Одам ўзининг энг яқин дўстларини 20-25 ёшгача кашф этади.
Кейинчалик улар ер шарининг турли бурчакларида яшасалар-да, бу дустлик йуқолмайди. Аксинча йиллар ўтиши билан мустаҳкамланиб бораверади.
1994 йилда, ким эсласа, Чорсуда Халқаро кутубхона бўларди.
Фелисити ана шу ерда ишларди. Мен уни илк бор – бир дунё китоблар орасида юрганида кўргандим.
Ўшанда эндигина Ҳиндистондаги ўқишни битириб келган пайтларим эди.
Нима қилиб бўлса ҳам инглиз тилини эсдан чиқармаслигим керак эди. Шу сабабдан мен учун Тошкентда яшаётган бирон бир хорижлик одам билан гаплашиб туриш жуда муҳим эди.
Кизиғи, Фелиситига қанчалик кўп инглизча гапирсам, у менга тинмасдан ўзбекча гапираверарди…
Лекин… гапимиз энг қизиган пайтда… у ўзининг тилига ўтиб кетиб қолганини ўзи сезмасди… Мазза!!!
Овозини, гапларини, тўғриси, мусиқа эшитгандек эшитиб ўтирардим.
Хуллас, орада “Ахборот”нинг инглизчасини ташкил қилишга ёрдам берди. Америкалик Мария Уеир ва Дебора Рид исмли қизларни шу кўрсатувга бошловчи сифатида тавсия қилди.
ЎзДЖТУда Халқаро журналистика факультетини ташкил қилганимизда (шунгаям роппа-роса 20 йил тўлибди) кутубхонамизни бир ойда китобдан тўлдириб ташлади. Хорижлик ўқитувчилардан ҳам топиб берди.
Вазирликларда ишлаганимда эса бирга инглиз тилида бизнес каталог тайёрладик. PR мақолалар, интервьюлар уюштирдик.
Асосий ишдан ташқари, ўша даврда,турли ижтимоий тадбирларга ҳам жуда ўч эдик. Етим болалар учун хайрия акцияларини ўтказдик. Кўзи ожиз ёшлар учун тоққа саёҳат уюштирдик. Бепул тил курсларини яратдик. Хуллас, қатор яхши ишларда, лойиҳаларда бирга бўлдик.
Иш орасида оилавий борди-келдини йўлга қўйдик. Отаси (раҳматлик – уни Филли деб эркаларди!) ва турмуш ўртоғи бизникида меҳмонда бўлишарди.
Кейинчалик дипломатик соҳада ишлаган йилларимда ҳам четда қараб турмади. Биргаликда турли халқаро лойиҳаларни амалга оширдик.
Ўзбекистон ҳақида китоб ёзди. Ҳозир хам Amazon да бор.
Лондонда ва кейинчалик Токиода ҳам кўришишга “баҳона” топдик.
Яқинда PhD диссертациямни ёзишда хорижлик медиа эксперт сифатида ундан иқтибос олдим.
Орадан… 25 йил ўтиб, яна Тошкентда кўришдик…
Эринмасдан Ўртаер денгизи томонлардан Роҳат локум ва фаранг атирини кутариб келибди (дўстига нима ёқишини билади-да, тушмагур!).
Мен эса ўзбекча ширинликлар ва чиройли гулдаста совға қилдим.
Тўғриси, соатга қарамабмиз…
Тинмасдан, бир-биримиздан кўзларимизни узмасдан узоооқ гурунглашдик ўзиям.
Ҳаёт ташвишлари, унинг баланд-пастлари ҳақида бир-биримизга гап бермасдан, батафсил, самимий суҳбат қурдик.
Ва яна хайрлашдик…
Насиб қилса, яна бошқа сафар, дунёнинг бирон бир нуқтасида кўришиб қолармиз.
Омон бўлинг, дўстим…
30/05/2019
Тошкент