Ижтимоий тармоқлар сабаб психологларнинг мижозлари кўпаймоқда

Бир кун келиб ижтимоий тармоқларнинг ҳам ўз ҳуқуқшунослари, ўз шифокорлари, ўз психологлари пайдо бўлишини ким хаёлига келтирибди дейсиз. Тўғри, янги мутахассисларга талаб бор экан, демак таклифнинг пайдо бўлиш ҳам табиий жараён-да.
Финляндиялик ижтимоий руҳшунос Суви Уски ўзининг қабулига ёзилаётган “беморлар”нинг сони кун сайин кўпайиб бораётганидан хурсанд. Энг қизиғи, Уски хоним очган компанияга мурожаат қилувчилар орасида 7 ёшдан 70 ёшгача бўлган одамлар учрайди. Компания ҳозирча маҳаллий аҳолига бепул ҳизмат кўрсатмоқда. Чунки компанияни турли жамғармалар ва хусусий инвесторлар молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватлашмоқда.
Маълумот ўрнида: бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб ярми, яъни 3 млрд. киши турли ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда.
Шулардан энг катта қисми – 2 млрд. одам “Фейсбук”да ўтирибди. https://napoleoncat.com сайти берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда “Фейсбук” тармоғидан фойдаланувчилар 1 миллионга яқинлашиб қолган. Улар ўрача 25-34 ёшда бўлиб, 65,5 фоизини эркаклар, 34,5 фоизини хотин-қизларимиз ташкил этар экан.
Ижтимоий психологларнинг қайд этишларича улар олган назарий билимларни амалиётда ҳар доим ҳам қўллаб бўлмайди. Бироқ яқинда фан доктори даражасига эришган Суви Ускида бундай муаммо йўқ. Унинг офисидаги телефон линиялари ҳеч қачон бўш турмайди. Ҳар куни саноқсиз мижозлар турли муаммоларни ечиб беришда ундан ёрдам сўрашади.
– “Икки йил олдин ҳам бу даражада кўп одам менга мурожаат қила бошлайди деб ўйламасдим”, -дейди Уски хоним. “Мен, нима бўлганда ҳам, дунёнинг тўғри йўлдан кетишини ва ривожланишини истайман”.
Доктор Суви Уски “Сометурва”, фин тилидан таржима қилинганда “ижтимоий тармоқларда хавфсизлик”номли стартапнинг бош директори бўлиб ишлайди.
Олима асосан мижозларга юридик хизматлар кўрсатишни хуш кўради. Шунингдек, Хельсинки университетида социал психологияни ўрганаётган талабаларга дарс беради. Бундан ташқари Финляндиядаги вазирликлар ва давлат идораларидан Интернет муҳитидаги фаолиятнинг ўзига хос жиҳатлари ҳақидаги маслаҳатларини аямайди.
Экспертнинг айтишича, у ҳар қандай ҳолатда ҳам инсон қадр-қимматини, унинг руҳий ҳолатини биринчи ўринга қўяди. Мижозларнинг баъзилари Интернет орқали нотаниш кимсалар томонидан таъқиб қилинаётганларидан шикоят қилишса, айримлари эса смартфонга тобе бўлиб қолишдан қутқаришни илтимос қилишади.
 
Ижтимоий тармоқ ўзи нима беради?
Ўзбекистонга ҳам Финляндия сингари ижтимоий тармоқлар нисбатан кеч кириб келди. Кўпчилик яхши эсласа керак, 2001-2005 йилларда дастлаб хорижий манбалардан ашулаларни бепул кўчириб олиш имконияти пайдо бўлганда ўзимизда йўқ хурсанд бўлгандик. Ундан кейин текин киноларга ўта бошладик. Бироз ўтиб, бир-биридан қизиқ кибер ўйинлар. Хуллас, ҳеч кимга билдирмасдан, пинҳона ишхонамиздаги ва уйдаги компьютерларимиз хотирасини ана шундай “топилма бойликлар” билан бир пасда тўлдириб ташладик.
Энг қизиғи, эшитмасак-да, кўрмасак-да, атрофдагиларга дидимизнинг “баланд”лигини кўз-кўз қилиш учун Интернетда энг кўп шов-шувга сабаб бўлган мусиқани ёки кинони қандай қилиб бўлса-да кўчириб олишимиз ва бу билан бошқаларга мақтанишга одатландик.
Орадан кўп вақт ўтмади. Ижтимоий тармоқлар оммалаша борди. Натижада профессионал журналистлардан ташқари жамиятда “ахборот” тарқатувчилар сони кескин кўпайиб кетди. Бу ўринда яқинда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган отахон журналист Эркин Маликнинг ЎзА мухбирига берган интервьюсида алоҳида билдирган фикрлари эсимизга тушди: “Бугун ахборот кўп, уни оммага тақдим этувчилар ҳам. Оддий уй бекаси ҳам уйидан туриб таомлар ҳақида мақола ёзиб ўзининг профилига қўймоқда. Оддий блогер ҳам ўзини журналист санаб ахборот тарқатмоқда”.
Бир сўз билан айтганда янги ахборот муҳити мавжуд ижтимоий психологияни тубдан ўзгартириб юборди. Шу сабабдан финляндиялик тадқиқотчи ўз диссертацияси учун “одамларнинг тармоқлардаги ўзини ўзи мақташи” феноменини мавзу қилиб олди. Уски хоним Last.fm сайтида олиб борган аноним сўровномасида оддий кишилар ўзларига ҳаддан ташқари бино қўйишларини тан олганлар. Ҳатто улар ўз саҳифаларида кўз-кўз қилган бестселлер китобларни аслида охиригача ўқимаганликларини, хит ашулаларни тингламаганликларини ҳамда киноларни кўрмаганликларини айтганлар.
Чунки кейинги пайтларда уларнинг асосий мақсади – ижтимоий тармоқ ёрдамида ўзларининг “ақлли”, “олий тоифадаги профессионал” “замонавий дидга эга бўлган шахс” ва “кўп нарсага улгураётган”қилиб кўрсатишдан иборат бўлиб қолган. Энг қизиғи, реал ҳаётда биронта хатоликка йўл қўйган одам ҳам ўз имижини сунъий равишда тезда тиклаб олиш учун ижтимоий тармоқни ишга солган.
Доктор Ускининг таъкидлашича, бундай хатти-ҳаракатлар ўзликни англашнинг янги йўналиши ҳисобланади. Шу сабабдан яқин келажакда бу каби осон “обрў орттириш қуроли”дан одамлар осонликча воз кечмайдилар.
Хорижлик олима бу ҳолатни тўхтовсиз томошага қиёслайди. Унинг ибораси билан айтганда “тўю-тантана 24/7” режимида узлуксиз давом этади. Чунки сизни одамлар доимо кузатиб туришади: нима иш қиляпмиз, уст-бошингиз қандай, қаерда овқатланасиз, қачон дам оласиз ва ҳоказо. Натижада максимал даражада “тўғри одам” қиёфасини эгаллашга уринамиз.
Бу тўй олдинги одатийларидан фарқ қилади, дея мушоҳада юритади доктор Уски. У мана кўпчиликнинг ҳаётидан 10-15 йилдан бери “жонли эфир”да давом этмоқда.
Шу маънода фақат ёшлардан хафа бўлишнинг кераги йўқ. Улар асосан мессенжерлар, турли иловаларда кўпроқ вақт ўтказишади. 30 ва ундан катта ёшдагилар “Фейсбук”дан бош кўтаролмай қолишди. Улар собиқ ёки келажакдаги иш берувчилари, ҳамкасблари, маҳалладаги қўшнилари, ҳатто мактабдаги собиқ “муҳаббатлари” билан мулоқот қилишни хуш кўришади.
Юқори технологиялар замони
Бу давр одамига эътибор берайлик – ярми робот, ярми эса капиталистик жонзотга ўхшайди, – дейди доктор Уски. Нима учун одамлар ўзларини бундай тутаяптилар? Янги феноменни яна қандай тушунмоқ керак? Балки бунинг ҳам яхши томонларини тезроқ илғаб олишимиз, уни кишилик жамиятини ривожлантиришга йўналтириш керакдир. Масалан, иқтисодиётни кўтариш учун рақамли хизматларга кўпроқ урғу бериш пайти келмадимикан?!
Инсон боласини илмий асарларда кўпинча ақлли жонзот сифатида таърифлашади. Чунки у мустақил равишда оқилона қарор қабул қилиш имкониятига эга. Аммо ижтимоий тармоқлар одам боласини индивидуал фикрлашга эмас, балки жамоавий фикрлашга ўргатиб қўймоқда. “Кўпчилик нима деса, шу. Менга нима?” дейдиганлар кўпайиб кетди.
Агар чумолидан фил ясаб, арзимаган нарсани бир киши ёмонласа, орқадаги оломон ҳам унга дарров эргашади-қўяди. Аксинча, биронта яхши нарсани кимдир ўйламай ёмонласа, урди худо. Ҳамма ўша томонга оғиб кетади.
Энг қизиғи, ижтимоий тармоқда фаолият олиб бораётган қайси гуруҳда одамлар сони қанчалик кўп бўлса, у шунчалик “ақллироқ” гуруҳ мақомини олади.
Бу маънода “Фейсбук”нинг Ўзбекистон сегменти ҳам орқада қолаётгани йўқ. “Fashion-терапия”, “troll.uz”, “Потребитель.uz”,“ya-mama”,“водители Ташкента (drivers.uz)”,“uzbek mdk”,“торгуемтут uzb (meng group)” шулар жумласидандир.
Кўп йўл қўйиладиган хатоликлар
Айрим одамлар ёши катта бўлишига қарамасдан Интернетдаги турли форумларга тушуниб-тушунмай ўзини уради. Ҳамма фикр билдираётган шов-шувли бир масалани моҳиятини англамаса-да, шунчалик чеклаб ўтиб кетолмайди. Ҳеч бўлмаганда ўзининг “қимматли” фикрини ёзиб қолдиради.
Баъзилар текширилмаган ёлғон-яшиқ нарсаларни, яъни фейк хабарларни ўзи ўқимасдан туриб, “поделиться” қилади. Ахир нима бўлганда ҳам фаолроқ бўлиш керак-да (фейк хабарлар тўғрисида тайёрланган “Ростга ўхшаган ёлғон” сарлавҳали мақоламиз “Ҳуррият”нинг 2018 йил 10 октябрь кунги сонида чоп этилган эди).
Иш пайтидаги ҳолатингизни илова ёрдамида аниме қаҳрамони кўринишида расмга олиб тарқатиш, қанчалик ичак узгудек кулгили бўлмасин, сиз ишлаётган компания обрўсига обрў қўшолмайди.
Ахборотни қабул қилиш маданияти ўзгарди. Афсуски, яхши томонга эмас. Чуқур таҳлилий материаллари етишмайди деймизу, уни ўқийдиган одамнинг ўзи қолмаётганини баъзан эсдан чиқарамиз. Айнан шу ижтимоий тармоқлар кўпчиликни юзаки, олди-қочди ахборотга ўргатиб қўйди.
Натижада тадқиқотчилар таъбири билан айтганда рационал фикрлаш ўрнини “клипли фикрлаш” эгаллаб олди.Энг ачинарлиси,ижтимоий тармоқда ўтказилган вақт “клипли фикрлаш”нинг ривожланишига туртки бўлади. Бунда одам диққатини бирон нарсада икки дақиқадан ортиқ ушлаб туролмайди, натижада унинг илм олиш қобилияти пасаяди, таҳлилий фикр юритиши йўқолади.
Ижтимоий тармоқда энг кўп “коммент” қолдирилган хабарни ўқиймиз холос. “Қайноқ” воқеа-ҳодисалар тафсилотларига “банги” бўлиб боряпмиз. Тарқатилган материалнинг журналистик нуқтаи назардан сифати, рост-ёлғонлиги бизни кўп ҳам қизиқтирмай қўйди.
Бу маънода мисол қидириб, Хелсинкига бориш шарт эмас.Ушбу мақола муаллифининг хориждаги нуфузли илмий журналда эълон қилинган мақоласи ижтимоий тармоқдаги дўстлар билан улашилганда зўрға 30 та “лайк” олиши мумкину, унинг оддий тош ҳайкал олдида тушган расми 400га яқин лайк тўплашини қандай изоҳлаш мумкин? Жавоб ўзингиздан.
Доктор Ускининг фикрича, албатта, одамлар ўз ҳаракатларини ўзлари белгилайдилар. Уларга нима қизиқ бўлса, шуни ўқийдилар.
Айрим фойдаланувчилар ўзлари ҳақида озгина-созгина шахсий маълумот бериш билан чекланмайдилар. Гўёки, “бироз маълумот бердим-ку. Демак, яна у-бу қўшимча маълумотларни берсам ҳам ҳеч нарса бўлмайди” деб ўйлашади. Ваҳоланки, керагидан ортиқча шахсий маълумотлардан бошқалар ноўрин фойдаланишлари мумкинлигини эсда тутишимиз керак. Интернетнинг нариги томонидаги одам душманлик қилмаган ёки сизга қарши “кибер уруш” очмаган тақдирда ҳам, сизни потенциал харидор деб ўйлаб мақсадли равишда, ёпишқоқ рекламалар билан асосий ишларингиздан чалғитиши мумкин.
“Агар бундан 100 йил олдин фуқаролар урушлари даврида одамлар ҳақида шунча маълумотлар очиқ бўлганида эди, ушбу урушлардан ҳеч ким омон чиқа олмаган бўларди”, -дея киноя қилади, Уски хоним.
Ўтган йил “Фейсбук”нинг 10 миллионлаб фойдаланувчилари тўғрисидаги шахсий маълумотлар сизиб чиқиб, “Cambridge Analytica” компаниясининг қўлига тушгани аниқланган эди. Айтилишича, ушбу компания бу маълумотлардан турли сиёсий рекламаларни мақсадли йўналтиришда фойдаланган. Масалан, 2016 йил АҚШда бўлиб ўтган президент сайловларида ҳамда 2017 йилда Британияда “Брексит” бўйича ўтказилган овоз бериш жараёнида фойдаланилган экан.
“Фейсбук”асосий тармоқдан ташқари Инстаграм и Вотсапмессенжерига ҳам эгалик қилади. Бироқ, “Фейсбук” барча техник имкониятларини назорат қилолмади. Афтидан ушбу тармоқ ўз қўлида бунчалик катта ваколат бўлишини олдиндан тасаввур ҳам қилолмаган бўлса керак, – дейди финляндиялик эксперт.
Айнан шу сабабли ижтимоий тармоқ фойдаланувчиларини ҳам ҳуқуқий, ҳам психологик жиҳатдан ҳимояга олиш зарур.
Албатта тармоқларнинг юқорида санаб ўтилган салбий томонлари улардан умуман воз кечган маъқул, деган хулосага олиб келмаслиги керак. Умуман бугунги ҳар қандай замонавий ахборот коммуникация технологияларини чеклаш мантиқсиз иш ҳисобланади. Фақат улардан самарали фойдаланишни билишимиз керак холос..
Беруний Алимов,
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори.
ЎзА
http://www.uza.uz/oz/society/izhtimoiy-tarmo-lar-sabab-psikhologlarning-mizhozlari-k-paym-27-01-2019