ХИТОЙ: МЎЪЖИЗАМИ ЁКИ РЎЁ?

У ҳақда кўп эшитгандим, ўқигандим, ҳатто олдин икки марта боргандим ҳам. Лекин бу гал Чин ўлкасини тўласича қайтадан кашф этдим. Ишонаверинг, бирон-бир янги мамлакатни меҳмонхона деразасидан кузатишдан кўра унинг бевосита ичига кириб бориш анча қизиқарлироқ.

 

(травел эссе)

Ўзбекистонлик мухбирлар учун Хитойнинг “Бир макон, бир йўл” ташаббуси доирасида ташкил этилган бир ҳафталик пресс-тур кутилмаган учрашувлар, давра суҳбатларига бой бўлди.

Тунги рейс билан Пекин халқаро аэропортига келиб қўнган самолётдан 11 нафар журналистни Хитойнинг хорижий мамлакатлар билан дўстлик ассосциацияси ходимлари кутиб олишди. Орамиздаги уч соатлик фарқ ва унинг устига йўлда мижжа қоқмаган бўлсак-да, дастурда белгиланган тадбирларни бошлаб юборишга тўғри келди.

Дарвоқе “Бир макон, бир йўл” номли халқаро лойиҳа қадимий Ипак Йўлининг замонавий кўриниши бўлиб, у Марказий Осиё, Европа ва Африка минтақасида жойлашган 60 дан ортиқ давлатларни қамраб олади.

Ёпиқ шаҳар сирлари

1406-1420 йилларда бунёд этилган Хитой императорлари қароргоҳи эгаллаган ҳудуди жиҳатидан ер юзидаги энг йирик сарой мажмуаси ҳисобланади. Энг қизиғи, орадан шунча аср вақт ўтса-да, бу ердаги жами 980та бинода акс этган меъморий ечимлар ҳозирги кунгача қатор Шарқий Осиё мамлакатлари ва ҳудудларидаги иншоотлар услубига таъсир ўтказиб келмоқда.

Бошқа Ғарб ва Шарқ мамлакатларидаги монархлар саройларини бу ердаги ҳашаматли бинолар билан солиштиришнинг ўзи мантиқсиздек туюлди. Негаки, бир-биридан баланд, виқорли иншоотларнинг чеки-чегараси йўқдек. Жимгина, болаларча ҳайратланишдан бошқа иложимиз қолмади.

Муҳими, ўзимиздаги каби бу тарихий биноларга замонавий реставраторнинг “моҳир қўллари” деярли тегмаган. Бинолар қайта қурилмаган, таъмирланмаган, бўёқ чаплаб ташланмаган. Ҳар бир саройда император тахти аслидагидек сақланган. Турли анжомлар, қандиллар ва мебелларнинг саноғи йўқ.

“Атрофдагилар, ҳатто энг юқори сарой амоллари ҳам императорни қанчалик кам кўришса, ундан шунчалик кўп қўрқишган экан. Шу сабабдан император сарой ортидаги яна қатор саройлар ортида бекиниб, “сирли” яшаган бўлса ажаб эмас”, – дейди гидимиз.

Кўҳна қароргоҳ Пекиннинг қоқ марказида 720 минг квадрат метр майдонни эгаллайди. Ўз даврларида Мин ва Цин династияларининг 24 нафар императорлари айнан шу ердан туриб мамлакатни бошқарганлар.

Айтишларича бу ҳудудга оддий халқ вакиллари умуман қўйилмаган экан ва шу сабабли ҳам у 紫禁城 – “ёпиқ шаҳар” номини олган. Фақат бундан қарийб бир аср олдин сиёсий тизим ўзгарганидан кейингина сарой эшиклари барча учун очилган. Ўтган 6 йил (2012-2018й.й.) давомида ёпиқ шаҳарга 100 миллиондан зиёд турист ташриф буюрган.

Бироқ кўҳна обидаларни келажак авлодлар учун аслидагидек сақлаб қолиш ва туристлар хавфсизлигини таъминлаш мақсадида музей маъмурияти яқиндан бошлаб кундалик келувчилар сонини 80 минг кишигача қисқартиришга қарор қилган. Олдинлари бу кўрсаткич 120 минг, байрам ва дам олиш кунлари эса 180 мингдан ҳам ошиб кетган экан.

Мажмуа 1987 йилда ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

ССTV – манфаатлар ҳимоячиси

Албатта пресс-турни профессионал доирадаги танишувлар, суҳбатларсиз тасаввур этиб бўлмайди.

Хитой марказий телеканали 中國中央電視臺, яъни CCTV 1958 йилда фаолият бошлаган ва у ҳозирги пайтда ўз дастурларини 50та канал орқали 1 миллиарддан зиёд аудиторияга етказиб бермоқда.

Пойтахт марказидаги энг ғаройиб осмонўпар бинолардан бирида жойлашган телевидение биноси стратегик объект ҳисоблангани боис, унинг ичида расмга олиш тақиқланади.

Биз Россиянинг РИА Новости ахборот агентлигида бир неча йил меҳнат қилган ва айни пайтда ССTVнинг рус тили хизматини бошқараётган жаноб Хуанг Йинан билан учрашдик.

Дарвоқе, Хитойнинг дунёдаги айнан қайси нуқталарда кўпроқ иқтисодий ва сиёсий манфаатлари мавжуд эканлигини берилаётган кўрсатувлардан сезиш қийин эмас. Мисол сифатида “Asia today”, “Americas now”, “Talk Africa”, “Global business” каби кўрсатувларни қайд этиш мумкин. Албатта ҳозирги ахборот глобаллашуви даврида миллий ОАВ учун бу жуда муҳим йўналиш ҳисобланади.

Шунингдек, CCTV жаҳонда энг кўп тарқалган тиллардан кенг фойдаланиш баробарида хорижга узатилаётган дастурларда хитой тили ва маданияти тарғиботи  масаласига ҳам алоҳида урғу беради.

Замонавий ахборот коммуникция технологиялари ва техника таъминоти жиҳатидан бу компания жаҳонда етакчилар қаторида туради. Дарвоқе, биз ушбу мақолани тайёрлаётган пайтимизда Пекинда дунёда биринчи робот-телебошловчи яратилганлиги ҳақида хабар тарқалди.

Эътироф этиш керак, Хитой марказий телеканали мухбирлари Ўзбекистонда содир бўлаётган янгиликлар, кенг кўламли ислоҳотлар жараёнларини айрим ғарблик ҳамкасблардан фарқли ўлароқ тўғри ва объектив тарзда ёритиб борадилар.

Хитой халқаро коммуникациялар маркази

Хорижликларга мамлакат тарихи, маданияти ва ижтимоий ҳаётини чуқурроқ тушунтириш орқали унга нисбатан ишончни шакллантириш масаласи ниҳоятда муҳимдир. Ташқи тарғиботда, қолаверса, давлатнинг жаҳон медиа маконидаги имижини юксалтиришда алоҳида роль ўйнайдиган мазкур ташкилот ўз фаолият йўналиши жиҳатидан дунёнинг бошқа чеккаларида, хусусан Марказий Осиёда учрамайди.

Хитой халқаро коммуникациялар маркази – СICC ўз студияларида инглиз, француз, турк ва яна бошқа 7та хорижий тилларда қисқа метражли ҳужжатли фильмлар, роликлар ва реклама проспектларини тайёрлайди. Бундай медиа маҳсулотлар баъзан BBC, National Geographic, Discovery каби етакчи телаканаллар билан ҳамкорликда, хорижий поп мусиқа ва кино юлдузлар иштирокида тасвирга олинади.

Айни даврга қадар марказ ижодкорлари томонидан ишланган видео роликлар жаҳоннинг 40дан зиёд мамлакатида эфирга узатилган.

Бўлиб ўтган мулоқот чоғида Медиа алоқалар бўйича директор Ли Миан хоним  ушбу марказнинг келажакда Ўзбекистон оммавий ахборот воситалари билан ҳам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишдан манфаатдор эканлигини маълум қилди.

Обуна – газетачининг иши эмас

Мамлакат жанубидаги Фуцзянь провинциясида бўлганимизда айнан шу номдаги ҳудудий газета таҳририятига бориб, бош муҳаррир Пань Сянь Цзянь билан учрашдик. Унинг айтишича, Интернет ривожланишига қарамасдан ушбу нашрнинг ўқувчилари сони асло камаймаяпти.

– “Тўғри, газетамизнинг электрон варианти ҳам бор. Уни 6 миллион киши кузатиб боради”, – дейди жаноб Цзянь. “Бу ерда асосан мақола ва хабарларнинг анонслари берилади. Кунига 300 минг тиражда чиқадиган босма вариантда эса материаллар тўлиқ чоп этилади. Газетамизнинг чакана савдодаги нархи 400 юань”.

Таҳририят ўзининг шинамгина музейи, кутубхонаси, музокаралар зали ва йирик босмахонасига эга. “Фуцзянь дейли” саҳифаларида мазкур провинциянинг иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий ҳаёти батафсил ёритиб борилади.

Фучжоу шаҳри марказидаги 27 қаватли бинода жойлашган газета тижорат ва реклама ишларини ҳам олиб боради. Бироқ, обуна масаласида савол берганимизда, ҳамкасбимиз “бизда одатда газетачи обуна билан шуғулланмайди, бу тарғибот бошқармасининг иши” деб жавоб қайтарди.

 

Ўзбек пахтаси – энг сифатли

Яқин-яқингача денгиз тўлқинлари мавжланиб турган ушбу ҳудудда бугун Хитойдаги энг йирик ип-газлама ишлаб чиқариш корхоналаридан бири “Highsun Group” барпо этилган. Аниқроғи, сув устига қум ташлаб, сунъий ярим орол ташкил этилган ва сўнгра унинг устига ушбу завод қурилган. Мажмуа жуда катта ер майдонни эгаллайди.

Биринчи блокда нефть ва пахта толасидан ип тайёрланади. Бу ердаги ишларнинг аксарияти автоматлаштирилган. Иккинчи блокда эса ип ва газаламалардан иборат маҳсулотлар қадоқланади, ишчилар жуда кўп.

Меҳнат хавфсизлиги юқори даражада. Дам олиш ва овқатланиш хоналари мавжуд. Сунъий ярим оролнинг баҳаво жойида ишчилар яшайдиган ётоқхоналар ҳам барпо этилган.

Заводда тўқимачилик саноати маҳсулотларидан тортиб, автомобиллар учун шиналар, пластик трубаларгача тайёрланади.

Ўзбекистонлик журналистларни ишлаб чиқариш жараёни билан таништирар экан, компания офиси бош директори жаноб Ли Шуанг шундай дейди:

– “Маҳсулотларимиз турларининг чеки-чегараси йўқ. Биз инсоннинг болалигидан тортиб токи у улғайиб, бутун умр фаол ҳаёт кечиришида унга зарур бўладиган барча маҳсулотларни ишлаб чиқарамиз. Яъни чақалоқлар коляскасидан бошлаб машинанинг резинали эҳтиёт қисмларию кийим-кечакларгача тайёрлаймиз”.

Жаноб Ли Шуангнинг эътирофича, ушбу заводга Ўзбекистондан келтирилаётган пахта ўзининг юқори сифати билан ажралиб туради. “Шу сабабдан биз мамлакатингиз билан ўзаро фойдали ҳамкорлик алоқаларини келажакда янада кенгайтириш ниятидамиз. Чунки ўзбек пахтаси асосида тайёланадиган маҳсулотларимиз дунёнинг қатор давлатларида мутахассислар ва харидорларнинг эътиборини қозониб келмоқда”.

Фучжоудан жануброқда жойлашган Сямэнь шаҳрига замонавий тез юрар поездда йўлга отландик.

 

88та факультетли университет

Бу ерда журналистикадан тортиб, кимёгарлик ва ҳатто денгизшуносликкача бўлган бир-бирига ўхшамаган турли йўналишларда талабаларга дарс берилади.

Айтишларича, Сямэнь университетида Ўзбекистондан келган талабалар ҳам бор экан. Афсуски, дастур тиғизлиги боис биз ёш ватандошларимиз билан кўриша олмадик.

Университет ҳудудида талабалар учун барча шароитлар муҳайёр қилинган. Шинам аудиториялар, кутубхоналар, анжуманлар заллари энг замонавий ахборот коммуникация технологиялари билан таъминланган. Боғлар, майсазорлар озода, турли субтропик дарахтлар, икки томони палмалардан иборат  велосипед йўлаклари, йирик футбол майдони… барчаси ёшлар ихтиёрида.

Хуллас, Сямэнь университети ҳудудидаги экологик муҳитни қанчалик тарифласак кам. Бироқ бизнинг эътиборимизни тортган “Хумо” (Phoenix) дарахти ҳақида алоҳида тўхтамасликнинг иложи йўқ.

Айтишларича, ушбу дарахт ҳар ўқув йилида икки марта – айнан қишги ва баҳорги семестр пайтида гуллар экан. Демак, бу ерда нафақат ўқитувчи-профессорлар, балки табиат ҳам талабаларни руҳан қўллаб-қувватлар экан, деган хулосага келдик.

Дарҳақиқат, бу ердаги об-ҳаво Пекиндан камида икки баробар иссиқроқ экан. Биз ўша куни эрта саҳардан Шарқий денгизга тушиб, сувнинг ниҳоятда илиқлигига шахсан гувоҳ бўлдик.

Автомобиль юрмайдиган орол

Сямэнь шаҳри чеккасидаги бандаргоҳ орқали Гуланъюй 鼓浪嶼 оролига кемада етиб келдик.

Қизиқарли жиҳати шундаки, Тайвань бўғозида жойлашган ушбу мўъжазгина оролда Европа, Хитой ва Япония архитектураси анъаналарини ўзида мужассамлаштирган эски задогонларнинг уйлари, виллалар ва тор кўчаларни кўришингиз мумкин.

Тарихий манбаларда қайд этилишича илк бор инглизлар 1670 йилда оролга қадам қўйган эканлар. Ундан олдин хитойликларнинг ўзлари ушбу оролдан турли ҳил ҳарбий юришларда чоғида фойдаланишган.

1845 йилдан бошлаб АҚШ ва Европадан келган одамлар, турли касб эгалари, миссионерлар ва савдогарлар яшай бошлаганлар. Савдо-сотиқ, тижорат, ишлаб чиқариш учун қулай хаб юзага келган. Кейинчалик 1909 йилдан бошлаб орол Амой халқаро сеттлменти мақомини олган.

Энг муҳими, ўша даврларда қурилган барча бинолар, черковлар ва ибодатхоналар ҳозиргача жуда яхши сақланган. Оролнинг энг юқори қисмидаги саройдаэса  дунёдаги энг ноёб пианинолар музейи жойлашган.

Ҳозирги кунда Гуланъюй Хитойдаги етакчи туризм марказларидан ҳисобланади. Орол ҳудудида автомобиль ва ҳатто велосипедлардан ҳам фойдаланиш тақиқланади. Бу эса бетакрор ва осуда орол муҳитини яратади.

 

Беруний Алимов,

Тошкент-Пекин-Фучжоу-

Сямэнь-Тошкент.