Телефон жиринглайди. Гўшакни қулоққа тутасиз. Гуландом Ҳисомовнанинг қувноқ овози эшитилади:
– Эшитдингизми? Хабарингиз борми? Хушхабар – сафимиз яна бир олимга кўпайди! Фанимизнинг бахтига ёш олимларимиз кўпаяверишсин!..
Кейинги чорак аср мобайнида мамлакатимизда илм-фан соҳасидаги ислоҳотлар бир текисда кечмади. Турли йўллар изланди, жаҳон андозалари татбиқ этилди, пировард натижада… Президент Шавкат Мирзиёев давлат раҳбари сифатида жўшқин фаолиятининг дастлабки одимларини миллий илм-фан соҳасини қайта оёққа қўйишга бағишлади. Фанлар академияси, унинг таркибидаги илмий тадқиқот институтларига қайта ҳаёт бахш этилди. Ҳеч бир фан учун теп-текис равон йўлдан жадал ривожланиш насиб этмайди. Зеро, фан янгилик демакдир, ихтиро, кашфиёт демакдир. Энди хаёлга толади киши: эҳтимол яқин ўтган йиллардаги машаққатлар, талотўплар миллий фанимиз пешонасига битилган синовлар бўлгандир, ҳойнаҳой? Бугун биз ўша оғир дамларда ўзлари муҳаббат қўйган фан соҳаларини тарк этган, илмий изланиш-
лардан воз кечган айрим олим ва олималаримиз шаънига таъна ёғдирмоқчи эмасмиз. Балки ҳар қандай синовларга бардош берган, ўз танлаган йўлидан толмаган иродаси метин сафдошларимизнинг ҳурматини жойига қўйиш зарур деб ўйлаймиз, ана шунда адолатли иш қилган бўламиз.
У ёки бу илмий даражани забт этиш мароқли, фахрли, албатта, бироқ бундай зафарга эришиш ўз-ўзидан қўлга киритилмайди. Тинимсиз изланиш, ҳаловатдан воз кечиш, пешма-пеш келадиган мағлубиятларга руҳан шай туриш осон кўчмайди. Афсуски, илм-фаннинг бундай нотекис йўлида хайрихоҳлар билан ёнма-ён хайрихоҳликдан йироқ, саводи бундайроқ, ҳатто атайин ҳасадгўйлик кўчасига йўлаш ҳолатлари учраб туради. Ана шундай дамларда ёш тадқиқотчи учун бир оғиз далда улкан суянчиқ вазифасини ўтайди.
Бир оғиз далда… Уч сўздан иборат ушбу жумла замирида қанчалар улкан маъно, енгилмас куч-қудрат яширинганини ҳамма ҳам бирдек билавермайди. Ҳис этавермайди. Муқаддимаси пича чўзилган СЎЗимиз қаҳрамонининг биз учун қадрли бўлган исм-шарифини тилга олиш фурсати етди: Гуландом Ҳисомовна Боқиева!
Бу исмни эшитган, ўқиган аҳли илмлар борки, чеҳрасига табассум югуради, ҳаётида, хусусан, илмий изланиш кўчаларида бу ОПА билан рўпара келганлари учун тақдирга тасаннолар ўқийдилар, у кишининг меҳрли боқишлари, бағрикенглиги, қалби дарёлигини эслаб ғойибона миннатдорликларини изҳор этадилар.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетига қадам ранжида қилганлар Гуландом Ҳисомовна билан танишмай, у кишининг суҳбатларини олмай кетмайдилар. Хориж тиллари мутахассислиги ўз йўлига (Опанинг хорижий тиллар бўйича мутахассисликлари юзасидан ашъор айтишга ожизмиз), лекин биз журналистлар ўзимизни Опа олдида бурчли деб ҳисоблаймиз.
Бундан роппа-роса 22 йил муқаддам Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетида халқаро журналистика факультети ташкил этилди. Очиғини айтганда, баъзан ажойиб янгиликларга ҳам шубҳа билан қаровчилар, ўта эҳтиёткорлар бошланаётган яхши ишга панд бериб қўйишади. Факультетни ташкил этиш бўйича ишчи гуруҳи раҳбари Гуландом Ҳисомовна эса заррача иккиланмади, у киши олдинни кўра билди. Ишга дадил киришди, атрофига янгиликка ташна ёшларни жипслаштирди.
Бир олам фикр-мулоҳазалар, янгича қарашлар, миллий журналистика таълимида жаҳон стандартларига мос келадиган, моҳиятан мутлақо янги мактаб яратиш ғояси билан куйиб-ёнаётган Опа ҳамкасбларимиз орасида дарҳол ҳурмат қозонди. Ўша кезлардаёқ Опадаги олима сифатидаги узоқни кўра билиш, янгиликка ўчлик, жаҳон тажрибаларини осонлик билан татбиқ эта билиш, шунингдек, инсон сифатидаги беғуборлик, беминнат меҳр-оқибат ва ташкилотчилик фазилатлари ҳамкасбларимиз оғзига тушди. Бир сўз билан айтганда, ҳам зукко, ҳам жонкуяр, ҳам фариштали олима Опанинг астойдил кўрсатган саъй-ҳаракатлари билан Ўзбекис-
тонда янги журналистика мактаби барпо этилди.
Шундан кейин ҳам Гуландом опа бирон кун халқаро журналистика факультети билан қадрдонлик ришталарини узмади. Оз фурсатда факультетнинг моддий-техник базаси яратилди. Миллий ва хорижий медиа ресурслар асосида бой кутубхона юзага келди. Компьютер ва лингафон хоналари, теле-радио ва фото студиялар ташкил этилди. Ёш газетачилар учун таҳририят иш бошлади. Бундан ташқари, республикамизнинг етакчи оммавий ахборот воситалари таҳририятларида ҳамкорликдаги ижодий устахоналар фаолияти йўлга қўйилди. Янада муҳими, Опа журналистика йўналишида илмий тадқиқотлар доирасини кенгайтириш, бунинг учун иқтидорли ёшларни жалб этиш ишларига бош-қош бўлди. Соҳада илмий салоҳиятнинг бирмунча пастлиги, ваҳоланки, глобаллашув даврининг ахборот ва журналистика билан боғлиқ муаммолари ўз тадқиқотчиларини кутиб турганини бот-бот такрорлашдан толмади.
Гуландом Ҳисомовна АҚШ, Британия, Россия, Япония, Хитой, Ҳиндистон, Туркиядаги қатор журналистика олий таълим муассасалари билан ҳамкорлик алоқаларини ташкил этишга бош-қош бўлди. У кишининг раҳбарлигида халқаро ва республика миқёсида илмий-амалий анжуманлар мувафаққият билан ўтмоқда.
Ўтган давр ичида юзлаб қобилиятли ёшлар катта ҳаётга шу ердан йўлланма олдилар. Улар орасида нуфузли халқаро ташкилотлар, хусусан, БМТ, ЮНЕСКО, Осиё тараққиёт банки, элчихоналар, шунингдек, “BBC”, “Америка овози” каби жаҳондаги етакчи оммавий ахборот воситаларида меҳнат қилаётган собиқ талабалар бор. Булардан ташқари, мамлакатимиздаги турли давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, йирик компанияларнинг ахборот хизматларида, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази сингари қатор нуфузли ташкилотларда Гуландом Ҳисомовнанинг шогирдлари меҳнат қилмоқда.
Нафақат, хорижий тиллар соҳасида, балки журналистика илми йўналишидаги шогирдларининг ўзи йигирмадан ортиқ. Уларнинг орасида фан докторлари, номзодлар ва магистрлар бор. Яратилган ўқув адабиётлари, қўлланмалар ва рисолалар, тайёрланган диссертациялар республика ва хориждаги журналистика таълим даргоҳларининг кутубхоналари жавонидан ўрин олмоқда.
Опа ўзига яқин шогирдларини одатда “Менинг доктор болам”, “Менинг доктор қизим” деб эркалаб чақиради. Ҳар томонлама руҳан қўллаб-қувватлайди.
Яна бир муҳим сирни “фош” этиш фурсати келди…
Гуландом Ҳисомовнанинг қабулхонасида узлуксиз навбатни кўрган киши ҳайрон қолиши табиий. Тўғри, Опа нуфузли олий таълим муассасаси проректори, кундалик вазифаларнинг адоғи кўринмайди, яъни навбатда турганларнинг бир қисми бевосита Опанинг лавозими билан боғлиқ, лекин Гуландом опанинг ҳузурига бевосита илмий тадқиқот жараёнлари билан боғлиқ ташрифларнинг саноғи йўқ ҳисоби. Ёрдам сўровчилар, маслаҳат олувчилар, ҳатто бошқа шахсий муаммолар юзасидан йўл-йўриқ истовчилар… Гуландом опанинг ҳузуридан миннатдорлик туйғулари билан чиқишади. Айниқса, аксарият аёл-қиз тадқиқотчилар илмий ва оилавий муаммолар исканжасида қолишади, шунда ҳам Опанинг маслаҳатлари асқотади. Гуландом опа вақти келса, дам устоз, дам она қиёфасига киради – ҳар кимнинг шарт-шароитини атрофлича ўрганади ва албатта, оқилона ечим топилишига кўмаклашади.
Бир ёш олим ёки олимани илм-фан майдонида сақлаб қолиш, унга йўл-йўриқ кўрсатиш нафақат ўша бир шахснинг бахти-омади, балки фанимизнинг равнақи, қолаверса, жамиятимиз тараққиётининг гаровидир. Гуландом Ҳисомовна Боқиеванинг бутун илмий-ижодий фаолияти мана шундай хайрли, савобли ва миллий интеллектуал салоҳиятнинг мустаҳкамланиши йўлига бахш этилгани билан ҳам қадрлидир.
Телефон жиринглади. Гўшакни қўлга оласиз. Гуландом Ҳисомовнанинг қувноқ овози жаранглайди:
– Эшитдингизми? Хабарингиз борми? Шогирдингизнинг тадқиқоти тасдиқланди! Фан доктори бўлди, шогирдингиз! Таб-
риклайман!
Она ўз фарзандининг муваффақиятидан бунчалар қувониши мумкин! Чинакам Устоз қувончларини яширолмаслиги мумкин бундай хушхабардан!
Гуландом опа Боқиева учун шахсий бахт, омад ва ютуққа айланади ҳар бир олимнинг, олиманинг пайдо бўлиши!
Хуршид
ДЎСТМУҲАММЕДОВ,
Олий Мажлис депутати,
филология
фанлари
доктори, профессор
Беруний АЛИМОВ,
филология фанлари доктори (DSc)
“Янги медиа таълим маркази” ННТ директори, ЎзДЖТУ
Ахборот хизматлари ва
жамоатчилик билан алоқалар кафедраси доценти, Медиа ва
коммуникациялар илмий тадқиқот институти директори.
“Илм музайянаси” китобидан, Ta’lim-media нашриёти, 2024 йил.