Имижнинг замонавий концепцияларида унинг ахборот-коммуникацион табиати алоҳида қайд этилади. Имиж коммуникация жараёнлари воситасида бирон бир объект ҳақидаги ахборот асосида шаклланади[1].
Ўзбекистоннинг янги медиа имижини шакллантиришда медианинг айнан жалб этиш функциясидан самарали фойдаланиш мукин.
Президент Шавкат Мирзиёев 2017 йил 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида сўзлаган нутқида дунё жамоатчилиги эътиборини Ўзбекистон Республикасининг янги имижи яратилаётганлигига қаратди. «Бугунги кунда Ўзбекистон жадал ривожланмоқда. Биз аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилиб, теран англаган ҳолда, қатъий ислоҳотларни амалга оширмоқдамиз, мамлакатимизнинг янги қиёфасини шакллантириш йўлидан бормоқдамиз»[2].
Кейинги йилларда республикамизда Ўзбекистоннинг жаҳон медиа маконида тутган ўрни, унинг нуфузи ва имижига бағишланган илмий-амалий конференциялар, давра суҳбатлари, семинарлар бўлиб ўтаётгани қувонарли ҳолдир.
2017 йил 7 октябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Сенати томонидан Тошкентдаги «Радиссон» меҳмонхонасининг анжуманлар залида «Ўзбекистон Рсепубликасининг халқаро нуфузини янада мустаҳкамлаш, мамлакат иқтисодий манфаатларини халқаро майдонда илгари суришга қаратилган Ўзбекистон мамлакат брендини шакллантириш» халқаро конференция ташкил этилди. Унда мамлакат имижини ривожлантириш бўйича тегишли таклифлар ишлаб чиқилди.
2018 йил 24 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти, Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети «Умуммутахассислик фанлари» кафедраси ҳамкорлигида «Глобаллашув шароитида Ўзбекистон имижини юксалтириш масалалари: муаммо ва истиқболлар» мавзуида давра суҳбати ташкил этилди. Тадбирда «ХХI аср медиа муҳитида Ўзбекистон имижини шакллантиришнинг назарий-когнитив аспектлари» мавзуида маъруза қилинди.
2019 йил 26 июль куни ташқи ишлар вазирлиги ҳамда стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти томонидан Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида «Ўзбекистон Республикасининг халкаро имижини мустахкамлашнинг долзарб масалалари» мавзуида халқаро давра суҳбати бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистоннинг жаҳон медиа маконидаги имижини ошириш бўйича таклифлар илгари сурилди.
Бу эса ўз ўрнида 2019 йилнинг охирида тегишли идоралар мутахассислари, соҳа экспертлари томонидан Ўзбекистон имижига доир алоҳида давлат дастурининг «Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳаснинг ишлаб чиқилишига асос яратди. Концепция 2019 йил 6 декабрь кунига қадар ўрнатилган тартибда интернет орқали кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилди.
«Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ижобий имижини самарали мустаҳкамлаш ва бу жарённинг барқарорлигини таъминлаш учун қатор чора ва тадбирлар кўрилмоғи лозим», – дейилади «Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори лойиҳасида[3].
Ушбу ҳужжатда қайд этилишича, давлат ва жамоатчилик даражасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини шакиллантириш ва тарғиб қилишнинг яхлит тизимини муҳим аҳамият касб этади. Бу соҳада энг долзарб визифалардан бири мамлакатнинг бетакрор имиж хусусиятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўлиб, булар қаторига бой маданий, тарихий, маънавий ва интеллектуал мерослар, кўп асрлик давлатчилик, жаҳон цивилизацияси ривожига қўшилган эътироф этилган ҳисса, юқори даражадаги миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ижтимоий тотувлик, бой табиий ресурслар, ривожланган транспорт ва коммуникация инфратизилмалари, мафкуравий дунё қарашлардан қатъий назар тенг ҳуқуқли ҳамкорликка тайёрлик киради.
Ўзбекистон Республикасининг ижобий имижини жаҳон миқёсида илгари суриш ва мустаҳкамлашга оид комплекс ва тизимли давлат сиёсатини шакллантириш мақсадида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш сиёсатининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:
хорижий мамлакатларнинг давлат ва нодавлат тузилмалари, халқаро ташкилотлар ва молиявий институтлар томонидан Ўзбекистоннинг изчил ривожланаётган, замонавий демократик ҳуқуқий давлат сифатида яхлит ва ижобий қабул қилинишини кучайтириш;
сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ва маданий соҳаларда давом этаётган кенг кўламли ислоҳотлар ва ўзгаришларни давом эттириш, республиканинг инвесторлар ва ишбилармон шериклар учун жозибадорлигини кучайтириш, жаҳон миқёсида миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини мустаҳкамлаш, Ўзбекистон манфаатларига мос келадиган муҳим иқтисодий лойиҳаларни амалга ошириш учун энг қулай шароитларни шакллантириш;
халқаро майдонда Ўзбекистоннинг жозибали миллий брендини шакллантириш ва мустаҳкамлаш орқали минтақавий ва глобал бозорларда маҳаллий товарлар ва хизматлар экспортини илгари суриш;
Ўзбекистон Республикасининг халқаро ташаббусларини қўллаб-қувватлаш ва унинг жаҳон ҳамжамиятида ижобий қабул қилинишини кенгайтириш орқали миллий суверенитет, барқарорлик ва хавфсизликни кучайтириш.
Қарорда таъкидланишича, Концепция ва Йўл харитасининг сифатли ва ўз вақтида бажарилишини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан амалга оширилади;
Концепция ва Йўл харитасининг бажарилишини молиялаштириш Ўзбекистон Республикасининг давлат бюджети ва қонунчилик билан таъқиқланмаган бюджетдан ташқари манбалар ҳисобидан амалга оширилади;
Концепция ва Йўл харитасида белгиланган тадбирларнинг сифатли ва ўз вақтида бажарилиши ва ҳар чоракда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига уларни амалга ошириш жараёни тўғрисида маълумот тақдим этиш учун жавобгарлик шахсан мутасадди вазирлик ва идораларнинг раҳбарлари зиммасига юкланади.
Ўзбекистонни Осиёнинг етакчи ишбилармонлик, маданий ва туризм марказлари сафига киритиш.
Албатта, ҳудуд ёки мамлакат имижини мустаҳкамлашда медианинг ўрни беқиёс.
2019 йил 31 октябрь куни Rivard Report янгиликлар сайтининг Бош муҳаррири Граҳам Уатсон-Ринго тадқиқотимиз учун берган интервьюсида шундай деди:
– «Сайтимизда маҳаллий аҳоли томонидан тайёрланадиган мақолаларга ҳам кенг ўрин ажратилади. Бу материаллар “Мен яшайдиган жой” (“Where I live”) номли рубрикаси остида берилади. Ўқувчилар бажонидил ўзлари истиқомат қилаётган маҳалласи ҳақида тўлқинланиб ёзишади. Биз матнларни озгина таҳрир қиламиз, холос ва уларни чиройли расмга олиш учун фотографни юборамиз.
Биласизми, бошқа шаҳарда яшайдиган бир АҚШ фуқароси Сан Антониога кўчиб келишига айнан бизнинг шу рубрикамизда бериладиган материаллар сабаб бўлган экан. У берилган мақолалардан илҳомланиб шаҳримизда яшашга қарор қилган экан.
Ваҳоланки, шаҳримиз катта эмас ва бошқа йирик шаҳарларга нисбатан бу ерда олий маълумотли фуқаролар кўпчиликни ташкил этмайди. Шундан келиб чиқиб, Apple га ўхшаган обрўли компаниялар бу ерда завод қурмайди. Қурганлари эса фақат, оддий ишчи кучига эҳтиёжи бор қурилиш ёки юк ташувчи комапниялардир».
Демак, мамлакатнинг ёки бирон бир ҳудудга бўлган қизиқишнинг ошишида оммавий медиа коммуникациялари жуда катта аҳамият касб этади.
Зеро, ҳозирги даврда мамлакатнинг имижини сифат жиҳатдан ўзгартириш, унга ижобий таъсир ўтказиш механизмларини амалга ошириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.
Британиялик эксперт Саймон Анхольт “мамлакатлар брендинги” соҳасида дунёда танилган йирик мутахассислардан ҳисобланади. 2012 йилда унинг АҚШнинг Global Market Insight компанияси билан ҳамкорликда ўтказган тадқиқоти натижаси ўлароқ 25 мамлакат бренди рейтинглари нашр қилинди. Тадқиқотчи ўнта давлат фуқаролари орасида сўровнома ўтказиб, бир неча мезонлар бўйича бошқа давлатларнинг брендига баҳо бериш ғоясини илгари сурган. Унга кўра, «миллий брендни ташкил этишнинг 80% мувофиқлаштириш ишлари (яъни, давлат ташкилотларининг бу борадаги саъй-ҳаракатларини, олиб бораётган ишларини тўплаш, умумлаштириш ва уларнинг яхлит механизмини амалиётга татбиқ этиш – Б.А.) билан боғлиқ, 15% коммуникация ва қолган 5% таъсирланишдан (яъни, бу жараёнда ОАВ ва бошқа оммавий коммуникация воситаларининг роли ҳамда барча иштирокчиларнинг ана шу ишларни сидқидилдан амалга оширишидан – Б.А.) иборатдир»[4]. Шулар қаторида таниқли мутахассис мамлакат имижи билан товар имижи ўртасида катта фарқ борлигини алоҳида таъкидлайди, унинг, «мамлакат – бу Coca-cola маҳсулоти эмас», деган ўзига хос сўз ўйини тагида катта маъно бор. Бундан кўриниб турибдики, мамлакат ва давлат имижи анча мураккаб ва ўзига хос масаладир.
Мамлакат имижини мустаҳкамлаш жараёнида оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда Саймон Анҳольт ибораси билан айтганда бошқарув, экспорт, туризм, маданият ва мерос, инвестиция ва имиграция, одамлар ҳам муҳим роль ўйнайди.
2020 йилнинг 18-24 февраль кунлари тадқиқотимиз доирасида davletovuz янгиликлар Telegram каналида мавжуд 47965 обунчачидан иборат контингент орасида ижтимоий сўровнома ўтказилди. 32200 киши саволлар билан танишди ва улардан 10300 кишидан бевосита тегишли жавоблар олинди. Натижа қуйидагича[5]:
Демак, аҳолининг кўпчилик қисми “мамлакат имижини оширишда одамлар ва бошқарув тизимининг роли катта” деб ҳисоблайди.
Янги Ўзбекистон халқаро майдонда ўз нуфузини юксалтириш йўлидан борар экан, изчил ислоҳотларнинг жорий этилиши баробарида бу йўналишда амалга оширилиши керак бўлган ишлар талайгина эканлиги кўриниб турибди.
[1] Гавра Д.П. Категория имиджа в современной коммуникавистике. http://www.jourssa.ru/sites/all/files/volumes /2013_4/Gavra_2013_4.pdf. Мурожаат қилинган сана: 19.02.2019
[2] http://uza.uz/oz/politics/zbekiston-prezidenti-shavkat-mirziyeev-bmt-bosh-assambleyasi-20-09-2017. Мурожаат қилинган сана: 23.09.2017
[3] https://regulation.gov.uz/ru/document/10375
[4] Клименко 2010
[5] https://t.me/davletovuz/7808
Беруний Алимов, PhD
ЎзЖОКУ “PR ва халқаро
коммуникациялар” кафедраси
катта ўқитувчиси
2020 йил 26 март
“Глобаллашув даврида PR ва халқаро коммуникациялар: анъаналар ва инновацион ёндашув” мавзусидаги республика миқёсидаги (Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 февралдаги 56-Ф-сон фармойиши билан тасдиқланган) илмий-амалий конференцияси материаллар тўплами. Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети Халқаро журналистика ва жамоатчилик билан алоқалар факультети “PR ва халқаро коммуникация” кафедраси.