МИЛЛИЙ АУДИОВИЗУАЛ ТАРМОҚЛАРНИНГ МАМЛАКАТ ИМИЖИНИ РИВОЖЛАНТИРИШДАГИ АҲАМИЯТИ


THE IMPORTANCE OF NATIONAL AUIDIOVISUAL NETWORKS IN PROMOTING THE IMAGE OF THE COUNTRY

РОЛЬ НАЦИОНАЛЬНЫХ АУИДИОВИЗУАЛЬНЫХ СЕТЕЙ В РАЗВИТИИ ИМИДЖА СТРАНЫ

УДК 002,4, 002 (И), 002 (Ўз)

ББК 76.1; 80

А-50

          Аннотация. Бугунги даврда радио ва телевидение жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлаш жараёнида алоҳида аҳамиятга эга. Айни сабабдан мамлакат имижини мустаҳкамлашда аудиовизуал тармоқлардан самарали фойдаланиш масаласини ҳар томонлама ўрганиш зарур. Ушбу мақолада Ўзбекистондаги асосий теле ва радиоканаллар фаолияти билан боғлиқ айрим масалалар таҳлил қилинади.

         Калит сўзлар: имиж, мамлакат, телевидение, радио, сайт, интернет, образ, сунъий йўлдош.

Abstract. In the modern world, radio and television are of particular importance in building public relations. For this reason, it is necessary to carefully study the issue of the effective use of audiovisual networks to strengthen the image of the country. This article analyzes some issues related to the activities of leading television and radio channels in Uzbekistan.

Key words: imаge, country, TV, radio, site, internet, information, satellite.

 

Аннотация. В современном мире радио и телевидение имеют особое значение в построении связей с общественностью. По этой причине необходимо тщательно изучить вопрос об эффективном использовании аудиовизуальных сетей для укрепления имиджа страны. В данной статье анализируются некоторые вопросы, связанные с деятельностью ведущых телерадиоканалов в Узбекистане.

Ключевые слова: имидж, страна, телевидение, радио, сайт, интернет, информация, спутник.

Россиялик олим Д.Ольшанский ўз тадқиқотларида радио ва телевидениенинг жамоатчилик билан алоқаларни мустаҳкамлашдаги ўрнига алоҳида эътибор қаратан. Хусусан, унинг фикрига кўра «радионинг оммавий ахборот воситаси сифатидаги инкор этиб бўлмайдиган энг муҳим жиҳатлари бу – тезкорлик ва эмоционалликдир. Шунингдек, радио ахборотлар техник жиҳатдан чегара ва масофаларни билмайди. Радиони бир пайтнинг ўзида Арктикада ва Антарктидада ҳам эшитиш мумкин» [Ольшанский, 2003, 544].

Тадқиқотчи ушбу жараёнда телевидениенинг ҳам ўзига хос устиворликларига баҳо берар экан, жумладан шундай ёзади: «кўриш ва эшитиш орқали пайдо бўладиган образлар ҳамоҳанглигида воқеа ёки ҳодисалар ривожини кўрсатар экан, телевидение ҳозирги даврда оммавий коммуникациялар тизимидаги  энг таъсирчан восита ҳисобланади».

Кўриниб турибдики, россиялик олим радио ва телевидение орқали аудиториянинг онгига кучлироқ таъсир этиш мумкинлиги, қолаверса улар воситасида ривожлантириладиган мамлакат имижининг когнитив аспектига ишора қилади.

Ҳозирги даврда мамлакатимизда босма оммавий ахборот воситаларига қараганда телерадиоканаллар интернет имкониятларидан бирмунча унумли фойдаланмоқдалар. Соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларининг мавжуд энг сўнгги ютуқлари жорий этилмоқда. Сунъий йўлдош тармоқлари орқали ўз кўрсатув ва эшиттиришларини бутун дунёга тарқатаётган телерадиоканалларимиз бир вақтнинг ўзида интернет саҳифаларини ҳам такомиллаштирмоқда.

2019 йил июнь ойидаги маълумотга кўра, Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг расмий сайтида республика даражасидаги 12 та теле ва 4 та радио канал он-лайн режимида жойлаштирилган. Улардан дунёнинг исталган бурчагида баҳраманд бўлиш мумкин. Хусусан, «O′zbekiston», «Yoshlar»,  «Toshkent», «Mahalla» телерадиоканалларига бевосита уланиш имконияти мавжуд. Булардан ташқари вилоятлар кесимида фаолият олиб бораётган 12 та телеканал ҳақида маълумотлар кўрсатилган [https://mtrk.uz/uz/. Мурожаат қилинган сана: 18.06.2019й.].

Умумий ҳисобда Тошкент шаҳридан жами 16 та радиостанция (давлат ва нодавлат каналлар) ўз эшиттиришларини хорижий медиа майдонга он-лайн тизимида узатмоқда. Улар орасида «O′zbekiston24» «O′zbekiston», «Yoshlar», ва «Mahalla» радиоканаллари билан бирга «O′zbegim taronasi», «Poytaxt», «Radio Maxima», «Mumtoz FM», «Vodiy sadosi», «Avtoradio», «AzonFM» каби ёшлар орасида оммавийлашган тармоқлар интернетда анча фаол иш олиб бормоқда [http://mediabay.uz/radio. Мурожаат қилинган сана: 18.06.2019й.].

Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг рақамли телеканаллари сонини ошириш, улардан тўлиқ форматда фойдаланиш тўғрисида»ги қарорига асосан Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси тасарруфида «Madaniyat va ma’rifat» ва «Dunyo bo’ylab» телеканаллари фаолиятини бошлади. Янги телеканаллар ўз дастурларини илк бор 2012 йил 31 декабрь соат 19:00 дан эфирга узатди [Рўзиев, Жўраева 2013, 176; 19, 21].

Кўринадики, эндиликда ОАВ ва интернетни бир-биридан алоҳида тасаввур қилиш мумкин эмас. Асосийси, глобал тармоқ мамлакатлар ўртасидаги географик чегара тушунчасини бир мунча шаффофлаштирди ва «совуқ уруш» давридан мерос қолган темир пардаларнинг олиб ташланишига йўл очди. Биргина мисол. Ўзбекистон ҳудудида бирорта янги он-лайн радиоканал пайдо бўлди дегунча, шу куннинг ўзида унинг муштарийлари қаторига Москва, Манхэттен, Жидда ёки Токиодаги тингловчилар ҳам қўшилмоқда. Бу – хорижий медиа маконида мамлакатимиз имижини ривожлантириш имконияти янада ортмоқда деганидир.

Ўтган асрнинг охирлари, амалдаги аср бошларида дунё саҳнида миграция жараёнлари мисли кўрилмаган даражада жонланиб кетди. Ўзбекистон аҳолиси бу жараёндан четда қолмади албатта. Шу сабабдан ҳам хорижда тақсил олаётган, меҳнат қилаётган ёки доимий истиқомат қилаётган ватандошларимиз тобора кўпайиб бормоқда. Ишончимиз комилки, турли сабабларга кўра олис-яқин хорижий диёрларда яшаётган ватандошларимиз юртимиз, халқимиз ҳаётига бефарқ эмаслар. Уларда она Ватан билан боғланишга бўлган эҳтиёж катта. Ана шу эҳтиёж интернетдаги теле-радиоканаллар воситасида – виртуал алоқа орқали қондирилмоқда. Ўзга мамлакатларда дунёга келаётган, вояга етаётган ўғил-қизлар эса ота-боболарининг миллий анъаналари, урф-одатлари, тили ва маданиятини айнан телекўрсатувлар орқали ўрганиб бормоқдалар.

Тўғри, телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни он-лайн тарзда узатиш, авваламбор хориждаги маҳаллий аудитория учун мўлжалланади. Лекин чет мамлакатлар, жумладан Россия, Хитой, Туркия тажрибасига эътибор қаратилса, бу масала янада чуқурроқ мазмун касб этади. Мисол учун, Россиянинг асосан давлатга тегишли телеканаллари виртуал кенглик воситасида ўз кўрсатувларини тўғридан-тўғри узатиш орқали мамлакатдан ташқарида яшаётган миллионлаб россиялик муҳожирларнинг ўз ватани билан алоқаларини узмаслигини, миллий маданиятидан узоқлашмаслигини таъминлаб келмоқда. Моҳиятан эса бутун дунё аҳолиси ўртасида Россиянинг ижобий имижини шакллантириш, унинг сиёсий ва иқтисодий қудратини кўрсатиш, рус маданиятини тарғиб қилиш асосий мақсад этиб қўйилган (Russia today каналининг «SophieCo», «RT репортаж», «Экслюзивное интервью» каби кўрсатувлари). ВГТРК [Всероссийская государственная телевизионная и радиовещательная компания] таркибида фаолият олиб бораётган «Россия 24», «РТР Планета», «Культура» каби каналлар фаолиятида ушбу мақсад яққол намоён бўлади.

Хитой марказий телеканали – CCTV да берилаётган кўрсатувлардан дунёнинг айнан қайси нуқталарида мамлакатнинг иқтисодий ва сиёсий манфаатлари кўпроқ эканлигини сезиш қийин эмас. Мисол сифатида «Asia today», «Americas now», «Talk Africa», «Global business» каби кўрсатувларни қайд этиш мумкин. Шунингдек, CCTV жаҳонда энг кўп тарқалган тиллардан кенг фойдаланиш баробарида хорижга узатилаётган дастурларда хитой тили ва маданияти тарғиботи  масаласига алоҳида эътибор қаратади.

Туркиянинг давлатга қарашли «TRT» халқаро каналининг кўпгина дастурлари хорижда яшаётган туркларга мўлжалланган. Унда чет элларда яшаётган ватандошларга ҳам сўз, фикр айтиш имконияти берилади. Муҳими, ватан соғинчида юрган мухожирларни ўз она юртларига нисбатан ҳурмати ва муҳаббатини оширишга эришилади (мисол тариқасида «TRT»нинг «Ғурбатдагилар» номли кўрсатувини алоҳида қайд этиш мумкин). Булар, сўзсиз, мамлакатнинг халқаро медиа макондаги обрўсини  мустаҳкамлашга хизмат қилувчи омиллардан биридир.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев хорижий мамлакатларга амалга ошираётган ташрифлари чоғида вақт тиғизлигига қарамасдан ана шу давлатларда тақсил олаётган ёки меҳнат қилаётган ватандошларимиз билан алоҳида суҳбатлашишга эътибор қаратиб келмоқда. Давлатимиз раҳбари ҳамюртларимизнинг у ерлардаги турмуш шароитлари, ўқиш ва ишлари, орзу-умидлари билан танишар экан, уларни Ватанни унутмасликка, Ўзбекистон равнақига бевосита улуш қўшишга ундайди.

Хусусан:

Нью Йоркда [Мирзиёев АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. https://kun.uz/72274559. 21.09.2017. Мурожаат қилинган сана: 18.06.2019й.];

Берлинда  [Шавкат Мирзиёев Берлинга ташрифини ватандошлар билан учрашишдан бошлади. https://www.gazeta.uz/uz/2019/01/21/berlin/. 21.01.2019. Мурожаат қилинган сана: 18.06.2019й.]

бўлиб ўтган ана шундай учрашувлар кенг жамоатчиликнинг жуда катта қизиқишларига сабаб бўлди ва ижтимоий тармоқларда ижобий баҳоланди.

Ушбу мақолани ёзиш жараёнида «Facebook» тармоғи орқали жами 4250 кишидан иборат аудитория ўртасида ижтимоий сўров ўтказилди. Унда респондентларга қуйидаги савол билан мурожаат қилинди: «Хориждаги ватандошлар учун мўлжалланган ёки улар иштирокидаги кўрсатув, радио эшиттириш борми?».

[https://www.facebook.com/beruni.alim?__tn__=%2CdC-R-R-R&eid=ARAj32LLZns6gDIXLJGa2gEM_SqNVWSTQth9f2HOCDt7JBm5BN9l1dYmux5ew8U63XozYf6H-IRI9b8K&hc_ref=ARQfxlGwKinRTi0z6CDhnute-AjoRTMk6ONqP7egFqoxrzy1KVYQ0UiCLH3IAYWpiRI&fref=nf. Сўровнома ўтказилган сана: 18.06.2019й.]

Респондентлар томонидан берилган айрим жавобларни келтирамиз.

Пўлатдемир Гулбаҳар, Туркияда истиқомат қилувчи ўзбек журналисти: – Йўқ. Аммо бўлса, биз ҳам бундай кўрсатув ва эшиттиришларга ҳисса қўшардик. Радио теле мухбирлик ёки менежерлик бўлса айтинглар.

Азамат Аминов, Россияда истиқомат қилувчи ҳуқуқшунос: – Агар шундай радио бўлса, кўп юртларда яшовчи ўзбек ватандошлар учун яхши бўлар эди. Ҳар хил ёшдаги одамларга мўлжалланган бўлса, фақат маданий эмас, бошқа соҳалар ҳақида эшиттирадиган, ватандошлар ютуқлари, Ўзбекистон янгиликлари бўлса яхши.

Адиба Холматова, «Uzagrosugurta» компанияси Ахборот хизмати раҳбари, собиқ тележурналист: – Хориждаги ўзбеклар учун эмаску, лекин кардош халқлар қозоқ, қирғиз, татар, рус тилларида Ўзбекистон радиоканалида эшиттиришлар эфирга бериб борилади.

Ваҳобиддин Зиё, радиожурналист: – Хорижий мамлакатларга эшиттиришлар бериш бўлими томонидан «Ватандош» эшиттириши берилган. Ёпилган. Сабабини билмайман, узр.

Рўзибой Қўлдошев, тележурналист: – Илгари Республика Радиосида хориждаги ватандошлар учун эшиттиришлар берадиган махсус бошқарма бор эди. Унда бир неча мамлакатлар учун ўзбек тилида доимий эшиттиришлар узатилган. Афсуски, йиллар давомида миллионлаб мухлислар эътиборини қозонган ана шу радиоэшиттришлар йўқотилди. Бир неча тилларни мукаммал биладиган малакали мутахассислар иш жойларини ташлаб кетишди (жами 12та тилда, 2006 йилгача – Б.А.).

Ҳолбуки, «Ватандош» деб аталадиган ана шундай мўътабар минбар айрим жоҳил ва узоқни кўра олмайдиган мансабдорлар томонидан йўқотилди. У ерда хорижий мутахассислар ҳам ишлаган.

Латифхужа Усмонхужаев, блогер, шифокор стоматолог: – МТРКнинг ҳеч бир давлатда махсус мухбири йўқ-ку. Ваҳоланки халқаро журналистикани йилига қанчадан-қанча ёшлар битказиб чиқади. «ВГТРК»га ҳавас қиламан, ҳамма жойда мухбирлари бор. Шундай экан, МТРКнинг хорижий давлатлар тўғрисида дастурлари тўғрисида қандай гап сўз бўлиши мумкин?

Баходир Суяров, «Facebook» фойдаланувчиси: – Битта савол. ЎзМТРКнинг қайси давлатда рвсмий мухбири бор? Йўқ. Яна қанақа кўрсатув бўлиши мумкин. Лоақал кўшниларимизда биронта мухбир йўқ. ЎзТВ раҳбарларини барчасини ишдан ҳайдаш керак.

Гулрух Мўминова, «Зарафшон» ва «Самаркандский вестник» газеталари мухбири: – «Ватан садоси» деган радио бор. Ҳудудий хавфларни аниқлаш билан шуғулланувчи марказ раҳбари айтганди. Меҳнат мухожирларининг талабини инобатга олган ҳолда эшиттиришлар олиб борилади, деганди (http://stopterror.uz/ru/multimedia/radio/ – Б.А.).

Махзуна Камолова, «O’zbekiston24» телеканали мухбири: – «Мен ўзбекман» – «I am Uzbek» номли лойиҳам бор. Ҳамкор ташкилотлар бўлса, буни ривожлантирмоқчиман. Айнан ватандошлар ҳаётини ёритишга мўлжалланган. Доимий кўрсатув бўлади шу лойиҳам (https://www.youtube.com/watch?v=EMVII4Scdtw&feature=youtu.be).

Авазбек Файз, журналист, блогер: – «Yoshlar» телеканалида «Хориждаги тенгдошим» кўрсатуви бор (https://www.youtube.com/watch?v=dzuxOlOSHR8 – Б.А.).

Отабек Муҳаммадий, тележурналист: – 2018 йилда «Yoshlar» телеканалида «Хориждаги тенгдошим» туркум кўрсатуви тайёрланган. Унда Германия, Америка, Корея, Туркия, Малайзия ва бошқа юртдаги ўзбекистонликлар – олимлар, талабалар, бизнесменлар билан онлайн суҳбат бўлган. Уларнинг қизиқишлари, режалари ўрганилган.

Исфандиёр Бургутбоев, тележурналист: – Бир йилдан буён «Dunyо bo’ylab» каналида «Хориждаги юртдошим» кўрсатувини тайёрлаяпман. Кўрсатувим 2 хил тарзда таёрланади. Биринчисида хорижда ишлаётган ёки бакалавр, магистрлик, докторликка ўқиётган юртдошларимиз билан суҳбат шаклида бўлади. Иккинчиси, каналимиз туризм мавзуси билан боғлиқ бўлганлиги учун, уларнинг ўзлари ўша мамлакатлар ҳақида тайёрлаган турли блоглар, видео материаллар асосида тайёрланади.

Абдуазизиз Қурбонов, тележурналист: – «Спорт» телеканалида чет эл жамоаларида ўйнаётган ўзбекистонлик футболчилар ҳақида «Легионер» номли кўрсатув узатилмоқда. Ҳар ҳафта душанба кунлари мунтазам равишда эфирга узатиб келинмоқда.

Шундай қилиб, юқорида ўтказилган ижтимоий сўров натижасига таянган ҳолда айтиш мумкинки, хорижий мамлакатлардаги ватандошлар учун мўлжалланган ёки улар иштирокидаги кўрсатув ва радио эшиттиришлар шаклланиш босқичида турибди. Айни сабабдан ҳозирча уларнинг умумий қамрови етарли даражада эмас.

Бироқ, амин бўлдикки, чет элдаги ўзбек тилида сўзлашувчи аудиторияда юқоридаги сингари кўрсатув ва эшиттиришлардан баҳраманд бўлишга ҳамда айни пайтда маҳаллий журналистларимизда бу каби дастурларни тайёрлашга нисбатан қизиқиш катта.

Демак, мазкур йўналишдаги ишларни имкон қадар жонлантириш зарур.

Назарий жиҳатдан ТВнинг асосий функциялари қаторига ахборий, маданий-маърифий, интегратив, рекреатив  ва ижтимоий-педагогик вазифалар ҳам киритилади. Шу билан бирга телевидениенинг бошқарув функцияси ҳам алоҳида аҳамиятга моликдир.

Аниқроқ айтганда, аксарият ҳолатларда телевидение тўғридан-тўғри давлат сиёсатининг тарғиботчисига айлантирилган. Тараққий этган, ҳатто ўзини идеал кўринишдаги демократик жамият эгаси деб билувчи давлатларда, чунончи Буюк Британияда ҳам бундай ҳолатлар ошкора тан олинади. Мисол учун жаҳонга машҳур «Би-Би-Си» телерадиокорпорациясининг шиорларидан бири – «Хабардор қилиш, ўргатиш, кўнгил очиш» (inform, teach and entertain).  Лекин шуни ҳам эсда тутиш керакки, телеканал ҳукуматга яқинми ёки кенг омма кайфиятига мансубми, қатъий назар, у ҳар икки ҳолатда ҳам мамлакат медиа имижини яратишда ўзига хос аҳамият касб этади.

Мамлакат имижини ривожлантиришда аудиовизуал журналистика ўрнининг орта бориши билан боғлиқ масала таҳлили асосида қуйидаги таклифлар илгари сурилади:

– веб-саҳифа орқали хоҳлаган ОАВ ўз ихлосмандларининг талаб-истакларини бевосита ўрганиши ва уларга амал қилган ҳолда аудиториясига янада яқинлашиши мумкин. Чунки бу тизим мультимедиавий хусусияти билан анъанавий ОАВнинг барча хусусиятларини ўзида мужассамлаштиришга, яъни, бир неча усуллар орқали истеъмолчиларга маълумот узатишга қодирдир. Шундай экан, интернет орқали маҳаллий радиоэшиттиришлар ва телекўрсатувларни ҳам тўғридан-тўғри узатиш ишларини жонлантириш зарур;

– телекўрсатув ва радиоэшиттиришларни он-лайн тарзда узатиш, авваламбор хориждаги аудитория учун мўлжалланади. Мамлакатдан ташқарида яшаётган ватандошларнинг она ватани билан алоқаларни узмаслиги, миллий маданиятимиздан узоқлашмаслигини таъминлашга ёрдам беради, шу орқали халқаро миқёсларда Ватанимиз имижини шакллантиришга ҳисса қўшади.

Адабиётлар рўйхати:

  1. Ольшанский Д. Политический PR. – СПб.: Питер, 2003. –544 с.
  2. Дўстмуҳаммад Х. Ахборот – мўжиза, жозиба, фалсафа. –Т.: “Янги аср авлоди”, 2013. – 320 б.
  3. Рўзиев Ф., Х.Жўраева. Тележурналистга тавсиялар. – Т.:, Sharq, 2013. – 176 б.
  4. Мирзиёев АҚШда истиқомат қилаётган ўзбекистонликлар билан учрашди. https://kun.uz/72274559. 21.09.2017. Мурожаат қилинган сана: 18.06.2019й.
  5. Шавкат Мирзиёев Берлинга ташрифини ватандошлар билан учрашишдан бошлади. https://www.gazeta.uz/uz/2019/01/21/berlin/. 21.01.2019. Мурожаат қилинган сана: 18.06.2019й.
  6. Худойқулов М. Журналистика ва публицистика. –Т.: “Тафаккур”, 2011. 281 б.
  7. Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони. 2017 йил 7 февраль // «Халқ сўзи» . 2017 йил 8 февраль.
  8. Парсонс Т. О структуре социального действия. – М., Академический проект, 2000. – 880 с.;
  9. Тлепбергенова А. Страновой имидж: учебное пособие для студентов бакалавриата университетов, обучающихся по специальности «Журналистика», «Связь с общественностью». – Алматы: Қазақ университетi, 2011. – С. 78.
  10. Василенко И.А. Геополитика современного мира. – М., 2006. – 317 с.
  11. Утлик Э.П. Практическая психология имиджа. // Вестник университета. Сер. Социология и психология управления. – М.. ГУУ, 1999. – С.47.
  12. Киселев И.Ю. Проблема образа государства в международных отношениях в рамках конструктивистской парадигмы // www.elitarium.ru. 2007. Апрель. – C. 8.
  13. Исмаилова К. Современные проявления направленности материалов зарубежную аудиторию в сфере международного радиовещания. Глобаллашув шароитида ахборот хавфсизлиги масалалари. Республика илмий-амалий конференция материаллари тўплами. – Т., 2016. – Б.21.
  14. Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясининг расмий сайти. – URL.: https://mtrk.uz/uz/
  15. “Mediabay Asia” МЧЖ сайти. – URL.: http://mediabay.uz/
  16. Ўзбекистон миллий ахборот агентлигининг сайти. – URL.: http://www.uza.uz/oz/
  17. Фейсбук ижтимоий тармоғи. – URL.: https://www.facebook.com

 

Беруний Алимов, PhD

ЎзДЖТУ доценти

FarDU. Ilmiy xabarlari, – Фарғона:,

  1. № 4 – Б. 171-175 бетлар (10.00.00; № 20).