ӨЗБЕКСТАННЫӉ ЖАӉА ИМИДЖИНИӉ КОГНИТИВ АСПЕКТЛЕРИ

Когнитив сўзи (лотин, инг.) «cognize»  сўзидан олинган бўлиб, у билмоқ, англамоқ, тушунмоқ ва фикрламоқ ёки «cognition»– билиш, тушиниш каби маъноларни беради. Ўз ўрнида билиш фаолияти инсоннинг воқеликни бевосита сезиши, ҳис этиши билан боғлиқ ҳодисадир.

Кембриж луғатида когнитив сўзига қуйидагича  таъриф берилади: «когнитив – фикрлаш ва онгли руҳий жараёнлар билан боғлиқ тушунчадир». [1] Когнитивликнинг этимологик негизига эътибор қаратилса, у фақат фалсафадаги билиш назарияси билан чекланмайди. Айниқса, ҳозирги ахборот глобаллашуви даврида когнитивлик, масалан: ахборот комммуникация технологиялари соҳасида – роботлаштириш ва сунъий онгни шакллантириш; мудофаа ва хавфсизликда – янги авлод когнитив технологияларнинг амалиётга татбиқ этилиши; тиббиётда – хусусан, фармацевтика, психотерапия ва нейровизуализацияда кенг жорий этилиши; ва яна бошқа бир нечта соҳаларга бевосита кириб боришида яққол кузатилмоқда. Назаримизда, яқин 10-15 йилда когнитив технологияларнинг жорий қилинмаган жабҳанинг ўзи қолмайди.

Муаммо ва унинг моҳияти. Мамлакат имижини юксалтириш замонавий PR (инг. public relations – жамоатчилик билан алоқалар)нинг энг янги ва истиқболли йўналишларидан ҳисобланади. У республиканинг сиёсий, иқтисодий ҳамда маданий жиҳатдан янада тараққий этишига бевосита таъсир ўтказади. Шу сабабдан ҳам мазкур йўналишда илмий изланишлар олиб бориш, имижга тегишли инструментларни ҳар томонлама таҳлилга тортиш ўзига хос аҳамиятга эгадир.

Ҳудуд имижини шакллантириш ва уни ривожлантириш муаммоси назарий методологик жиҳатдан олиб қараганда фанлараро (interdisciplinary) тадқиқотлар сирасига киради. Яъни бу фақат журналистика фани ёки оммавий коммуникациялар олдида турган муаммо эмас. Сўз юритилаётган масала кўп тармоқли бўлиб, у жумладан социологиия, имижеолгия, иқтисодиёт, сиёсатшунослик, фалсафа, тилшунослик, хусусан когнитив тилшунослик каби фан соҳаларининг кесишмасида вужудга келади ва у турли аспектларда ўрганилиши мумкин. Ўз ўрнида мамлакат имижи образ, ҳудуд ҳақида кишилар онгида шаклланадиган тасаввур билан боғлиқ бўлганлиги сабабли тадқиқотимизда когнитивликнинг ўрнига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Чунки бу ҳодиса оммавий коммуникация воситаларининг асосий қуроли бўлган тил имкониятлари ва ундан фойдаланиш орқали яққол намоён бўлади.

Когнитивлик илмий ҳодиса бўлиб, у тилни тафаккур, яъни онг билан боғлаб, маълум бир тасаввурнинг ҳосил бўлишидаги психологик, биологик ва нейрофизиологик  жиҳатларнинг ижтимоий, маданий ва лисоний ҳодисалар билан узвий алоқасини чуқур назарий аспектларда тадқиқ этади. Олимларнинг эътирофича, когнитив тилшунослик бу жиҳатдан психолингвистика, антрополингвистика, этнолингвистика, социолингвистика каби турли кичик тармоқларга бўлинади.

Матбуотнинг классик вазифалари қаторида одатда қуйидагилар қайд этилади: a) ахборотни тўплаш; b) уни қайта ишлаш; c) тарқатиш.

Журналистиканинг назарий асослари ҳақидаги тарихий ишларда унинг янада муҳимроқ функциялари билан боғлиқ масалалар таҳлил қилинади. Жумладан, америкалик тадқиқотчи Г.Лассуэлл оммавий коммуникация воситаларининг 4та асосий функцияларини ажратиб кўрсатади. Булар: “атрофни кузатиш (ахборот тўплаш ва тарқатиш); «таҳрир қилиш» (ахборотни танлаб олиш ва уни шарҳлаш); ижтимоий фикрни шакллантириш; маданиятни тарқатиш. [3] Бироқ шулар қаторида ОАВнинг жалб этиш, йўналтириш, таълим бериш, тарбиялаш функциялари ҳам бор. Имижнинг замонавий концепцияларида унинг ахборот-коммуникацион табиати алоҳида қайд этилади. Имиж коммуникация жараёнлари воситасида бирон бир объект ҳақидаги ахборот асосида  шаклланади. [4] Ўзбекистоннинг янги медиа имижини шакллантиришда медианинг айнан жалб этиш функциясидан самарали фойдаланиш мумкин.

ОАВ мафкура тарқатиш воситасими? Тадқиқотчи Д.Муитов ҳозирги журнализмнинг замонавий имкониятларига янада кенгроқ таъриф беради: «бугун оммавий ахборот воситаларидан у ёки бу мамлакатда олиб борилаётган сиёсатга тўғридан-тўғри таъсир қилиш имкониятидан фойдаланиш йўлига ўтилган… Албатта шундай пайтда у сиёсатнинг муҳим бир элементи сифатида намоён бўлади. Иккинчи томондан ОАВ турли давлатлар ҳақида ҳудудий тасаввурларни ривожлантириши, кайфиятларни ўзгартириб туриши, аҳолининг кенг қатламида тарқала олиш имкониятига эга». [5, 11] Ҳақиқатан ҳам ОАВ орқали улашилган маълумот аудиториянинг бирон бир хорижий мамлакат ёки унинг таркибига кирувчи аниқ бир вилоят ёки ҳудуд тўғрисидаги тасаввурини ривожлантиришга хизмат қилади. Шунинг баробарида фокус гуруҳдаги ахборот реципиентининг кайфиятини динамик тарзда ўзгартира олади. Россиялик тадқиқотчилар А.Демидов ва А.Федосеев журналистлар томонидан амалга оширилаётган ишлар кўламига қуйидагича баҳо берадилар: «ОАВнинг бу имконияти ижтимоий фикрни шакллантиришда жуда қўл келади. Шу жиҳатдан олиб қараганда, у геосиёсий ўйинчиларнинг ўйинчоғига айланиши ҳеч гап эмас. Бу жараёнда трансмиллий корпорациялар, диний ташкилотлар каби бошқа турли факторларнинг тенг иштирок этишга интилиши сезилмоқда». [6, 229] Кўринадики, оммавий коммуникациялар ўзининг бирламчи вазифаларидан чекиниш ҳолатлари амалиётда кўп кузатилади. Яъни улар фақат холис ахборот етказиш билан чекланмаяптилар.

Рус тадқиқотчилари бу каби ишларни, яъни «турфа хил мафкураларни тарқатиш ОАВнинг биринчи даражали вазифалари жумласига киради» – дея таъкидлайдилар. «Натижада, тарқатилган ахборот газета-журнал, радио-телевидение, аудио-видео кассеталар ва интернет тармоғи орқали белгиланган геосиёсий вазифаларни бажара бошлайди». Бироқ, мамлакат медиа имижини юксалтиришда ОАВ геосиёсий манфаатларни биринчи ўринга қўйиши назарий жиҳатдан ҳам, профессионал этика нуқтаи назардан ҳам тўғри бўлмайди. Чунки журналистиканинг асосий вазифаси турли сиёсий ўйинларда иштирок этиш эмас, балки маҳаллий ёки хорижий ўқувчини қизиқтира оладиган объектив ахборотни тарқатишдан иборатдир.

Хорижий ва миллий оммавий коммуникация воситаларида Ўзбекистоннинг янги қиёфаси, унинг образи, имижини шакллантиришга қаратилган хилма-хил мақола, шарҳ, суҳбат ва ҳоказо матубот материалларини атрофлича ўрганиш, тадқиқ ва таҳлил қилиш ҳам ижтимоий-сиёсий, ҳам маънавий-маърифий, ҳам миллий-психологик жиҳатлардан алоҳида аҳамиятга эгадир. Бироқ, шуни ҳам эътиборга олиш зарурки, одамлар салбий ахборотни қизиқиш билан ва тезроқ қабул қиладилар, ижобий ахборотга эса нисбатан эътиборсиз муносабатда бўладилар. Психологлар бу ҳақда жуда кўп тадқиқотлар олиб борганлар.

Стереотип ва фреймлар. Россиялик олимлар Т.Глушкова ҳамда О.Зайцева билдирган фикрга кўра, объектнинг медиа образини яратишда стереотип ва фрейм каби когнитив структуралардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Стереотип дефинициясига таъриф берадиган бўлсак, у бирон бир нарса, предмет ёки бизнинг ҳолатимизда мамлакат, яъни Ўзбекистон образи билан боғлиқ барқарор, ўзгармайдиган, соддалаштирилган, схематик тушунчани ўз ичига олади. Стереотиплар амалиётда салбий ёки ижобий бўлади. Албатта имижни юксалтиришда ижобий стереотиплардан самарали фойдаланиш мумкин бўлади.

Фрейм эса – аниқ бир маъно юзасидан ўзаро бирлашиб кетадиган семантик муносабатлардан ташкил топади. У назарий жиҳатдан моделлаштирилаётган объект ҳақидаги тасаввурлар ва билимларни тартибга солишда қўл келади. [7]

Биз ушбу тадқиқот жараёнида ОАВ томонидан шаклланаётган тасаввурларни мавзуларга қараб таснифлашга ҳаракат қиламиз. Шу жараёнда уларнинг маъно-мазмун жиҳатидан бир-бирига ўзаро яқин бўлган фреймларни ҳосил қилиши кузатилади. Тадқиқот материали сифатида АҚШ, Британия ва Россия оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолалардан фойдаланилади.

Ўзбекистоннинг туризм салоҳияти билан боғлиқ маълумотлар New York Times газетасида қуйидаги шаклда ўз аксини топади:  «Агар сиз Ипак йўли бўйлаб саёҳат қилишни орзу қилган бўлсангиз, уни амалга ошириш учун қулай вақт келди. Совет Иттифоқи парчаланганидан кейин орадан 25 йилдан ортиқ вақт ўтиб, собиқ совет республикаси бўлган Ўзбекистон ниҳоят ўзининг қайта қуриш даврини бошдан кечирмоқда. Айнан шу ерда тарихий йўлнинг ажойиб масканлари жойлашган». [8]

Бунда америкалик журналист Ўзбекистоннинг қадимий Буюк Ипак йўли билан боғлиқлиги стереотипидан фойдаланган. BBC ушбу мавзуда узатилган материалда қуйидагича ёзади: «Ўзбекистон бутун дунё зиёратчиларининг манзили, яъни иккинчи Маккага айланишга интилмоқда. Марказий Осиёнинг энг кўп аҳолига эга бўлган ушбу мамлакатида, Самарқанд ва Бухоро каби машҳур Ипак йўли шаҳарларида яхши сақланган масжид ва ибодатхоналар бор». [9] Кўриниб турибдики, британиялик мухбир Ўзбекистондаги қадимий шаҳарларни мусулмон оламидаги энг машҳур шаҳар ҳисобланган Маккаи Мадина билан таққослайди. Шаҳарларни эса зиёратчилар талпинадиган маскан сифатида фреймлайди. ТАСС ахборот агентлиги хабарида Петербург шаҳрида Ўзбекистоннинг маданий ёдгорликларини асраш бўйича бутунжаҳон конгресси тузилганлиги қайд этилади. [10] Россиялик журналист ўзбек маданияти меъросининг бутун дунё бўйлаб ёйилиб кетганлигига эътиборни қаратади.

Ўзбекистондаги иқтисодий ислоҳотлар ҳақида ҳам бир-бирига мазмунан яқин бўлган мақолаларни кузатиш мумкин.

Вашингтондаги Брукингс институти томонидан эълон қилинган «Ўзбекистон қандай қилиб очиқ иқтисодиётга айланмоқда» сарлавҳали мақолада шундай ёзилади: «Ўзбекистон икки йилдирки бозор иқтисодиётига йўналтирилган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини амалга оширмоқда. Ҳукумат мамлакат иқтисодиётига учта асосий ўзгартириш киритмоқда: буйруқ ва бошқарувга асосланган иқтисодиётдан бозор иқтисодиётига ўтиш; давлат сектори устувор бўлган иқтисодиётдан хусусий секторни ривожлантиришга йўналтирилган иқтисодиётга ўтиш; ва ёпиқлик ва яккаликдан ҳамкорликка мойиллик ва очиқликка чиқиш. Ушбу ислоҳотлар тобора ўсиб бораётган ташқи номутаносибликлар ва ишсиз ёшлар сони ҳамда бу муаммоларни хусусий сектор ривожланиши эвазига яратиладиган иш ўринларисиз ҳал қилиб бўлмайдиган бўлган бир даврда амалга оширилмоқда». [11]

Reuters агентлигининг Жаҳон банки маълумотига таянган ҳолда тарқатган хабарида Ўзбекистон бизнес юритишни енгиллаштириш борасида 2017 йилда дунё бўйича биринчи 10таликка кирган. Хабарда, хусусан, корхоналарни рўйхатдан ўтказиш, қурилишга рухсат олиш, инвеситицияларни ҳимоялаш, электр таъминотига уланиш каби жараёнларнинг соддалаштирилганглиги эътироф этилади. [12] Британиялик журналист бу билан Ўзбекистоннинг бизнес соҳасида эркинлашаётган мамлакат сифатидаги медиаобразини яратишга ҳаракат қилади. РИА Новости ахборот агентлиги хабарида таъкидланишича,  эндиликда чет эл фуқаролари Ўзбекистонда хорижий инвестициялар эвазига барпо этиладиган корхонанинг асосчиси мақомини олишлари мумкин. [13] Шунингдек, бундай инвесторларга уч йилга мўлжалланган кўп маротабалик виза енгиллаштирилган тарзда берилади. Бу билан россиялик журналист Ўзбекистонда янги иқтисодий ислоҳотлар жорий этила бошлаганлигини қайд этади. Юқоридаги каби мисолларни жуда кўплаб келитириш мумкин.

Имиж ва унга қарши ахборот тўфонлари. Шуниси аниқки, бир давлатнинг бошқа давлат томонидан яратилган имижи жаҳон ҳамжамияти ва ушбу давлат фуқароларининг муносабатига катта таъсир кўрсатади. Айниқса, қудратли ахборот технологияларига эга ташқи кучлар томонидан ташкил этиладиган ахборий ҳуруж катта хавф туғдиради. Зеро, у нафақат жаҳон ҳамжамиятига, балки ахборот билан таъминланиши заиф йўлга қўйилган (техника ва технологияларнинг ривожланмаганлиги; ахборотнинг ёпиқлиги; цензуранинг мавжудлиги туфайли) мамлакат жамоатчилиги ичида ҳам психологик бўҳрон келтириб чиқариши мумкин. Шу боис ҳам давлатнинг ижобий имижини яратишда муайян конструкт, қонун-қоидалар бўлиши лозим. Азал-азалдан дунё саҳнида бир-бирларига турли кўринишда – гоҳ ошкора, гоҳ пинҳона қарама-қарши кайфиятида бўлиб келган давлатлар Интернет ва ахборот мўъжизасидан мутлақо янги жанг майдонларини бунёд этмоқдалар. Ачинарлиси, эзгулик учун хизмат қиладиган журналистикани, оммавий ахборот воситаларини ўша жанг майдонларининг жангчиларига айлантирмоқдалар. Кўплаб давлатлар ахборот урушига ҳозирликни бошлаб юборишган. Шу мақсадда беҳисоб маблағлар сафарбар этилмоқда. Ахборот уруши учун анъанавий чегараларни бузиб ўтиш шарт эмас, қолаверса, бу урушда одамларга қирғин келтирилмайди, балки телекоммуникация, ОАВ тизимлари «ҳамкорлиги»да кенг омманинг дунёқарашларига зуғум ўтказилади.

Медиа имиж аслида қиёфа, образ билан боғлиқ. Лекин, шунга қарамай, у оммавий онгнинг руҳий ориентациясига мувофиқ бўлган қонунларга бўйсунади. Глобаллашган ахборот майдонида руҳий-информацион таъсир воситаларини тўлиқ чеклаш ёки назорат қилиш имконсиздир. Демократик бошқарув, фикрлар хилма-хиллиги бунга йўл қўймайди. Эътиборли томони шундаки, бу сингари тизимларни қудратли давлатлардан ташқари ҳеч бир давлат ёки марказлар чеклаш ёки назорат қилиш имконига эга бўлмайди. «Аслида, – деб ёзади ўзбек публицисти Ж.Мелиқулов, – бунинг ортида Ғарб қадриятлари ва қолипларига мосланган ғояларни бутун дунёга жорий этиш ва шу орқали ўз таъсир доирасини кенгайтириш истаги ётади. Мақсад эса онгни экспорт қилиш». [14] Шу сабаб тарқатилаётган ҳар бир ахборот қайта-қайта текширилган, ишланган бўлиши керак. Халқона тил имкониятлари, турфа иборалардан кенг ва эмин-эркин фойдаланиш ҳам аҳамиятлидир. Ўрни билан халқ мақоллари, нақллари, идеомаларидан самарали фойдаланиш, эҳтирос билан битилган сўзлар аудитория билан ўртада самимий кайфият ва психологик муҳитни келтириб чиқаради. Медиатехнологиялар ёрдамида турли миллат ва мамлакатлар вакилларининг ахборотни қабул қилиш психологиясига алоҳида аҳамият берилади. Натижада ОАВ каналларида узатиладиган журналистик материаллар орқали кишилар онгига бевосита кириб борилади. Албатта бу ўз-ўзидан амалга ошадиган жараён эмас. Унда қарама-қаршиликлар ва курашлар содир бўлади. Лекин мутахассислар В. Абатуров ва Ю.Наумова ибораси билан айтганда «жанг майдонида қўлда автомат билан тургандан кўра, эфирда микрофон билан турган афзалдир». [15, 37]

Бироқ зўраки тарғиботни бозор кўтармайди. Замонавий цивилизациянинг ўзига хос муҳим хусусиятларидан бири, бу унинг мавқеи, салоҳияти, тақдири кўп жиҳатдан ахборотга боғлиқ бўлиб қолганлигида кўринмоқда. Оддий инсонлардан тортиб машҳур шахсларнинг, давлат раҳбарларининг, шунингдек, халқларнинг, давлатларнинг ҳаёти, яшаш тарзи, истиқболи ахборот майдонларида ҳал этилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Кўринадики, вужудга келган ёш мустақил давлатларнинг оёққа туриши, минтақада ва жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкам ўринга эга бўлиши, ҳар жиҳатдан ахборотга, яна бир карра миллий ва жаҳон ахборот маконида кечадиган жараёнларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Маълумки, ҳар қандай миллий журналистика, яъни миллий матбуот, биринчи навбатда, мамлакат аҳолисининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Бир йўла халқ, жамият ва давлат ҳақида муайян тасаввур яратади. Бироқ ҳар қандай очиқдан-очиқ тарғибот мақсадида тарқатиладиган ахборотни демократик принципларга асосланган жамиятлар ва умумман олганда биронта медиа макон шундайлигича қабул қила олмайди. Филология фанлари доктори Х.Дўстмуҳаммаднинг фикрига кўра, «Ҳозирги бозор муносабатлари шароитида ахборот товар, яъни буюм тусини олмоқда. Буюм бозорда харидорини топган тақдирдагина у бозордаги рақобатга барбдош бера олади, акс ҳолда касодга учраши, синиши, яъни банкрот бўлиши муқаррар. Телекўрсатув ёки радиоэшиттириш бўладими, газета ёки журнал бўладими – буларнинг олдида энг катта муаммо битта: айтилаётган сўзга харидор бор-йўқлиги… Зўраки тарғиботлар, ҳатто мажбурий обуна қилиш усуллари ҳам эндиликда иш бермайди». [16, 78]

Шу маънода Ўзбекистоннинг ижобий имижини юксалтиришга қаратилган тарғибот жараёнини ҳам бозор қонуниятларига эътиборсизлик билан амалга ошириш мумкин эмас. Қачонки биз ишончли, объектив ва балансланган ва энг муҳими хорижий ўқувчининг талабига мос ахборот тайёлашни ва уларни ўз вақтида узатишни ўргансаккина, бизнинг «маҳсулотларимиз» дунё медиа бозорида рақобатбардошликка эришади.

Хулоса ва таклифлар. Замонавий медиа муҳитдаги мамлакат имижининг когнитивлик хусусиятлари ҳақида сўз кетар экан, жамият аъзоларидаги ижтимоий-психологик кайфият ва унга таъсирнинг аҳамиятини четлаб ўтиш мумкин эмас. Шу сабабдан:

– ижобий психологик фон ёрдамида чет элликларнинг Ўзбекистонга бўлган ишончини янада ошириш режаларини ишлаб чиқиш тавсия этилади. Бунда ўзбек жамиятида қўлга киритилаётган ютуқлар ҳақидаги энг муҳим ва батафсил маълумотлар берувчи материалларни танлаб олиш ва уларни ОАВ орқали мунтазам равишда узатиш тизими йўлга қўйилмоғи керак;

– замонавий журналистиканинг ҳосиласи бўлган медиаобраз назарий жиҳатдан имижмейкингнинг медиаимиж каби тушунчасига айнан мос тарзда юзага келади. Бунда лингвокогнитив моделлаштириш методикасидан фойдаланиш кутилган самарани бериши мумкин;

– нафақат мамлакат, балки ҳудудлар, вилоятлар ва туманлар кесимида ҳам имижни моделлаштириш жараёнини янги аспектларда тадқиқ қилиш тавсия этилади.

 

АДАБИЁТЛАР

  1. https://dictionary.cambridge.org/dictionary/english/cognitive
  2. http://arslonov.blogspot.com/2012/01/blog-post_12.html. Мурожаат қилинган сана: 07.09.2018
  3. https://textbooks.studio/uchebnik-teoriya-politiki/osnovnyie-funktsii-smi17974.html. Мурожаат қилинган сана: 11.02.2019
  4. Гавра Д.П. Категория имиджа в современной коммуникавистике. http://www.jourssa.ru/sites/all/files/volumes /2013_4/Gavra_2013_4.pdf. Мурожаат қилинган сана: 19.02.2019
  5. Муитов Д. Геосиёсат ва журналистика. –Т.:, TURON-IQBOL, 2014. – Б.184.
  6. Демидов А.И., Федосеев А.А. Основы политологии. – Москва, “Высшая школа”, 1995.
  7. Т.Глушкова. О.Зайцева. Медиаобраз как инструмент создания территориального имиджа: когнитивный аспект. https://cyberleninka.ru/article/n/mediaobraz-kak-instrument-sozdaniya-territorialnogo-imidzha-kognitivnyy-aspekt. Мурожаат қилинган сана: 17.12.2018.
  8. https://www.nytimes.com/interactive/2019/travel/places-to-visit.html?rref=collection%2Fcolumn%2Fthe-52-places-traveler&action=click&contentCollection=travel%C2%AEion=rank&module=package&version=highlights&contentPlacement=4&pgtype=collection. Мурожаат қилинган сана: 12.02.2019.
  9. https://www.bbc.co.uk/news/world-asia-44685414. Мурожаат қилинган сана: 17.09.2018.
  10. http://tass.ru/obschestvo/5277084. Мурожаат қилинган сана: 08.08.2018.
  11. https://www.brookings.edu/blog/future-development/2018/12/20/how-uzbekistan-is-transforming-into-an-open-economy/?fbclid=IwAR044AmtU30EqvWhHFg-zw5LrxLTOgNcyDHbME0y81f5raIEqzQXYmK85n0. Мурожаат қилинган сана: 21.12.2018.
  12. https://ru.reuters.com/article/businessNews/idRUKBN1DR1AN-ORUBS Мурожаат қилинган сана: 28.11.2017.
  13. https://ria.ru/world/20180802/1525789408.html. Мурожаат қилинган сана: 05.08.2018.
  14. Мелиқулов // Ўзбекистон адабиёти ва санъати. 2006 йил, 1 декабрь.
  15. Абатуров В. Наумова Ю. Медиатехнологии в имидже государства. // Экономическое обозрение. 2003, №6.
  16. Дўстмуҳаммад Х.Н. Ахборот – мўъжиза, жозиба, фалсафа. – Т.: Янги аср авлоди, 2013. – Б. 320.

 

Өзбекстанныӊ жаӊа имиджиниӊ когнитив аспектлери

Алимов Б.С., Өзбекстан мәмлекетлик жәҳән тиллери университети

Резюме: Мақалада мәмлекет имиджиниӊ пайда етиў ҳәм жетилистириўдиӊ когнитив аспектлери үйренилген. Онда медиа материаллардыӊ аудиторияға тәсири, көпшилик санасында аймақлық имидж пайда ететуғын руўхий процесслерге дыққат  қаратылған ҳәм бунда АҚШ, Британия ҳәм Россия ОАВ материллары анализ етилген.

Таяныш сөзлер: сана, пикирлеў, когнитив, медиа имидж, ел.

 

Ўзбекистон янги медиа имижининг когнитив жиҳатлари хусусида

Алимов Б.С., Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

Аннотация: Ушбу мақолада мамлакат имижини шакллантириш ва юксалтириши масаласининг когнитив жиҳатлари ўрганилади. Унда асосий эътибор медиа материалларнинг аудиторияга таъсири, хусусан омма онгида ҳудуд имижи пайдо бўлишидаги руҳий жараёнларга қаратилган, АҚШ, Британия ва Россия ОАВ материаллари таҳлил қилинган.

Калит сўзлар: онг, фикрлаш, когнитив, медиа имиж, мамлакат.

 

О когнитивных аспектах нового медиа имиджа Узбекистана

Алимов Б.С. Узбекский государственный университет мировых языков

Аннотация: В данной статье рассматриваются когнитивные аспекты проблемы построения и продвижения имиджа страны. Основное внимание уделяется влиянию средств массовой информации на аудиторию, в частности на общественное мнение, на психологические процессы, возникающие при появлении имиджа региона. В связи с этим анализируются материалы СМИ США, Британии и России.

Ключевые слова: разум, мышление, когнитивный, медиа имидж, страна.

 

On the cognitive aspects of the new media image of Uzbekistan.

 Alimov B. S., Uzbek State World languages University

 

Abstract: This article discusses the cognitive aspects of the problem of building and promoting the image of a country. The focus is on the influence of the media on the audience, in particular on public opinion, on the psychological processes that occur when the image of the region appears. In this regard, media materials from the United States, Britain and Russia are analyzed on the basis of the opinions of domestic and foreign scientists.

Key words: mind, thinking, cognitive, media image, country.

 

ҚҚДУ Ахборотномаси, 2020 йил, 4-сон