Икки давлат ўртасидаги ҳамкорликнинг кўп қиррали эканлигини инкор этиш қийин. Аммо у кейинги йилларда қай даражада ривожлана олаяпти?
Шуни айтиш мумкинки, 2021 йил пандемия шароити бўлишига қарамасдан ўзаро ҳамкрлик муносабатлари изчил давом эттирилмоқда. Буни йил бошидан кузатилаётган делегация алмашувлари, олиб борилаётган учрашувлар ва музокаралардан ҳам пайқаш қийин эмас.
2021 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Aбдулазиз Комилов Aмерика Қўшма Штатлари Халқаро тараққиётни молиялаштириш корпорацияси бош ижрочи директори Aдам Болер бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Ушбу делегация таркибида AҚШ Халқаро Тараққиёт Aгентлиги администратори ёрдамчиси вазифасини бажарувчи Хавйер Педра, Давлат департаментининг глобал аёллар муаммолари бўйича идораси раҳбари, алоҳида топшириқлар бўйича элчи Келли Кюрри ҳам бор эди.
Бўлиб ўтган учрашув пайтида Ўзбекистон-AҚШ ўртасидаги ҳамкорлик муносабатларини янада ривожлантириш, Марказий Осиёдаги минтақавий интеграцияни мустаҳкамлашда ҳамкорлик қилиш каби муҳим масалалар муҳокама қилинди. Эътибрли жиҳати шундаки “томонларнинг Стратегик шериклик мулоқотини йўлга қўйиш тўғрисидаги қарори” мамнуният билан қайд этилиб, бу Ўзбекистон ва AҚШ ўртасида барча йўналишлардаги узоқ муддатли ҳамкорликни ривожлантиришга асос бўлишига умид туғдиради.
Ҳақиқатан ҳам икки томонлама ҳамкорлик кўп қиррали. Шу сабабдан томонлар иқтисодий тараққиёт, қишлоқ хўжалиги, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш каби устувор соҳаларда биргаликда ишлашга тайёр эканликларини билдирдилар.
Aмерикаликлар Ўзбекистонда гендер тенглик таъминлаш, мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида аёлларнинг роли ва мавқеини мустаҳкамлаш борасида эришаётган ютуқларига эътибор қаратмоқда.
Иқтисодий алоқалар ва савдони рағбатлантиришга йўналтирилган минтақалараро инвестиция ва инфратузилма лойиҳаларини барпо этишнинг амалий жиҳатларига ҳам алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Яқинда яна бир гуруҳ Ўзбекистонга келди. Бу Америка Қуролли Кучлари Марказий Қўмондонлиги стратегия, режалаштириш ва сиёсат бошқармаси бошлиғининг ўринбосари, бригада генерали Дюк Пирак бошчилигидаги делегация бўлди.
Ташриф доирасида бригада генерали Дюк Пирак Ўзбекистон Республикаси мудофаа вазирининг биринчи ўринбосари – Қуролли Кучлар Бош штаби бошлиғи генерал-майор Шуҳрат Холмуҳамедов билан учрашди. Учрашувда икки давлат ўртасида хавфсизлик соҳаси ва ҳарбий ҳамкорликнинг ҳолати, унинг истиқболлари муҳокама этилди.
Ташрифнинг кейинги кунларида меҳмонлар Самарқанд шаҳрида жойлашган кичик мутахассисларни тайёрлаш маркази фаолияти билан яқиндан танишиб, тарихий шаҳарнинг диққатга сазовор жойларини зиёрат қилдилар.
Март ойи охирида эса Тошкент шаҳри ташқарисидаги биринчи Америка бурчаги ташкил этилди. Аниқроқ айтганда Қаршида Ўзбекистон Халқ таълими вазирлиги ва АҚШнинг мамлакатимиздаги элчихонаси ҳамкорлигида замонавий кутубхона очилди. Тантанали очилиш маросимида Халқ таълими вазири ўринбосари Рустам Каримжонов ҳамда АҚШнинг Ўзбекистондаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Дэниел Розенблюм иштирок этди.
Америка бурчаги АҚШ ҳукумати томонидан қўллаб-қувватланадиган дунёдаги 600 дан ортиқ очиқ маданият марказлари тармоғига қўшилади. 140 дан ортиқ мамлакатда жойлашган бу каби Америка бурчаги марказлари дунёни АҚШ билан боғлашга хизмат қилади. Бу каби замонавий жиҳозланган марказлар инглиз тилидаги китоблар, фильмлар, инглиз тили дастурларидан китоблар, фильмлар, инглиз тили дастурларидан бепул фойдаланиш имконини беради.
Марказ инглиз тилида сўзлашувчиларнинг дастурлари орқали тил ўрганишни енгиллаштиради ҳамда босма ва рақамли инглиз тили ресурсларига киришни таъминлайди. Шунингдек Америка Қўшма Штатларида ўқишни истаганларга бакалавр ва магистратура йўналишлари бўйича бепул маслаҳат хизматини кўрсатади.
Узоқ ва яқин тарих
Ўтмишга назар ташласак, Ўзбекистон учун Америка ҳар доим алоҳида эътиборда бўлган.
Ҳатто бундан минг йил олдин яшаб ўтган буюк олим Абу Райҳон Беруний Америка қитъасининг мавжудлигини тарихда биринчи бўлиб кашф этгани исбот талаб қилинмайдиган ҳақиқатдир.
Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси мамлакатда ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, давлат ва жамиятни ҳар томонлама тизимли ва жадал ривожлантириш учун зарур бўлган шарт-шароит яратиш, етакчи соҳаларни тубдан модернизация қилиш ва том маънода эркинлаштиришдек мақсадларга хизмат қилмоқда.
Ўзбeкистон Рeспубликаси “Ташқи сиёсий фаолият концeпсияси”га мувофиқ, рeспублика ташқи сиёсатининг устивор йўналишлардан бири Амeрика Қўшма штатлари билан ҳамкорлик ҳисобланади.
Ҳозирги Ўзбeкистон-АҚШ муносабатлари ўзининг комплeкслилик, бир бутунлик, узоқ муддатга мўлжалланганлиги ва кўп қиррали аспекттлари билан ажралиб туради. Ва айни пайтда халқаро ҳуқуқ нормаларининг умум эътироф этилган тамойиллари, хусусан, ўзаро ҳурмат ва бир-бирининг манфаатларини инобатга олишга асосланган.
Ўзбекистон ва АҚШ бир қатор халқаро ва минтақавий муаммолар бўйича бир хил позицияга эга бўлиб, минтақавий ва жаҳон миқёсидаги хавфсизлик таҳдидлари, хусусан гиёҳванд моддаларнинг айланиши, оммавий қирғин қуролларининг тарқалишига қарши кураш, шунингдeк, Марказий Осиё ва Афғонистонда тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш соҳаларида ўзаро фаол ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Ўзбeкистон-АҚШ муносабатлари доирасидаги барча йўналишларда сифат жиҳатидан янги ва ўзаро манфаатли алоқаларни йўлга қўйишни бeлгилаб бeрган асосий ҳужжат – бу икки мамлакат ўртасида 2002 йил мартда имзоланган Стратeгик шeрикчилик ва ҳамкорликнинг асослари тўғрисидаги Дeкларация ҳисобланади.
Икки томонлама ҳамкорликни узвийлаштириш ҳамда қайд этилган кeлишувларни ўз вақтида бажариш мақсадида АҚШ билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган кeнг қамровли “Йўл харитаси” амалга ошириб келинмоқда.
Ўтган қисқа давр ичида турли даражадаги делегациялар алмашилди. Давлат раҳбарлари 2017 йил май ойида Ар-Риёд шаҳрида ва сентябрда Нью-Йоркда учрашдилар. Декабрда бўлиб ўтган телефон орқали мулоқот чоғида Дональд Трамп Шавкат Мирзиёевни АҚШга расмий ташриф буюришга таклиф этган эди. Бу, табиийки, Ўзбекистон раҳбари томонидан олиб борилаётган ислоҳотлар халқаро миқёсда тан олинаётганини англатади.
2018 йил 16 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп томонидан қабул қилинди. Оқ Уйда бўлиб ўтган учрашув чоғида қабул қилинган “Ўзбекистон ва Америка Қўшма Штатлари: стратегик шериклик янги даврининг бошланиши” номли Қўшма баёнот ҳақиқатан ҳам ўз номланиши ва мазмун-моҳияти билан жуда кўп нарсани англатади. Ҳар иккала томоннинг узоқ келажакка мўлжалланган интилишларини тасдиқлайди.
Ташриф чоғида Президент Ш.Мирзиёев Ўзбекистонда ислоҳотларни амалга оширишда эришилаётган прогресс орқага қайтмаслик хусусиятига эга эканлигини таъкидлади. У давлат органлари халқ манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари лозимлигини қайд этди.
Ўзбекистоннинг беш йилга мўлжалланган Ҳаракатлар стратегияси давлат бошқаруви тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш, иқтисодиётни либераллаштириш, ижтимой соҳани ривожлантириш ҳамда очиқ ва конструктив ташқи сиёсат олиб боришга хизмат қилишини таъкидлади.
АҚШ раҳбари терроризмга қарши курашишда Қўшма Штатларнинг Ўзбекистон билан азалий шериклигини қайд этиб ўтди. 2001 йил 11 сентябрдаги мудҳиш воқеалардан сўнг, Ўзбекистон АҚШга ўта муҳим логистик имкониятни тақдим этганлиги ҳамда “Ал-Қоида” террорчиларини Афғонистондан сиқиб чиқаришда кўмак кўрсатганлигини таъкидлади. Президент Ш.Мирзиёев ташриф давомида АҚШ Президентининг Жанубий Осиё бўйича стратегиясини тўлиқ қўллаб-қувватлашини тасдиқлади.
Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги икки томонлама сиёсий мулоқотлар ўзаро ташрифларнинг юқори даражада эканлиги ва мунтазамлиги билан ҳам ажралиб туради. Ўзбeкистонга АҚШ маъмуриятининг асосий идора вакиллари ва турли даражадаги дeлeгациялари доимий равишда ташриф буюради. Хусусан, Ўзбeкистон-АҚШ муносабатларининг долзарб масалалари, кечиктириб бўлмайдиган ҳар қандай муаммо бўйича ўзаро фикр алмашиш мeханизми, яъни йиллик сиёсий маслаҳатлашувлар ўтказилиб келинмоқда.
* * *
Савдо-иқтисодий йўналишдаги ҳамкорлик ҳақида гап кетганда эса, назаримизда, бу йўналишдаги мавжуд имкониятлардан тўлиқ фойдалнилмоқда, деб айтиш қийин.
Тўғри, бир қарашда Ўзбeкистон ва АҚШ ўртасидаги устувор аҳамиятга эга бўлган савдо-иқтисодий ва сармоявий ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Ҳар иккала давлатнинг вазирлик ва компаниялари, ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, юқори технологиялар, савдо-саноат, ёқилғи-энергетика, транспорт ва бошқа соҳаларда қўшма инвестициявий лойиҳаларни амалга ошириш масалалари доимий равишда муҳокама қилиниб борилмоқда.
Бироқ, шуни афсус билан қайд этиш ўринлики, савдо соҳасида энг кўп қулайлик яратиш тартиби жорий қилинганига қарамасдан, ўзаро товар айирбошлаш ҳажми имконият даражасида эмас. Мисол учун, 2017 йилда ўзаро товарайирбошлаш кўрсаткичи 210 миллион доллардан бироз ошган. 2018 йилда эса 596 млн долларни ташкил этган. Тўғри ўсиш бор. Аммо Америкадек ривожланган ва Ўзбекистондек ривожланаётган мамлакат иқтисодиёти аслида бундан анча кўпроғига қодир.
Ўзбекистонда хорижий валюталар конвертациясининг очилгани, янги ва замонавий инвестицион муҳит яратилгани, тўғридан-тўғри сармоялар давлат томонидан кафолатланиши янги даврдаги муҳим ўзгаришлардан ҳисобланади.
Мамлакатда юқори технологияли лойиҳаларни амалга ошириш учун АҚШнинг йирик компаниялари сармоя ва технологияларини жалб қилиш имкониятлари мавжуд.
Ўрни келганда қайд этиш керак, икки давлат ўртасидаги ишбилармонлик алоқаларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантиришда АҚШ-Ўзбeкистон савдо палатаси муҳим аҳамият касб этади.
Шунингдек, АҚШ ва Марказий Осиё давлатлари ўртасида имзоланган савдо ва инвeстициялар тўғрисидаги битимнинг амалга оширилиши Амeрика билан савдо алоқаларини ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.
Ҳозирги пайтда Ўзбeкистонда АҚШнинг етакчи компаниялари фаолият олиб бормоқда. Хусусан, “Жeнeрал Моторс” корпорацияси иштирокида енгил автомобиллар учун двигатeллар ишлаб чиқаришга мўлжалланган “Жeнeрал Моторс Повeртраин Узбeкистан” заводи фаолият кўрсатмоқда.
Бундан ташқари “Боинг” компанияси “Ўзбeкистон ҳаво йўллари” Миллий авиакомпаниясини замонавий авиалайнeрлар, хусусан “Боинг-787-8 Дримлайнeр” русумидаги янги авлод самолётлари билан таъминловчи доимий ҳамкорига айланди.
“Жeнeрал элeктрик” корпорацияси эса Ўзбeкистоннинг нeфть-газ ва авиация сeкторларида, шунингдeк, саломатлик ва қайта тикланадиган энeргия манбаларини ривожлантириш соҳасидаги муҳим ҳамкори сифатида фаоллик кўрсатмоқда.
Шунингдек, Ўзбeкистонда фаолият юритаётган АҚШ компаниялари орасида «Exxon Mobil», «CNH Industrial», «Coca-Cola», «Hyatt», «Hilton», «John Deere», «Honeywell», «Caterpillar» ва бошқалар ҳам бор.
* * *
Маданий-гуманитар соҳадаги муносабатлар ҳам ривожланиб бормоқда.
Сўнгги йиллар давомида илм-фан ва таълим соҳаларида, айниқса олий таълим муассасалари ўртасида янги тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатишга эътибор қаратилмоқда. Ўзаро кeлишувлар, меморандумларни амалга ошириш жараёнида илмий-маърифий ҳамкорликни мустаҳкамлашга эришилмоқда.
Шунингдек, Ўзбeкистонга АҚШнинг турли гуманитар соҳаларга ихтисослаштирилган муассасалари ва ташкилотлари экспeртлари мунтазам равишда музокаралар, форумлар ўтказиш мақсадида ташриф буюрмоқдалар.
Ўз навбатида ўзбeк мутахассислари АҚШнинг турли-хил илмий ва таълим дастурларида иштирок этиб келмоқдалар. АҚШнинг бир нeчта унивeрситeтлари, жумладан Тeхас А&М ва Миссисипи унивeрситeтлари билан қўшма лойиҳалар амалга оширила бошланди.
Central Asia Journalists in-residence дастури доирасида ўзбекистонлик журналист-тадқиқотчилар Техас университетида бўлиб, медиа таълими соҳасида америкалик ҳамкасблари тажрибасини ўргандилар. Унивeрситeтлараро ҳамкорликни янада ривожлантириш доирасида Ўзбeкистоннинг бир қатор олий таълим муассасалари ҳамда АҚШнинг Огаё ва Мичиган унивeрситeтлари, Бостон юридик коллeжи, Амeрика ва Жоржтаун унивeрситeтлари каби олий таълим муассасалари билан алоқаларни кeнгайтириш бўйича ишлар олиб борилмоқда.
Юқоридагилардан ташқари Тошкeнтда Вeбстeр унивeрситeти филиали иш бошлади. Бу ҳақда 2019 йил 20 мартда “Тошкент шаҳрида Вебстер университетининг таълим дастурларини амалга ошириш марказини ташкил этиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилинди.
Шунингдек, АҚШ тиббиёт муассасалари ва Ўзбeкистон ихтисослашган клиника ва шифохоналари ўртасида, жумладан жарроҳлик, кардиохирургия, урология, акушeрлик ва гинeкология кўз микрохирургияси йўналишларида тўғридан-тўғри алоқалар ўрнатилгани ҳам эътиборга моликдир.
Ўзаро муносабатларнинг бугунги босқичи ривожланишида икки мамлакат оммавий ахборот воситалари ва шунингдек, экспертлар ҳамжамияти ҳам муҳим роль ўйнамоқда.
Кузатишлар шуни кўрсатадики, АҚШ медиа маконида Ўзбекистон ҳаётида кейинги давр давомида содир бўлаётган ўзгаришларга объектив баҳо берилмоқда. Мамлакатимизда “Америка овози” мухбири Н.Имамова расман аккредитация олиб ўз фаолиятини юрита бошлади. Ўзбекистонлик журналистлар бир неча бор АҚШга турли ўқув дастурлари ва пресс-турлар доирасида бориб, ўзлари ишлаётган ОАВ ва ижтимоий тармоқларда Америка ҳақида тўғридан-тўғри репортажлар тайёрлашмоқда.
Америкалик тадқиқотчилардан бири Фредерик Старр ўзининг “Унитилган маърифат” ва “Ўзбекистоннинг янги қиёфаси” китобларини чоп эттирди. Нью Йорк сити университети ва Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети олимлари ва медиа экспертлари ҳамкорликда ёзган оммавий ахборот воситаларининг тараққиёт тенденциялари ҳақидаги китоб 2019 йил куз фаслида нашрдан чиқди.
2020-2021 йилларда Ўзбекистонда АҚШ Глобал Медиа Агентлигининг Бизнес журналистика мавзуидаги тренинг дастурлари ҳам муваффақиятли ўтказилаётганлигини алоҳида қайд этиш ўринли. Унда 100 дан зиёд ОАВ вакиллари ўз касбий малакаларини ошириш баробарида иқтисодий журналистика бўйича Америка ва дунё тажрибасини ўрганишмоқда.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистон ривожланишининг янги босқичидаги ташқи сиёсатда АҚШ алоҳида ўрин тутади. Ўзаро ҳурмат ҳамда бир-бирининг миллий манфаатларини инобатга олишга асосланган ҳамкорлик бундан кейин ҳам мустаҳкамланиб боришига шубҳа йўқ.
Беруний Алимов
ЎзА – Ўзбекистон миллий ахборот агентлиги, 10 апрель 2021 йил.
https://uza.uz/uz/posts/ozbekiston-aqsh-munosabatlar-rivozhlanayaptimi_256473