Дунёда кунига минглаб ўлаётганлар етади.
Мана йигирма кунча бўлди бу жуфтлик бизникида яшаяпти. Қадрли меҳмонларимиз.
Эҳтимол, биз – уларникида яшаётгандирмиз. Қушларнинг фикрича.
Майли, ким кимникида яшаётганлиги ҳозир унчалик муҳим эмас.
Тасаввуримда биз мусичалар билан шунчаки қўшни сифатида умр гузаронлик қилаяпмиз.
Кундузлари уларни зимдан кузатиб ўтираман. У ердан бу ерга гоҳ учиб, гоҳ қўниб юришни яхши кўришади.
Бир қарасангиз томда, бир қарасангиз ерда, яна бир қарасангиз дарахтлар шохида. Тиним йўқ.
Айниқса, сокингина овозда ку-ку-ку қилиб кўнгилни эритишини айтмайсизми…
Қумриларнинг овози менга беташвиш болаликни эслатади…
Шу сабаб бўлса керак, ҳар сафар товушини эшитарканман, қандайдир энтикиб кетаман.
Тинчланаман. Баьзан ҳатто куппа-кундузи уйқу тортгандай бўлади…
Кеча қарасам, ана шу қумрилардан бири гулларнинг орасида юрибди. Ҳайрон қолдим.
Атайлаб яқин борсам ҳам қўрқмаяпти.
Унинг жуфти эса симёгочда ўтирибди ва менинг яқинлашганимни кузатиб, хавотирга тушаетганини сезяпман.
У гуёки “қоч-қоч, ёнингга одам келаяпти” дегандек..
Лекин бечора пастдаги мусича қанча уринмасин барибир учолмади.
Нима бўлди ўзи?
Бир кун олдин ёккан қорда оеғи музлаб қолдимикан? Ёки баҳорги авитаминозмикан? Балки тухум қўймоқчидир?
Миямда шу каби минг хаёл.
Тўғри, орнитолог бўлмасам-да, икки-уч йил бурун ЮНЕСКОнинг қалдирғочлар ҳақидаги китобини таржима қилгандим. Ҳар ҳолда у-бу нарсани тушунаман.
Иложим қолмади. Бош қотди.
Энди қушчани нима қиламан? Кимга айтаман?
Ошхонадан нон ушоғи ва сув келтириб қўйдим.
Қўлимдан келгани шу бўлди.
***
Бу қушлар кечга яқин атрофдаги чумчуқлардан ҳам олдинроқ ухлашга ётади.
Ҳар куни бу жараённи мароқ билан кузатаман.
Шафақ қизармасданоқ қари хурмо шохларини эгаллаб, секин-аста тунги пинакка кетишади.
Улар менинг рамзий маьнодаги тинчлик қушларим.
Қушлар тинч – мен тинч.
Лекин кеча ундай бўлмади…
***
Бетоб бўлиб қолган қуш – ерда, гулларнинг орасида, жуфти эса дарахт устида уйқуга кетишди.
Эрталабгача деярли кўзимни юммадим.
Ҳали полапон очишга ҳам улгурмаганди-ку…
Тонгда туриб мутахассислар билан боғлансаммикан? Унгача бир нарса бўлса-чи?
Шундай боғнинг четига кўмиб қўявераманми?
***
Эсимда. Ўтган йил ёзда уйдагилар тўтиқуш совға қилишмоқчи бўлишганида рад қилгандим. Чунки сабаби бор.
Майли ўзим қараб, ўзим боқишим мумкин. Лекин биламан уларнинг жони ниҳоятда нозик бўлади.
Ўлиб-пўлиб қолса, кўтара оламанми?
Йўқ. Тўтиқуш-пўтиқушинг керак эмас…
Энди эса бу воқеа.
***
Мусичалар март ойи ўрталарида ўзлари учиб келишди.
Мен уларга тезда ўрганиб қолдим.
Карантинда ўтириб ўқиётган ҳар хил негатив ахборотлар ҳиқилдоғимдан аллақачон бўғиб турибди.
Мусичанинг касал бўлиши – ортиқча…
***
Боя кун ёришиши билан боғ томонга отилдим.
Қарасам… иккаласи гўёки кеча ҳеч нарса бўлмагандай тепадаги антеннада бир-бирига суйкалиб, чиройлигина бўлиб ўтиришибди.
Худога шукр.
Яна ўша мен яхши кўрган овоз. Ку-ку-ку…
Сен ўлма, мусичам!
11.04.2020.