ҲУР ЗАМОНАГА “ҲУРРИЯТ” КЕРАКМАСМИ?

ЎзАда халқимизнинг севимли нашри ҳақида устозлар ва ҳамкасбларнинг чиқишларини ўқиб жим туришнинг иложи бўлмади.

(Моя статья о том, какие трудности переживают единственная независимая газета в Узбекистане / My article about what difficulties the only independent newspaper in Uzbekistan is experiencing )

Ҳақиқатан ҳам кўп гапирилди, кўп ёзилди. Бироқ матбуотнинг келажагини узил-кесил ҳал қилмасликнинг иложи қолмади ҳисоб. У энди ё яшаб қолади, ёки жомбойлик дўстимиз ёзганидек, динозаврлар каби қирилиб кетади.

Тан олиш керак, ҳақиқатан ҳам газеталарнинг аксарияти жар ёқасига келиб қолган. Уларни қутқариб қолиш ёки қолмаслик масаласи ҳар қачонгидан ҳам кўндаланг бўлиб қолмоқда.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, дунёда ҳар қандай босма нашр, у қанчалик эркин ва мустақил бўлишга уринмасин, албатта, бизнес доиралар ёки сиёсий кучлар, қолаверса ҳукумат билан бевосита ҳамкорликда фаолият олиб боради.

Албатта соф назарий жиҳатдан оммавий медианинг табиати буни инкор этади. Чунки ОАВ учун ҳар томонлама мустақил бўлиш унинг кучи-қудратини белгилайди.

Бироқ амалиётдаги шароитлар ҳар доим ҳам биз истагандек осон кечмайди. Иқтисодий жиҳатдан эмин-эркин фаолият юритиш концептуал ёндашув ҳамда кўп томонлама баҳамжиҳатликни талаб этади.

Шу сабабдан ҳозирги даврда газеталар турли стратегияларни ишга солмоқда. Мисол учун, нашрларни бепул тарқатиш орқали аудиторияни ушлаб қолишга ҳаракат қилмоқда.

Таҳририятларнинг айримлари реклама берувчиларга таянса, баъзилари ҳукумат ташкилотлари билан ҳамкорликни афзал билмоқда.

                                                                                АҚШ тажрибаси

New York Times Co. компанияси Бостондаги бепул газеталардан бирига 16,5 миллион доллар сармоя киритгани бежиз эмас. Чунки амалиётда бепул газета чоп этиш янгича бизнес стратегия эканлигини мамлакатдаги айрим ноширлар сўнги йилларда исботлашга улгурди.

Photo by Justin Lane

Шундан сўнг “The Washington Post”, “Chicago Tribune”, “Chicago Sun-Times” ва “The Dallas Morning News” ҳам бундай ғоядан четда қолиб кетмади. Улар газеталарни текин тарқатиш йўли билан рақобатчиларни енгиш ва ёшларни газета ўқишга қайтаришга уринмоқда. Қолаверса, ёшлар аудиториясини жамлаш орқасидан янги реклама берувчи ҳамкорларни топиш ниҳоятда муҳим вазифа ҳисобланади.

Тўғри, анъанавий ОАВ аудиторияси ёш жиҳатдан қариб бормоқда. Шу сабабдан ҳам бепул газеталарнинг кўпайтирилишига самарали ва керакли стратегия деб қаралмоқда.

Ёшларнинг газета ўқимай қўйганликлари дастидан кўрилган зарар бўйича айрим статистик маълумотларга эътибор берайлик. АҚШ газетачиларининг “Newspaper Association of America” (NAA) ассоциацияси ўтказган ижтимоий сўровлар натижасига кўра, ҳозирги пайтда ёшларнинг бор-йўғи 17 фоиз газета обуначилари экан. Шу сабабдан 2000 йилда рекорд даражага чиққан, яъни умумий йиллик ҳисобла 48 миллиард доллардан иборат бўлган газета рекламалари миқдори 2004 йилга келиб 46 миллиардга тушиб қолган ва ундан кейинги йиллар давомида эса кескин камайиб кетган. Албатта аҳолининг ёш ва фаол қатлами газета ўқимас экан унда бериладиган рекламаларнинг кутиш мантиққа тўғри келмайди.

Ана шундай вазиятда бепул газеталар тарқатиш орқали қандай наф кўриш мумкин? Бу саволга аниқ жавоб ҳозирча йўқ. Бироқ Belo Corp. компаниясининг Далласда чоп этиладиган ва текинга тарқатиладиган “Quick” газетасига 200 дан ортиқ янги реклама берувчилар ҳамкорлик қилишни таклиф этган ва натижада 10 миллион доллар даромад олинган. Америкалик газета иқтисодчиси Майлз Гроув (Miles Grove) эътирофича, бепул газета учун бу кўрсаткич ёмон эмас.

Мамлакатда кейинги 20 йил ичида 18-24 ёшли газета ўқувчилари сони 55 фоизга камайган. Ноширларнинг умид қилишларича, бепул газета тарқатиш орқали ёшларни газета ўқишга қизиқтириш ва энг асосийси, уларни келажакда потенциал обуначига айлантириш мумкин.

Айни пайтнинг ўзида ҳам даромадни ошириш мумкин. Чунки “X ва Y” авлоди газета ўқий бошласа, ўз-ўзидан реклама берувчи фирмалар ҳам кўпая боради. Натижада яхшигина фойда қўлга киритилади.

Аммо экспертлар фикрича, газеталарни бепул тарқатишнинг салбий оқибати ҳам бор. Мисол учун, ўқувчи янгиликларни текинга олишга кўникиб қолса, пайти келиб унга пул тўлашни истамаслиги мумкин.

Яна битта салбий томони: одатда бепул газеталар тили пуллик газеталарга нисбатан анча содда ва жўн бўлади. Бундай ҳолатнинг кўп давом этиши нафақат контентнинг, балки журналистиканинг ҳам сифатига жиддий зарар келтириши эҳтимолдан ҳоли эмас.

                                                                                   

                                                                               Россиядаги ҳолат

Россияда биринчи бепул газета –инглиз тилидаги Moscow Times 1992 йилдан бошлаб чоп этила бошлаган.

2007 йилга келиб мамлакатдаги текин газеталар бозори анча ривожланди. Чунки улар бир томондан ўқувчилар орасида оммалашди, иккинчи томондан эса реклама берувчиларнинг эътиборини тортди.

“Metro International” компанияси Санкт-Петербургда 250 минг тиражлик “Metro Beauty” – бепул аёллар журналини таъсис этди. Солиштириш учун: мамлакатдаги етакчи пуллик аёллар журнали “Cosmopolitan” бор-йўғи 96 минг тиражга эга холос.

Экспертларнинг фикрича, айнан аёллар журналлари учун реклама бериладиган компанияларнинг кўплиги ушбу нашрларнинг ривожланишига асос бўлмоқда.

Москвада кейинги йилларда бепул газеталар ўз позицияларини мустаҳкамлаб олди. Масалан, 2006 йилнинг сентябрь ойидан бошлаб чоп этилаётган ушбу йўналишдаги энг йирик “Мой район” газетасининг ҳозирги тиражи 1 миллион 400 мингга етди. У асосан мамлакат пойтахти туманларида ва Санкт-Петербург шаҳрида тарқатилади.

Яна бир оммабоп бепул газета “Метро” анъанавий “Московский комсомолец” ва “Комсомольская правда” билан беллашмоқда. Ушбу газета Москва метрополитенининг 108 та бекати, “Седьмой Континент”, “Перекресток” ва “Рамстор” каби йирик супермаркетларда тарқатилади.

Ижобий ўзгаришларга сабаб бўлган яна бошқа жиҳатлар ҳам бор. “Метро” газетаси контент ва дизайнни мунтазам равишда модернизация қилиб боради. Шунингдек, тарқатиш ҳудудларини кенгайтириш баробарида реклама бўйича ностандарт таклифлар билан чиқмоқда. Шу боис у билан ҳамкорлик қилиш истагидаги компаниялар сони камаймаяпти.

Юқоридаги бепул газета қаторига “Собеседник. Московский почтовый выпуск”, “Родительский дом” ва “Вместе” каби нашрлар ҳам қўшилди.

Айтмоқчи “Родительский дом” газетасини ташкил этиш ғояси Москва шаҳрининг мерига тегишли бўлиб, у 110 минг тиражда босиб чиқарилмоқда.

Болалар учун мўлжалланган “Вместе” газетаси эса Халқаро болалар кунига бағишлаб чиқарила бошланган. Адади10 мингдан зиёд.

Ҳар иккала газета “Московский комсомолец” нашриёт уйи томонидан Москва шаҳар жамоатчилик билан алоқалар қўмитаси билан ҳамкорликда чоп этилмоқда.

Умуман олганда Москва префектуралари ва туманлари (управа) томонидан 130 хилдаги босма нашрлар бир марталик 4 миллион тиражда босмадан чиқарилади.

Бепул газеталар Россиянинг чекка ҳудудларида ҳам фаолият олиб бормоқда. Федерал бошқарув органлари айнан шу каби газеталар орқали ўз ғояларини тарғиб қилади. Шунингдек, уларга сиёсий-ижтимоий ахборот манбаи сифатида қарайди.
                                                     

                                                          Матбуот даромад манбаи бўла оладими?

Аксарият назариячи олимлар босма нашрларга даромад келтирувчи бизнес субъект сифатида баҳо берсалар-да, яхши маркетинг ва менежментсиз, бу соҳанинг ўзидан бевосита мўмай даромад топиш, бойиб кетиш мушкул. Ишнинг кўзини билмаган одам учун ҳар қандай босма нашр кони зарар туюлиши мумкин. Айниқса, 3 минг тиражга ета олмайдиган ҳудудий газеталаримиз фойда ҳақида ўйламаса ҳам бўлаверади.

Ҳар қандай кичик ёки йирик таҳририятнинг эркин бозор шароитида оёқда мустаҳкам туриши учун унга зарур имтиёзлар, иқтисодий преференциялар берилиши керак. Акс ҳолда одатдагидек қоғоз нархи, босмахона харажатлари, қолаверса, оддий ижара ёки коммунал тўловлари соҳадаги бошлиқларнинг “белини оғритиб қўяди”.

Газетанинг тиражи қанча кўпайса, нафақат таҳририят ходимларининг молиявий аҳволи яхшиланади, балки нашрларни тарқатувчи почта ва бошқа курьерлик хизматларида ҳам қўшимча иш жойлари пайдо бўлишига замин яратади.

                                                             

                                                                Асримиз ичидан емирилмасин

Яна бир масала. Бугунги ахборот глобаллашуви даврида медиа макондаги ғоявий бўҳронлардан ўқувчиларни асраш, уларни тармоқлардаги фейк янгиликлардан ҳимоялашда анъанавий ОАВ, хусусан газеталарнинг ўрни ҳар қачонгидан муҳимроқдир. Тўғри, бундан 10-15 йил олдин “биз ривожланган ахборот асрида яшаяпмиз” деб қувонган эдик.

Бироқ медиа макондаги ахборот босими шу қадар кучайиб кетдики, оддий ўқувчи, айниқса, медиа саводхонлиги бўлмаган инсон, оқни қорадан ажрата олмай, ана шу ахборот гирдобига ғарқ бўлиб кетиши ҳеч гап эмас.

Шу маънода таниқли ўзбек олими ва ёзувчи, филология фанлари доктори Хуршид Дўстмуҳаммад айтганидек, “инсоният тарихида тош асри, бронза асри, темир аср ва яна бошқа асрлар кўплаб бўлган. Энг ачинарлиси, улар ўз-ўзини бирин-кетин, ич-ичидан кемириб тамом қилган. Шу сабабдан ҳозирги асрда ахборотни бошқарувини, унинг жиловини ўз қўлимизга олмас эканмиз, у эртага бизни бошқаради, ўзига қул қилиб қўяди. Бунга эса асло йўл қўйиб бўлмайди”.

 

                                                                  Газеталар қандай қўллаб-қувватланади?

Британияда газеталар умумий қўшилган қиймат солиғи ставкаси 20 фоиздан ошмаса давлат солиғини тўламайди. Канадада газеталарни ўқувчиларга етказиб беришдаги харажатлар давлат бюджети ҳисобидан компенсация қилинади. Хитойда эса газеталарнинг учдан икки қисми доимий равишда ҳукуматдан субсидиялар олади.

Россияда ҳукумат олиб бораётган сиёсатга қарши бўлмаган барча нашрлар давлат кўмагига таянади. Айниқса, ҳудудларда яшайдиган аҳолининг 65 фоизи газета ўқишга қизиқишини эътиборга олиб, ҳатто улар учун кенг молиявий-иқтисодий преференциялар бериб келинади.

Масалан, Калуга вилоятида чоп этиладиган жами 27 та туман газеталарининг барчасига имкон қадар ёрдам кўрсатилмоқда. Иқтисодий кўмакдан ташқари, юқори малакали кадрлар, зарур техника анжомлари, бинолар билан таъминлаш ишига муниципалитет администрациялари алоҳида эътибор қаратишади. Бу ишга давлат бюджетидан ташқари маҳаллий ҳомийлар ҳам кенг жалб этилади.

Москвада шаҳар мерияси ҳисобидан “Роспечать” учун 100 дан ортиқ замонавий газета киоскалари бепул қуриб берилган.
                                                                                                   

                                                                               Тараққиёт кўзгуси

Жуда яхши эслайман, Ҳиндистон оммавий коммуникациялар институтининг профессори К.Шривастава Тошкентда бўлиб ўтган халқаро анжуман чоғида шундай деган эди:

– “Дунёдаги исталган давлатда бизнеснинг қай даражада тараққий этганлигини у ердаги ОАВнинг ривожланиши билан ўлчаса бўлади. Матбуот – ривожланиш ойнасидир. Бошқача айтганда газета – бу жамият тараққиётининг индекси ҳисобланади.

Бироқ ҳар қандай шароитда матбуот ташқи ёки ички иқтисодий кўмаксиз ўзича фаолият юритиши қийин. Журналистика соҳаси амалиётда бизнес ёки сиёсат билан биргаликда, ҳамоҳангликда, тенг ҳамкорликка таянган ҳолда эркин фаолият юритиши мумкин.

Шундай экан, газеталарни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватловчи бизнес доиралар, нодавлат нотижорат ташкилотлар ёки ҳукумат институтлари албатта бўлиши керак”.

                                                                               Жим туриш ярамайди

Матбуотнинг ҳукумат томонидан узлуксиз қўллаб-қувватланишини айрим медиа экспертлар инкор этишади. Чунки давлатнинг молиявий кўмаги асосида фаолият юритадиган газеталар мустақил ва эркин контент ярата олмай қолади, улар “юқори”нинг қош-қовоғига қараб ишлайдиган бўлиб қолади, деган турли хавотирларни илгари суришади.

Аммо реал ҳаёт бунинг аксини кўрсатаётган ҳолатлар жуда кўп. Мисол учун, матбуот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича дунёдаги етакчи мамлакатлар қаторида келаётган Финляндия газеталарига давлат бюджетидан мунтазам равишда субсидиялар ажратиб келади. Демак, кўриниб турибдики, ушбу мамлакат ҳукумати даврий нашрларни ҳар томонлама қўллаб-қувватласа-да, таҳририятларнинг ички ижодий ишлари мундарижасига аралашмайди.

Муҳими, Финляндиядаги газеталар бизда ҳозир урф бўлган “лойиҳа” учун эмас, балки газетанинг ўзи учун давлатдан молиявий ёрдам олади.

Бу мамлакатда аҳолини даврий нашрлар билан таъминлашга жиддий эътибор қаратиш орқали халққа сифатли ва ишончи ахборот етказиб берилмоқда.

Афсуски, кейинги йиллар давомида республикамизда матбуотни ўқувчиларнинг уйларига етказиб бериш тизимида юз берган сунъий тўсиқлар, почта хизматларининг қимматлашуви вазиятни бир мунча чигаллаштирди. Бу қимматлашув ўз-ўзидан обуна нархига ҳам салбий таъсир ўтказиши оқибатида доимий обуначилар сони кескин камайиб кетди. Негаки, айрим газеталарнинг бир йиллик обунаси қарийб беш юз мингдан бир миллионгача етиб қолди.

Тасаввур қилинг, республикада энг ўқишли 200-300 та нашримиз борлигини инобатга олсак, бир оила ҳеч бўлмаса улардан 3-4 тасига обуна бўлиши учун 1-2 ой давомида олган маошини, ҳатто нон емасдан тўлиқ обунага ўтказиб юбориши керак бўлади.

Демак, обуна нархларини максимал даражада тушириш керак. Уни фақат почта хизмати ҳисобидан эмас, балки қоғоз, босмахона ва офис харажатлари ҳисобидан ҳам умуман қайта кўриб чиқиш керак.

Яна бир муҳим жиҳат. Минг мақтанмайлик, реклама бозори ҳам биз кутган даражада ривожланиб кетмади. Улар бор-йўғи табриклар ва эълонлар даражасида қолиб кетмоқда.

Келинглар, жомбойлик ҳамкасбимиз яқинда киноя билан ёзганидек газеталарнинг динозаврлар каби қирилиб кетишига жимгина қараб турмайлик. Чунки техника ва технологиялар қанчалик ривожланмасин, босма сўзнинг кучи-қудратини ҳозирча ҳеч ким инкор этгани йўқ, эта олмайди ҳам.

Матбуот яшаб қолиши, жамиятга фойда келтириши, ишончли ахборот етказишни давом эттириши керак.

Наҳотки… шунчалик бефарқмиз?

Қани ҳотамтой оғайнилар?

Савобталаб ишбилармон, тужжор, газетхон халқни ўйлайдиган бир азамат йўқми?

Ахир бу нашрни фақат пойтахтдамас, бутун Ўзбекистон бўйлаб ўқийдиган муштарийлар кўп эди-ку.

101 йилдан буён чоп этиб келинаётган тарихий ва шу билан бирга илғор “Ҳуррият” энди керак бўлмай қолдими бизга?

Эсимда… ўтган сентябрь-октябрь ойларида Андижондан тортиб, то Нукусгача борганимда қанчадан-қанча журналистлар газетанинг ҳар бир сонини интиқлик билан кутишларини, берилаётган мақолаларнинг улар учун “жуда қизиқарли ва фойдали” эканлигини эътироф этишганди.

Бундан ташқари, хабарингиз бор, нашрнинг дизайни ҳам анча замонавийлаштирилганди. Наҳотки, уни шундай оғир шароитда ўз ҳолига ташлаб қўйсак?

Бош муҳаррир “ҳали буларни янги йил сонларида берамиз, ўқувчиларимиз бир роҳатланиб ўқишсин!” деб анча-мунча янги материалларни йиғиб қўйганди.

Бу сўзларни воқеликдан бевосита хабардорлигимдан, газетанинг ашаддий мухлиси эканлигимдан ва азбаройи ачинганимдан ёзяпман.

Узр, миллий журналистика тарихи бизни эртага кечирмаслиги мумкин.

Беруний Алимов

филология фанлари бўйича

фалсафа доктори.

 

ЎзА, 14.01.2019 19:09.

http://www.uza.uz/oz/society/ur-zamonaga-urriyat-kerakmasmisaas-14-01-2019