АЁЛЛАРСИЗ ЖАМИЯТДА ЯШАМАГАН БЎЛАРДИМ…

Тўғриси, бу афғон қизни илгари учратмаганман. Кўзлари қоп-қора, бўйлари баланд. Ортиқча бўянмаган, одоблигина, табиий гўзал қиз.
Инглиз тилида ўзи гап бошлади.
10-15 минутдирки, у билан эски танишлардек ёнма-ён ўтириб самолётда бемалол гаплашиб кетаяпмиз.
Ўзаро ҳол-аҳвол сўрашиб, умумий мавзуларда: бу йил об-ҳавонинг аномал даражада исиб кетганлиги, мамлакатлар, оддий инсонлар тақдири ҳақида суҳбат қураётгандик.
– Самолётимиз Фарғонага қанча учади?, – деб сўради афғон қиз.
– 40 минутлар атрофида, – дедим.
– Мен у ердан кейин Термезга учаман.
– Ҳа, тушунарли. Ички рейслар ҳозир шунақа экан-да…
Кутилмаганда озғин бир йигитча келиб, ўз тилида қизни қистовга олди.
– Эркакларнинг орасида нима қилиб ўтирибсан? Тур, аёлларнинг ёнига бориб ўтиб ўтир!, – деди жаҳл билан.
– Нима учун жойимни аламштиришим керак? Турмайман!, – дея жавоб қайтарди қиз.
Аввал бу йигитчани суҳбатдошимнинг укаси, биронта ҳамкасби ёки курсдоши бўлса керак деб ўйладим.
– Қариндошингизми?
– Йўқ. Уни танимайман!
Ҳайрон қолдим. Нотаниш қизга бундай муомала қилишга бу боланинг нима ҳаққи бор?!
Орадан икки дақиқа вақт ўтмасдан, қизнинг ранги ўзгара бошлади.
– Мен ўтиб кета қолай… Бошқа жойга бориб ўтираман!
– Майли, ўзингиз биласиз. Омон бўлинг…
Афғон қиз билан қисқа суҳбатимиз ана шу ерда тўхтади.
Юзларидаги сиполик, бошидаги қора ҳарир рўмол уни янада чиройли кўрсатарди. Анъанавий либос жуда ҳам ярашган эди.
Йигит эса аксинча: замонавий кўринишда, башанг кийинган. Ҳатто оёғига пайпоқнинг энг “моднийси” – калтасидан кийиб олган. Шимини ёш “блатной” такасалтангларга ўхшаб қайириб қўйибди. Сочини эса айтмаса ҳам бўлади.
У қизнинг бўшаган ўрнига келиб ўтириб олди.
Индамадим. Кимсан, нимасан, деб сўрагим ҳам келмади. Фарғонагача жим кетдик. Хайрлашмадим ҳам.
Гапнинг очиғи, бундан бир ойча олдин “Усама” номли фильмдан анча таъсирланиб, “мен аёлларсиз жамиятда яшамаган бўлардим”, деган хулосага келгандим.
Фильмда қўшни Афғонистондаги қизларнинг аянчли тақдири акс эттирилган эди.
Усама исмли 10-12 ёшлардаги фариштадеккина қиз оиласидагиларни, касал бувисини боқиш учун ўғил бола кўринишига кириб, ишга ёлланишга мажбур бўлади.
Майингина, қўнғир сочларини кестиради. Кўча болалари эса сезиб қолиб, унинг бошига итнинг кунини солишади.
Хуллас, ана шу “Усама”нинг давомини ҳеч ҳам кўргим келмаганди.
Лекин…
Б.А.
Тошкент-Фарғона,
24 июнь 2021 йил.