ЭНГ КЎП ҚИЙНАГАН ШОГИРД НОМИДАН

Илм қанчалик куч, матонат ва изтироб талаб этмасин, олдингизда кетаётган йўлчи юлдуз сиздан кўра минг карра кўпроқ оғир юкни кўтариб борар экан.

У сизни эркин мушоҳада юритиш, қўрқмаслик, атрофдаги реалликни объектив баҳолаш, муаммоларга назарий ечим топишга ундаши баробарида мустақил қарор қабул қилиш, ўз сўзингизни дадил айта олишингизга ўргатар экан.

Тўғри, йўлчи юлдуз бошчилигида босиб ўтилган йўллар ва йиллар машаққатини ташқаридан кузатиш осон. Аммо кутилмаган қарама-қаршиликлар, асоссиз тўсиқлар ва тенгсиз курашларнинг чегараси кўринмаган пайтлар ҳам бўлгани рост.

Нима бўлганда ҳам ҳаётингизда яхши одамнинг учраши, у сизни ҳақ йўлида олиб юришида жуда катта фалсафий маъно бор экан.

Кечасию кундузи, офтобнинг жазирамаси, шамолнинг увиллашию ёмғирнинг шарриллаши, қорнинг аёзию кўкламнинг шаббодасида ҳам тиним нима эканлиги билмаганимизга йиллар гувоҳ.

Ўзбекистоннинг глобал ахборот маконидаги имижи, обрўси бўйича изланишлар олиб бордик. Далил ва исботларни мисқоллаб йиғдик. Тизимлаштирдик. Топганларимизни ўзаро чоғиштирдик. Хулоса, таклифлар устида ишладик. Дастлаб PhD, ундан кейин DSc диссертацияларини қоғозга туширдик.

Эсимда. Кунлардан бирида доира атрофида тўпланганларга ўринли бир истиҳзо қилинганди:

– “Бу шогирдим машинада кетаётиб, бошқалар каби қизилгаям, сариққаям қарамасдан босганида эди, аллақачон манзилга етиб олган бўларди. Лекин афсуски, шунча уринсам ҳам уни қоидаларни бузиб ўтишга ўргата олмадим…”.

Бекитмайман. Дастлабки маррага еткан дақиқаларимизни эсласам, ҳозиргача етмиш етти томирим титраб кетади. Ўшанда ҳалолликнинг аччиқ-аччиқ кўз ёшларини симиргандик…

Шуниси билан қизиқ экан-да.

Менинг ягона йўлчи юлдузим, тўғриси, бир сония ҳам бўшашишга вақт бермайди. Ҳар доим юқорига қараб дадил қадамлар ташлаш кераклигини кўрсатиб туради.

Ҳали олдинда қилиниши керак бўлган ишлар жуда кўп, янги марралар, янги чўққилар турибди.

Хуршид ака!

Шогирдларингиз орасида Сизни энг кўп қийнагани ўзимман. Лекин энг кўп меҳр кўргани ҳам ўзим бўлсам керак.

Бугун шуни тушундимки, ўн аср яшасак-да, Сиздан кўрган ана шу меҳр ва яхшиликларнинг биргина бўлагини-да қайтара олмаслигимдан чексиз азобдаман.

Сиздан икки дунё розилигини сўраб қолувчи шогирдингиз,

 

Беруний, 2.12.2020.