Аннотация. Трэвел журналистика форматида география, этнография, маданият, туризм ва бошқа шу каби қатор контекстлар қамраб олинади. Умумий журналистика каби трэвел журналистика ҳам ўзининг қадимги бошланиш нуқталарига эгаки, ушбу мақола доирасида жаҳон трэвел протожурналистикаси ривожланиши босқичлари, ушбу жараёнда 1050 йиллиги нафақат Ўзбекистонда, балки бутун дунёда кенг нишонланаётган Шарқнинг буюк мутафаккири Абу Райҳон Беруний меросининг тутган ўрни ҳақида фикр-мулоҳазалар илгари сурилади.
Калит сўзлар: трэвел-журналистика, протожурналистика, саёҳатнома, Беруний мероси, юбилей, халқаро медиамакон, тарғибот.
Abstract. The format of travel journalism covers geography, ethnography, culture, tourism and other such contexts. Travel journalism, like general journalism, also has its ancient starting points. Within this article, the stages of the development of world travel proto-journalism, the role of the legacy of Abu Rayhan Beruni, the great thinker of the East, whose 1050th anniversary is widely celebrated not only in Uzbekistan, but also in the whole world, will be discussed.
Keywords: travel journalism, proto-journalism, travelogues, Beruni’s legacy, anniversary, international media space, propaganda.
Аннотация. Формат трэвел-журналистики охватывает географию, этнографию, культуру, туризм и другие подобные контексты. Трэвел-журналистика, как и общая журналистика, имеет свои древние отправные точки. В рамках данной статьи рассматриваются этапы развития мировой протожурналистики путевых записок, роль наследия Абу Райхана Беруни, великого мыслителя Востока, 1050-летие со дня рождения которого широко отмечается не только в Узбекистане, но и во всем мире.
Ключевые слова: трэвел-журналистика, протожурналистика, травелоги, наследие Беруни, юбилей, международное медиапространство, пропаганда.
Шарқнинг буюк мутафаккири ва қомусий олим Абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050-йиллигини кенг нишонлаш тўғрисидаги Президент қарори қабул қилинди. Унга кўра, 2023-йилда буюк мутафаккир ва қомусий олим юбилейи ЮНЕСКО шафелигида халқаро миқёсда кенг нишонланади.
Кишилик цивилизациясининг қайси босқичига қараманг, маълум бир замин ва замонда яшаган халқнинг кундалик турмуш тарзи, теварак атрофдаги ўзгаришларни, янгиликларни, қолаверса орзу-умидларини батафсил ифодалашга, аниқ маънони англатувчи расмлар, битиклар, ёзувлар қолдиришга ҳар доим эҳтиёж бўлган.
Кўпчилик медиа тадқиқотчилар томонидан Ўрта Осиё, Яқин Шарқ ва Жанубий Америка мамлакатларидан топилган петроглифларнинг жаҳон протожурналистикасининг дастлабки кўринишлари сифатида эътироф этилиши бежиз эмас. Чунки уларда ўша давр ҳаётига оид энг ишончли далиллар ўз ифодасини топган.
Мисол учун Ўзбекистон ҳудудидаги Сармишсой дараси ва унинг атрофидаги 2,5 километрга чўзилган қоятошларда 7000 дан ортиқ петроглифлар борлиги аниқланган. Бундан 5-7 минг йил илгари яшаган аждодларимиз томонидан ҳайвонларни хонакилаштириш ишлари олиб борилганини айнан ана шу қоятош суратларида акс эттирилган.
Ундан кейинги даврларда эса қадимги юнон олимлари, шоиру ёзучиаларининг тарихий, илмий-ижодий ишлари юзага келади. Шу маънода Ҳомернинг эрамиздан олдинги VIII асрга оид Одиссея эпоси, “тарих отаси” сифатида ном қолдирган Ҳеродотнинг география ва этнографияга (эр.олдин 484–425й.й.) оид қатор бебаҳо асарларини санаб ўтиш ўринлидир.
Назарий жиҳатдан юқоридаги каби асарларни ҳозирги трэвел журналистикасининг бевосита дебочаси, илк кўринишлари сифатида баҳолаш учун етарли асослар бор.
Шарқ мамлакатларида ҳам ёзма ҳикоячилик қадимдан яхши шаклланган. Тарихий нуқтаи назардан олиб қаралганда айнан нома жанрини замонавий трэвел журналистиканинг юзага келиши жараёнида муҳим роль ўйнаган, дейиш мумкин.
Трэвел журналистика (ингл. travel journalism) – масс медиадаги алоҳида йўналиш бўлиб, унда асосий эътибор турли саёҳатлар давомида тўпланган маълумотларга қаратилади.
Нома (форс. хат, мактуб) шунчаки хат, мактуб, фармон, ёзилган нарса маъноларини билдирибгина қолмасдан, балки у бирор тарихий шахс ёки асар қахрамонининг саргузаштлари, сафар таассуротлари, ички кечинмалари назм ёки насрда баён этилган ҳар қандай (бадиий, илмий, мемуар ва б.) асар тури ҳам ҳисобланади.
Масалан, Заҳириддин Муҳаммад Бобурнинг (1483-1530) “Бобурнома” асари. Унда Ўрта Осиё, Афғонистон, Ҳиндистон ва Эроннинг тарихи, геогрофияси, топографиясига оид қимматли маълумотлар келтирилган. Шунингдек, адабиётшунослик, тилшунослик, этнография, педагогика ва бошқа фан соҳаларига доир жуда қимматли факт ва маълумотлар берилган. Энциклопедик характерга эга асар ўша давр ўзбек адабий тилининг ёрқин намунаси эканлиги билан мухим аҳамият касб этади.
“Бобурнома” XV аср охири XVI асрнинг биринчи ярмидаги Мовароуннаҳр, Хуросон, Ҳиндистон, Эрон халқларининг тарихини ўзида акс эггирган бўлса-да, у ўша даврдаги жуда кўп долзарб иқтисодий, ижтимоий масалалар, ҳудудларнинг ўзаро сиёсий-иқтисодий ва савдо муносабатлари, жуғрофий мавқеи, иқлими, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси, тоғлари, дарёлари, халқлари, қабила ва элатлари ва уларнинг яшаш шароитлари, урф-одатлари, муҳим тарихий иншоотлари, шунингдек, ҳиндулар ва мусулмонларнинг ибодатхоналари, тўй ва дафн маросимлари ҳақида ниҳоятда нодир маълумотларни ўзида қамраб олган асардир.
Муқимийнинг “Саёҳатнома” ва Шайхзоданинг “Тошкентнома” асарларини ҳам шу маънода санаб ўтиш мумкин.
Ушбу мақола доирасида Шарқнинг буюк мутафаккири Абу Райҳон Беруний меросининг жаҳон трэвел протожурналистикаси ривожланишига қўшган ҳиссаси ҳақида айрим фикр-мулоҳазалар юритилади. Ўзи яшаган даврда “Осорул-боқия анил-қурунил-холия” (“Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар”) асари Берунийга жуда катта шуҳрат келтирган, уни фаннинг барча муҳим соҳаларига қизиқувчи буюк олим эканини бутун дунёга кўрсатган. Бундан ташқари, Беруний астрономия, метрология тарихига оид 10 дан ортиқ асар ёзган.
Беруний яратган асарлар орасида ҳам ҳажми, ҳам аҳамияти жиҳатидан энг йириги “Ҳиндистон” ҳисобланади. Ҳозирги ҳинд олимларининг фикрича, Ҳиндистон ҳақида ҳалигача ҳиндларнинг ўзлари ҳам шундай батафсил ва илмий жиҳатдан қимматли асар яратмаганлар. Шу сабабли ҳиндлар бобоколонимиз Беруний номини чуқур ҳурмат билан тилга оладилар.
Беруний Ҳиндистон ҳақида асар ёзар экан, ҳиндлар ҳаёти, урф-одати, айниқса, эътиқодига оид диний китоблар билан батафсил танишади. Буюк олим фақат ҳинд китоблари билан қаноатланмай, балки қадимги юнон, рим адиблари асарларидан ҳам кенг фойдаланди.
“Ҳиндистон” асарининг рус тилига таржимаси учун сўз боши ёзган (1961й.) олимлар А.Б.Холидов ва В.Г.Эрманларнинг қайд этишича, Беруний асарда Ҳомер, Платон, Аристотель, Иоанн Грамматик, афродизиялик Александр, тианлик Аполлоний, Порфирий, Аммоний, Арат, Гален, Птоломей кабиларнинг асарларидан фойдаланган.
Кўпчилик олимларнинг эътирофича, Берунийнинг “Ҳиндистон”ига ўхшаган асар умуман фан тарихида учрамайди. Асарда ҳам мамлакат, ҳам ярим орол халқлари ҳақида шунчалик бой маълумот бериладики, ақл бовар қилмайди. Хусусан бу ҳудуддаги диний табақалар, эътиқодлар, хурофот, фалсафа, аниқ фанлар, қонун ва урф-одатлар, диний-тарихий афсоналар, ёзув турлари, ярим орол жўғрофияси, адабиёти ва ҳоказолар батафсил келтирилади.
Асарнинг айниқса XVIII боби трэвел протожурналистикаси нуқтаи назаридан муҳим аҳамият касб этади. Унда Ҳиндистон географияси ҳақидаги билимлар тафсилоти тушунарли, илмий-оммабоп тилда берилган бўлиб, жумладан мамлакатдаги дарёлар, денгиз ҳамда бу ердаги вилоятлар ва мавжуд чегара ҳудудлари ўртасидаги масофалар тўғрисида аниқ маълумотлар киритилади:
“…Ганга дарёсининг Ғарбида жойлашган Каннауж шаҳри ҳудудий жиҳатдан жуда катта ерни эгаллайди. Бироқ айни пайтда унинг асосий қисми бузилган, вайрона ҳолатда ташлаб кетилган. Чунки подшоҳ ўтирадиган жой Каннауждан Ганга Шарқидаги Бари шаҳрига кўчирилган…”
Бундан 1000 йил олдинги даврда “мамлакатдаги империя династиясининг уйи” бўлганлиги Беруний томонидан қайд этилган ана шу шаҳар ҳозир мамлакатдаги йирик штатлардан бири – Уттар Прадеш таркибига киради. Каннауж айни пайтда “Ҳиндситоннинг атир пойтахт” номи билан машҳурдир.
“…Бҳотешар – бу Тибет адирларининг бошланишидир. Ўша ердан тепага қараб кетганда одамларнинг тили, ташқи кўриниши ҳамда юз тузилиши ўзгара бошлайди. Бу ердан тортиб тоғнинг тепа қисмидаги довонгача йигирма фарсах масофа бор. Энг юқори нуқтага чиқиб пастга қарасангиз, Ҳиндистон туман остига яширинган қора рангли ҳудудга ўхшайди, довондан қуйида жойлашган тоғлар эса гўёки кичик қоялар каби кўринади. Тибет ва Хитой тарафга боқсангиз, бу ҳудудлар қизил тусда кўзга ташланади. Уларга томон тушиб бориш учун бор-йўғи бир фарсахдан ҳам камроқ масофа босиб ўтсангиз кифоя…”
Беруний берган маълумотга кўра, Бҳотешар тепалигидан Тибет ерлари орқали ҳисоблаганда Кашмиргача бўлган масофа узунлиги 300 фарсахдан иборат бўлган.
Бир сўз билан айтганда Абу Райҳон Беруний мазкур асарида мамлакатни шу қадар батафсил ва мукаммал тарзда тасвирлаганки, асрлар давомида дунё олимлари, умуман хорижликлар ушбу субконтинентга нисбтан “Берунийнинг Ҳиндистони” (Al-Beruni’s India) иборасини бежизга ишлатмаганлар.
Ҳозирги даврда трэвел журналистикаси медиа соҳасига кириб келаётган ахборот коммникация технологиялари туфайли шиддатли тарзда ривожланмоқда. Бутун дунёдаги каби Ўзбекистонда ҳам трэвел блогерлиги тараққий этмоқда. Соҳага доир махсус босма ва онлайн нашрлар пайдо бўлмоқда.
Жорий қилинаётган мультимедиавийлик ушбу йўналишнинг таъсирчанлиги, қамрови ва тезкорлигини мисли кўрилмаган даражада оширмоқда. Бироқ трэвел журналистикасининг сифатини, унинг асрлар оша кейинги авлодларга учун қизиқарлилик ва аҳамиятлилик даражасини сақлаб қолишга эътибор қаратилаяпти деб бўлмайди. Уларнинг аксариятида муаллифнинг енгил-елпи, юзаки ёки йўлма-йўлакай ёндашуви сезилиб қолмоқда. Бу албатта тадқиқотлар учун алоҳида мавзу ҳисобланади.
Юқоридагиларни инобатга олган ҳолда, Абу Райҳон Беруний қолдирган бебаҳо меросни республикада фаолият олиб бораётган журналистика олий мактабларининг ўқув дастурларига киритиш, бу борада илмий тадқиқоқтлар олиб бориш ҳамда уларни халқаро медиа маконда кенг тарғиб этиш масаласи бўйича қуйидаги фикр-мулоҳазалар ва таклифларни илгари суриш мумкин:
- Журналистика таълим йўналишлари мавжуд бўлган республикамиздаги барча ОТМларда жаҳон журналистикаси тарихи фанининг протожурналистика курси доирасида Абу Райҳон Беруний қолдирган буюк меросни қамраб олиш, хусусан унинг “Ҳиндистон” асарини атрофлича чуқур ўрганишни жорий этиш зарур.
- Абу Райҳон Беруний меросини журналистика тарихи нуқтаи назаридан чуқур ўрганиш мақсадида илмий тадқиқотлар олиб бориш, шунингдек, илмий семинар ва давра суҳбатлари, халқаро конференциялар ташкил этиш керак.
- Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ вакилларининг ўзбекистонлик Беруниёшунос олимлар билан интервью ва суҳбатлар ташкили этиш, улар томонидан амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳақида чет эл мухбирлари билан ҳамкорликда мақолалар ташкил этишни йўлга қўйиш керак.
- Беруний меросини нафақат миллий ОАВ балки халқаро медиа майдонда кенг тарғиб қилиш мақсадида журналистлар пулини (гуруҳини) ташкил этиш ҳамда алоҳида медиа-режа ишлаб чиқиш зарур. Натижада жаҳон ахборот майдонидаги Янги Ўзбекистон илмий бойликларига оид нуфузи, имижини ошириш мумкин.
- Беруний қолдирган илмий меросини ўзбек тилида ва БМТ ташкилотининг барча расмий тилларида турли замонавий мультимедиа маҳсулотларини тайёрлаш (масалан, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, Беруний асарларининг электрон таржималари ва ҳк) ва уларни хориждаги Ўзбекистон элчихоналари орқали чет эл журналистлар ҳамда халқаро жамоатчилик вакиллари кенг тарқатиш зарур.
- Беруний меросига доир виртуал музей ташкил этиш керак. Ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида. Музейда Берунийнинг оригинал қўлёзмалари, уларнинг олимларимиз томонидан қилинган таҳлили ва Беруний асарлари кутубхонаси ўрин олади. Бу Берунийни жаҳонга танитишга ёрдам беради.
- Берунийнинг 1050 йиллик юбилейиа бағишлаб ўтказиладиган халқаро илмий анжуманлар ва юбилей тадбирларини кенг ва самарали ёритиш учун хориждаги етакчи ОАВ вакилларини бевосита жалб этиш зарур.
Фойдаланилган адабиётлар
- Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 25 августдаги ПҚ-361-сон “Буюк мутафаккир ва қомусий олим абу Райҳон Беруний таваллудининг 1050 йиллигини халқаро миқёсда кенг нишонлаш тўғрисида”ги қарори. https://lex.uz/docs/6172044
- Бируни А. Индия: Пер. с араб./Репринт с изд. 1963 г. – М.:Ладомир, 1995. – 727 с.
- Неъматова Ҳ. Сафарномаларда мавзу муштараклиги. Oriental journal of history, politics and law, 2022й., август. 123-129 бетлар.
- Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Бобурнома, Т.: “Ўқитувчи”, 2008.
- Туляганов А. ва бошқалар, Ҳиндистон Республикаси: қадимги тарих ва замонавий давлат ва ҳуқуқ. ЎзФА Давлат ва ҳуқуқ институти, 2022.
- Galatsopoulou F. Module 2. The history of Travel Writing and Travel Journalism, Aristotle University of Thessaloniki, School of Journalism and Mass Communications, Greece Thessaloniki, Spring Semester 2013-2014.
- Нома, https://qomus.info/encyclopedia/cat-n/noma-uz/.
8. Трэвел-журналистика, https://dic.academic.ru/dic.nsf/ruwiki/1653045
Беруний Алимов,
Янги медиа таълим маркази ННТ директори,
филология фанлари доктори
Манба: Ўзбекистон матбуоти журнали,
2023 йил 2-3сон. 85-88 бетлар.