Аннотация: Ушбу мақолада хорижий ОАВнинг мамлакат имижини яратишдаги аҳамияти таҳлил этилади. Ҳар қандай давлат имижи ўзгармайдиган, муқим характерига эга бўлиб, у узоқ йиллар, баъзан асрлар давомида жаҳон халқлари онгида шакллана боради. Маълум бир мазмунда пайдо бўлиши ва кейинчалик кишилар онгида қолган тасаввурни кескин ўзгартириши осон кечмайди.
Калит сўзлар: имиж, ҳудуд, мамлакат, медиа, оммавий ахборот воситалари, тасаввур, тадқиқотлар, конструктив ҳамкорлик.
Аннотация: В статье анализируется роль зарубежных СМИ в создании имиджа страны. Образ любого государства имеет неизменный, устойчивый характер, который формируется в сознании народов мира на протяжении многих лет, а иногда и столетий. Нелегко появиться в определенном контексте, а затем резко изменить образ, который остается в сознании людей.
Ключевые слова: имидж, регион, страна, медиа, СМИ, воображение, исследование, конструктивное сотрудничество.
Abstract: This article analyzes the role of foreign media in creating the image of the country. The image of any state has an unchanging, stable character, which is formed in the minds of the peoples of the world for many years, sometimes centuries. It is not easy for it to appear in a certain context and then drastically change the image that remains in people’s minds.
Keywords: image, region, country, media, mass media, imagination, research, constructive collaboration.
Британиялик олим С.Анҳольт фикрига кўра[1], мамлакат имижини мустаҳкамлаш жараёнида оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда – бошқарув, экспорт, туризм, маданият ва мерос, инвестиция ва имиграция, одамлар ҳам муҳим роль ўйнайди.
2020 йилнинг 18-24 февраль кунлари тадқиқотимиз доирасида davletovuz янгиликлар Telegram каналида мавжуд 47965 обуначидан иборат контингент орасида ижтимоий сўровнома ўтказилди[2]. 32200 фуқаро саволлар билан танишди ва уларнинг 10300 нафаридан бевосита тегишли жавоблар олинди. Натижа қуйидагича:
бошқарув – 27 %
экспорт – 7 %
туризм – 16 %
маданият ва мерос – 10 %
инвестиция ва имиграция – 7 %
одамлар – 33%
Кўринадики, аҳолининг кўпчилик қисми “мамлакат имижини оширишда – одамлар ва бошқарув тизимининг роли беқиёс” деб ҳисоблайди (ўтказилган ушбу ижтимоий сўровнома натижаларининг аслиятдаги кўриниши иловада келтирилади – Б.А.).
Ҳудуд имижи билан шуғулланган айрим олимлар унинг бирданига пайдо бўлмаслиги, аксинча фақат маълум вақт оралиғида шакллана боришини эътироф этишади. Яъни мамлакат имижи ҳақида гап кетар экан, у содда қилиб айтганда «бор жойдан йўқ бўлиб қолмайди ёки йўқ жойдан бор бўлиб қолмайди».
Ҳар қандай давлат имижи ўзгармайдиган, муқим характерига эга бўлиб, у узоқ йиллар, баъзан асрлар давомида жаҳон халқлари онгида шакллана боради. Маълум бир мазмунда пайдо бўлиши ва кейинчалик кишилар онгида қолган тасаввурни кескин ўзгартириши осон кечмайди.
Айниқса, ушбу тадқиқот жараёнида мамлакат имижининг инсон тасаввури, онгу шуурига таъсири, муаммонинг психологик аспектлари ўрганилар экан, унга нисбатан кишилар хаёлидаги акснинг қанчалик муқимлиги масаласига алоҳида эътибор бериш тақозо этилади. Афсуски, имижнинг когнитивлиги муаммоси жуда кам ўрганилганлиги олимлар билдирган фикрларни қиёсий тадқиқ этиш имкониятини бирмунча чеклайди.
Бироқ энг асосий масала – мамлакатга нисбатан кишилар онгидаги тасаввурни ўзгартириш қанчалик мураккаб жараён бўлмасин, уни назарий жиҳатдан чуқур таҳлил этиш, ечимини кутаётган масалаларни илмий жиҳатдан ҳал этиш, исботталаб қарашларга ойдинлик киритиш, табиийки, муаммога комплекс ёндашув заруратини кўрсатади.
АҚШнинг Сан Антонио шаҳридаги Техас университети журналистика факультетининг профессори Жанг Жуян[3]«ОАВ мамлакат имижига путур етказиши мумкинми? Бу маънода журналистиканинг асосий роли нимадан иборат?» деган саволларга қуйидагича жавоб беради:
− «АҚШда янгиликлар медиаси одамларнинг бирон бир хорижий мамлакат ҳақидаги тасаввурларини шакллантириши ва ундан ҳосил бўладиган имиж масаласи ҳақида чоп этилаётган адабиётлар кўпайиб бормоқда. Оммавий ахборот воситалари халқаро алоқалар ҳақида мақола ёзишда аксарият ҳолатларда ҳукуматнинг айни мамлакатга нисбатан мавжуд муносабатидан келиб чиқишга ҳаракат қиладилар. Яъни бу жараёнда экспертлар ва давлат расмийлари фикрига таянадилар.
Аммо шу билан бирга Америка оммавий ахборот воситалари ривожланаётган мамалакатларни асосан салбий маънода ёритадилар. Демак, умумий ҳолатни олиб қарайдиган бўлсак, АҚШ ОАВда энди тараққий этаётган давлатлар имижи салбий бўёқларда бериб келинмоқда. Мен бу маънода Америка медиасида Хитойнинг ёритилиши масаласини ўрганганман.
Шуни айтишим керакки, ҳозир биз социал медиа даврига кириб келдик. Бироқ мен уларни тўлиқ кузата олмаяпман. Шундай бўлса-да ишонаманки, вазият унчалик ўзгараётгани йўқ».
Ғарб мамлакатлари медиасида хорижий мамлакат (ҳудуд) имижига нисбатан муносабатларнинг сақланиб қолиши муаммоси тадқиқ этилар экан, аввало маълум ОАВга нисбатан аудиториянинг ишончини ўрганиш муҳим саналади. Назаримизда, ана шундагина амалиётда сезиларли ўзгаришларга эришиш мумкин бўлади.
Айниқса, медиа имижнинг когнитивлик аспектига эътибор қаратиладиган бўлса, ҳозирги аудиториянинг ишончига эришиш ва бу орқали кишилар онгида ҳудуд имижини ошириш осон иш эмаслигни тан олмоқ жоиз. Мисол учун АҚШда ҳар бир ОАВга нисбатан ўқувчиларнинг ишонч индекси бежизга ўрганилмайди. 2019 йил 15 октябрь Остиндаги Техас университети журналистика факультетининг профессори Томас Жонсон шундай маълумот берди:
− «Ҳозирги даврда АҚШдаги етакчи масс медиага нисбатан халқнинг ишончи турфа хил. Ўтказилган тадқиқотлар қуйидаги натижаларни кўрсатмоқда:
- Fox News – 24%
- CNN – 13%
- National Public Radio – 10%
- NYT – 3%
- Washington Post – 1 %».
Ўзбекистон имижи нималарга асосланган ҳолда яхшиланаётганлигини Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Жон Мак Грегор “Ўзбекистон Республикасининг халкаро имижини мустахкамлашнинг долзарб масалалари” мавзуида (2019 йил 26 июль, Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида) бўлиб ўтган давра суҳбатида қуйидагича изоҳ берган эди:
«Биринчидан, бу имиж мулоқот орқали яхшиланди.
Иккинчидан, бу имиж конструктив ҳамкорлик сабабли мустаҳкамланди.
Учинчидан, Ҳаракатлар стратегияси орқали яхшиланди. Ўзбекистоннинг 2017-2021 йилларга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган устувор йўналишлар айнан мазкур соҳага тегишлидир.
Тўртинчидан, бу имиж Ўзбекистоннинг Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги мажбуриятларини амалга ошираётганлиги сабабли яхшиланди. Қолаверса, Ҳаракатлар стратегиясининг асосий йўналишлари ЕХҲТ мажбуриятлари билан ҳамоҳангдир.
Бешинчидан, Вена шаҳрида жойлашган Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотидаги Ўзбекистоннинг ажойиб элчиси борлиги орқали яхшиланди.
Олтинчидан, бу имиж Ўзбекистоннинг ислоҳотлар борасида катта ишларни амалга ошираётганлиги натижасида яхшиланди.
Еттинчидан, дунё Ўзбекистоннинг аниқ ҳаракатларига гувоҳ бўлаётганлиги сабабли яхшиланди».
Элчи Мак Грегор Ўзбекистон имижи бўйича келажакда нималарга эътибор қаратиш зарурлиги тўғрисида фикр билдирар экан, аввало бу мавзудаги давра суҳбатлари, халқаро конференциялар ва турли тадбирларни давом эттириш кераклигини таъкидлаб, «барча фикрларга қулоқ солишимиз, ўзгаришларга очиқ бўлишимиз керак»лигига эътиборни қаратди.
Хорижий мамлакатлар медиасида мамлакатимиз имижига нисбатан муносабатларнинг ўзгаришида турли нуфузли халқаро ташкилотлар томонидан ўтказиб келинаётган рейтинглар ҳам муҳим ўрин тутади.
«The World Happiness Report» ташкилотининг йиллик ҳисоботи 2012 йилдан буён БМТ буюртмасига биноан тузилиб келинади. Тадқиқотда 156 та мамлакат узоқ умр кўриш даражаси, ижтимоий ҳимоя, коррупция ва бошқа кўрсаткичлар бўйича баҳоланади.
Россиянинг «Sputniknews» ахборот агентлигининг маълум қилишича, БМТнинг энг бахтли мамлакатлар рейтингида Ўзбекистон МДҲ давлатларини ортда қолдириб, 41-ўринни эгаллаган. Бу кўрсатгич World Happiness Report 2018 ҳисоботида акс эттирилган[4].
Ўзбекистон ўз кўрсатгичини яхшилашда давом этиб, 2017-18 йиллар ичида 47-ўриндан 41-ўринга кўтарилган. Россия 9 поғона пастлаб, 59-ўриндан 68-ўринга тушиб кетган. МДҲ давлатлари орасида Қозоғистон 60-ўрин, Туркманистон 87-ўрин, Тожикистон 78-ўрин, Қирғизистон эса 86-поғонадан жой олган. Энг бахтсиз мамлакатлар учлигича Жанубий Судан (156), Марказий Африка Республикаси (155) ва Афғонистон (154) киритилган.
Мазкур фаслда ўрганилган масалалар, хусусан, Ғарб мамлакатлари медиасида хорижий мамлакат имижига нисбатан муносабатларнинг сақланиб қолиши муаммоси, мавжуд айрим ўзгаришлар, бу борадаги назарий ва амалий қарашлар таҳлили шуни кўрсатадики, исталган ҳудуд имижини ОАВ воситасида янгилаш, ўзгартириш имконияти мавжуд. Бироқ бу борада янги концептуал ёндашувлар, механизмларни ҳаётга татбиқ этиш зарурати мавжуд. Бу ҳақда ишимизнинг кейинги бобларида фикр юритилади.
Фойдаланилган адабиётлар рўйхати
- https://www.ipsos.com/sites/default/files/19-05-50_Anholt_v2.pdf
- https://t.me/davletovuz/7808. Мурожаат қилинган сана: 24.02.2020й.
- 2019 йил 19 октябрь куни Сан Антониодаги Техас университети журналистика факультетида ўтказилган тадқиқот интервьюсидан.
- http://www.uza.uz/oz/world/zbekiston-eng-bakhtli-mamlakatlar-reytingida-md-davlatlarini-21-03-2019?sphrase_id=2546274. Мурожаат қилинган сана: 17.06.2019
[1]https://www.ipsos.com/sites/default/files/19-05-50_Anholt_v2.pdf
[2]https://t.me/davletovuz/7808. Мурожаат қилинган сана: 24.02.2020й.
[3]2019 йил 19 октябрь куни Сан Антониодаги Техас университети журналистика факультетида ўтказилган тадқиқот интервьюсидан.
[4]http://www.uza.uz/oz/world/zbekiston-eng-bakhtli-mamlakatlar-reytingida-md-davlatlarini-21-03-2019?sphrase_id=2546274. Мурожаат қилинган сана: 17.06.2019
Беруний Алимов
“Фан ва жамият” журнали,
2020 йил, 4-сон, 33-34 бетлар.
Нукус педагогика институти.