Бугун кун давомида ҳеч бўлмаса бир марта янгилик ўқимайдиган ёки эшитмайдиган одам топилмаса керак. Кўпчилигимиз тонгда уйғонишимиз билан телефонимизни олиб, турли платформалардан янгиликлар ўқишни бошлаймиз. Яъни аксариятимизда “янгиликларга қарамлик” эрта тонгданоқ бошланади. Қизиғи, буни режа асосида қилмаймиз, балки ҳаммаси табиий жараён — ақлимиздаги янгиликларга эҳтиёждан.
Тўғри, янгиликлардан хабардор бўлиш, уларга муносабат билдириш ҳам инсоннинг демократик ҳуқуқларидан бири, бироқ танганинг иккинчи томонида айнан хабар-янгиликлар орқали инсон психологиясига таъсир қилиш миссияси ҳамда номаълум тарғиботлар туришини ҳам ёддан кўтармаслик керак, назаримизда. Зеро, ҳар доим ҳам онгостини ақл билан бошқариб бўлмайди.
Келинг, кичик-кичик таҳлиллар қилиб кўрамиз. Масалан, этикдўз ҳар куни устахонасига келади, кун давомида турли янгиликларни ўқийди ёки эшитади. Кеча эшитган хабари бугун унга қизиқ эмас, сабаби, тафаккурида янгиликка бўлган эҳтиёж янгисини талаб қилади. Бироқ кундалик юмуши доим бир хил — буюртма қабул қилиш ҳамда бажариш. Аксарият ҳолда ўз фаолиятига янгилик киритиш ҳақида умуман бош қотирмайди, негаки, унинг онгидаги янгиликка бўлган туғма ўчлик шу хабарлар орқали қопланяпти. Бу — шахсий фожиа.
Кунларнинг бирида ҳамкасбим билан тушлик қилиб ўтирар эканмиз, у бир шов-шувлироқ янгиликнинг “учини чиқариб”, интернетда тарқалганини айтди. Менда безовталик бошланди — нега эрталабдан буён шунча хабар ўқиб, айнан уни кўрмадим? Ёки эътиборсизлик қилдимми? Ишонасизми, шу янгиликни ўқимаганимдан ўзимни айбдор ҳам ҳис қила бошладим. Ҳа, айнан айбдор ҳис қилдим ўзимни! Ахир бу янгиликнинг ишимга ҳам, ҳаётимга ҳам, қўйингки, менга умуман алоқадор жойи йўқ эди-ку? Нега бундай бўлди? Мен эса тезроқ тушлик қилиб бўлсак-да, шу янгиликни ўқиб олиш пайида ўтирардим. Ташхис қўйишни эса сизга қолдирмоқчиман.
Бир сафар автобусда икки мактаб ўқувчисининг суҳбатига беихтиёр гувоҳ бўлиб қолдим. Тўрт ёки бешинчи синфда ўқиса керак. Суҳбат мавзуси — океанорти мамлакати. Улар бу юртни шунчалик тасвирлаяптики, йигитлар ўша ерда туғилган бўлса керак, деб ўйлайсан киши. Хулосалари бундай: АҚШда пул топиш осон, яшаш арзон, хоҳлаган ишингни қила оласан, яъни бемалолсан. Бу дунёқараш уларга қаердан сингиб қолгани-ку аниқ, бироқ уларнинг ёшликдан шундай хулоса билан улғайиши фожианинг ўзи эмасми? Айнан янгиликлар орқали бойлик бор ерда ҳамма нарса — ватанпарварлик ҳам, одамийлик ҳам иккинчи даражали, деган тушунчалар сингдирилаётгандек гўё. Ватанпарварликни сўндириш кимга керак?
Бу каби тадқиқотларни яна давом эттириш мумкин, бироқ хулосалар оқидан қораси кўплигини қайта-қайта исботлайверади. Хўш, туғма эҳтиёжга ўхшайдиган хабархўрандалик бизга нима учун керак? Вақт ўтказиш учунми? Ёки улар ҳаётимизни ранг-баранглаштирадими? Балки ахборот қабул қилишнинг ҳам ўз истеъмол меъёрлари бордир? Шу саволлар билан филология фанлари доктори, таниқли журналист Беруний Алимовга мурожаат қилдик.
— Ахборотнинг кўпайиб кетиши “ахборот булимияси”ни кўпайтирмоқда, яъни инсонларни тобора янгиликка ўч қилиб қўймоқда, — дейди Б.Алимов. — Эрталаб туриб янгилик қидирамиз, йўл-йўлакай янгилик қидирамиз, ухлагунча янгилик қидирамиз — бутун кунимиз янгилик излаш билан ўтади-кетади. “Булимия” сўзининг маъносини қисқача тушунтирсак, овқат еб, бироқ тўйиш ҳиссини туймайдиганлар айнан шундай ташхисланади. Кўпчилигимиз ахборот истеъмолида айнан шу касалликка чалинганимиз ҳақиқат.
Ҳаммамиз овқат учун пул тўлаймиз, бошқа хизматлардан фойдаланиш учун пул тўлаймиз, бироқ нега ахборот истеъмоли учун пул тўламаймиз? Нега ахборотни пала-партиш истеъмол қилишни ўзимизга раво кўрамиз? Ишончсиз маълумотлар, нотўғри таҳлиллар психологиямизга қанчалик салбий таъсир этишидан хабаримиз борми? Шу ўринда, мен обуна масаласининг қанчалик аҳамиятга эга эканини тушунгандек бўламан. Айнан биз тўғри ахборот истеъмол қилиш учун ишончли манбаларга обуна бўлмас эканмиз, дезинформациялар ҳамда миссинформациялар онгимизни заҳарлашда давом этаверади.
Юртдошларимиз орасида истеъмол маданияти қандай? Аслида, демократик жамиятларда у қандай бўлиши лозим? Бу борада ҳам Беруний Алимовнинг мулоҳазаларига қулоқ тутамиз:
— Демократик жамият қуриш йўлидан борар эканмиз, ахборот оқимини чеклай олмаймиз. Бироқ халқимизнинг ахборот истеъмоли маданияти ҳамон оқсоқ. Юртдошларимиз ҳануз билиб-билмаган, текширилмаган ҳамда манбаси аниқ бўлмаган янгиликларни қабул қилишда, уларни тарқатишда давом этмоқда. Бу охир-оқибат тушунмовчиликлар ҳамда руҳий тушкунликларни келтириб чиқариши турган гап.
Албатта, ҳақ мулоҳазалар. Чиндан ҳам биз янгиликларнинг тўғри-нотўғри эканига эмас, бизни қанчалик ҳайратга солишига эътибор бериб қолдик. Салбий янгиликлар оқими шундай шиддатлики, унинг нуқси табиатимизга ҳам ургандек. Буни бир томонлама ёндашув, дерсиз, бироқ тўғри истеъмолни ўрганмас эканмиз, танганинг икки томони ҳам салбий ифодани акс эттираверади. Муаммо ана шунда.
Хабарлар, асосан, расмий саҳифалар, халқаро ахборот агентликлари ҳамда катта-кичик хусусий манбалар томонидан тарқатилади. Расмий манбаларда-ку аниқ мақсадлар ҳамда фаолият акс этиши равшан, бироқ халқаро ахборот агентликлари янгилик улашиш ортидан қандай мақсадлар кўзлаганини тушуниш мушкулроқ. Илгари улар фақатгина улкан аудитория учун ҳаракат қилган бўлса, айримлари бугун катта кучларнинг истак-иродаларини амалга оширишда камарбаста бўлмоқда. Афсуски, улар қандай кучлар ва аниқ мақсадлари нима, орада қандай келишувлар мавжуд — буларни оддий ўқувчи бўлиб очиқлай олмайсиз.
Шунчаки табиий содир бўлгандек кўринувчи ҳодисалар уюштирилиши ҳамда “тарқатувчилар” жараённи ёйишни зиммаларига олган бўлиши мумкин. Бунинг номи — тарғибот. Айнан шу усул орқали удумга айланган юзлаб иллатлар мавжуд, десак буни тарих тасдиқлайди.
Учинчи оқим — якка ва хусусий манбалардан тарқалувчи янгиликлар. Энг “болаловчи” хабарлар ҳам айнан шулардан ёйилади. Кўп ҳолларда уларнинг мақсади — шов-шувлар орқали ўз аудиториясини ошириш ҳамда муттасил даромад манбаига эга бўлиш. Ачинарлиси, улар бу йўлда шахсий дахлсизлик, миллатпарварлик чегараларини топтаб ўтишгача бориши мумкин. Медианинг энг жирканч усулларидан фойдаланган манбалар, табиийки, катта қизиқиш билан ўқилади. Ахир одамзод нафси табиатан “қонли томошалар”га, танқидга мойиллигини илм-фан исботлаб бўлган.
Янгиликларга қарам бўлиб қолиш оқибатларини ўрганиш учун психологларнинг бу борадаги фикрлари билан қизиқдик. Афсуски, хулосалар ижобий эмас. Биз атаганимиз хабархўрандалик, ёшидан қатъи назар, ҳар бир инсоннинг шижоатини бутунлай сўндиришгача, умидсизлик гирдобига чўктиришгача олиб бориши мумкин. Шу ўринда, бу жараён катталарга қандай таъсир этади, болаларга қандай таъсир этади, деган алоҳида-алоҳида таҳлилдан воз кечамиз. Чунки зарар барчага бирдек!
Хабархўрандаликнинг яна бир салбий оқибати шуки, вақтни бошқариш принципи буткул издан чиқиб кетади. Сиз бўш вақтингизнинг асосий қисмини шахсий ривожланишга эмас, янгилик ўқишга ажрата бошлайсиз. Бу “ажратиш” борган сари кўпаяди. Фақат воқеа-ҳодисаларга ўрганган тафаккур бадиий ёки касбий китоблар мутолаасидан умуман завқ олмай қўяди. Ахир диққат-эътиборингиз аллақачон реал вақт билан қадам-бақадам ҳаракат қилишга мослашиб бўлди, сизга умуман алоқадор бўлмаса ҳам.
Хўш, хабархўрандалик зарар экан, ундан қандай ҳимояланиш керак? Бу борада бизда таклифлар бор.
Энг аввало, буни ўзингиздан бошланг. Сиз нималарни ўқияпсиз, улар ўзи сизга нима учун керак? Касбингизга, умуман, ҳаётингизга тааллуқли жойлари борми? Шу саволлар билан ўзингизни чуқур таҳлил қилинг. Шубҳасиз, натижада ўнлаб, ҳатто юзлаб манбалар сизга кераксиз бўлиб чиқиши мумкин. Кераксиз нарсаларни эса сақлашдан не наф? Улардан воз кечинг.
Иккинчидан, хабар ўқишда ҳам худди овқатланишда парҳез қилганингиз каби йўл тутинг. Бунинг ўрнига бадиий асарлар, таҳлилий мақолалар ўқишни одатга айлантиринг. Сиз бутун дунёда бўлаётган воқеаларни билишга мажбур эмассиз, бироқ маънавий дунёнгизни юксалтиришга масъулсиз. Энди ўйлаб кўрайлик, қай бирининг фойдаси зиёда?
Учинчидан, текширувчан бўлинг. Расмий, деб ёзилган хабарларнинг ҳаммаси ҳам расмий бўлмаслиги, аниқ, дейилган манбаларнинг илдизи умуман номаълум бўлиши ҳам мумкин. Бу борада энг мақбул ечим — таққослаб кўра билиш. Айнан таққослаш гуручни курмакдан ажратади.
Тўртинчидан, фарзандларингизга ахборот истеъмоли маданиятини ўргатинг, янгиликларни қайси манбалардан оляпти, у манбалар нималарни тарғиб қилмоқда, мунтазам текшириб туринг. Зеро, чексиз интернет майдонида XXI асрнинг асосий қуроли бўлган ахборотдан ўзингизни фақат ўзингиз ҳимоя қила оласиз.
Ғанимат умримизни мазмунли ўтказиб, тафаккуримиз заҳарланишига қўйиб бермайлик, фарзандларимиз ахборот қули эмас, ижобий янгиликлар мавзуси бўлиб вояга етсин.
Жонибек АЛИЖОНОВ,
“Янги Ўзбекистон” мухбири
(“Янги Ўзбекистон” газетаси, 2024 йил 10 февраль, № 30)