2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича Ҳаракатлар стратегиясида давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари белгилаб берилгани юртимизнинг илғор демократик мамлакат сифатидаги юксалишида беқиёс аҳамият касб этмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Олий Мажлис Сенати ва Қонунчилик палатасига Мурожаатномасида демократиянинг илғор механизми сифатида жамоа бўлиб электрон мурожаат киритиш тартибини жорий этишни таклиф этганди. Ана шу ғоя асосида яратилган “Мening fikrim” порталининг иш бошлаганига ҳали уч ой ҳам тўлмасдан мамлакатимиз фуқароларининг давлат ва жамият ҳаётига дахлдор муҳим масалалар бўйича ўз фикрларини эмин-эркин ифода эта оладиган муҳим майдонига айланиб улгирди.
Портал орқали Олий Мажлис палаталари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш имконияти яратилди. Яъни, ҳар бир фуқаро ўзининг конституциявий ҳуқуқидан фойдаланган ҳолда, мамлакат қонунчилик тизимини ривожлантириш борасида ўз фикрларини билдириши учун замонавий воситага эга бўлди.
“Mening fikrim” портали концепциясини ишлаб чиқишда ўндан зиёд ривожланган давлатнинг тажрибаси ўрганилди. Ушбу лойиҳа Конрад Аденауэр фонди билан ҳамкорликда германиялик экспертлар томонидан халқаро экспертизадан ўтказилди ва таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди. Шу билан бирга Олий Мажлис аъзолари, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг депутатлари ҳамда ННТлар вакиллари иштирокида кенг жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.
Тили — халқчил, топиш — қулай
Қонун яратиш жараёнида фуқароларнинг фаоллигини оширишга қаратилган ушбу замонавий портал дизайни содда. Ундаги ҳар бир бўлим алоҳида жойлаштирилган, яхлит композицион ечимга эга. Интернетдан кўп ҳам фойдаланавермайдиган одам учун, айниқса, навигацияси қулай, халқчил.
Исталган фуқаро Ягона идентификация тизимида (id.gov.uz) ўз шахсини тасдиқлаганидан сўнг, “Mening fikrim” веб-порталининг бош саҳифасидаги махсус тугмани босиб, тегишли жойга мурожаат матнини киритади.
Ушбу мурожаатни Ягона идентификация тизими (id.gov.uz) орқали ўз шахсини тасдиқлаган фойдаланувчилардан камида 5 нафари қўллаб-қувватлаши талаб этилади. Айни мақсадда ҳар қандай мурожаат фойдаланувчилар эътиборига ҳавола қилинади.
Агар мурожаат етарли миқдорда овоз тўпласа, у Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан экспертизага қабул қилинади. Бу ердаги экспертлар мурожаатни ўрнатилган талабларга мувофиқлигини текшириш учун кўриб чиқадилар.
Институт экспертлари мурожаатга ижобий хулоса берганидан сўнг бир кун ичида мурожаат умумий овоз бериш учун «Mening fikrim» веб-порталида эълон қилинади.
Фуқаро томонидан берилган мурожаатга умумий овоз бериш эълон қилинганидан сўнг 90 кун давомида амалга оширилади. Олий Мажлис палаталарига юборилган мурожаат фуқароларнинг камида 10 000 овозини, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларига юборилган мурожаат камида 5 000 овозни, халқ депутатлари туман (шаҳар) Кенгашларига юборилган мурожаат 1 000 овозни тўплаши талаб этилади.
Етарли миқдордаги овозларни тўплаган мурожаат Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти томонидан кейинги кундан кечиктирилмай ваколатли давлат органларига юборилади.
Олий Мажлис палаталари, маҳаллий халқ депутатлари Кенгашлари томонидан мурожаатни кўриб чиқиш натижалари бўйича қарор қабул қилинади ва «Mening fikrim» веб-порталида жойлаштирилади. Мурожаатни кўриб чиқиш ва у бўйича қарор қабул қилиш муддати 60 кундан ошмаслиги керак.
Веб-портал Давлат ахборот тизимларини яратиш ва қўллаб-қувватлаш бўйича Ягона интегратор “UZINFOCOM” — масъулияти чекланган жамияти томонидан ишлаб чиқилган.
Рақамлар сўзлаганда
Ўтган қисқа давр — жорий йилнинг июль ойи ҳолатига кўра, мазкур платформага 1210 жамоавий мурожаат келган.
Уларни соҳалар бўйича таснифлаганда энг катта рақам фан, таълим, маданият ва спорт масалаларига тегишли — 19 та.
Мурожаатлар ҳақида фойдаланувчилар 16 422 изоҳ ёзиб қолдиришган. Айни пайтда улардан 97 таси овоз бериш жараёнида. 124 таси ўз йўналишларига кўра тегишли мутахассислар томонидан экспертизадан ўтказилмоқда.
Энг муҳими, ушбу мурожаатларнинг олтитаси бугунги кунда қонуний асосда қўллаб-қувватлаш жараёнида турибди.
Ташкилий-ҳуқуқий асос
Давлатимиз раҳбари Олий Мажлисга Мурожаатида қонунлар муҳокамасига кенг халқ оммасини жалб қилиш, бунинг учун замонавий ахборот-коммуникация технологияларидан самарали фойдаланиш, жумладан, интернет тармоғида махсус “майдон”лар яратиш зарурлигини алоҳида таъкидланган эди.
Шулардан келиб чиқиб Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 22 январдаги қарори билан тасдиқланган Давлат дастурининг 34-бандида “Mening fikrim” махсус веб-портали орқали Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига электрон жамоавий мурожаат қилиш тартибини жорий этиш белгиланди.
“Mening fikrim” веб-портали мамлакатимизда фуқароларнинг жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш, давлат ҳокимияти вакиллик органлари фаолиятининг очиқлигини, қабул қилинаётган қонунларнинг ҳаётий ва самарадорлигини таъминлашга хизмат қилади.
Одамлар нима дейди?
Республикамизда фаолият юритаётган алоқа операторларига SМS орқали реклама тарқатишни ман қилиш ҳақида фуқаро А.Жуманиёзов муаллифлигидаги жамоавий мурожаатда хусусан шундай дейилган:
“Таклифимиз, мобиль алоқа операторларининг SМSларини тартибга солиш керак. Деярли барчамиз қўл телефонларидан фойдаланамиз. Бунда ҳар ким ўз заруриятига қараб алоқа учун маблағ сарфлайди. Кўпчилик (SМSлар) буйруқ тарзида бўлгани учун ёзилган рақамларга териб ҳам кўришади. Оқибати эса маълум — контент провайдери абонентнинг пулини қуритади”.
***
Фуқаро Р.Аҳмедов эса Ўзбекистонда онлайн олий таълим тизимини жорий этиш таклифини илгари сурган:
“Ҳар йили олий таълим муассасаларига ҳужжат топшириш талаб даражасидан анча юқори бўлиши бу соҳада қўшимча тадбирларни амалга ошириш лозимлигини англатмоқда. Хорижий онлайн таълим платформалари бўлмиш — Coursera, Edx ва UdaCity тизимлари каби онлайн олий таълим дастурини яратишни таклиф қиламан. Онлайн олий таълим дастури ягона сайт орқали талабаларни чексиз қабул қилади”.
***
Фуқаро Ж.Арслонов ёш оила чегарасини 30 дан 35 ёшгача узайтириш ҳақидаги таклиф билан мурожаат қилган:
“Ёш оила тоифаси бизга баъзи бир имкониятлар, жумладан, даромад солиғи, кредитлар, уй-жой олиш каби муносабатларда имтиёзлар тақдим этади. Ҳозирги кунда ёшларимиз ўртасида турмуш қуриш кечикиб бормоқда. Бунга сабаб турмуш қураётган ёшлар, энг аввало, молиявий ҳолатини яхшилаб, кейин турмуш қуришни ўйлайди ва бу турмуш қуришни кечикишига олиб келади, аксар ҳолларда 30 ёшдан кейин турмуш қураётганлар кам эмас. Шунинг учун, ёш оила чегарасини 30 ёшдан 35 ёшга кўтариш таклифини билдираман. Ушбу таклиф амалга оширилса, ёш оилаларни давлат томонидан қўллаб-қувватлаш тизимида янада кўпроқ имкониятлар яратилади”.
***
И.Тиллабоев мактаб директорлари сайловини жорий этишни таклиф қилди:
“Мактаб директорлари мактаб жойлашган ҳудудда таълим ва тарбия учун асосий жавобгар ва масъул шахслардан бири ҳисобланади. Кўп ҳолларда, гарчи муносиб билим, тажриба ва салоҳиятга эга бўлмаса ҳам мактаб директорлиги лавозимига туман (шаҳар) халқ таълими бўлимлари мудирлари ўзлари истаган шахсларни тайинлаганига гувоҳ бўламиз. Бу албатта, фарзандларимизнинг тарбиясида ўзининг салбий натижасини кўрсатмай қолмайди. Бунинг олдини олиш учун Халқ таълими вазирлиги ҳузурида кўп йиллик тажрибага эга, ҳалол, фахрли педагоглардан иборат таркибда Кенгаш тузиш лозим. Бу, ўз навбатида, Кенгаш томонидан номзодларни кўриб чиқиш ва директорликка муносиб номзодни сайлаш имкониятини яратади”.
***
Ҳа, “Mening fikrim” портали омма орасидаги фикрлар майдонига айланишга улгурди. У шунингдек, аллақачон оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда ўзига хос акс-садо бера бошлагани ҳам жуда қувонарли ҳолдир.
Қайд этилган мурожаатларнинг аксарияти нафақат порталнинг ўзида, балки қатор машҳур ижтимоий тармоқларда, жумладан “Facebook”да кенг баҳс-мунозараларга сабаб бўлмоқда. Шундан ҳам билса бўладики, ҳақиқатан ҳам берилаётган таклифлар бугунги кунда халқимизни ўйлантираётган масалалар сирасига киради.
Экспертлар фикри
“Hurriyat” газетаси “Mening fikrim” порталининг ҳозирги фаолияти бўйича мутахассислар фикрини билиш учун уларга мурожаат қилиб, қуйидаги жавобларни олди.
Расул КУШЕРБАЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик
палатаси депутати:
— Ҳар бир фуқаро жамиятдаги муайян ўзгаришларга нисбатан ўз фикри ва қарашларини эркин билдириш билан бирга уни амалиётга татбиқ қилиш имкониятига эга бўлиши демократиянинг муҳим кўринишларидандир. Замонавий ахборот технологияларини давлат ва жамият бошқаруви соҳаларига кенг татбиқ этиш мана шундай улкан қулайликларни яратиш имконини бермоқда.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев таклифига биноан амалиётга татбиқ қилинаётган “Mening fikrim” платформаси фуқароларнинг қонун ҳужжатларини ўзгартириш ёки янги ташаббуслари, ғояларини билвосита эмас, балки бевосита амалга ошириш, жамоатчиликнинг бунга аниқ муносабатини билдиришда муҳим восита бўлиб хизмат қилаётир. Ташаббусларни илгари суриш, таклифлар билдириш ва амалиётга жорий этишда платформа доирасида ҳали айрим камчиликлар бўлиши табиий. Бироқ, муҳими бундай ноёб институтни ташкил этиш йўлидаги дастлабки қадамлар ташлангани. Ўйлайманки, вақт ўтган сайин платформа такомиллашиб бораверади.
Авазбек МАДАМИНОВ,
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бошқармаси бошлиғи:
— “Mening fikrim” порталининг ишга туширилиши ҳар бир шахснинг Ўзбекистон Республикаси Конституцияси билан белгиланган сиёсий ҳуқуқларининг кафолати янада мустаҳкамланганлигидан далолатдир.
Бутун дунёга машҳур “Change.org” онлайн-платформаси сингари бу портални ҳам янада такомиллаштириш ва оммалаштириш лозим, деб ўйлайман. Янги портал имкониятидан нафақат мамлакатимизда, балки чет элларда таҳсил олаётган, яшаётган ёки ишлаётган ватандошларимизнинг ҳам осон ва қулай фойдалана олишлари учун шароитлар яратилса, мақсадга мувофиқ бўлар эди.
Шу ўринда таклифим бор эди. Масалан, модераторлик функцияси соддалаштирилса ёки умуман олиб ташланса, бундай ҳолат мазкур онлайн-платформа фаолиятига ижобий таъсир кўрсатиб, у ҳозиргидан ҳам оммалашган бўлар эди.
***
Таъкидлаш керакки, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси «Mening fikrim» веб-портали орқали келиб тушган жамоавий мурожаатни биринчи марта кўриб чиқди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг матбуот хизматига таяниб «xs.uz» хабар берди.
Хабарда айтилишича, порталда жорий йилнинг июнь ойида фуқаро Н.Макаренко томонидан «Қишлоқ ва шаҳар ҳудудларида дарахтларни муҳофаза қилиш тизимини ислоҳ этиш тўғрисида»ги электрон жамоавий мурожаат жойлаштирилган. Мурожаат парламентимиз томонидан тасдиқланган Низом талаблари асосида 10 минг овоз тўплагандан сўнг, кўриб чиқиш учун қонунчилик палатасига киритилди.
Мазкур мурожаатда қишлоқ ва шаҳарларда дарахтларни ноқонуний кесишнинг олдини олиш, кесишга рухсатномалар бериш тартибини такомиллаштириш, дарахтларни ноқонуний кесганлик учун жавобгарликни кучайтириш, соҳага инновацион технологияларни жорий этиш, агротехник тадбирларни ўтказиш билан боғлиқ таклифлар билдирилган.
«Mening fikrim» веб-порталида кўтарилган ушбу масала илк бор мамлакатимиз парламенти — Олий Мажлис Јонунчилик палатасининг 2018 йил 27 июль куни бўлиб ўтган навбатдаги мажлиси кун тартибига киритилиб, депутатлар томонидан атрофлича муҳокама этилди.
Жамоавий мурожаатни кўриб чиқиб, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси унда кўтарилган масалаларни қўллаб-қувватлашга қаратилган тегишли қарор қабул қилди.
Беруний АЛИМОВ
шарҳловчи.
“Ҳуррият” газетаси,
08.08.18 й.