Кибермакон ва янги таҳдидлар

Кишилик цивилизацияси XXI асрнинг дастлабки чорагини якунлаш арафасида глобал доирада янгича таҳдидлар, мисли кўрилмаган қарама-қаршиликлар, олдин кузатилмаган янги муаммоларга дуч келмоқда. Айниқса, хавфсизлик билан боғлиқ ҳар қандай каттаю-кичик муаммони фақат якка бир ҳудуд, биргина мамлакат ёки минтақа доирасида ҳал этиб бўлмаслиги ойдинлаша бошлади.

Хусусан, терроризм каби ўлатнинг олдини олиш, унга қарши превентив кураш олиб бориш ва у бўй кўрсатаётган жойлардан таг-томири билан қўпориб ташлаш вазифаси кун тартибига чиқди. Айни йўналишдаги саъй-ҳаракатларни биргаликда, мавжуд куч ва имкониятларни бирлаштириб амалга ошириш кутилган натижаларни кўрсатмоқда.

Бугунги даврда йирик қутблар ўртасида юз бераётган турли англашилмовчиликлар, мураккаб геосиёсий жараёнлар, биз ва ён атрофимиздаги давлатлар, айниқса, ШҲТ ва МДҲ мамлакатларининг тақдирига бевосита дахл қилаётгани масалага жиддий ёндашувни талаб этмоқда.

Юзага келган ўзгача иқлимнинг ўзи мазкур давлатларнинг ички ва ташқи хавфсизлиги ҳамда суверенитети учун янги хавф-хатарларни шакллантирмоқда. Минг афсуски, бу каби чигаллик ИШИД, “Ал-Қоида” ҳамда бошқа турли жангари гуруҳлар томонидан террорчилик таҳдидлари юқори даражада бўлган ҳудудлар учун янада кескин ва турбулент вазиятни вужудга келтириши мумкин.

Бугунги кунда қора кучлар замонавий ахборот коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланиб, ўз сафларига  кўпроқ ёшларни тортишга уринишмоқда. Улар нафақат анъанавий ОАВ, балки дунёнинг барча нуқталарида аллақачон урфга кириб бўлган оммавий коммуникация воситаларини батамом ўзлариники қилишга интилмоқда. Етакчи ижтимоий тармоқлар ва мессенжерлар террорчилар ва одам ёлловчи (вербовкачи)ларнинг тарғибот фаолиятида асосий восита бўлаётгани ачинарли ҳолдир.

Халқаро терористик гуруҳлар турли етакчи медиа каналларда бу соҳадаги фаолиятларини айёрона тарзда амалга оширмоқда. Кези келганда шакл ва усулларини тезкор ўзгартириб, янада такомиллаштириб, уни янги шарт-шароитларга мослаштириб олмоқдалар. Ғаразли мақсадларга йўналтирилган экстремистик контентлар, чақирувлар, даъватлар ҳамда ғоявий тузоқдан иборат турлича материалларни тарқатишнинг энг замонавий, илғор усулларини ўзлаштириб, ҳимоясиз аудиторияни, айниқса, ёшларни чалғитишга уринмоқдалар. Хусусан, учинчи мамлакатларда ишлаётган меҳнат муҳожирларига таъсир ўтказишда тўғридан-тўғри замонавий технологиялар ва усулларни қўллашаётир.

Мана шундай шароитда ШҲТнинг Минтақавий аксилтеррор тузилмаси (МАТТ) X халқаро илмий-амалий конференцияси ва МДҲнинг терроризм ва экстремизмга қарши кураш бўйича иккинчи конференциясининг Тошкентда ўтказилиши ШҲТ ва МДҲ маконида терроризмга қарши курашда ягона ёндашувни ишлаб чиқишни талаб этувчи таҳдидлар яхши англанаётганидан далолат беради.

Хавфсизликка таҳдид солаётган субъектларнинг бугунги кунда шакли шамойили ва турлари жуда кўп. Мисол учун айирмачи (сепаратист) гуруҳлар — ўз давлати ёки автономиясига эга бўлишга уринади ва пайт пойлаб ҳаракатга тушади. Бирданига аюҳаннос солиб, масалага кўпчиликнинг эътиборини қаратади. Айримлари бир пайтнинг ўзида ҳам сиёсий, ҳам националистик мақсадларни кўзлайди.

Кейингиси, турли шаклдаги диний гуруҳлар шаклида майдонга чиқади. Ўз фаолиятини асосан бошқа диндагиларга қарши курашга йўналтиради. Бунга мисол тариқасида Ирландия террористик гуруҳини келтириш мумкин. Улар католиклардан иборат бўлиб, гўёки ўзларини камситилган қилиб кўрсатиб, бошқалардан ўч олиш пайида юришади. Улар барча терактларни простестантлар ва Британия ҳукуматига қарши амалга оширади. Ушбу гуруҳ аъзолари аввало ўзларининг сиёсий мақсади — Ирландия ва Шимолий Ирландияни бирлаштириш масаласини ўртага қўяди. Иккинчидан, улар Шимолий Ирландиянинг Буюк Британия таркибидан чиқишини талаб қилади ва диний ғоя сифатида протестантларнинг устунлигига қарши кураш олиб боради.

Яна бир замонавий йўналишлардан бири, ёлланма гуруҳлар ҳисобланади. Ҳозирги пайтда дунёнинг исталган бурчагига катта пул эвазига жангари етказиб берадиган, “вербовка”ни ўзига бизнес қилиб олган ташкилотлар талайгина. Масалан — француз миллий легиони. Улар жаҳоннинг деярли барча давлатларида фаолият олиб боради. Жумладан, МДҲ давлатлари ва Россияда ҳам.

Замонавий террористлар пухта ташкил қилинган, юқори техник ва технологик воситалар билан таъминланган бўлиб, улар профессионал жиҳатдан яхши тайёрланган бўлади. Кейинги даврда террористларнинг нафақат миллий (миллатчи) гуруҳлари, балки ғоявий бириккан гуруҳлари ҳам кенг ва тез тарқалмоқда. Бу эса оддий миллатчиликдан ҳам хавфлироқ ҳодисадир. Яна бир жиҳати шундаки, террористлар томонидан тобора самарали тактикалардан фойдаланиш амалиёти кўзга ташланмоқда. Айрим давлатлардаги мавжуд кучлар томонидан эса уларга қарши курашишда тажриба етишмаяпти. Ваҳоланки, терроризм, таҳминларга кўра, келгуси йигирма йил мобайнида ҳаётимизга таҳдид солувчи энг катта ва жиддий омил сифатида қолиши мумкин.

Президент Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкентда бўлиб ўтган Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича  халқаро конференция иштирокчиларига йўллаган мурожаатида таъкидлаганидек, бугунги кунда Ўзбекистонда терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегия изчил амалга оширилмоқда.

Ёшларимизни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва уларнинг салоҳиятини рўёбга чиқариш борасида олиб борилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳам уларни турли гуруҳлар ва оқимлар таъсиридан асрашда муҳим омил ҳисобланади. Дунёдаги “қайноқ нуқталар”дан қайтариб олиб келинган шахсларни тинч ҳаётга мослаштириш юзасидан амалий чора-тадбирлар кўрилмоқда. Бу юртимизда том маънода тинчлик ва барқорликни таъминлаш нуқтаи назаридан ижобий натижа бериб, бошқа давлатлар учун намуна бўлмоқда.

Қайд этиш керак, тармоқларда ноқонуний фаолият олиб бораётган, вербовка, яъни ёллаш ҳамда радикал ғояларни кенг, оммавий тарзда, очиқчасига тарғиб этиш ишлари билан шуғулланаётган гуруҳлар камайгани йўқ. Аксинча, айрим интернет сайтларида, оммабоп ижтимоий тармоқларда, умуман олганда, ҳозирги кибермаконда хавф-хатар ва таҳдидлар тобора кучайиб бораётганлиги кишини ташвишга солади. Энг ёмони, улар таъсиридаги Интернет сайтлари миллий чегаралар, сарҳадлар ва ички қонунчилик нормаларини ҳеч ҳам писанд қилмайди ёки умуман тан олмайди.

Мамлактимизда экстремистик ва террористик мазмундаги материаллар жойлаштирилган интернет сайтлари, каналлар, профилларни аниқлаш ва уларни фаолиятига чек қўйиш юзасидан масъул ташкилотлар қатор ишлар амалга оширмоқда. Хусусан, Дин ишлари бўйича қўмита, ДХХ, ИИВ, АОКА ҳамкорлигида интернетдаги радикал диний мазмунга эга контентлар аниқланиб, улар Олий суд қарори билан экстремистик ва террористик материаллар деб топилади. Рўйхат мунтазам янгилаб борилади. Рўйхатда Facebook, Telegram, Instagram, YouTube, Odnoklassniki, TikTokдаги саҳифалар келтирилган.

Чунки ушбу тармоқлардаги бузғунчи ғоялар бугунги кунда аҳолининг нисбатан заиф қатламлари вакилларини, Президентимиз ибораси билан айтганда ёшларимиз ва меҳнат мигрантларини “онлайн манқуртлаштириш” қурбонига айлантирмоқда. Бу гуруҳлар ёшларни ноқонуний гуруҳларга жалб этиш орқали турли жиноятларни содир этмоқда.

Айни сабабдан ушбу йўналишдаги миллий қонунчилик базасини янада такомиллаштириш ва ШҲТ Минтақавий аксилтеррор тузилмаси ва МДҲ Аксилтеррор маркази фаолияти доирасида бу каби хавф-хатар ҳамда таҳдидларнинг олдини олиш ва бартараф этиш, уларга қарши курашиш, тезкорлик билан жавоб қайтариш борасида халқаро ҳамкорлик самарадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Таъкидлаш лозимки, Ўзбекистоннинг Терроризм ва экстремизмга қарши курашиш бўйича миллий стратегияси кенг қамровли, инклюзив ва тизимли ёндашувга асосланган бўлиб, профилактик ва превентив чораларни қўллаш ҳамда вақтида амалий жавоб қайтаришни ўзида мужассам этади. Жамиятда ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш ва очиқ мулоқотни ривожлантириш, айниқса, таълим-тарбия соҳасини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, кўплаб иш ўринларини яратиш ва аҳолининг ишончли ижтимоий ҳимоясини таъминлаш бу борадаги устувор йўналишлар ҳисобланади. Шу билан бирга, биз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш ва қонун устуворлиги тамойилига сўзсиз риоя этишни терроризм ва экстремизмга қарши курашишнинг фундаментал асоси деб ҳисоблаймиз.

Ҳар қандай касалликни даволагандан кўра унинг олдини олиш яхшироқ. Шу маънода терорризм ва экстремизмга қарши курашда ОАВнинг роли жуда катта. Бунда ҳимояланмаган аҳоли қатламлари, ёшлар, хусусан, меҳнат мигрантлари орасида профилактика, яъни аксилтарғибот ишларини олиб бориш кутилган натижани беради.

Кейинги бир йил ичида миллий кибермаконда шиддатли равишда кенгайиб бораётган сунъий интеллект ёрдамида ишлаб чиқилган фейк ахборотлар вазиятни янада чигаллаштирмоқда. Аниқроғи, ижтимоий тармоқдан келган ҳар қандай янгиликнинг фейк ёки ҳақиқат эканлигини аниқлаш масаласи кўндаланг турибди. Чунки ахборот соҳасининг ўзи аллақачон турли ташқи кучларнинг дезинформация ва мисинформация қуролига айланиб бўлган. Бундай вазият ёшларда мустақил равишда оқни қорадан ажратиб олиш кўникмаларинишакллантиришга, яъни медиа ва ахборот саводхонлигини янада оширишга жиддий эътибор қаратишни тақозо этади.

 

                                                                        Беруний АЛИМОВ,

                                                                               шарҳловчи

 

“Халқ сўзи” газетаси

12 сентябрь 2024 йил