Дунё коммуникация майдонидаги оммабоп ижтимоий тармоклар Ўзбекистоннинг имижини оширишга хизмат қилишлари керак.
Беруний Алимов,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори,
ЎзДЖТУ доценти.
Мамлакат медиа имижини яратиш ва уни такомиллаштириш, ташқи медиа тарғибот асосларини шакллантириш, бу борада анъанавий босма нашрлар қаторида аудиовизуал рақамли каналлар, ОАВ сифатида давлат рўйхатидан ўтаётган веб-сайтлар фаолиятини тадқиқ этиш, шакллантириш тамойиллари ва истиқболи билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш ва тегишли ечимларни топиш алоҳида аҳамиятга моликдир.
Шу билан бирга кишилик цивилизациясининг бугунги босқичидан мустаҳкам ўрин олган ижтимоий тармоқлар феномени, уларнинг куч-қудрати ва мавжуд имкониятларини эътироф этган ҳолда ушбу коммуникация воситаларидан мақсадли фойдаланиш, уларни тўғри йўналтириш ишига жиддий эътибор қаратиш зарур.
2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини янада ривожлатиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг 5.2 бўлимида “Ўзбекистон Республикасининг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, мамлакатда олиб борилаётган ислоҳотлар тўғрисида жаҳон ҳамжамиятига холис ахборот етказиш” вазифаси белгилаб берилган. Бу, ўз навбатида медиа маконда Ўзбекистон мавзусининг алоҳида мавқе ва миқёсга кўтарилиши мамлакатимизнинг ташқи имижини ошириш билан боғлиқ илмий-амалий ва ижодий масала сифатида мутахассислар томонидан тадқиқ этилиши халқаро журналистика мезонлари кесимида ҳамда миллий қадриятларимиз билан боғлиқ ҳолда баҳо беришнинг кенг имкониятларини ривожлантиришда муҳим аҳамият касб этади.
Замонавий оммавий коммуникация воситалари жадал оммалашуви натижасида улар жаҳон медиа майдони саҳнасида катта мавқега эга бўлиб бормоқда. Шундай оммавий мулоқот воситаларидан бири – ижтимоий тармоқлардир. Ҳамон оммавий коммуникация ҳозирги замон цивилизациясининг муҳим воқелигига айланган, тараққий этган ва эндигина тараққиёт йўлидаги давлат фуқаролари ҳам бир хил эҳтиёжлардан келиб чиқиб оммавий мулоқот субъекти даражасига кўтарилаётган экан, бунда ижтимоий тармоқлар устувор воситалигини эътироф этмай иложи йўқ.
Тармоқдан тармоққа
Умуман Интернетнинг пайдо бўлиши билан ҳаётнинг жуда кўп аспектлари, жумладан, кундалик маиший хизматлардан тортиб, бизнес ва менежмент, юридик ва консуллик хизматлари ва ҳатто давлат бошқарувигача бирин-кетин виртуал дунёга кўча бошлади.
Энг муҳими, у ёшларнинг анъанавий мулоқот шаклини тубдан ўзгартириб юборди. Олис масофадан туриб нафақат эшитиш, балки кўриш имкониятининг юзага келиши виртуал суҳбатларни кескин оммалаштирди. Кейинги 15-20 йил давомида дунё мамлакатлари аҳолиси, шу жумладан, ўзбекистонлик ёшлар ҳаётида мобил алоқа урф тусини олган бўлса, ҳозирги даврга келиб мобил ускуналардаги WhatsApp, ICQ, MSN Messenger ва Telegram орқали матнли мулоқот (инг. text messaging) оммавийлик касб этмоқда.
Қайд этиш керак, бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб ярми – яъни 3 млрд.га яқин киши турли ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Шулардан энг катта қисми – 2 млрд. одам “Facebook”да. https://napoleoncat.com сайти берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда “Facebook” тармоғидан фойдаланувчилар 1 миллионга яқинлашиб қолган. Улар ўртача 25-34 ёшда бўлиб, 65,5 фоизини эркаклар, 34,5 фоизини хотин-қизларимиз ташкил этар экан.
Айни пайтда дунёда 1 млрд.лик аудиторияга эга Instagram Ўзбекистонда 1.586.500 нафар фойдаланувчига эга. 2.476.590лик Facebook эса мамлакатимизда 686.400 кишини бирлаштирган. 200 млн.лик Telegram – Ўзбекистонда 18 млн.кишига хизмат кўрсатмоқда.
“Анҳольт” мезонлари
Ҳозирги пайтда дунё мамлакатларининг жаҳон майдонидаги обрў-эътибори, имижи даражасини белгилаш, бу йўналишда турли тадқиқотлар, кузатувлар олиб бориш билан шуғулланувчи алоҳида нуфузли халқаро марказлар мавжуд. Мамлакат ва давлат имижи масалалари билан шуғулланиш алоҳида илмий-назарий йўналишга айланди, мавзу доираси кенгайди, моҳият чуқурлашди, буларнинг натижаси ўлароқ мавзуни турли аспектларда ўрганаётган тадқиқотчилар сафи кенгая бормоқда. Жумладан, аксарият тадқиқотчилар давлатнинг ўзлиги масаласига катта эътибор қаратишади. Уларнинг фикрига кўра, “мамлакат ўзлигининг йўқотилиши давлатнинг халқаро майдондаги позицияларининг заифлашувига ва ҳатто унинг парчаланиб кетишига олиб келади”.
Британиялик олим Саймон Анхольт “мамлакатлар брендинги” соҳасида дунёга танилган етакчи мутахассислардан ҳисобланади. Тадқиқотчи ўнта давлат фуқаролари орасида сўровнома ўтказиб, бир неча мезонлар бўйича бошқа давлатларнинг брендига баҳо бериш ғоясини илгари сурган.
С.Анҳольт фикрига кўра, “миллий брендни ташкил этишнинг 80% мувофиқлаштириш ишлари яъни, давлат ташкилотларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини, олиб бораётган ишларини тўплаш, умумлаштириш ва уларнинг яхлит механизмини амалиётга татбиқ этиш билан боғлиқ, 15% коммуникация ва қолган 5% таъсирланишдан яъни, бу жараёнда ОАВ ва бошқа оммавий коммуникация воситаларининг роли ҳамда барча иштирокчиларнинг ана шу ишларни сидқидилдан амалга оширишидан иборатдир”.
Шулар қаторида таниқли мутахассис мамлакат имижи билан товар имижи ўртасида катта фарқ борлигини алоҳида таъкидлайди, унинг, “мамлакат – бу Coca-cola маҳсулоти эмас”, деган ўзига хос сўз ўйини тагида катта маъно бор. Бундан кўриниб турибдики, мамлакат ва давлат имижи анча мураккаб ва ўзига хос масаладир.
С.Анҳольт мамлакат имижининг ўлчов мезонлари – “Nations Brand Index” қаторига қуйидагиларни киритади:
- Давлат бошқаруви, ички ва ташқи сиёсат, бу жараёндаги шаффофлик.
- Ташқарига сотилаётган экспорт маҳсулотлари ва таклиф этилаётган турли хизматларнинг хориждаги машҳурлик даражаси.
- Мавжуд туризм имкониятлари ва чет элликларнинг мамлакатга келиш иштиёқи.
- Мамлакатда инвесторлар учун яратилган шарт-шароитлар. Имиграция масалалари, ташқаридан мамлакатга доимий яшаш учун келишни истовчиларнинг мавжудлиги.
- Миллий маданият ва тарихий меъроснинг бой ҳамда қизиқарли эканлиги.
- Одамларнинг хорижликларга очиқлиги ва дўстона муносабати.
Ушбу мезонларнинг аҳамиятли жиҳати шундаки, С.Анҳольт ҳар йили бир марта имиж бўйича дунё мамлакатларининг рейтингини эълон қилади ва улар ҳар сафар ўзгариб туради. Қизиғи, уларнинг орасида энг ривожланган мамлакатлар билан бирга энди ривожланаётган мамлакатларни ҳам учратиш мумкин.
Такси ҳайдовчиси мендан “имтиҳон” олди
Яқинда бир тадбирдан иккинчи тадбирга шошилиб йўлга чиқдиму, ўрта ёшлардаги гапга чечан таксичига дуч келдим. Суҳбатдошим бетоблиги сабабли эрта нафақага чиқиб кетқанлиги, олдин ўзи қурилиш-лойиҳалаш соҳасида ишлаганлиги, ҳозир асосан неваралари тарбияси билан шуғуллаётгани ва кунига 1-2 соатгина кирага чиқишини ҳикоя қилиб берди.
Шундан сўнг турли аралаш-қуралаш мавзулар, хусусан шаҳарда олиб борилаётган ободонлаштириш ишларидан тортиб, оддий одамларнинг яшаш шароитлари анча ўнгланиб қолганлигигача “қамраб” олинди.
Эндигина “Халқлар дўстлиги” майдони олдидан юрганимизни биламан кутилмаган саволлар берила бошланди. Гўёки ҳайдовчи университет ўқитувчисию, мен эса талаба.
- Айтинг-чи, мана шу байроқнинг баландлиги неча метр?
- Қайсидир газетада ўқигандим. Эсимдан чиқибди…
- Хўўўш… Кейинги савол: Байроқнинг эни қанча?
- Узр, билмас эканман…
- Майли. Унда бўйига-чи?
- …
Очиғини айтсам, бу “имтиҳон”дан икки баҳо олганимдан бир томондан уялдим. Лекин иккинчи томондан ич-ичимдан шу қадар хурсанд эдимки, “домла”га қандай раҳмат дейишимни билолмай қолдим.
Бу воқеа одамларимизнинг ўзи мамлакат обрўсини кўтариш, унинг нуфузини янада оширишни исташаётганининг исботидек туюлди.
Тармоқлардаги индивидуаллашув
Якка тартибдаги мулоқот ҳақиқий маънода оммавийлик тусини олди.
Бошқача айтганда, машҳур олим Э.Тоффлернинг ахборот асрида ҳаётнинг барча жабҳалари, хусусан ишлаб чиқариш жараёнлари, қолаверса, ахборот воситалари ҳам оммалашувдан нооммалашув томон, яъни индивидуллашув томон юз тутади деган башорати бир қадар ўз исботини топмоқда.
Мана шундай хусусиятлари билан оммавий коммуникация воситалари замонавий цивилизациянинг ўзига хос кўринишига айланиб улгурмоқда.
Оммабоп ижтимоий тармоқларда юзага келаётган ватанпарвар ёшларнинг турли гуруҳлари ахборот маконидаги ўзига хос тарғиботчи сифатида эътироф этилиши мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, фаол ёшларимизни жипслаштираётган тармоқдаги бу каби оммабоп гуруҳлар ўз ўрнида миллий ОАВ каби мамлакатимиз медиа имижини мустаҳкамлашга бевосита хизмат қилмоқда.
XXI асрнинг иккинчи ўн йиллигида ижтимоий тармоқлар (инг. social media) жаҳон медиа маконида фаолият юритиб келаётган анъанавий ОАВ билан шу қадар аралашиб, қўшилиб кетмоқдаки, бунинг натижасида уларни бир-биридан ажратиб кўрсатиш ёки уларни бир-бирларига қарши қўйиш мантиқсизлик бўлур эди.
Ватанимиз маданияти, тарихи ва ҳозирги ютуқларини бутун дунёга тарғиб қилишда ва шу орқали давлатимиз имижи ва обрўсини оширишда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан тўғри ва мақсадли фойдаланиш талаб этилмоқда. Чунки ҳозирги пайтда ер куррасининг 50 фоиздан ортиқ аҳолиси бирон-бир ижтимоий сайтда фаолдир.
Маълумотларга кўра дунё ёшларининг 96 фоизи ижтимоий тармоқлар воситасида ўзаро мулоқотга киришмоқда.
Демак, ёш мустақил давлат медиа имижини шакллантириш масаласида бу қадар улкан имкониятдан оқилона ва самарали фойдалана билмасликни ҳеч қандай сабаблар билан оқлаб бўлмайди. Тан олиш керак, бу борада қилинган ишларимиздан кўра, бажарилмаган ишларимиз кўпроқ.
Тарихга назар ташласак, дастлабки ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлиши интернет ихтиро қилинган 1969 йилга бориб тақалади. Биринчи тўлақонли ижтимоий тармоқ 1995 йилда америкалик Рэнди Конрадс томонидан ишлаб чиқилган Classmates.com сайтидир (Сlassmates сўзи инглиз тилидан синфдошлар – одноклассники деб таржима қилинади).
Дастлаб тор доирадагина ўзаро алоқалар ўрнатиш мақсадида яратилган мазкур сайтда АҚШ ва Канада фуқароларидан иборат 50 млн.дан зиёд фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Сайт бугунга келиб Швеция, Германия, Австрия ҳамда Франция аҳолисига ҳам хизмат кўрсатмоқда. Демак, давлатимизнинг халқаро имижини оширишда Сlassmates тармоғидан унумли фойдаланиш айни муддао.
Хорижда ижтимоий тармоқлардаги маркетинг стратегияси турли аспектларда тадқиқ этилган. Ю.Митяева ва Ю.Чернишов тадқиқотлари эса ҳокимият органлари имижини тармоқлар воситасида шакллантириш масаласига бағишланган.
Вашингтонда Ўзбекистон имижи ҳақида
Мамлакатимиз имижини мустаҳкамлаш ва бунинг учун ижтимоий тармоқлар имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласига Вашингтон шаҳридаги HOUPLA креатив медиа марказида яқинда ташкил қилинган давра суҳбати чоғида алоҳида эътибор қаратилди.
Ушбу марказ раҳбари жаноб Брук Макдоналд тадбирда қатнаштган Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг мухбири Нозима Тошпўлатовага берган интервьюсида республикамиз ташқи имижида нималарга эътибор қаратиши кераклиги ҳақида ўз фикрини билдирди.
– Мен Ўзбекистонда етти маротаба бўлганман ва сизнинг мамлакатингизни жуда яхши кўраман. Мамлакатингизда оммавий ахборот воситалари фаолияти билан яқиндан танишман. Бугун олиб борилаётган ислоҳотлардан жуда хурсандман. Айни пайтда Ўзбекистоннинг ташқи имижини шакллантиришда яхши қадамлар қўйилмоқда, – дейди америкалик эксперт.
– Шахсан мен мамлакатингизни жуда чиройли ва мафтункор, деб ҳисоблайман. Шу сабабли медиа маконда унинг кўпроқ тарғиб этилишини хоҳлардим. Ўзбекистоннинг энг кўп жалб этадиган омилларидан бири – бу унинг очиқ юзли, ҳокисор инсонларидир. Менимча оддий одамлар ҳаёти билан таништиришга кўпроқ урғу бериш керак. Илгари мен Китобда бўлган фестивалда жайдари кишилар билан отда сайр қилганман. Бу унутилмас хотира мен учун. Оддий инсонлар ҳаёти акс этган видеороликларни АҚШнинг етакчи каналларида, қолаверса ижтимоий тармоқларда ҳам кўришни истардим. Америкаликлар сизнинг минтақангиз ҳақида кўпроқ билишлари керак, – деган фикрни илгари суради Б.Макдоналд.
Таъкидлаш керак, Ўзбекистондаги даврий нашрлар ва умуман анъанавий ОАВдан ташқари ижтимоий тармоқларнинг бевосита ўзида ҳам Ватанимизни улуғловчи, унинг тарихи ва маданиятига эътиборли кишиларни жамлаган ижтимоий гуруҳлар мавжуд, зеро улар ҳам жаҳон медиа маконида диёримиз обрўсини янада ошириш борасида катта хизмат қилишмоқда.
Бунга мисоллар талайгина. Facebook тармоғидаги 15461 кишини жамлаган “I love Uzbekistаn”, 19426 нафар фойдаланувчига эга “Uzbekistan Travel” ва 35010 фойдаланувчини бирлаштирган “I love Tashkent” ҳамда бошқа қатор гуруҳларни санаб ўтиш мумкин [ушбу статистик маълумотлар 2018 йил 17 апрель куни олинган].
Муҳим жиҳати шундаки, мазкур гуруҳларга аъзо бўлганлар орасида Ўзбекистон ёшларидан ташқари хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳам бор.
Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш керак, “I love Tashkent” гуруҳи 2014 йилнинг 27 сентябь кунидан бошлаб янгиланмаган. Балки администраторнинг бу гуруҳни юритиш учун вақти ва имконияти йўқдир. Лекин ижобий имижни шакллантиришга хизматни қилаётган 35 минг кишилик саҳифаларни бирон бир ташаббускор ёшларимиз ўз қўлга олишса жуда яхши бўларди.
Машҳур ватанпарвар гуруҳлар
“I love Tashkent” гуруҳида эълон қилинган материаллар ва фото лавҳаларда асосан мамлакатимиз пойтахти имижини мустаҳкамловчи, уни улуғловчи мавзулар кўтарилган.
“I love Uzbekistаn” гуруҳи саҳифасида эса ватанимизнинг кўҳна ва замонавий шаҳарларини кўз-кўз қилувчи, халқимизнинг бетакрор маданияти, гўзал табиатимиз ҳақида маълумот берувчи фото лавҳалар ва мақолалар берилиб борилади.
Ўзбекистондаги анъавий оммавий ахборот воситаларининг аксарияти машҳур ижтимоий тармоқларда ўз плагинларига эга.Мазкур йўналишдаги саъй-ҳаракатлар соҳадаги энг янги ва энг муҳим тенденциялардан ҳисобланади. Мисол учун, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигида (uza.uz) Facebook, Twitter, RSS аудиториялари учун ҳам хабарлар бериб келмоқда. У шунингдек, уяли телефонлар учун мўлжалланган “мобил версия”дан унумли фойдаланмоқда.
Юқорида кайд этилган ижтимоий тармоқларда Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ҳузуридаги “Дунё” ахборот агентлиги ҳам фаолият олиб бормокда.
UzReport ахборот агентлиги тарқатаётган хабарлар билан Facebook, Twitter, RSS орқали бемалол танишиб бориш мумкин.
Ўзбек, инглиз ва рус тилларида фаолият юритувчи “Uzbekistan today” газетасининг Facebook, Twitter, Google plus, В контакте каби қатор оммабоп тармоқларга уланганлиги алоҳида эътиборга моликдир. Даврий матбуот нашрларидан бири “Даракчи” газетасининг Facebook ижтимоий плагинига эга эканлигини қайд этиш зарур.
Яқинда журналистика соҳасида бўлиб ўтган “Олтин қалам” XIV миллий мукофоти ғолиб ва совриндорлари орасида мамлакатимиз медиа имижини бевосита оширишга хизмат қилаётган ижодкорлар меҳнати рағбатлантирилди. Хусусан Ўзбекистон Мустақил босма ОАВ ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди “Наманганская правда” газетаси бош муҳаррири, Осиё журналистлар ассоциациясининг Ўзбекистондаги вакили Дилмурод Жумабоевни “Ижтимоий тармоқларда мамлакатимизнинг ижобий имижини оширишга қаратилган материаллари учун” тақдирлади.
Яна бир муҳим масала. Ижтимоий тармоқлар ёрдамида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам ўз фаолиятларини кенг ёритиш имкониятига эга бўлмоқдалар.
Қайд этиш керак, ташкилотларнинг тармоқлардаги саҳифаларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистонда қонунчилик базаси муттасил такомиллаштирилмоқда. Мамлакатимизда ҳатто етакчи демократик давлатлар қонунчилигида ҳам камдан-кам кузатиладиган ўта муҳим ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.
Шунингдек, веб-сайтлар – идораларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган расмий веб-сайт сифатида идентификация қилинадиган, энг муҳими, ундан ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ресурс эканлиги белгилаб қўйилган. Демак, расмий ташкилотларнинг веб-саҳифаси маълум маънода интернет нашр функциясини бажармоқда.
Ана шу сайтлар плагинларининг оммабоп социал тармоқлар таркибидаги бугунги шаклланиш жараёнини ахборот соҳасидаги энг замонавий йўналишлардан бири дейиш мумкин. Улар ҳам ёшларимизни бирлаштиришга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.
Бироқ, вилоятлар ҳокимликлари кесимида ўтказилган мониторинг натижалари шуни кўрсатадики, айрим сайтларни кунига бор-йўғи 70-80 одам кириб кўрар экан, холос. Баъзилари эса ижтимоий тармоқларда умуман кўринмайди ёки кўринса-да, етарли даражада оммавий эмас.
Умуман, глобал медиа майдонда рақобатбардош фаолият юритишга қодир ижтимоий тармоқлар яратиш алоҳида бир муаммо бўлса, юртимиз ҳудуди доирасида фаолият юритаётган ОАВнинг мавжуд тармоқлардан унумли фойдаланишлари яна бир муаммодир. Ваҳоланки, жаҳон медиа маконига тўғридан-тўғри чиқиш, пировардида ўқувчилар сони ва географиясини бир неча бор кенгайтириш борасида ижтимоий тармоқларга тенг келадиган восита йўқ ҳисоби. Хусусан, ижтимоий тармоқларнинг мамлакат имижини шакллантиришдаги, яъни, мустақил давлатимиз қўлга киритаётган оламшумул ютуқларни жаҳон медиа маконида кенг тарғиб қилишдаги ўрни тобора ортиб бормоқда.
Ваҳоланки, “Интернет яхшими ёки ёмонми?”, “ижтимоий тармоқлар оқми ёки қорами?” каби саволларни муҳокама қилиш давридан аллақачон ўтиб бўлдик. Энди вақтни йўқотмасдан ҳар бир жабҳа учун улардан оқилона, рационал фойдаланиш йўлларини излашимиз лозим.
Хулоса ўрнида
Тараққиётнинг бугунги босқичида нафақат одам, ташкилот ёки компания, балки бутун бир мамлакатлар тақдири унинг медиа макондаги нуфузи ва обрўси билан бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда.
Шундай экан юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:
Биринчидан, ижтимоий тармоқлар воситасида мамлакат имижини ривожлантиришга йўналтирилган инновацион технолгияларни кашф этиш ва уларни амалиётга жорий этиш;
Иккинчидан, Ўзбекистон ёшларининг илмий ва интеллектуал фаолияти, уларнинг фантазияси, ижодий жараёни, кашфиётлари, ихтиролари ва рационализаторлигининг якуний натижаларини ижтимоий тармоқларда бутун дунёга мақсадли тарғиб этиш;
Учинчидан, турли ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ёшларни ватанпарварлик руҳидаги янги гуруҳларга бирлаштириш орқали уларни инновацион ишланмаларга жалб этиш;
Тўртинчидан, мамлакат имижини янада кучайтириш баробарида Ўзбекистонга кириб келаётган янги инвестициялар оқимига ижобий таъсир ўтказиш;
Бешинчидан, ижтимоий тармоқлар сегментини фаол ёшлар иштирокида ташқи тарғибот ишларининг самарадорлигини жиддий равишда оширадиган омил даражасига олиб чиқиш.
Пировардида ёнимиздан оқиб ўтаётган кичик ирмоқларни яхшилик дарёларига туташтиришмиз керак.
“Ҳуррият” газетаси
15 май, 2019 йил.