеа бўлди. Чунки айрим ҳозирги саноати ривожланган давлатларда ҳали газетачиликдан асар ҳам йўқ эди.

Мисол учун Японияда илк газета “Токио Ничи Ничи Шимбун (東京日日新聞) орадан икки йил ўтгандан кейингина – 1872 йилнинг 21 февраль куни нашр этила бошланди. Кореяда эса биздан роппа-роса ўн уч йилдан кейин, яъни 1883 йилнинг 31 октябрь куни биринчи миллий газета “Хансонсунбо” (한성순보) дунё юзини кўрди.

Айнан шу сабабдан ҳам ўзбек миллий журналистикаси ўтмишини ўрганиш, ҳар томонлама тадқиқ қилиш, ундан сабоқ олиш жуда катта маърифий ва маънавий аҳамият касб этади. Ўтган турли босқичлар бирин-кетин кўздан кечириладиган бўлса, уларни умумий маънода қуйидагича гуруҳлаштириш мумкин.

Дастлаб матбуотимиз чор Россиясига хизмат қилди. Кейинги даврда у ўзига хос миллий ва маърифий руҳият касб этди. Шўролар ҳукумат тепасига келгач вазият салбий томонга ўзгарди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида бевосита фронт ҳаётини ёритди. Сталин даврида умуман таназзулга учради. Кейинги советлар замонида энг машаққатли даврни бошдан кечирди.

У ҳозирги мустақиллик йилларида эса бутун жаҳон журналистикасининг бой тажрибалари ҳамда замонавий тенденцияларини ўзида синаб кўрмоқда. Қайд этиш жоизки, матбуотимиз бугунги кунга келиб ўзига хос, бетакрор қиёфага эга бўлишга ҳаракат қилмоқда.

Тарихий илдизлар

Аслида ахборотни тўплаш, таҳлил қилиш ва тарқатишга йўналтирилган ижтимоий фаолиятнинг дастлабки куртаклари қадим-қадимда пайдо бўлган. Одамларни ижтимоий турмушда содир бўлаётган воқеалардан хабардор қилиш, уларга ахборот воситасида маълум ғоявий-руҳий таъсир ўтказиш турли шакл ва усулларда намоён бўлган. Оғзаки ахборот нотиқлар, жарчилар томонидан етказилган.

Кишилик тараққиёти тарихида ёзувнинг ихтиро этилиши ва натижада ёзма адабиётларнинг пайдо бўлиши ахборот алмашинувида кескин бурилиш ясади. Абу Райҳон Берунийнинг “Ҳиндистон” (1030 йил), Маҳмуд Қошғарийнинг “Девону луғати турк” (1077 йил), Кайковуснинг “Қобуснома” (1082-1083 йиллар), Муҳаммад Заҳириддин Бобурнинг “Бобурнома” (1526-1529 йиллар) каби асарларида ҳам журналистиканинг илк куртакларини кузатиш мумкин. Чунки ушбу нодир асарларда ўзига хос публицистик руҳ мавжуд бўлиб, уларда ўша замон тарихи, одамларнинг ҳаёти, маданияти, кундалик турмуш тарзи атрофлича акс эттирилган. Шу маънода ўзбек журналистикасининг тарихий илдизларини минг йилларга бориб тақалади, десак муболаға бўлмайди.

Ҳозирги давр журналистикаси “дастлаб XVII аср бошидаги илк даврий босма нашрлар қиёфасида юзага келган. XIX асрнинг иккинчи ярми ва XX асрда фотография ҳамда кинематографиянинг кашф қилиниши туфайли фото ва киножурналистика ташкил топди. XX асрнинг 20-йилларидан эътиборан радиотехника ютуқлари асосида радиожурналистика тараққий қила бошлади, 40-йилларда эса тележурналистика майдонга келди” деб ёзади таниқли олим Бойбўта Дўстқораев ўзининг “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” китобида.

Сир эмаски, XIX аср ўрталари ва XX асрниннг дастлабки йилларидан бошлаб аксарият Шарқ мамлакатларида журналистиканинг оммалашиши ва ривожланишида Ғарб мамлакатларининг бевосита таъсири бўлган. Хусусан, Ҳиндистон матбуоти Буюк Британия таъсирида, Жанубий Корея оммавий ахборот воситалари (ОАВ) Америка Қўшма штатлари тажрибаси асосида шакллланган.

Ўзбекистон журналистикаси эса Россия матбуоти анъаналарига таянган ҳолда пайдо бўлди ва тараққий этди. Аммо ўтган бир ярим асрга яқин вақт ичида ўзбек матбуоти бир хилда, бир текисда ривожланмади.

Хусусан, у дастлаб чор Россиясининг минбари сифатида юзага келган бўлса, кейинги даврда миллий ва маърифий руҳият касб этди. Шўроларнинг кириб келиши билан вазият салбий томонга ўзгарди. Иккинчи жаҳон уруши йилларида бевосита фронт ва фронт орти ҳаётини ёритди. Сталин даврида таназзулга учради, кейинги совет даврида том маънодаги турғунликни бошдан кечирди.

У ҳозирги мустақиллик йилларида бутун дунёда мавжуд бўлган тарихий тажрибалар ҳамда замонавий тенденцияларни ўзида синаб кўрмоқда. Қайд этиш жоизки, ўзбек матбуоти бугунги кунга келиб ўзига хос, бетакрор қиёфага эга бўлди.

Масаланинг ўрганилганлик даражаси

Чўлпон, Абдулла Авлоний, Т.Эрназаров, А.Акбаров, Т.Пидаев, Б.Дўстқораев каби олиму-адибларнинг мақола, рисола ҳамда ўқув қўлланмаларида ўзбек миллий журналистикаси тарихи атрофлича ёритиб берилган. Уларда қарийб 150 йиллик тарих қамраб олинган. Энг муҳим жиҳати шундаки, ўтган ҳар бир даврга тегишли фактлар, рақамлар, воқеалар ўзига хос қиёсий шарҳ ва тавсифлар билан биргаликда берилган.

Бу борадаги илк ўқув қўлланма ўтган асрнинг 70-йиллари охирида ёзилган. Устозимиз Б.Дўстқораевнинг қайд этишича, “жами учта китоб кўринишида вужудга келган ушбу қўлланма аслида шўро мафкураси муҳитида ёзилган бўлса-да, Ўзбекистон журналистикасини бир тизимга солиш, уни даврлаштириш, яхлит фан сифатида талқин қилиш, фактларни илмий жиҳатдан таҳлил этиш бўйича биринчи уриниш сифатида аҳамиятга эгадир”.

Профессор Бойбўта Дўстқораев томонидан 2009 йилда нашр қилинган “Ўзбекистон журналистикаси тарихи” дарслигини ушбу йўналишдаги энг мукаммал, ишончли манбалардан бири сифатида эътироф этиш мумкин. Мазкур китобни ёзишда муаллиф ўзигача бу соҳада мақола, монография, ўқув қўлланмалари яратган олимларнинг тажрибаларидан фойдаланган.

Илк газета ва журналлар (1870-1905 йиллар)

Ўзбекистонда журналистика XIX асрнинг 2-ярмида (1870 йилларда) пайдо бўлди. Туркистонда нашр этилган илк газеталар – “Туркестанские ведемости” ва “Туркистон вилоятининг газети” нашрларининг олдига қўйилган вазифалар ўрганилганда уларнинг ўша давр мустабидлик сиёсатини ўтказишда катта роль ўйнаганини кузатиш мумкин. Ушбу нашрларнинг ёритган мавзу доиралари асосан чор Россиянинг ўлкадаги манфаатларидан иборат бўлган. Яъни деҳқончилик ишлари, пахта етиштириш, янги ерларни ўзлаштириш, суғориш масалалари, савдо-сотиқ ишлари, ҳарбийлар ҳаёти ва генерал-губернаторнинг буйруқ ва фармойишлари, шунингдек, маҳаллий халқни “маърифатли” қилиш билан боғлиқ кундалик воқеалар акс эттирилган.

“Туркистон вилоятининг газети” (қисқартма – “ТВГ”)га муҳаррирлик қилган шахслар орасида ака-ука Иброҳимовлар, М.Чанишев, Н.Остроумов номларини қайд этиб ўтиш жоиз. Бу даврда илк бор цензура амалга оширилган. Туркистон матбуотини Октябр тўнтаришигача таъминлаган ахборот агентликлари: Марказий телеграф агентлиги (рус. ЦТА) ва Шимолий телеграф агентлиги (рус. СТА).

XIX аср охирига келиб хусусий босмахоналар юзага келади. Дастлаб Тошкентда, сўнгра Самарқанд, Қўқон, Наманганда босмахоналар иш бошлайди. Хусусий газета ва журналлар пайдо бўлади: “Окраина”, “Закаспийское обозрение”, “Русский Туркестан”, “Асхабад” ва бошқалар. “Средняя Азия”, “Среднеазиатский вестник” ва бошқа журналлар. Уларнинг ғоявий йўналишларига эътибор қаратилса, айнан шу даврдаги сиёсий муҳитни тасаввур қилиш мумкин. Ёритган мавзулар эса ранг-баранг бўлиб, мазкур журналлар рус тили ҳамда маданиятини тарқатишга катта эътибор қаратишган.

Туркистонда миллий матбуотнинг юзага келиши. Жадидлар матбуоти (1906– 1917 йиллар)

XX асрнинг биринчи ва иккинчи ўн йиллигида Ўзбекистонда асосий эътиборни миллий тараққиётни таъминлашга қодир маърифатли инсонларни тарбиялашга йўналтирилган хусусий, миллий газета ҳамда журналлар юзага келади. Булар – “Хуршид”, “Садои Туркистон”, “Самарқанд”, “Ойина” ва бошқалар.

Биринчи жадидлар нашри – “Тараққий” газетаси Тошкент шаҳрида Исмоил Обидов муҳаррирлигида, 1906 йил 27 июндан эътиборан чоп этила бошланган. Айнан шу сабабдан ҳам ҳозирги кунда Ўзбекистонда 27 июн – “Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни” сифатида нишонланади. Албатта, бу даврга келиб Туркистонда ўзига хос миллий матбуот пайдо бўлишининг сиёсий-ижтимоий омиллари кўп эди.

1905 йил 17 октябр манифести. Унда Россия фуқароларига ваъда қилинган сўз, матбуот ва жамиятлар (яъни фирқалар) тузиш эркинлиги. Бу эркинликлардан фойдаланиш учун бўлган соҳа вакиллари илк маротаба ҳаракат қилишган. Айни пайтда мустабид ҳукуматнинг маҳаллий аҳолини алдашга бўлган уринишлари ижтимоий муҳитни бир мунча мураккаблаштирган.

Жадидшунос олим Бегали Қосимов “Миллий уйғониш: жасорат, маърифат, фидойилик” китобида қайд этганидек, “жадидчиликнинг моҳиятини Миллат ва Ватанни англашдан улар манфаати учун курашигача бўлган қизғин ва ҳаяжонли жараён ташкил қилади”.

Жадидлар (яъни маҳаллий маърифатпарвар кучлар) миллий газета чиқариш учун ҳаракат қиладилар. Натижада “Тараққий” газетаси пайдо бўлади. Дастлабки вақтда зиёлилар мазкур газетага алоҳида қизиқиш билан қарайдилар. Афсуски, уларнинг мазкур газетадан кутган нарсалари юзага чиқмайди ва тез орада у чиқишдан тўхтатилади.

Аммо ана шу қисқа вақт ичида мазкур газета дадил туриб, маҳаллий халқлар манфаатларини ҳимоя қилишга уринади. Ҳукуматга бўлган муносабатини билдиради. Газета саҳифаларида эркинлик ва озодлик ғоялари туғилади. Шу сабабдан мустабид ҳукумат нашрни тўхтатади.

“Тараққий”нинг муҳаррири Исмоил Обидий қамоққа олинади. Шу сингари “Хуршид”, “Шуҳрат”, “Тужжор”, “Осиё” газеталарининг фаолияти ҳам узоққа бормайди.

Бу даврда Бухорода жадидлар матбуоти юзага келади. “Бухорои шариф” ва “Турон” газеталари нашр қилина бошлайди. Тошкентда “Садои Туркистон”, Қўқонда “Садои Фарғона” газеталари иш бошлайди. Самарқандда “Самарқанд” газетаси ва “Ойина” журнали чоп этилади. Жадидлар матбуоти билан бирга, Туркистонда диний уламолар нашрлари ҳам пайдо бўлади (“Ал-Ислоҳ” журнали).

1914 йил июль ойида бошланган биринчи жаҳон урушига тортилган Россия империясининг бора-бора тинкаси қуриб, иқтисодий кризисга дучор бўлади”, деб ёзган эди Б.Дўстқораев ва бу ҳолат, табиийки, матбуотда ҳам ўз аксини топади.

Муваққат ҳукумат даври. Туркистон (Ўзбекистон) журналистикаси

1917 йил Феврал тўнтаришидан кейин Туркистонда юзага келган сиёсий-ижтимоий вазият миллий журналистикага жиддий таъсир ўтказди. Бу даврда “Шўрои исломия” жамияти юзага келди. Вақтли ҳукуматнинг Туркистон комитети ташкил этилди. Ҳокимиятни эгаллаш учун зимдан ички кураш бошланди.

“Туркистон вилоятининг газети” ва “Туркестанские ведомости” газеталари ўз фаолиятларини тўхтатди. “Нажот” ва “Кенгаш” газеталари пайдо бўлди. “Турон” ва “Шўрои исломия” газеталари қисқа муддатда фаолият олиб борди. Туркистонда жадидлар ва уламолар фирқалари тузилди. “Ҳуррият” газетаси чиқа бошлади. Шунингдек, “Ал-Изоҳ”, “Кенгаш” ва “Юрт” журналлари фаолият юритадиган бўлди.

1917 йил Октябр тўнтаришигача бўлган даврдаги йирик публицистлар – Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори, Абдулла Авлоний, Убайдулла Асадуллахўжаевлар ижодига алоҳида тўхталиб ўтиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, М.Беҳбудий илк публицист сифатида шаклланди. Адиб публицистикасининг мавзу доираси кенг бўлиб, у сиёсий публицистика, маориф ва маданиятга бағишланган публицистик чиқишларга муаллифлик қилди. Шунингдек, М.Беҳбудий публицистикасида Туркистоннинг истиқболи мавзуига алоҳида ўрин ажратилади. Унинг саёҳатномаси ва унинг муҳаррирлик фаолияти ҳақида ҳам батафсил маълумотлар сақланиб қолган.

Ўзбек журналистикаси тарихини ўрганган етакчи олим Бойбўта Дўстқораевнинг қайд этишича “М.Беҳбудийнинг ижтимоий-сиёсий, адабий-ижодий, публицистик, ташкилотчилик фаолияти ранг-баранг ва сермазмун бўлиб, у маърифатпарварлик ғояларини ташвиқ этувчидан истиқлолнинг назарий ва амалий масалаларини ҳал этиб беролган лидер даражасига кўтарилган шахсдир”, дея эътироф этади профессор Б.Дўстқораев.

Мунаввар қори ҳам ўзбек миллий журналистикасига дадил кириб келган ижодкорлардан ҳисобланади. Унинг журналистик тақдирида “Тараққий”, “Хуршид”, “Садои Туркистон”, “Нажот” газеталаринниг аҳамияти каттадир. Мунаввар қорининг мактаб ва мадрасалар ислоҳига бағишланган публицистикаси жуда катта аҳамиятга моликдир. Публицист айрим ҳолатларда эскирган, ножойиз урф-одатларни танқид қилади. Мунаввар қори публицистикасида сиёсий-ижтимоий мавзу ҳам кенг ўрин олган.

Абдулла Авлоний публицистикасида таълим ва тарбия масалалари атрофлича ёритилган. Публицистнинг сиёсий-ижтимоий воқеаларга муносабат билдирган асарлари талайгина, “Афғон саёҳати” сафарномаси шулар жумласидандир. У “Шуҳрат” ва “Турон” газеталарига муҳаррирлик қилган.

Убайдулла Асадуллахўжаев – янги типдаги муҳаррир ҳисобланган. У асосан ҳуқуқий саводхонликни оширишга мўлжалланган мақолалар ёзган.

Ўзбекистонда болшевиклар матбуотининг юзага келиши. Унинг Иккинчи жаҳон урушигача бўлган даврдаги тараққиёти хусусиятлари (1917 ноябрь -1941 йил июнь)

Айнан шу даврда Туркистонда ҳокимият тепасига болшевиклар келади. Натижада дастлабки шўро газета ва журналлари пайдо бўлади. Ориф Клиблеев ўзбек шўро матбуотини юзага келтиришда асосий ўринлардан бирини эгаллайди. Ўлкада шу пайтгача фаолият олиб бораётган, яъни шўро матбуоти ҳисобланмаган бошқа эски газета ва журналларни ёпиш тўғрисида В.Ленин имзолаган декрет (1917 йил, 8 ноябр) амалга оширилади.

Ўзбек зиёлиларининг эрк ва истиқлол учун курашлари матбуотда зоҳирий ва ботиний кўрина бошлайди. “Эл байроғи” газетаси ўз фаолиятини йўлга қўяди. Ўзбекистон ССР (Совет социалистик республикаси) ташкил топади.

Шўро матбуотида синфийлик ва партиявийлик принциплари юзага келади. Матбуотга партиявий раҳбарликнинг моҳияти ошади. Шўролар ҳукумати матбуот юзасидан алоҳида қонун ҳужжатларини қабул қилади. СССРда социалистик жамият қурилишида матбуот зиммасига алоҳида вазифалар юкланади.

Усмонхон Эшонхўжаев, Назир Тўрақулов, Мирмуҳсин Шермуҳамедов, Кабир Бакиров, Иброҳим Тоҳирий, Зариф Баширов, Қамчинбек, Муҳаммад Ҳасанов, Боту, Элбек, Олтой, Маннон Ромиз ва шу каби публицист ва муҳаррирлар даврга мос равишда фаолият юритади. Қайд этиш керак, шўролар матбуотида жанрлар тараққий эта бошлайди. Давр сиёсий муҳитидан келиб чиқиб, илк маротаба хорижда ўзбек матбуоти пайдо бўлади (“Ёш Туркистон”, Париж, 1929–1939).

Абдулла Қодирий, Чўлпон, Фитрат публицистикаси

Машҳур ўзбек адиби Абдулла Қодирийнинг илк публицистикаси пайдо бўлади. Адиб ижоди қўл урилган мавзу йўналишларининг қамрови кенглиги билан ажралиб туради. Ҳажвий публицистикага, шунингдек, очеркларга катта эътибор берилади.

Бу даврда Чўлпон ҳам публицист сифатида шакллана бошлайди. Унинг ижодида эркинлик, истиқлол мавзуларига алоҳида ўрин берилади. Чўлпон шўролар ҳокимияти ўрнатилгандан сўнг публицистика йўналишида самарали ижод қилади. Булардан ташқари муҳаррирлик фаолиятини олиб боради.

Фитрат журналистикага дадил кириб келади У сиёсий публицистикада ўз ўрнини топади. Фитрат, шунингдек, адабий-танқидий соҳада ҳам ижод қилади, муҳаррирлик ишлари билан шуғулланади.

Тошкент – ТВ ватани

Жаҳон журналистикаси тарихида Тошкент телевидение ватани сифатида эътироф этилади. Чунки дунёдаги илк оқ-қора тасвирли электрон телевидение тизими лойиҳаси 1925 йилда айнан Тошкент шаҳрида фаолият юритган олимлар Б.Грабовский ва И.Белявскийлар томонидан ишлаб чиқилган. Шу йили мазкур кашфиёт учун патент ҳам олинган. 1928 йилда телевизион тажриба қурилмасида ҳаракатланувчи (оддий) объектлар намойиш этилган.

Шўролар матбуотнинг Иккинчи жаҳон уруши ва ундан сўнгги даврлари (1941 – 1991 йиллар)

Иккинчи жаҳон урушининг бошланиши ўзбек миллий матбуотида ўзига хос бурилиш ясади. Умуман, шўролар матбуотининг уруш даври фаолиятига қисқача тавсиф берадиган бўлсак, бу вақтда фронтда ўзбек тилидаги қатор нашрлар, хусусан, “Душманга қарши олға”, “Суворовчи”, “Ватан учун”, “Фронт хақиқати”, “Қизил аскар ҳақиқати”, “Ватан шарафи учун” газеталарининг ҳам тарқатилганини айтиб ўтиш ўринлидир.

Урушдан кейинги – мамлакат халқ хўжалигини тиклаш, “социализм қурилиши узил-кесил ва тўла ғалаба қилиши”ни таъминлашда матбуотнинг вазифаси ошиб боради. Турғунлик йилларида шўро оммавий ахборот воситалари системаси такомиллашади.

Собиқ шўро тузуми даврида Ўзбекистонда даврий матбуот тармоғи республика, вилоят ва туман миқёсида чиқадиган умумсиёсий ва тармоқ газеталари, шунингдек, янги журналлар ҳисобига кенгаяди. Айни пайтда радиожурналистика ва тележурналистика ҳам таркиб топа боради. Лекин булар мустабид тузум кўзлаган сиёсий, иқтисодий ва мафкуравий мақсадларга хизмат қилишга маҳкум эди.

Ўзбекистонда телекўрсатувларни расмий равишда эфирга узатиш 1956 йил 5 ноябрдан бошланган. Худди шу пайтда Тошкент телевидение студияси ташкил этилган. “Қайта қуриш” даврида (1980 йиллар ўрталаридан) эса ОАВ ўта сиёсийлашиб кетади. Кейинчалик коммунистлар партиясига хизмат қиладиган шўро матбуоти барҳам топа бошлайди.

Мустақиллик даври журналистикаси

Ўзбекистон давлат мустақиллигига эришгач, республика журналистикаси янги босқичга қадам қўйди. Жамиятни демократик тарзда янгилаш, ҳуқуқий демократик давлат барпо қилишга кўмаклашаётган янги тизим шакллана бошлади. Президент Ш.Мирзиёев таъкидлаганидек, “бутун мамлакатимиз қатори Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари ҳам мустақиллик йилларида катта ривожланиш йўлини босиб ўтганини барчамиз яхши биламиз ва бундай ютуқлар билан ҳақли равишда фахрланамиз”.

Бу давр Ўзбекистон Республикасининг давлат мустақиллигини қўлга киритиши, Шўро матбуотининг барҳам топиб, янги жамиятга мос матбуот системасининг юзага келиши билан характерлидир. Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг ҳуқуқий аослари такомиллаштирилди. Хусусан, 1997 йилда “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Журналистик фаолиятни ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги асосий қонунлар қабул қилинди.

Матбуотда мустақилликнинг мазмун-моҳияти, унинг аҳамияти каби муҳим мавзуларга кенг ўрин ажратилди. Миллий, тарихий ва диний қадриятларнинг тикланишида матбуотнинг ўрни бир неча бор ошди.

1991 йилда Ўзбекистондаги оммавий ахборот воситаларининг умумий сони 395 тани ташкил этган бўлса, 2018 йилга келиб бу кўрсаткич жами ҳисобда 1636 тага етди. Босма нашрлар, теле ва радиоканаллар билан бир қаторда, янгича ОАВ тури сифатида рўйхатдан ўтган 480 та веб-cайт ҳам фаолият олиб бормоқда. Яқин келажакда уларнинг сони янада ортиб бориши кутилмоқда.

Ўзбек матбуоти қирилиб кетадими?

2018 йилнинг иккинчи ярми ва 2019 йилнинг бошлари Ўзбекистондаги газеталар учун ҳақиқий синов даври бўлди. Негаки аксарият нашрлар иқтисодий таназзулга учради. Ўтган йил сентябрь-октябрь ойларида республиканинг барча вилоят ва шаҳарларида ҳудудий нашрлар вакиллари билан учрашдик. Ўша пайтда жойларда билдирилган фикрлардан келиб чиқиб, тахминан 60% газеталарнинг аҳовли оғир, молиявий кўмакка муҳтож деган хулосага келгандик. Бироқ орадан кўп вақт ўтмай уларнинг деярли барчаси иқтисодий муаммога рўбарў келганлигига гувоҳ бўлдик.

Сабаб эса битта эмас, бир нечта: одатда “юқоридан” ташкил қилиб бериладиган мажбурий обунага чек қўйилди, таҳририятларда иқтисодий бошқарувга керакли даражада эътибор қаратилмади, газеталарни почта орқали хонадонларга етказиб бериш тизими деярли ишдан, реклама берувчилар камайиб кетди, ўқувчилар қизиқишини ушлаб турадиган сифатли материаллар ҳажми камайди, аҳолининг аксарият қисми Интернет нашрларини ўқий бошлади ва ҳоказо.

Афсуски, 100 ёшдан ўтган “Ўзбекистон матбуоти” журналининг кўринмай қолганига бир йил бўлди. Шу қатори айрим газеталарни эса санаб ўтиришга ҳожат йўқ. Ҳатто кўзга кўринган тармоқ газеталари ҳам қийин аҳволда. Партия газеталари ва қолаверса республиканинг энг йирик отахон нашрларининг эртанги куни муаммолигича қолмоқда. Тўғри, 1-2та газетага вақтинчалик субсидиялар ажратиладиган бўлди. Лекин бу дегани масала узил-кесил ҳал қилинди дегани эмас.

Шу сабабдан ўзбек матбуотининг йўқ бўлиб кетиш эҳтимоли янада аниқлашиб қолди.

ОАВ соҳасида янги ўзгаришлар

2019 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” (5653-сон) Фармонни қабул қилди. Унинг асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги фаолиятини ташкил этиш тўғрисида қарор эълон қилинди.

Ушбу ҳужжатда қайд этилганидек, Агентлик Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳасидаги ягона давлат сиёсатини ишлаб чиқувчи ва амалга оширувчи ҳамда оммавий ахборот воситалари, матбуот, ноширлик-матбаа ва ахборот-кутубхона фаолиятини ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш бўйича ваколатли орган ҳисобланади.

Шунингдек, янги орган ўз фаолияти давомида жаҳон ахборот маконида Ўзбекистоннинг ижобий имижини шакллантириш ва илгари суриш, мамлакатнинг инвестиция муҳити ва туристик салоҳиятини тарғиб этиш билан боғлиқ масалаларни кўриб чиқади.

Қарорга кўра, 2019-2020 йилларда Ўзбекистон Республикаси ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни янада ривожлантириш дастури жорий этилади, Ўзбекистон Республикасининг ахборот соҳаси ва оммавий коммуникацияларни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш жамғармаси ташкил этилади.

Тадқиқот учун мавжуд манбалар

Ўзбекистон босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, шунингдек оммавий коммуникациялари ўзига хос ривожланиш босқичларини бошдан кечирган бўлиб, у бой тарихга эгадир. Қайд этиш керак, тадқиқотчилар ва талабалар ушбу масалани ҳар томонлама, янада чуқурроқ ўрганишлари учун керак бўлган барча шароитлар мавжуд. Яъни зарур манбалар, адабиётлар ва кутубхоналар, музейлар, архив материаллари бисёр.

Хусусан, XIX асрнинг 70- йилларидан буён чоп этиб келинаётган газета ва журналлар архивини Алишер Навоий номидаги Миллий кутубхонадан, электрон медиа тарихини Миллий телерадиокомпания музейи ва кинохроника фондидан, оммавий коммуникация тарихини Алоқа музейи экспонатлари орқали олиш мумкин. Булардан ташқари тегишли архив материаллари ва ашёлар бошқа манбаларда ҳам учраши табиий. Ўзбекистон Матбуот ва ахборот агентлигининг api.uz сайтида соҳага тегишли расмий статистик маълумотлар билан танишиб бориш мумкин.

Муҳими, ўзбек журналистикаси тарихининг ҳали тадқиқ қилинмаган қирралари жуда кўп. Бошқача айтганда, ушбу денгиз тубида топилмаган марваридлар талайгина.

Умумий хулоса ва таклифлар

Ўзбекистон журналистикаси тарихини ўрганиш шуни кўрсатадики, оммавий ахборот воситалари давлат ва халқ ўртасидаги кўприк вазифасини бажарар экан, бу жараён ҳар доим ҳам бир хил, мўътадил қиёфага эга бўлавермайди. Айрим даврларда у эмин-эркин ривожланади, айрим даврларда тазйиққа учрайди;

Соҳа мутахассислари тарихдан тўғри хулоса чиқаришлари, ундан сабоқ олишлари керак. Ўтмишда йўл қўйилган хато ва камчиликларни келажакда такрорламаслик даркор;

Ўзбекистон журналистикаси тарихини янада чуқурроқ ўрганиш ва илмий-таҳлилий ишларни давом эттириш баробарида ушбу жараённинг замонавий методологик асосларини яратиш, илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтириш лозим;

Мавзуга доир Ўзбекистонда ва хорижий мамлакатларда мавжуд бўлган адабиётлар, газета ва журналлар, тарихий ашёлар, кутубхоналар, ахборот ресурс марказлари материалларини тизимлаштириш вақти келди;

“Ўзбекистон журналистикаси тарихи давлат музейи”ни ташкил этиш керак. Бунда хорижий мамлакатлар, хусусан АҚШдаги “Newseum” тажрибасидан фойдаланиш мумкин;

Республикада фаолият олиб бораётган журналистика соҳасига ихтисослашган ОТМ ва факультетларда (Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети, Ўзбекистон Миллий университети, Ўзбекистон Давлат жаҳон тиллари университети, Қорақалпоғистон Давлат университети) “ўзбек миллий журналистикаси тарихи” илмий тадқиқот ва ўқув марказларини ташкил этиш, уларни зарур материаллар билан таъминлаш даркор;

Журналистика факультетларда миллий журналистика тарихи фанига ажратилган соатлар ҳажмини ошириш, талабаларни мазкур йўналишга янада кўпроқ қизиқтириш керак. Бунда замонавий ахборот технологияларидан кенг фойдаланиш яхши самара бериши мумкин;

Гуманитар фанларга ихтисослашган бошқа факультетларда ҳам миллий журналистика тарихи ва бугунги кунига доир махсус курслар ташкил этиш зарур;

Ўзбекистон журналистикаси тарихи билан шуғулланувчи миллий ва хорижий олимлар ҳамда ёш тадқиқотчиларнинг халқаро ҳамкорлигини йўлга қўйиш, бу борада журналистика факультетлари базасида халқаро илмий анжуманлар ташкил этиш лозим;

Хорижий мамлакатларнинг нуфузли илмий журналлари ва соҳа муаммоларига оид тўпламларда тадқиқот натижаларини эълон қилиб бориш ишларини жонлантириш керак.

Ўзбекистон журналистикаси: 150 йиллик тарихга назар

uzanalytics.com

12/02/2019