Инсоният ўз цивилизациясининг шундай бир нуқтасидаки, коммуникация технологияларининг шиддатли ривожланиши баробарида у ахборот эркинлигининг кишилик тарихида мисли кўрилмаган чўққисига етди.
Шу билан бирга, ҳозирги ҳолат янги муаммоларни келтириб чиқарди. Ахборот майдонидаги тезкорлик ва янги эркинликлар текширилмаган ахборотларнинг кутилмаган даражада кенг тарқалишига замин яратиб берди.
Аслида журналистика мактабларида ҳар қандай статистик маълумотни камида 3та мустақил манбадан текшириб кўриб, кейингина уни ОАВ орқали узатиш мумкин, деб тавсия берилади. Бироқ, бугунги кунда нафақат манбаларни, балки медиа каналларнинг ўзини ҳам фактчекинг қилиш эҳтиёжи пайдо бўлди.
Ёлғон ахборот тарқатиш нафақат журналистиканинг, балки бутун жамиятнинг жиддий муаммосига айланди. Шу сабаб, бу мавзуга миллий қонунчиликда ҳам, журналистлар касб этикасида ҳам алоҳида эътибор қаратилаётгани бежизга эмас.
Бу масалага бутун дунёдаги каби барча Марказий Осиё мамлакатлари, шу жумладан, Ўзбекистонда ҳам жиддий эътибор берила бошланди. Журналистлар учун фактчекинг курслари доимий равишда ташкил этилади бошланди.
Мазкур йўналишда миллий ННТлар, хусусан, Янги медиа таълим маркази, Журналистларни қайта тайёрлаш маркази ва Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази томонидан қатор лойиҳалар мамлакат бўйлаб амалга оширилмоқда. Ушбу тренинг ва семинарларни муваффақиятли ташкил этишда нуфузли халқаро ташкилотлар, етакчи жамғармалар ва марказлар, жумладан, ЮНЕСКО, Европа Иттифоқи, USAID, Deutsche Well, BBC Academy, Internews ва қатор ташкилотлар билан яқин ҳамкорлик яхши самара бермоқда.
Хусусан, журналистлар учун Ўзбекистонда ташкил этилган энг биринчи MOOC форматидаги курс ҳам айнан фактчекинг масаласига бағишланди. Бу муаммони ҳал этишга қаратилган қатор ўқув қўлланмалари ҳам чоп этилди.
Умуман олганда бу борада халқаро тажрибани ўрганиш, унинг энг яхши натижаларини Ўзбекистонга тадбиқ этишга алоҳида ҳаракат қилинмоқда. Масалан, 2022 йилда бир гуруҳ ўзбек журналистлари Брюсселда Дезинформацияга қарши кураш бўйича Европа Иттифоқи томонидан ташкил қилинган ўқув семинарида қатнашиб келди.
2023 йил июль ойида Парижда 45 мамлакатдан келган 300дан зиёд журналистлар учун “Better information for better tomorrow” номли форумда ҳам журналистларимиз фаол иштирок этиб, халқаро тажрибани ўрганиб қайтди.
Бундан ташқари, ҳар йили Марказий Осиё журналистлари ҳам фактчекинг муаммоси бўйича тажриба алмашиш мақсадида минтақавий конференциялар ташкил этиб туриши яхши анъанага айланди.
2022-2023 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистондаги нафақат журналистика факультетлари, балки барча университетларнинг талабалари учун ҳам ўқув дастурлари яратилиб, алоҳида амалиётга киритилди. Манбаларга кўра, Германия университетларида бу борада жуда салмоқли тажриба тўпланган.
Юқоридаги саъй-ҳаракатлардан ташқари кейинги йилларда фактчекинг билан шуғулланадиган алоҳида таҳриятлар ҳам иш бошлади. Улар қаторида “Factchecking.uz” сайти ҳақида алоҳида тўхталиб ўтиш мумкин.
Таҳририят жамоаси таркибига ижтимоий, иқтисодиёт, маданият, сиёсат ва бошқа соҳаларни ёритишда тажрибага эга профессионал журналистлар киритилган. Жамоа 2019 йилнинг сўнгида Ўзбекистонда биринчи фактларни текшириш манбасини ишга туширишга қарор қилган.
Таҳририят жамоасининг ишонишича, Ўзбекистонда биринчи марта фактларни текширувчи манбанинг пайдо бўлиши ўқувчиларга ишончли манбадан тасдиқланган мустақил маълумотларни олишга имкон берди. Фейк тарқатувчиларни ва “баланд овоз” билан баёнот берувчиларни эҳтиёт бўлишга ўзига хос туртки ҳам бўлди.
Эътиборли жиҳати шундаки, ушбу лойиҳа ҳеч қандай тарзда давлат органлари, давлат сектори компаниялари ва тижорат ташкилотлари билан шартнома ёки оғзаки мажбуриятлар йўқ.
“Factchecking.uz” жамоасининг асосий мақсади Ўзбекистон медиа ҳудудида ёлғон маълумотларга, ахборот манипуляциясига, сохта янгиликларга қарши курашишдан иборат. Таҳририят вазифаси ижтимоий аҳамиятга эга ва шов-шувли янгиликлар, фактлар, рақамлар, шунингдек, жамоат арбобларининг баёнотларини доимий равишда мониторинг қилиш ва текширишдир.
Фактчекингда кимлар иштирок этиши мумкин? Ҳар қандай ўқувчи, журналист, блогер, мутахассис таҳририятга ўзларининг таклиф ва мулоҳазаларини юборишлари мумкин. Жамоа ҳар доим мулоқотга, ҳамкорликка ва ўзини ривожлантиришга тайёр эканини билдиради.
Бироқ, Ўзбекистонда ўқувчилар сони Марказий Осиё минтақасидаги бошқа қўшни давлатлардан анча кўп эканлигини инобатга олсак, фактчекингга ихтисослашган таҳририятлар сонини бир неча бор кўпайтириш зарур. Шунингдек, бу йўналишдаги халқаро ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш, янги қўшма лойиҳларни ишлаб чиқиш ва жорий этиш зарур.
Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, Ўзбекистонда сўз эркинлиги ва фактчекинг масаласида маҳаллий журналистлар дунё тажрибасини ўрганишда давом этишлари керак. Чунки бу масала яқин йилларда янада долзарб аҳамият касб этади.
Беруний Алимов,
Янги медиа таълим маркази ННТ директори,
филология фанлари доктори.
ЎзА
18.08.2023
https://uza.uz/uz/posts/faktcheking-ozbekiston-zhurnalistlari-bu-borada-nimalarga-erishmoqda_512155