Абу Райҳон Беруний меросини жаҳон ахборот маконида самарали тарғиб этиш масаласи. Буюк аллома таваллудининг 1048 йиллигига бағишланган “Абу Райҳон Беруний мероси ва ҳозирги замон” мавзуидаги илмий семинар мақолалари тўпламида тезисимиз чиқибди./
The issue of effective promotion of Abu Rayhan Reruni’s legacy in the world information space. My thesis was published on the collection of scientific articles of the seminar dedicated to the 1048th anniversary of the birth of the great scientist Abu Raikhan Beruni «Heritage of Abu Raykhan Beruni and modernity»./
Вопрос эффективного продвижения наследия Абу Райхана Реруни в мировом информационном пространстве. Опубликован мой тезис в сборнике научных статей семинара, посвященного 1048-летию со дня рождения великого ученого Абу Райхана Беруни «Наследие Абу Райхана Беруни и современность»./
АБУ РАЙҲОН БЕРУНИЙ МЕРОСИНИ ЖАҲОН АХБОРОТ МАКОНИДА САМАРАЛИ ТАРҒИБ ЭТИШ МАСАЛАСИ
Алимов Беруний Султонович,
филология ф. ф.д. PhD,
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети
халқаро журналиcтика факультети доценти
Кейинги йилларда мамлакатимизда ахборот соҳасида амалга оширилган ислоҳотлар самараси ўлароқ жамиятни янада демократлаштириш, либераллаштириш соҳасида катта қадамлар ташланди. Бунинг натижаларидан бири сифатида юртимизда хорижий оммавий ахборот воситалари вакилларининг республика ҳудудида қонун доирасида эмин-эркин фаолият юритиш тизимлари ишлаб чиқилди ва ҳаётга жорий этилди. Натижада хорижлик мухбирлар томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг ислоҳотлар ҳақида тарқатаётган хабарларининг дунё медиа маконидаги салмоғи, миқёси тўхтовсиз ортиб бормоқда.
Халқаро ОАВ вакиллари яхши анъанага айланаётган “мега инфотур” дастурлари орқали Ўзбекистонга ташриф буюриб, Тошкент ва бошқа шаҳарларда бўлиб ўтаётган йирик анжуманлар ҳамда маданий тадбирларни ёритишда фаол иштирок этмоқдалар. Давлатимиз ҳақида дунё аҳолисига тарқатиладиган маълумотлар мавзуси шу қадар кенг, ранг-баранг ва беҳисобки, уларни бир саноқда қамраб олиш қийин.
Айни пайттда ташқи ишлар вазирлиги орқали аккредитациядан ўтиб, меҳнат қилаётган хорижий ОАВ вакилларини Абу Райхон Беруний меросини жаҳон ахборот маконида самарали тарғиб этиш ишига жалб этиш зарурати бор. Масалан ўзбекистонлик беруниёшунос олимлар билан интервью ва суҳбатлар ташкили этиш, улар томонидан амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳақида чет эл мухбирлари билан ҳамкорликда мақолалар ташкил этишни йўлга қўйиш мумкин.
Абу Райхон Беруний меросининг ташқи тарғиботини йўлга қўйиш баробарида Ватанимизнинг узоқ ва шонли тарихи, боқий маданияти ва санъати, Буюк Ипак йўлида жойлашган кўҳна шаҳарларимиз, бой маданий ёдгорликлар, халқимизни дунёга танитган буюк аждодларимиз, чунончи, алломалар, саркардалар, шоирлар, рассомлар мероси бутун жаҳон аҳлининг ҳайрати, эътибори ва эътирофини қозонишга муносиб мавзулар бера олади.
Қадим-қадимдан ҳозирги Марказий Осиё ҳудудида мавжуд бўлган давлатлар, ушбу давлат халқлари тарихи, ҳаёти дунёнинг турли минтақаларида яшовчи олимлар, мутахассислар, сайёҳлар томонидан қизиқиш билан ўрганилган. Қадимги юнон, хитой, ҳинд, форс ва бошқа халқ вакиллари бўлмиш тарихчилардан мерос асарларда юртимиз ва юртдошларимиз, жумладан, ўтмишда яшаб ўтган буюк алломаларимиз, номлари ўчмас саркардаларимиз ҳақида ўз қарашлари, маълумотлари, мулоҳазаларини ёзиб қолдирганлар.
“Тарих отаси” ҳисобланган Геродотдан, Птолемей, Страбон, Плутархдан тортиб, то ХIХ–ХХ аср бошларида яшаган В.Бартольд, С.Толстов ёки И.Крачковский, Н.Веселовский, А.Якубовскийгача бўлган рус олимлари шулар жумласидандир. Таъкидламоқ керакки, юқорида номлари зикр этилган муаллифлардан мерос ноёб манбалар давлатимиз ва халқимизнинг халқаро имижи нуқтаи назаридан мутлақо ўрганилмаган, таҳлил-тадқиқ қилинмаган. Керакли умумлашма хулосалар чиқарилмаган.
Ахборот макони шиддат билан ўзгариб бормоқда – давлат тушунчаси, халқ ва миллат тушунчаларининг мазмун-моҳияти тубдан янгиланмоқда. Миллий манфаат тушунчаси ҳар қандай ижтимоий-сиёсий ва ҳоказо воқеа-ҳодисаларга янгича кўз, янгича назар билан қарашни тақозо этмоқда.
Олдинги даврида ҳам Ўзбекистон ва ўзбек халқи ҳаётига тааллуқли хорижий матбуот чиқишлари кам бўлмаган. Мамлакатимизда ташқи тарғибот масаласига ҳар доим эътибор қаратиб келинган. Чунончи, Тошкентда хорижлик ўқувчилар учун мўлжалланган “Uzbekistan Contact” журнали нашр қилинган. Айниқса, 1962-2006 йиллар мобайнида 14та тилда эшиттиришлар тайёрлаган Ўзбекистон телерадиокомпаниясининг “Хорижий мамлакатларга эшиттиришлар” бошқармасининг дунё бўйлаб салмоқли аудиторияга эга бўлганлигини эътироф этиш жоиз.
Республикамиз мустақилликка эришгач бу йўналишдаги оммавий ахборот воситалари чиқишларининг сони, салмоғи, фаолият йўналиши тубдан ўзгарди. Энди хорижлик муаллифлар ёш мустақил давлатимизда кечаётган ички жараёнлар – жамият ҳаётининг турфа қирралари, олиб борилаётган ислоҳотлар, ислоҳотлар бераётган амалий натижалар, ўзгаришлар ва янгиланишлар ҳақида ёза бошладилар.
Муносабатлар шу қадар ранг-барангки, уларнинг яхшисини ёмонидан, маъқулини номаъқулидан, холисини нохолисидан ажратиб олиш осон кечмайди. Турли мақсадларда ахборот тарқатиш технологияси сиёсий, иқтисодий, ижтимоий, миллий ва ҳоказо нуқтаи назарлардан тубдан ўзгариб кетди. Ижодий ўзига хосликлар, услублар, жанрлар, ҳатто оддий матн тузиш, сўз танлашгача у ёки бу томонга оғиб кетиши, дўстона ёки рақибларча муносабатга хизмат қилиши оддий ҳолга айланди.
Қадим-қадимдан ҳозирги Марказий Осиё ҳудуди давлатлари, ушбу давлатлар халқлари тарихи, ҳаёти, шунингдек буюк алломалар, саркардаларимиз фаолияти қадимги юнон, ҳинд, хитой, форс ва бошқа тарихчилари, солномачилари ва сайёҳлари томонидан алоҳида диққат билан ўрганилган.
Берунийдан тортиб, Ал-Хоразмий, то Амир Темур, Алишер Навоий, Заҳириддин Бобур сингари бетакрор сиймоларимизга бағишланган манбаларнинг ўзиёқ давлатимиз ва халқимизнинг халқаро имижи нуқтаи назаридан бемисл хулосалар чиқаришга имкон беради. Бироқ мавзу айни ушбу аспектда мутлақо ўрганилмаган, таҳлил-тадқиқ этилмаган. Зарур илмий-амалий хулосалар чиқарилмаган.
Таклифлар:
- Ташқи ишлар вазирлигидан аккредитациядан ўтган хорижий ОАВ вакилларининг ўзбекистонлик беруниёшунос олимлар билан интервью ва суҳбатлар ташкили этиш, улар томонидан амалга оширилаётган илмий тадқиқот ишлари ҳақида чет эл мухбирлари билан ҳамкорликда мақолалар ташкил этишни йўлга қўйиш керак.
- Беруний меросини нафақат миллий ОАВ балки халқаро медиа майдонда кенг тарғиб қилиш мақсадида журналистлар пулини (гуруҳини) ташкил этиш ҳамда алоҳида медиа-режа ишлаб чиқиш зарур. Натижада жаҳон ахборот майдонидаги Янги Ўзбекистон илмий бойликларига оид нуфузи, имижини ошириш мумкин.
- Беруний қолдирган илмий меросини ўзбек тилида ва БМТ ташкилотининг барча расмий тилларида турли замонавий мультимедиа маҳсулотларини тайёрлаш (масалан, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, Беруний асарларининг электрон таржималари ва ҳк) ва уларни хориждаги Ўзбекистон элчихоналари орқали чет эл журналистлар ҳамда халқаро жамоатчилик вакиллари кенг тарқатиш зарур.
- Беруний меросига доир виртуал музей ташкил этиш керак. Ўзбек, қорақалпоқ, рус ва инглиз тилларида. Музейда Берунийнинг оригинал қўлёзмалари, уларнинг олимларимиз томонидан қилинган таҳлили ва Беруний асарлари кутубхонаси ўрин олади. Бу Берунийни жаҳонга танитишга ёрдам беради.
- Берунийнинг 1050 йиллик юбилейиа бағишлаб ўтказиладиган халқаро илмий анжуманлар ва юбилей тадбирларини кенг ва самарали ёритиш учун хориждаги етакчи ОАВ вакилларини бевосита жалб этиш зарур.