Илмий изланишлар журналистика назарияси, Ўзбекистон журналистикаси ва мамлакат медиа имижи масалаларига бағишланган.
Алимов Беруний Султонович журналистика бўйича мамлакатимизда етакчи мутахассислардан ҳисобланади. У 1 рисола, 2 амалий-услубий адабиётларнинг муаллифи.
Б.Алимовнинг илмий тадқиқотлари юзасидан 60дан зиёд илмий мақолалари мамлакатимиз ва чет эл илмий журналларида чоп этилган. Шунингдек, Б.Алимованинг таҳлилий ва публицистик мақолалари республикамиз босма ва электрон нашрларида мунтазам равишда эълон қилиниб борилади. 2006 йил “Ўзбекистон мустақиллигининг 15 йиллиги” эсдалик нишони билан тақдирланган.
Докторлик диссертация мавзуси: “Хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон имижини яратиш тамойиллари ва истиқболи (1991-2017 йиллар ОАВ материаллари мисолида)” (28.03.2018).
Иш бажарилган ташкилот: Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети.
Расмий оппонентлар: Қ.Ирназаров, Г.Бабаджанова.
Етакчи ташкилот: Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети. Диссертация йўналиши: назарий ва амалий аҳамиятга молик.
Тадқиқотнинг мақсади хорижий ва миллий оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон имижини яратиш тамойилларини такомиллаштиришдан иборат.Диссертация тадқиқотида қуйидаги илмий натижалар олинган: барқарор константа асосида мамлакат медиа имижини яратиш ва шакллантириш мезонлари тарихий, ижтимоий, сиёсий, маданий-маърифий шарт-шароитлар бўйича такомиллаштирилган;
дифференциал ёндашув асосида мамлакат медиа имижини ривожлантириш, истиқболини белгилаш, конструктив механизмлари бўйича адаптация шартлари аниқлаштирилган;
Ўзбекистоннинг медиа имижига доир ОАВ материаллари намуналари Ғарб, МДҲ ва Осиё мамлакатлари бўйича қиёсий таҳлил асосида туркумлаштирилган;
Ўзбекистон шароитида «ҳудудий имиж»нинг ўзига хослиги «ислом маданияти пойтахти», «кўҳна цивилизация бешиги», «ҳаво дарвозаси», «янги саноат маркази» бўйича миллий, диний, маърифий ва иқтисодий хусусиятларига кўра концептуал ёндашув асосида аниқлаштирилган.
Илмий натижаларнинг амалиётга жорий этилгани: Халқаро медиа маконда мамлакат имижининг тадқиқи бўйича олинган натижалар асосида:
Ўзбекистоннинг медиа имижига доир ОАВ материаллари намуналари Ғарб, МДҲ ва Осиё мамлакатлари бўйича қиёсий таҳлил асосида туркумлаштириш билан боғлиқ хулосалардан «Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш Концепцияси»нинг ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш бўйича меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни ишлаб чиқишда, шунингдек, «Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили»да амалга оширишга оид давлат Дастури»нинг 52-бандида 2017 йилнинг биринчи чорагида амалга оширилган «Журналистларнинг амалий касбий малакаси ва амалий кўникмаларини ошириш Дастури»ни тайёрлашда фойдаланилган (Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлигининг 2017 йил 17 апрелдаги 05-1101-сон маълумотномаси). Мазкур хулосалардан фойдаланиш мамлакатимизда ахборот соҳасини халқаро стандартларга мос равишда такомиллаштириш ва ушбу йўналишдаги ҳаракатлар самарасини ошириш имконини берган;
Ўзбекистон шароитида «ҳудудий имиж»нинг ўзига хослиги «ислом маданияти», «саноат маркази», «ҳаво дарвозаси», «кўҳна цивилизация бешиги» бўйича миллий, диний, маърифий, иқтисодий хусусиятларига кўра концептуал ёндашув асосида аниқлаштириш билан боғлиқ хулосалардан «Ўзбекистон», «Ўқитувчи», «Энциклопедия», Чўлпон, Ғ.Ғулом номидаги нашриёт-матбаа уйлари мисолида «Ноширлик тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси назорат-таҳлил тартибида фойдаланилган (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси Ахборот ва коммуникация технологиялари масалалари қўмитасининг 2017 йил 18 апрелдаги 05/2-01-32-сон маълумотномаси). Мазкур натижа мамлакатимизда ОАВ соҳасида қабул қилинган мавжуд қонунчилик самарадорлигини баҳолаш имкониятини яратган;
барқарор константа асосида мамлакат медиа имижини яратиш ва шакллантириш мезонлари тарихий, ижтимоий, сиёсий, маданий-маърифий шарт-шароитлар бўйича ҳамда дифференциал ёндашув асосида мамлакат медиа имижини ривожлантириш, истиқболини белгилаш, конструктив механизмлари бўйича адаптация шартлари бўйича аниқланган хулосалардан Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси, Мустақил босма оммавий ахборот воситалари ва ахборот агентликларини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш жамоат фонди ҳамда Журналистларни қайта тайёрлаш маркази томонидан республика ОАВ вакиллари учун ўтказилган қатор илмий-амалий анжуманлар, ўқув семинарларда кенг фойдаланилган (Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмасининг 2018 йил 18 январдаги 14/13-а сон маълумотномаси). Натижада мамлакатимизда қабул қилинган ҳаракатлар стратегияси 5-устувор йўналиши тегишли қисмини амалга ошириш механизмини шакллантиришга назарий асос бўлган.