ЎЗБЕК КЎЗИ БИЛАН БОҚИНГ ДУНЁГА…

Ўзбек кўзи билан боқинг дунёга

Баланд миноралар кунгурасидан.

Пастлагай осмон ҳам, туюлар шунда

Катта олам йўқдай Ер куррасидан.

 

Жаҳон марказига айланар минор,

Кафтингда намоён бу олам ял-ял.

Яқининг каттароқ кўринар доим,

Ўзбекни кўрасан ҳаммадан аввал.

 

Тарихнинг қаъри ҳам бунда намоён ‒

Одам билан Ҳавво тушган макон бу!

Эҳтимол, бағрида қучоқлаб ётган,

Бу тоғлар тоғ эмас, йўқ, кемайи Нуҳ!

 

Биз билан савашди япон урушда,

Сўнг Шошда театр қурди асирлар.

Ўзи-ку қозони қайнарди зўрға,

Эл девор ортидан унга нон отар.

 

Авлиё қабрида ҳар кун худоий,

Қўй сўйилгунича  пишар бўғирсоқ.

Ажнабий сайёҳлар гуруҳига ҳам,

Меҳмон, деб тутаман шунда бир товоқ.

 

Худдики умрида илк бор дафъатан

Жаннатий неъматдан ютинар улар.

Яна бир товоқни тушириб паққос,

Пулини тўлашга тутинар улар.

 

Тил биламан, йўқдир сўз муаммоси,

Аввалига улар ҳеч кўнишмайди.

Худоий-ку, ахир, пул аралашмас,

Танти феълимизни тушунишмайди.

 

Ҳар бир хорижийни меҳмон қиламиз,

Бутун меҳримизни хамирдай қориб.

Буни ҳам кам билиб, имкон топилса,

Ош дамлаб берамиз Парижга бориб.

 

Ҳаммаси кўринар экан марказдан

Узоқ-узоқлардан ўзбекни топдим.

Мардикор ишини, яшаш ҳолини

Кўрдим-у, шу заҳот кўзларим ёпдим.

 

Масковда ўзбекни кўрган бир ўзбек,

Русча жавоб берди, бўлиб кетдим ер.

Сабабин сўрадим, ҳайрон, оташин,

“Ўзбеклигим билса, пул сўрайди”, ‒ дер.

 

Сен, эй сен, бухорий, темурий ‒ зотинг,

Унутми Беруний,  Навоий, Бобур?!

Мардикорликдан кўп устун ишлар бор,

Ухлама, уйғон, қалқ, тез оёққа тур.

 

Одамнинг сифати ‒ энг катта бойлик,

Билим-тафаккурдан улғаяр сифат.

“Ҳ(е)”ю “х(е)” фарқига токи бормассан,

Тарк этмас “мардикор” деган бир офат.

 

2020.26.06.

Укахоним  Беруний  ОЛИМОВга!

Султонмурод ОЛИМ,

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси,

“Нақшбандия” журнали бош муҳаррири.