Ҳар йили 9 май Хотира ва қадрлаш куни арафасида оммавий ахборот воситалари Иккинчи жаҳон уруши мавзусига эътиборни кучайтиради. “Уруш номинг ўчсин оламдан” деймиз-у, хотирасиз эса яшай олмаймиз. Унинг асоратлари ўзбек хонадонларига ҳам етиб борган, умумғалабага халқимиз ҳам ўзининг муносиб улушини қўшган – булар ҳали ҳануз унутилмас!
Немис фашистларини лаънатлашдан чарчамаймиз, қаҳрамонларимизнинг жасоратларини тиллардан туширмаймиз, уларни унутишга ҳаққимиз ҳам йўқ. Ўзбек халқининг урушорти ва бевосита фронтдаги кўрсатган мардлик-жасоратлари тўғрисида кўп ва хўб ёзилган, бундан кейин ҳам мадҳ этиш давом этаверади.
Бугун уруш мавзусида ҳануз ҳечам тилга олинмаган “махфийлик” тамғаси билан архивларда қолиб кетган ўзбек разведкачилари тўғрисида боради. Суҳбатдошимиз – Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизматининг фахрийлар кенгаши аъзоси, Хизмат тарихи билимдони Худойберди Соҳибов. Узоқ йиллардир у киши билан бу мавзуда суҳбатлашиш тўғрисида фикрлашиб турар эдик, маълум-номаълум сабаблар билан бу мавзуни матбуотга олиб чиқиш кечикар эди.
-Худойберди Соҳибович, бугун яшаётган янги Ўзбекистон шароитида Иккинчи жаҳон уруши, мамлакатимизнинг бу ғалабага қўшган ҳиссаси, ўзбек разведкачиларининг кўрсатган алоҳида намуналари тўғрисида янги кўз билан боқиб суҳбатлашишга розилик берганингиз учун Сизга миннатдорлик билдираман.
-Кечирасиз, ҳали ҳам бу мавзуни тўлақонли очиб беришга ваъда бермайман, ваколатим доирасида, изн олинган айрим факт-рақамлар ва қаҳрамонларимиз тўғрисида гапириб беришга ҳаракат қиламан.
Фашистлар Германиясининг лидери Гитлер билан келишувга биноан немислар собиқ иттифоққа ҳужум қилмаслиги керак, ўша замон давлат раҳбари Сталин бунга қатъий ишонар эди. Афсуски, таҳминлар ўзини оқламади.
Урушнинг дастлабки олти ойида 3 миллион атрофидаги совет аскарлари немислар томонидан асирга олинди, бу бутун уруш давомида асирга тушган солдат ва офицерларнинг тахминан 65 фоизини ташкил этарди. 1941 йилнинг 30 сентябригача иттифоқнинг 8166 самолёти яксон қилинди, яъни ўша пайтдаги 96,4 фоиз авиапарк йўқ қилинганини билдиради. Қиёслаш учун бошқа мисол келтираман: урушнинг дастлабки ойларида фашистларнинг 4980 самолёт чегарадан ошиб, ҳаво ҳужумлари уюштиради!
Собиқ иттифоқ аҳолиси каби ўзбек халқи ҳам Фашист оккупантларига қарши курашда оғир синов ва машаққақатли даврни бошидан кечирди. Уруш йиллари халқимиз нафақат ватанпарварлик, балки ўзининг – миллий менталитетининг энг яхши жиҳатларини намойиш этди. Маълумки, ўзбекистонликларнинг ватанпарварлик қарашларининг асосида совет тизимини ҳимоя қилиш учун ғоявий сабаблар бўлмаган эди, халқимиз урушнинг моҳиятини тўла тушунган, фашизм билан курашда ўзининг ўрни бор эканини идрок этган эди.
Урушни кўрган фахрийларимизнинг хотираларига кўра, одамлар ўша пайтда совет тизимини ҳимоя қилиш зарурияти тўғрисида кам ўйлаганлар. Кўплаб халқлар мавжуд режимни қаттиқ қоралар эди, Хусусан, Туркистон мухториятини буткул тугатиш билан боғлиқ қонли воқеаларни халқимиз ҳали унутмаган, қолаверса 1937-38 йиллардаги оммавий қатлиомнинг яралари битмаган замонлар эди. Бу каби барча хусуматларни вақтинча “орқа”га ташлаб туришга мажбур эди. Фашистларнинг бостириб келишини ўзбекистонликлар ўз мамлакатига, ўзининг қадрдон ватанига, деб билди. Маълумки, нацистларнинг Ўзбекистонга оид ўз режаси бор эди. Ғалаба қозонган тақдирда Ўрта осиё ҳудудида “Катта Туркистон” (“Гростуркестан”) рейхскомиссиариатини тузиш, маҳаллий аҳолини батамом йўқ қилиш мўлжаллари бўлганди. Бўшаб қолган Фарғона водийсига Европа аҳолисини кўчириб келтириш режаланганди…
-Уруш бошланди, Ўзбекистон эвакуация марказига айланиб улгурганди…
-Тўппа-тўғри, халқимиз зиммасига мисли кўрилмаган мажбуриятлар юклатилди. 1941-42 йилларда Белоруссия, Украина ва Россиядан аксарияти мудофаа саноатининг 195 та йирик корхоналари келтириб, жойлаштирилди.
Эваукуация қилинган завод ва фабрикаларни тезроқ ишга тушириш учун олий ўқув юртлари ва мактабларнинг талабалари, уй бекалари, колхозчи ва хизматчилар, фан ва маданият арбоблари кетмон-белкурак сингари қўл асбоблари билан туну-кун меҳнат қилдилар. Агар бу каби саноат корхоналарини тинч замонда ишга туширишга йиллаб вақт кетган бўлса, уруш йиллари бу ишларни амалга ошириш учун қисқа кунлар ва ойлар етди.
Уруш йиллари Ўзбекистон фронтга 2100 самолёт, 17 минг 342 та авиамотор, 2 минг 318 авиабомба, 17 минг 100 та миномёт, 560 минг снаряд, бир миллионта граната, 300 минг парашют ва бошқа кўплаб ҳарбий моддий-техника етказиб берди.
Кенг миқёсдаги бу оммавий сафарбарлик меҳнатларини бажаришда республика давлат хавфсизлиги хизматининг алоҳида ҳиссаси бор. Хизмат ходимлари мудофаа иншоатлари қурилишида бевосита иштирок этиб, душманнинг жосуслик-қўпорувчилик ёки яксону вайронагарчилик қилувчи фаолиятларига йўл бермадилар. Шунингдек, ҳарбий саноат корхоналари маҳсулотларини тўхтовсиз ишлаб чиқариш ва уларни тезкор равишда фронтга жўнатиш ишларини бевосита назорат қилдилар.
-Худойберди Соҳибович, назаримда асосий мавзуга яқинлашмоқдамиз. Аввалдан келишганимиздек, ошкора этиш мумкин бўлган мисоллар билан ҳам ўртоқлашсангиз.
-Қадим тарихидан бошлаб то шу кунгача дунё махсус хизматларининг қатъий вазифалари бор, булар уруш йиллари ҳам истисносиз бажарилган. Хусусан, ўша замонда ҳам давлат ва ҳарбий сирларнинг махфийлигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилган эди. Корхона ва муассасалар раҳбарлари билан ҳамкорликда махфий маълумотларнинг сизиб кетишининг эҳтимолий жойлари аниқлаб чиқилган, алоқа ва транспорт хавфсизлиги кучайтирилди. Хавфсизлик хизматининг кам сонли ходимлари зиммасига ўта масъулиятли вазифалар юклатилди.
Давлат хавфсизлигини таъминлашда ҳарбий цензура ходимларининг ҳам катта хизмати бор. Давлат мудофаа қўмитасининг 1941 йилнинг 6 июлдаги махсус қарори билан Қизил армия Бош штаби ва Бош денгиз штаби директиваси билан ташкил этилган ҳарбий почта ва станцияларга келиб тушадиган мактуб ёзишмаларини ошкора сиёсий назоратини амалга оширишга рухсат берилган эди. Фронтдан республикамизга келаётган ва фронтга жўнатилаётган хатлар тўлиқ назоратга олинди. Бундан кўзланган мақсад совет режимига қарши фикрлар, махфий маълумотларнинг ошкор этилиши ва турли шов-шувларнинг олди олинишига қаратилганди.
-Махсус хизмат вакилларининг фронторти меҳнатлари тўғрисида тассаввурга эга бўлдик. Энди бевосита жанг майдонларида ҳам жасорат намуналари кўрсатишган, деб эшитган эдим…
-Албатта, хизмат ходимлари нафақат мамлакат ичкарисида хавфсизликни таъминладилар, балки фронтнинг олди қаторларида туриб, фашистларга қарши кураш олиб бордилар. 1941-45 йилларда республикамизнинг икки мингдан ошиқ хавфсизлик ходимлари ҳарбий контрразведкачи бўлиб армияга юборилган эди. Улар иккинчи жаҳон урушининг барча фронтларида қатнашдилар. Белгилаб берилган вазифалардан ташқари гитлерчиларга қарши бевосита курашдилар, кези келганда рота ва батальонларга қўмондонлик қилганлар. Фронтдаги хизматлари учун бир ярим мингдан ошиқ хизматчилар орден ва медаллар билан тақдирланган. Афсуски, қаҳрамонларимиз барчасининг номларини санаб ўтишга имкон йўқ!..
-Сиз ҳархолда иккинчи жаҳон урушида қатнашган Хизмат фахрийлари билан учрашган бўлишингиз керак. Улардан эшитган лавҳалардан парчаларни газетхонларга ҳам айтиб берсангиз яхши бўлар эди.
-Уруш қатнашчиларининг айримлари билан хавфсизлик идораларида бирга ишлаганман, уларнинг суҳбатларидан баҳраманд бўлганман ва бунинг учун беадад шукурлар айтаман. Илтимосингизга кўра, ўша суҳбатлар ва архив ҳужжатлари асосида айрим воқеаларни сўзлаб бераман.
Фарғоналик Борис Михайлович Митрофанов Иккинчи жаҳон урушида кўрсатган жасоратлари учун Қизил юлдуз ва Ватан уруши орденларининг учала даражалари, 20 та, шундан иккитаси чет элнинг медаллари соҳиби. Тошкентдаги махсус хизматлар мактаби талабаси Белоруссияга Хизматга ишга юборилади.
Тўрт йил уруш остонасидан чиқмайди: Москва мудофаасида қатнашади, Курс дугасида кўрсатган қаҳрамонлиги учун биринчи Қизил юлдуз ордени билан тақдирланади. Днепрни кечиб ўтиш ва Сандомир майдонидаги жанглардаги хизматлари учун Ватан урушининг иккинчи даражали ордени билан мукофотланади. Бу орденнинг биринчи даражасини Прага шаҳрини озод қилиш учун олади. Урушни эса 1945 йилда Берлинда тугатади.
Борис Михайловичнинг менга айтиб беришича, олти нафар тезкор сафдош ходимларидан икки нафаригина ватанларига соғ-омон қайтиб келишган. Чекистларнинг саъй-ҳаракатлари билан бир неча марта армия ичидаги катта-кичик низолар бартараф этилган, жамоани жанговор руҳда тарбиялашга ҳисса қўшганлар.
Бошқа устоз ҳамкасбимиз Георгий Васильевич Куст урушга 1942 йилда Грозний шаҳрининг мудофаасидаги қақшатгич жангларда қўшилади. Шу ерда биринчи Қизил юлдуз орденига сазовор бўлади. Биринчи Украина фронти таркибида урушнинг охиригача қатнашади.
Уруш қаҳрамони кўксини учта жанговор орден ва бир қанча медаллар безаган, у 1946 йилда Тошкентга қайтиб келади.
Қаҳрамон олтин юлдузи соҳиби Боис Ҳамидович Эргашев ёшлигидан республика ҳуқуқни ҳимоя қилиш идораларида ишлаб, уруш бошланган дастлабки кундан амалдаги армия сафига қўшилади.
1943 йилда Днепр дарёси учун жангларда бевосита иштирок этади. Душман билан аввалига ўтотар қуроллардан отишмалар бўлади, кейин қўл жанги бошланиб кетади. Холдан тойган жангчи ўзини ўлик ҳолга солади. Оғир кирза – чарм этиги билан тепиб кўрган немис фашисти унинг вафот этганига ишонади. Қўлига пулемётини олиб, бизнинг жангчиларга қарата ўқ узмоқчи бўлган пайтда Боис Ҳамидович унинг ўзини ер тишлатиб, жангчиларимизни ўлимдан сақлаб қолади. 1944 йилнинг февраль ойидаги жангда кўрсатган мардлиги учун Қаҳрамон олтин юлдузига сазовор бўлади.
Юқорида санаб ўтган барча қаҳрамонларимиз урушдан кейин яна узоқ йиллар давлат хавфсизлиги идораларида ишлаб, ёшларни ота-боболарининг жанговор анъаналарига содиқ қолиш руҳида тарбиялашга муносиб улушларини қўшадилар.
-Хавфсизлик хизмати вакиллари иккинчи жаҳон уруши йилларида бошқа “фронт”ларда ҳам жасорат намуналарини кўрсатганлар, деб эшитганман, шу тўғрими?
-Тўғри, бу хусусда унча-мунча маълумотларни матбуотда ошкор этишга рухсат олинган. Уруш йиллари ўзбек разведкачилари Афғонистон ва Эронда Берлин-Рим-Токио учлиги томонидан олиб борилган қўпорувчилик ишларига қарши турганлар. Немис фашистларининг агентурасини фош этишда қатор муваффақиятли амалиётларни амалга оширганлар. Шариф Қаюмович Ширинбоев, Айнулла Илажетдинович Мансуров ва Баҳром Иброҳимов чет элларда Абверга (немисларнинг ҳарбий разведка ва аксилразедкаси) қарши фаол фаолият олиб борганлар.
Собиқ иттифоқнинг разведка бошқармаси заҳирасида бўлган Ш.Қ.Ширинбоев афсонавий разведкачи генерал-лейтенант Павел Судоплатов суҳбатидан муваффақиятли ўтади. 1942 йилда махсус топшириқ билан Эронга хизматга юборилади. “Шариф Қаюмий” тахаллуси билан фаолият олиб борган разведкачимиз олти йилдан сўнг ватанига қайтиб келади. Қаҳрамонимиз собиқ иттифоққа қарши қўпорувчилик фаолияти олиб бораётган немис агентурасини фош этиш ишида фаоллик кўрсатади.
Тахминларга кўра, фашистлар разведкаси Теҳронда бўлиб ўтадиган “катта учлик”нинг (СССР-США-Буюк Британия) 1943 йилдаги конференцияси иши давомида давлат раҳбарларига суъиқасд уюштиришни режалайди. Тарихдан маълумки, бу уч иттифоқчи мамлакатлари лидерлари – Иосиф Сталин, Франклин Рузвельт ва Уинстон Черчилл учрашувида урушда иккинчи фронт очилиши ва урушдан кейинги ҳамкорлик масалалари кўриб чиқилади.
Дунёнинг йирик уч давлати лидерларини ўлимдан сақлаб қолиш ва фашистлар Германиясига қарши иккинчи фронтни очишга ҳалақит қилиш тадбирида ўзбек разведкачиси Шариф Ширинбоевнинг ҳам хизматлари бор. Конференция ишининг хавфсизлигини таъминлаш ишида бизнинг қаҳрамонга ҳам махсус топшириқ белгилаб берилади.
Фашистлар разведкаси ғарбий фронтда Ўрта осиёлик жангчиларни асирга тушириб, уларни Эроннинг Гургон вилоятига олиб келиб, “катта учлик”ка қарши жангга тайёрлайди.
Марказнинг топшириғига кўра, “Қаюми” Эроннинг туркман даштларига чиқиб, душманнинг жанговор отряди тўғрисида тўлиқ маълумотлар тўплаб келиши лозим эди.
Самарқандлик бой Худойбердининг ўғли Абдуқодир тўқима ном билан эронлик савдогарларнинг карвонига қўшилиб, улар билан бирга душманлар қўним топган жойгача бориб, уч кун савдо-сотиқ ишлари билан банд бўлади. Бу орада “Қаюми” душман гуруҳининг 67 аъзоси билан яқиндан танишиб олишиб олишга эришади. Гуруҳнинг асл режаси, умумий сони, қуроллари ва бошқа маълумотларни батафсил билиб олади. Теҳронга қайтишдан олдин жанговор тўда аъзоларининг айримлари билан эсдалик учун суратга ҳам тушади. Алал-оқибат кўплаб душман жангчилари қўлга олиниб, фашистларнинг режаси фош этилади. “Катта учлик”нинг конференцияси эса белгиланган вақтда безарар-безиён ўтказилади.
Айнулла Мансуров разведка фаолиятини Югославия ҳудудида олиб борган. Гўёки октябр инқилобидан кейин репрессияга учраган таниқли рус савдогарининг ўғли бўлиб, 1945 йилда немислар томонидан босиб олинган Белград шаҳрига махсус топшириқ билан юборилади. Ундан мунтазам равишда олиб турилган маълумотлар натижасида қисқа муддатда Белград фашистлар томонидан озод этилади.
Унинг хизмат характеристикасида шундай қайдлар бор: “Уруш пайтида уч марта жиддий яраланишига қарамай, у фронтни тарк этмайди, жасурлик, мардлик намуналарини кўрсатиб, шахсий таркибни янги жасоратларга ундаб турган”. Бу хизматлари учун А.Мансуров Қизил байроқ ва Қизил юлдуз орденлари, бир қатор медаллар, шунингдек, Югославиянинг жанговор орденлари билан мукофотланган.
Ўтган асрнинг 30-йилларида собиқ иттифоққа қарши раведка фаолиятлари асосан Англия махсус хизматлари томонидан муҳожирлар кўп яшайдиган Эрон, Афғонистон ва Хитойнинг Шинжон вилоятидан амалга оширилган.
Ўша пайтда Марказнинг топшириғи билан разведкачиларимизга муҳожирлар ташкилотига кириб бориб, улар ичида тегишли ишлар олиб бориш, уларнинг Ўрта осиё республикаларига оид душман режаларини аниқлаш вазифаси юклатилади. Махсус тайёргарликдан ўтган 24 ёшли Баҳром Иброҳимов Эронга хизматга юборилади. Бу пайтда у Ўзбекистонда журналист, шоир ва ёзувчи этиб танилиб улгурган эди. Чет элда эса у совет ҳукуматининг таъқибидан қочган “Маҳмуд Ойқорли” ва “Язучи” тўқима номлар ҳамда таржимаи ҳоллар билан ишга киришади.
Табиатан киришимли бўлган “Ойқорли” 1917 йилнинг ноябрь ойида ташкил этилган Туркистон мухторияти халқ мажлиси депутати бўлган, муфтий Садриддинхон Махсум Шарифхўжаевнинг ишончига киради. Аксилсовет ташвиқоти олиб боргани учун қамоққа ташланган муфтий 20-йилларнинг охирида Тошкентдан қочишга муваффақ бўлади. Эроннинг Машҳад шаҳрида Буюк Британиянинг Марказий разведка хизмати резиденти Хамбер Лянсело Георг билан муносабатлар ўрнатади… Резидентнинг бевосита ёрдами билан “Ойқорли” ва муфтий Афғонистонга кўчиб ўтадилар. Марказнинг розилиги ва муфтийнинг маслаҳати билан Қобулдаги Туркиянинг Афғонистондаги элчиси Эседал билан ҳамкорликка киришади ва унинг айрим топшриқларини бажаради. Бу ҳамкорлик оқибатида “Ойқорли”нинг 1935 йилда Қобулдаги Германия ва Япониянинг элчихоналари ходимлари билан ишончли алоқалар ўрнатишга ёрдам беради.
1934-1936 йилларда собиқ иттифоқнинг Қобулдаги резидентурасини Михаил Андреевич Аллахвердиев бошқаради. Ёшлиги Андижонда ўтган, гимназияни шу ерда тугаллаган, ўзбек тилида эркин муамола қилган. Айнан унинг раҳбарлиги ва бевосита иштироки билан ўша пайтларда Афғонистон ҳудудида фаолият кўрсатаётган немис разведкаси томонидан бошқарилаётган йирик бир гуруҳ фош этилади.
Мен қуйида ҳикоя қилиб бермоқчи бўлган лавҳалар 2014 йилда Москвада “Халқаро муносабатлар” нашриётида чоп этилган “Россиянинг ташқи разведка тарихи” (“История Российской внешней разведки”) китобининг тўртинчи томидан олинди. Алоҳида бир бўлимда “Маҳмуд Ойқорли” ёки “Язучи”нинг кўрсатган мислсиз қаҳрамонликлари ҳақида сўз боради.
Қобулдаги Германиянинг ҳарбий разведка ва аксилразведкаси резиденти Расмус “Маҳмуд Ойқорли”га мурожаат этиб, Абвер манфаатлари йўлида собиқ иттифоқнинг Ўрта осиёдан чиққан муҳожирлар орасида махсус ишларни олиб бориш вазифасини топширади. Бундан ташқари, Афғонистондаги немис махсус хизмат вакиллари билан бирга аксилсовет кайфиятидаги шахсларни аниқлаб, улар орқали “яқин орада немислар Кавказни босиб оладилар, ундан кейин Ўзбекистон ва Тожикистонга ҳамла қиладилар” деган маънодаги сиёсий овозаларни тарқатиш ишига жалб қилиши лозим эди.
Шунингдек, Туркистон ҳарбий округи ҳудудида жойлашган совет қўшинлари тўғрисида маълумотлар тўплаш ҳам унинг зиммасига юклатилган эди.
-Сизнинг гапингиздан маълум бўлдики, “Ойқорли” – “Язувчи” немис тилини билган?!
-Нафақат немис, балки форс ва араб тилларида бемалол гаплаша олган. Шунча тил билиши ҳам разведка ишида анча қўл келган. Бекорга “тил билган дунё танир”, дейилмаган.
Айнан немис тилида эркин мулоқот қила олгани учун ҳам “Ойқорли” Расмуснинг бевосита назорати остида немис разведкачиси, майор Шенк билан алоқага киришида. Шу сабабли фашистнинг режалари, алоқалари тўғрисида хабардор эди. Бундан ташқари афғон-совет чегарасидан Ўрта осиё республикаларига юборилаётган жосуслар ва қўпорувчилар тўғрисида маълумотни қўлга киритар эди. Мамлакатда эса улар эса тезкор ҳаракатлар билан қўлга олиниб, қамоққа ташланар эди.
“Ойқорли”нинг Расмусдан олган маълумотлари бизнинг резидентуранинг диққатидан қочмасди. Архив ҳужжатларидан олинган бир мисол келтираман. 1942 йилнинг 13 октябрь куни Термиз шаҳридан 50 километр шарқда жойлашган чегара йўлагидан 8-10 минг нафар қилич ва Англиянинг винтовкалари билан қуролланган муҳожирлар қўшини Амударёдан кечиб ўтиши тўғрисида Марказга хабар берилади.
Бошқа мисол. Афғонистондаги вазият дипломатик чоралар кўришни тақазо қилар эди. Совет ҳукуматининг топшириғига биноан элчи К.А.Михайлов подшоҳ Муҳаммад Зоҳиршоҳ билан учрашади. Бу учрашув натижасида 1942 йилнинг 13 октябрь куни Карл Расмус Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилиб, унга фашистлар Германиясининг махсус хизматлари Афғонистон ҳудудида қўпорувчилик фаолияти олиб бораётгани тўғрисида нота тақдим қилинади.
Кейинги йилнинг март ойида Афғонистон хавфсизлик идоралари махсус амалиёт ўтказиб, 50 жиноятчини асирга олади. Улар орасида туркистонлик муҳожирларнинг кўзга кўринган таниқли вакили, Германиянинг Қобулдаги миссияси билан алоқада бўлиб турган Маҳмуд “Ойқорли” – Баҳром Ибраҳимовнинг ўзи ҳам бор эди…
Шунингдек, қўлга олинганлар орасида ўша пайтда босмачилар ҳаракатининг таниқли намояндаси Абвер томонидан унга “Ханза” номи берилган бошқа ўзбекистонлик бор эди. У ҳам ўз навбатида немис махсус хизматларига кўмаклашиб келган ва унинг бу ёрдами муносиб тақдирлаб турилган. У “Унион” ташкилотига раҳбарлик қилган. Келажакда Германия қўшини Афғонистонни қўлга киритгач, Туркистонни эгаллаш тадбирларида фашистларга хавфсизлик йўлагини очиб бериши керак эди.
Сўзимнинг охирида разведка тарихи китобидан бевосита иқтибос келтирмоқни лозим топдим: “Германиянинг Афғонистондаги элчиси Пильгернинг баёнотига кўра, “Унион”нинг таназзулга учраши Абвернинг собиқ иттифоққа қарши Афғонистоннинг шимолида олиб бораётган қўпорувчилик ишларининг барбод бўлишига олиб келди”.
Хулоса ўрнида дунё махсус хизматлари бир овоздан тан олган, маълум ва машҳур разведкачи Рихард Зоргенинг “Бизнинг шарқий чегараларда “пўлат қўл” ишлаяпти. Токи у бор экан, омад биздан юз ўгирмайди!”, деб берган баёнотини келтириб ўтиш кифоя қилади, менимча!
20 йилдан ошиқ Баҳром Иброҳимов Афғонистон, Эрон ва Покистонда бўлиб, разведка хизматининг масъулиятли вазифаларини бажариб келган. Жонажон ватанига қайтиб келгач, Жанговор Қизил Байроқ ордени билан тақдирланади.
– Худойберди Соҳибович, сезиб турибман, айтолмай қолган гапларингиз қолиб кетди. Разведкачиларимизнинг ҳали очилмаган қирралари ҳали анча эканига ишондим. Начора, шулар учун ҳам миннатдорлик билдираман. Саломат бўлинг!
Аброр ХОН