Бугун инсоният ўз цивилизациясининг шундай бир нуқтасидаки, коммуникация технологияларининг шиддатли ривожланиши баробарида у ахборот эркинлигининг кишилик тарихида мисли кўрилмаган чўққисига етди.
Фейк сўзининг этимологиясига қарасангиз, у инглиз тилида дастлаб бозордаги товар ёки маҳсулотларнинг қалбакилаштирилган сохта турларига нисбатан ишлатилганлигига гувоҳ бўласиз. Бироқ бу сўз кейинги даврда нафақат сифатсиз маҳсулотга, балки уйдирма, тўқима ва ҳар қандай асоссиз янгиликларга нисбатан ҳам ишлатиладиган бўлди. Ҳатто Сollins луғатига кўра, fake news кейинги 5-10 йил ичида жаҳонда миқёсида ишлатилиши бўйича биринчиликни қўлдан чиқармаяпти. Афсуски, Ўзбекистон ҳам бундан истистон эмас.
“Сохта янгиликлар” турли акторлар томонидан турли хил мақасадларда ишлатилади. У қасддан тўқилган ёлғон бўлиб, ўқувчиларни чалғитувчи янгиликлар кўринишидаги дезинформацияга айланади. Шундай бўлса-да, иборанинг сиёсий риторика сифатида воситалаштирилиш орқали уни бир мунча чалкаштириб юборади.
ЮНЕСКОнинг 2018 йилда чоп этилган “Журналистика, сохта янгиликлар ва дезинформация” бўйича ҳисоботига кўра, “сохта янгиликлар” ҳақиқатан ҳам жамоатчилик манфаатларига зид келади. Яъни реал янгиликларнинг ишончлилигига путур етказади. ЮНЕСКО дезинформация ва мисинформация атамаларидан фойдаланишни афзал кўради. Улар амалиётда фақат янгиликлардан иборат бўлмайди, яъни турли кўриниш ва шаклларда бўлиши мумкин. Жумладан, ОАВ ва ижтимоий тармоқлардаги янгиликлар контекстида, интернет мемларида, ҳатто Википедия ёзувлари ва бошқаларда учрайди.
Ушбу ёндашувда дезинформация барча ёлгғон ва чалғитувчи контент учун соябон вазифасини бажаради. Шу билан бирга, ЮНЕСКО дезинформацияни одамларга ишончсиз контентни қасддан (кўпинча уюштирилган) одамларни чалғитиш ёки уларни манипуляция қилиш мақсадида етказишга уриниш, деб ҳисоблайди. Мисинформацияга эса манипуляцион ёки ҳеч қандай ёмон ниятларсиз текширилмаган контентни яратиш ёки тарқатиш деб қаралади. Иккаласи ҳам жамият учун муаммоли ҳисобланади. Лекин дезинформация, айниқса хавфлироқдир, чунки у тез-тез учрайди, қолаверса яхши манбалар билан таъминланган ва автоматлаштирилган технология билан мустаҳкамланган бўлади.
Тўғри, айрим ҳолатларда журналистика хатоларга йўл қўйиши мумкин ва одатда бу ҳатоларни тезда тузатиш керак бўлади. Аммо профессионал стандартлардан илҳомланиб жамоатчилик манфаатларида яратилган маълумотларда йўл қўйилган кўз илғамас техник ҳатолар, яъни ноаниқликлар аслида дезинформация ҳисобланмайди. Журналистикада матн ичида турли фактларга урғу бериш, ижобий маънода улардан бўрттириб фойдаланиш каби ҳолатлар плюралистик ахборот муҳитини ифлослантириш учун ёлғондан атайлаб фойдаланадиган дезинформацияга тенг келолмайди.
Нима бўлганда ҳам фейк янгиликлар ва дезинформацияга қарши курашда бўшашиш кетмайди. Унга нисбатан ҳар доим жиддий, совуққон ва танқидий муносабатни сўндирмаслигимиз керак.
Лекин уларни тартибга солиш ҳаракатлари бошқа кўплаб янги муаммоларни келтириб чиқариши мумкин. Энг муҳими, ҳар қандай тартибга солиш ҳаракатлари ҳамда том маънодаги сўз эркинлиги ҳуқуқи орасида тегишли мувозанатни таъминлашни унутмаслигимиз лозим.
Олдинги даврларда жуда кўп мамлакат ҳукуматлари ёлғон хабарларга ўхшаш контентга қарши курашиш баҳонасида оммавий ахборот воситалари томонидан билдирилган танқид ва норозиликни кескин бостиришга уриниб келган ва бу жараёнда фуқароларнинг сўз эркинлиги ҳуқуқини очиқдан-очиқ бузган.
Малайзияда фейк янгиликларга қарши қонун ҳақида. 2018 йил апрел ойида Малайзия сохта янгиликларга қарши қонунни қабул қилди. Ушбу ҳужжат “янгиликлар, маълумотлар, ахборот ва мақолаларнинг тўлиқ ёки қисман ёлғон бўлган”ларига ажратади. Хусусан, қонуний категориялаш медиа матндаги турли функциялар, визуал тасвирлар ҳамда аудиоёзувларга нисбатан қўлланилади. У мамлакатдаги барча рақамли медиа, интернет нашрлар ва ижтимоий тармоқларни тўласича қамраб олади.
Эътиборли жиҳати шундаки, мазкур қонун Малайзия ҳукумати ёки оддий фуқаро зарар кўрган ҳолатларда, Малайзия ҳудудидан ташқаридаги ҳуқуқбузарларга, шу жумладан чет эл фуқароларига ҳам тегишли ҳисобланади.
Сохта янгиликларга қарши қонун бўйича жиноятлар олти йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси ва максимал RМ500 000 миқдорида маъмурий жазони ўз ичига олади. Қонун, шунингдек, ҳукуматга нашр этилган мақолаларни ОАВдан олиб ташлаш ва агар миллий хавфсизликка оид хавотирлар мавжуд бўлса, эътирозларни судга оширмасдан туриб, буйруқ бериш ваколатини ҳам беради.
Бу борада кейслар йўқ эмас. Эътибор беринг. Малайзия суди Дания фуқаросини ижтимоий тармоқларда полицияни нотўғри, асоссиз танқид қилгани учун айблади. Жаноб Сулаймон YouTubeда фаластинлик ўқитувчи отиб ташланганида полиция ёрдам қўнғироғига шу заҳоти эмас, 50 дақиқадан сўнг жавоб берди, деб видео жойлаштирганидан кейин, “ёлғон хабар тарқатиш”да айбланган эди.
Аслида полиция қўнғироққа 6 дақиқа вақт ичида жавоб бергани тасдиқланган. Суд жараёнида жаноб Сулаймон ўз айбини тан олган ва у жаримани тўлашга қурби етмагани учун бир ой қамоқда ўтиришга мажбур этилган.
Шуни таъкидлаш ўринлики, юқоридаги қонун дастлабки даврда аҳоли томонидан турли хавотирлар, жиддий танқид билан кутиб олинган эди. Айниқса, сиёсий мухолифатдагилар бу ҳужжат давлат амалдорларини танқид қилишни бостириш учун ишлатилишини таъкидлаган эдилар. Айниқса, матндаги айрим ноаниқликлар мавжудлиги, унинг жамоатчилик иштирокисиз парламент жараёнларидан тезда ўтказиб юборилганлиги, шунингдек, полицияга ҳибсга олиш ваколати берилганлиги сабабли омма орасида ҳадиксираш ва қўрқувлар пайдо бўлган эди.
2018 йил июнь ойида Малайзияда сиёсий раҳбарият ўзгарганидан сўнг, мамлакатнинг БМТдаги элчиси ушбу халқаро ташкилотнинг сўз эркинлиги бўйича махсус маърузачиси Девид Кайга қуйидагича мактуб йўллади: “Сизга хабар бермоқчиман. Малайзиянинг янги ҳукумати сохта янгиликларга қарши қонунни (AFN) бекор қилишга қарор қилди. Буни амалга ошириш жараёни бошланган”.
Бироқ, маълумотларга кўра, 2021 йилга келиб, ушбу мамлакатда олдинги қонундан ҳам қатъийроқ ҳужжат қабул қилинди. Унга кўра фейк хабар тарқатган ёки уни улашган шахсга нисбатан уч йилгача қамоқ жазоси белгиланиши мумкин.
Россияда фейк хабар тарқатганлик учун жазо қатъий. Айниқса, сўнги икки йил ичида бу каби ҳолатларнинг кўпайганлигидан кўпчиликнинг хабари бор. Москва суди яқинда блогер Вероника Белотсерковскийни Россия Қуролли Кучлари ҳақида сохта хабар тарқатгани учун 9 йилга озодликдан маҳрум қилди.
Блогер Россия Федерацияси Жиноят кодексининг 207.3-моддаси 2-қисми “д” банди асосида Россия қуролли кучлари ҳақида сиёсий нафрат ёки адоватга асосланган қасддан ёлғон маълумот тарқатишда айбланган. Тергов қайд этишича, Белотсерковская Инстаграм ижтимоий тармоғидаги ўз саҳифасида (ваҳоланки, Инстаграм аллақачон Россияда тақиқланган, Мета корпорациясига тегишли, Россияда экстремистик деб тан олинган ва тақиқланган) РФ Қуролли Кучларини обрўсизлантирадиган маълумотлар билан бир нечта постларни эълон қилган.
В.Белотсерковская асосан тадбиркорлик фаолиятини юритган, машҳур ошхона китоблари муаллифидир. У Франция жанубидаги ошпазлик мактабига эгалик қилади. Бундан ташқари, блогер Собака.ру журналини ҳам нашр этган.
Мобил Интернетдан фойдаланиш тамойиллари билан боғлиқ кейс. Бразилия Ҳарбий прокуратураси жиноий иш бўйича WhatsApp хабарлари туркумини чиқаришга рухсат беришдан бош тортган биринчи инстанция судясига қарши ҳимоя баёноти (mandado de segurança) тақдим этган. Олий ҳарбий суд метадата ҳамда ёзишма/матнлардан бевосита фойдаланишга рухсат берган, хабарлар мазмунидан фойдаланишга эмас.
Гап шундаки, бразилиялик аскар жаноб Сантос дос Сантос катта офицерни ва ўша зобитнинг турмуш ўртоғини хизмат машинасида олиб кетаётганида, йўл-харакати ҳодисасига учрайди ва иккала йўловчи ҳам ҳодиса жойида ҳалок бўлади.
Ушбу мудҳиш воқеа бўйича жавобгарликни аниқлаш учун ҳарбийлар томонидан жиноий тергов иши очилади. Жаноб Сантос дос Сантосни воқеа содир бўлганида уяли телефонидан фойдаланганликда гумон қилинади. Ҳарбий прокуратура судланувчининг жавобгарлиги тўғрисида етарли далиллар мавжудлигини таъкидлайди ҳамда аскарнинг WhatsApp аккаунтидаги электрон маълумотларини ошкор қилишни сўрайди.
Суд аризани қондиради, яъни телефонга киришга рухсат беради. Лекин ундаги суҳбатлар ёки хабарларга эмас. Ушбу қарор Бразилияда қабул қилинган Интернетдан фойдаланиш тамойиллари, кафолатлари, ҳуқуқ ва мажбуриятларини белгилаб берувчи 12965/14-сонли Қонунга асосланиб қабул қилинади.
Унга кўра, суд телефондаги шахсий ёзишмаларнинг махфийлигини бузиш, уларга кириш мутаносиблик, асослилик ва оқилоналик тамойилларига риоя қилишни талаб қилади. Бу ҳолатда суд жаноб Сантоснинг хабарлари махфийлигини бузишни на зарурат юзасидан ва на мақсадга мувофиқ деб топган эди.
Аҳмад Йилдирим Туркияга қарши эдими? Гап Отатурк хотирасини ҳақорат қилишда айбланган веб-сайтни блокировка қилиш тўғрисида кетаяпти. Маҳаллий жиноят суди чиқарган қарор кўпчиликнинг назарига тушди.
Телекоммуникациялар ва ахборот технологиялари дирекциясининг (яъни мамлакатда ахборотни тартибга солувчи орган) талабига биноан суд бу веб-сайтни блокировка қилиш бўйича ўз қарорини миллий қонунларга асосланган ҳолда чиқаради ва бу ҳақдаги маълумотни барча етакчи сайтларига, хусусан Googleда кўринадиган тармоқларга тарқатади.
Ижро органи ўз навбатида мазкур қарорни амалга оширади ва Googleга боғланган сайтларда жойлаштирилган барча контент Туркия ҳудуди, шу жумладан, веб-сайт менежерлари учун блокланади.
Бу иш юзасидан аслида ариза берган шахс туркиялик олим бўлиб, унинг блокланган веб-сайтга мутлақо алоқаси бўлмаган. Бироқ унинг веб-сайти ҳам юқоридаги сайтга қўшиб, блоклаб қўйилади.
Шундан сўнг Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа суди Туркия ички судининг онлайн контентни ёппасига блокировка қилиш ҳақидаги қарорини бекор қилади. Суд Google сайтларига киришни блоклаш қарорини бир овоздан Инсон ҳуқуқлари бўйича Европа конвенциясининг 10-моддасини бузган деб топади. Қарор шахснинг Интернетга кириш ҳуқуқини яна бир бор таъкидлаб, интернетдан фойдаланиш сўз ва ахборот эркинлиги ҳуқуқини амалга оширишнинг “асосий воситаси” эканлигини тасдиқлайди.
Таиландлик СМС амаки ҳақида. СМС амаки номи билан танилган Ампон Тангноппакул 2010 йил 3 август куни ўша пайтдаги Бош вазир Абҳисит Вейжаживанинг котиби Сомкиат Кҳронгваттанасукга тўртта lèse-majesté СМС хабарини юборгани учун ҳибсга олинган.
Бу СМСлар мамлакат Жиноят кодексининг 112-моддасига кўра, Таиланд қироли ва қироличасига нисбатан ҳақорат, деб топилган. 2011 йил 23 ноябрда Ампон ҳар бир хабар учун беш йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилинади. Натижада жами 20 йил қамоқ жазоси тайинланади. Ампон қамоқ жазосининг биринчи йилида қамоқда вафот этади. Бу эса миллий ва халқаро инсон ҳуқуқлари фаоллари танқидига сабаб бўлади.
Юқоридаги кейслардан кўриниб турибдики, сўз ва ахборот экринлиги ҳуқуқларини бузмаган ҳолда Интернетдан эркин фойдаланиш ва бу йўналишдаги ҳар бир фуқаронинг масъулияти, шунингдек, ижтимоий тармоқлардан тўғри фойдаланиш маданиятини ошириш масаласи очиқлигича қолмоқда.
Ўзбекистонда ҳам ёлғон маълумот тарқатганлик жазосиз қолмайди. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 2022-моддасига кўра, жамоат тартибига ёки хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 50 бараваридан 100 бараваригача миқдорда жарима солинади.
Шунингдек, Жиноят кодексининг 2446-моддасига кўра, жамоат тартибига ёки жамоат хавфсизлигига таҳдид солувчи ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан ОАВда, телекоммуникация тармоқларида ёки интернет тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилганидан кейин содир этилса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 200 бараваригача миқдорда жарима ёки 300 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
2017 йил БМТ, Европада Хавфсизлик ва Ҳамкорлик Ташкилоти ва Америка Давлатлари Ташкилоти томонидан сўз эркинлиги ва фейк янгиликлар, дезинформация ва пропаганда тўғрисидаги қўшма декларацияси қабул қилинган. Унда онлайн ва офлайн режимда дезинформация ва пропаганда тобора кўпайиб бораётгани ҳамда ушбу унсурлар ҳисса қўшиши ёки асосий сабаб бўлиши мумкин бўлган турли зарарларлари қайд этилган.
Интернет дезинформация ва пропаганда ишларини осонлаштиради ва айни вақтда унга жавоб бериш учун фойдали воситаларни тақдим этади – бу муаммо, афсуски, дунё Интернет саҳнида сақланиб қолмоқда. Дезинформациянинг олдини олиш ва ундан қайтариш ҳамда унинг салбий оқибатларига қарши курашиш мақсадида давлат органлари тўғри ва ишончли ахборотни, жумладан, иқтисодиёт, аҳоли саломатлиги, хавфсизлик ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш каби жамоат манфаатларига оид маълумотларни тарқатишни узлуксиз таъминлаши керак.
Давлат органлари эркин, мустақил ва хилма-хил коммуникация муҳитини, жумладан, оммавий ахборот воситаларининг хилма-хиллиги билан бир қаторда кучли, мустақил ва етарли ресурсга эга давлат медиа хизматларини таъминлаши лозим.
Бундан ташқари давлат идоралари ва бошқа маъсул ташкилотлар шахсларга контентнинг ҳақиқат ёки сохталигини онгли баҳолашда ёрдам бериши мумкин бўлган тегишли медиа ва ахборот саводхонлиги тренинглари ҳамда танқидий фикрлаш қобилиятларини ривожлантиришга қаратилган дастурлар, шунингдек, зарур давра суҳбатлари ва фикр алмашинувларини таъминлаши муҳим вазифа саналади.
Сўз эркинлиги ҳуқуқи билан ҳимояланган ахборот ва ғояларни тарқатиш ҳуқуқи нафақат ҳақиқатга тўғри келадиган баёнотларни, балки ўқувчини ажаблантирадиган, хафа қиладиган ва безовта қиладиган маълумотлар ҳамда ғояларни ҳам ҳимоя қилади. Шуниси муҳимки, дезинформацияни тартибга солувчи ҳар қандай саъй-ҳаракатлар аввало жамоатчилик манфаатларини кўзлаган ҳолда турфа хил фикрлар, сатирик маълумотлар, бадиий ижод ва бошқа маълумотлар учун тегишли қоидалар билан таъминланиши керак. Халқаро стандартларга кўра, фикрга эга бўлиш ҳуқуқи мутлақдир ва ҳеч қандай истисно ёки чекловга ўрин йўқ.
Шу билан бирга давлатлар ўз фуқароларини текширилмаган фейк хабарлар ҳамда дезинформациядан кўриладиган ижтиомий, руҳий, иқтисодий ва бошқа муҳим аспектларда ҳимоялаш учун ўз қонунчилик базаларини такомиллаштиришда давом этишлари зарур.
Муҳими, оддий ўқувчининг оқни қорадан, ҳақиқатни ёлоғондан ўзи мустақил равишда ажарата олиши даражасига эришиш вақти келди. ЮНЕСКОнинг медиа ва ахборот саводхонлиги деб номланган дастури доирасида аҳолининг ахборот саводхонлиги, визуал саводхонлиги, маълумотлар саводхонлиги, рақамли кўникмалари, инсон ҳуқуқлари ва контенти билан шуғулланувчи оммавий ахборот воситалари, кутубхоналар ва Интернет алоқа компаниялари каби институтларга тушунтириш чора- тадбирларини ишлаб чиқиши, аҳолининг медиа саводхонлиги бўйича миллий дастурни ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш масаласи долзарблигча қолмоқда.
Беруний Алимов,
Янги медиа таълим маркази ННТ директори,
филология фанлари доктори.