Ҳозирги кунда мамлакат имижини юксалтириш замонавий PR (инг. public relations – жамоатчилик билан алоқалар)нинг энг янги ва истиқболли йўналишларидан ҳисобланади. У республиканинг сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий жиҳатдан янада тараққий этишига бевосита таъсир ўтказади. Шу сабабдан ҳам мазкур йўналишда илмий изланишлар олиб бориш, имижга тегишли инструментларни ҳар томонлама таҳлилга тортиш ўзига хос аҳамиятга эгадир.
Ҳудуд имижини шакллантириш ва уни ривожлантириш муаммоси назарий методологик жиҳатдан олиб қараганда фанлараро (interdisciplinary) тадқиқотлар сирасига киради. Яъни бу фақат журналистика фани ёки оммавий коммуникациялар олдида турган муаммо эмас. Сўз юритилаётган масала кўп тармоқли бўлиб, у жумладан социологиия, имижеология, иқтисодиёт, сиёсатшунослик, фалсафа, тилшунослик, хусусан когнитив тилшунослик каби фан соҳаларининг “чорраҳаси”да вужудга келади ва у турли аспектларда ўрганилиши мумкин.
Россиялик олим Д.Ольшанский ўз тадқиқотларида радио ва телевидениенинг жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратан. Хусусан, унинг фикрига кўра «радионинг оммавий ахборот воситаси сифатидаги инкор этиб бўлмайдиган энг муҳим жиҳатлари бу – тезкорлик ва эмоционалликдир. Шунингдек, радио ахборотлар техник жиҳатдан чегара ва масофаларни билмайди. Радиони бир пайтнинг ўзида Арктикада ва Антарктидада ҳам эшитиш мумкин»[1].
Тадқиқотчи ушбу жараёнда телевидениенинг ҳам ўзига хос устиворликларига баҳо берар экан, жумладан шундай ёзади: «кўриш ва эшитиш орқали пайдо бўладиган образлар ҳамоҳанглигида воқеа ёки ҳодисалар ривожини кўрсатар экан, телевидение ҳозирги даврда оммавий коммуникациялар тизимидаги энг таъсирчан восита ҳисобланади».Кўриниб турибдики, россиялик олим радио ва телевидение орқали аудиториянинг онгига кучлироқ таъсир этиш мумкинлиги, қолаверса улар воситасида ривожлантириладиган мамлакат имижининг когнитив аспектига ишора қилади.
Лондонлик профессор Ш.Акинер мамлакат имижини ривожлантиришда миллий аудиовизуал тармоқларнинг аҳамияти катта эканлиги ҳақида ёзади: «EuroNews каби телеканаллар Ўзбекистонга доир қисқа сюжетларни баъзан узатиб турибди. Бу бошланишига яхши. Аммо фақат айрим ҳолатлардагина узатилиб туриладиган бундай кичик сюжетлар мунтазам узатиладиган жиддий ахборотнинг таъсир кучини бераолмайди. Шу сабабли ички, минтақавий ва халқаро мавзулардаги хабарлар айнан Ўзбекистон нуқтаи назаридан – миллий медиа марказлари томонидан узатилиши керак» − дейди олима[2]. Тўғри, Баритания олимининг фикрига тўлиқ қўшилиш мумкин. Чунки EuroNews каби телеканалларда узатиладиган қисқа сюжетларни тайёрлаш ва уларни узатиш учун сарфланаётган ҳаражатлар кутилган натижани бериши қийин.
Яна бир муҳим масала. Ҳозирги даврда Ўзбекистонда босма оммавий ахборот воситаларига қараганда телерадиоканаллар интернет имкониятларидан бирмунча унумли фойдаланмоқдалар. Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг мавжуд энг сўнгги ютуқлари жорий этилмоқда. Сунъий йўлдош тармоқлари орқали ўз кўрсатув ва эшиттиришларини бутун дунёга тарқатаётган телерадиоканалларимиз бир вақтнинг ўзида интернет саҳифаларини, яъни ўз порталларини ҳам такомиллаштирмоқда.
Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг расмий сайтида республика даражасидаги 12 та теле ва 4 та радио канал он-лайн режимида жойлаштирилган. Улардан дунёнинг исталган бурчагида баҳраманд бўлиш мумкин. Хусусан, «O′zbekiston», «Yoshlar», «Toshkent», «Mahalla» телерадиоканалларига бевосита уланиш имконияти мавжуд. Булардан ташқари вилоятлар кесимида фаолият олиб бораётган 12 та телеканал ҳақида маълумотлар кўрсатилган[3].
Умумий ҳисобда Тошкент шаҳридан жами 16 та радиостанция (давлат ва нодавлат каналлар) ўз эшиттиришларини хорижий медиа майдонга он-лайн тизимида узатмоқда. Улар орасида «O′zbekiston24»«O′zbekiston», «Yoshlar», ва «Mahalla» радиоканаллари билан бирга «O′zbegim taronasi», «Poytaxt», «Radio Maxima», «Mumtoz FM», «Vodiy sadosi», «Avtoradio», «AzonFM» каби ёшлар орасида оммавийлашган тармоқлар интернетда анча фаол иш олиб бормоқда[4].
Ўтган асрнинг охирлари, амалдаги аср бошларида дунё саҳнида миграция жараёнлари мисли кўрилмаган даражада жонланиб кетди. Ўзбекистон аҳолиси бу жараёндан четда қолмади албатта. Шу сабабдан ҳам хорижда тақсил олаётган, меҳнат қилаётган ёки доимий истиқомат қилаётган ватандошларимиз тобора кўпайиб бормоқда. Ишончимиз комилки, турли сабабларга кўра олис-яқин хорижий диёрларда яшаётган ватандошларимиз юртимиз, халқимиз ҳаётига бефарқ эмаслар. Уларда она Ватан билан боғланишга бўлган эҳтиёж катта. Ана шу эҳтиёж интернетдаги теле-радиоканаллар воситасида – виртуал алоқа орқали қондирилмоқда. Ўзга мамлакатларда дунёга келаётган, вояга етаётган ўғил-қизлар эса ота-боболарининг миллий анъаналари, урф-одатлари, тили ва маданиятини айнан телекўрсатувлар орқали ўрганиб бормоқдалар.
Тўғри, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни он-лайн тарзда узатиш, авваламбор хориждаги маҳаллий аудитория учун мўлжалланади. Лекин чет мамлакатлар, жумладан Россия, Хитой, Туркия тажрибасига эътибор қаратилса, бу масала янада чуқурроқ мазмун касб этади. Мисол учун, Россиянинг асосан давлатга тегишли телеканаллари виртуал кенглик воситасида ўз кўрсатувларини тўғридан-тўғри узатиш орқали мамлакатдан ташқарида яшаётган миллионлаб россиялик муҳожирларнинг ўз ватани билан алоқаларини узмаслигини, миллий маданиятидан узоқлашмаслигини таъминлаб келмоқда. Моҳиятан эса бутун дунё аҳолиси ўртасида Россиянинг ижобий имижини шакллантириш, унинг сиёсий ва иқтисодий қудратини кўрсатиш, рус маданиятини тарғиб қилиш асосий мақсад этиб қўйилган[5]. ВГТРК (Всероссийская государственная телевизионная и радиовещательная компания) таркибида фаолият олиб бораётган «Россия 24», «РТР Планета», «Культура» каби каналлар фаолиятида ушбу мақсад яққол намоён бўлади.
Хитой марказий телеканали – CCTV да берилаётган кўрсатувлардан дунёнинг айнан қайси нуқталарида мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатлари кўпроқ эканлигини сезиш қийин эмас. Мисол сифатида «Asia today», «Americas now», «Talk Africa», «Global business» каби кўрсатувларни қайд этиш мумкин. Шунингдек, CCTV жаҳонда энг кўп тарқалган тиллардан кенг фойдаланиш баробарида хорижга узатилаётган дастурларда хитой тили ва маданияти тарғиботи масаласига алоҳида эътибор қаратади.
Туркиянинг давлатга қарашли «TRT» халқаро каналининг кўпгина дастурлари хорижда яшаётган туркларга мўлжалланган. Унда чет элларда яшаётган ватандошларга ҳам сўз, фикр айтиш имконияти берилади. Муҳими, ватан соғинчида юрган мухожирларни ўз она юртларига нисбатан ҳурмати ва муҳаббатини оширишга эришилади[6]. Булар, сўзсиз, мамлакатнинг халқаро медиа макондаги обрўсини мустаҳкамлашга хизмат қилувчи омиллардан биридир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев хорижий мамлакатларга амалга ошираётган ташрифлари чоғида вақт тиғизлигига қарамасдан ана шу давлатларда тақсил олаётган ёки меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан алоҳида суҳбатлашишга эътибор қаратиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳамюртларимизнинг у ерлардаги турмуш шароитлари, ўқиш ва ишлари, орзу-умидлари билан танишар экан, уларни Ватанни унутмасликка, Ўзбекистон равнақига бевосита улуш қўшишга ундайди.
Хусусан, Нью Йорк[7] ҳамда Берлинда[8] бўлиб ўтган ана шундай учрашувлар кенг жамоатчиликнинг жуда катта қизиқишларига сабаб бўлди ва ижтимоий тармоқларда ижобий баҳоланди.
Mtrk.uz порталида жойлашган телеканалларда хорижий телетомошабинлар учун мўлжалланган кўрсатувлар қаторига инглиз тилида берилаётган қуйидаги дастурларни киритиш мумкин: «Ўзбекистон 24» каналида «News 24», «Ўзбекистон» каналида «First channel news», «Ёшлар» каналида «Davr» ва «UzEX», «Тошкент» каналида «Poytaxt news» ва бошқалар (уларнинг айримлари доимий эмас ёки етарли даражада оммалашмаган – Б.А.). Шунингдек, «Ўзбекистон», «Тошкент», «Спорт» ва «Дунё бўйлаб» каналларида рус тили ҳамда бошқа хорижий тилларда ҳам янгиликлар, телекўрсатувлар тайёрланади.
Назаримизда, уларнинг умумий ҳажми ва аудитория қамрови ҳозирча замон талабига жавоб бера олмайди. Аммо бу билан ўзбек тилида узатилаётган теледастурларни хорижликлар томоша қилмайди, деган фикрдан йироқдамиз. Хусусан, ахборот кўрсатувлари, сиёсий-таҳлилий, ижтимоий-иқтисодий мавзулардаги, шунингдек, миллий мусиқа ва маданиятимизга оид телелойиҳаларнинг бошқа мамлакатларда ҳам ўз муштарийлари борлиги қувонарли ҳол албатта. Мисол тариқасида «Муносабат», «Учбурчак», «Агроолам», «Давр мавзуси», «Нуқтаи назар», «Ўзбек адабиёти», «Биз киммиз?», «Она замин оҳанглари», «Мерос» кабиларни келтириб ўтиш мумкин. Ушбу масалага чет эл фуқаролари ва экспертлари ўртасида mtrk.uz сайти фаолиятига доир ўтказилган сўровномада ҳам тўхталиб ўтилган.
Шундай қилиб, миллий аудиовизуал ОАВнинг интернетга қўшилиши соҳа тараққиёти ҳамда доимий аудиториянинг жадал тарзда кенгайиб бориши учун катта имконият яратади. Бинобарин, глобал тармоқ Ўзбекистондаги радио ва телеканаллар фаолияти жараёнида иккита муҳим ўзгаришни ҳосил қилди:
Биринчидан, жаҳон бўйлаб кундалик ахборот айланишини on-line даражасига олиб чиқди, яъни, бир вақтнинг ўзида курраи заминнинг барча минтақалари учун тезкор хабар жўнатиш имконияти пайдо бўлди.
Иккинчидан, мавжуд телерадиоканаллар ва муқим аудитория ўртасидаги мулоқот чекловлари кескин қисқарди. Бунда интерактивлик фаоллашди, кўпсонли муштарийлар билан тўғридан-тўғри алоқалар сифат жиҳатдан янги босқичга кўтарилди.
[1] Ольшанский Д. Политический PR. – СПб.: Питер, 2003. (80-81 с.) – 544 с.
[2] Akiner Sh. Branding Uzbekistan. Electronic resource: https://journal.fledu.uz/uz/%D1%9Ezbekiston-brendingi/. Access date: 15.09.2019.
[3] https://mtrk.uz/uz/. Мурожаат санаси:18.06.2019.
[4] http://mediabay.uz/radio. Мурожаат санаси: 18.06.2019.
[5] Изоҳ: Russia today каналининг «SophieCo», «RT репортаж», «Экслюзивное интервью» каби кўрсатувлари.
[6] Изоҳ: «TRT»нинг «Ғурбатдагилар» номли кўрсатуви.
[7] Мирзиёев АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. Электрон ресурс: https://kun.uz/72274559. 21.09.2017 . Мурожаат санаси: 18.06.2019.
[8] Шавкат Мирзиёев Берлинга ташрифини ватандошлар билан учрашишдан бошлади. Электрон ресурс: https://www.gazeta.uz/uz/2019/01/21/berlin/. Мурожаат санаси: 18.06.2019.
Беруний Алимов, PhD,
ЎзДЖТУ халқаро журналистика
факультети доценти
2021 йил 17 май куни ЎзДЖТУ халқаро журналистика факультетида “Медиакоммуникация ва PR: янги технологиялар ва замонавий ёндошувлар” мавзуидаги республика илмий-амалий конференцияси материаллари тўплами. 25-30 бетлар.