Қара, 19 йил деганда кўришибмиз.
Ўтган сафар CNN да практикада юрганимда Нашвиллдан Атлантага қушдек учиб келгандинг. Миттигина яшил Daewoo машинангда.
Ўзгармабсан. Ўша овоз, ўша нигоҳлар… Ҳатто сочларинг ҳам ўша!
Биласанми?
Қўнғироқдек овозинг билан “Буууруний”… деб айтишингни роса соғинган эканман.
Ҳа, биздан тепада қандайдир кучлар борлигини яхши идрок этамиз. Лекин улардан ортиқча нарса ҳеч қачон сўрамадик. Ўзимизга, мехнатимизга яраша бер, дедик холос.
Биласанми?
Кеча сенга билдирмасдан йиғлагим келди. Лекин ундай қилолмадим. Ичимдан бир эзилиб қўйдим холос. Чунки аниқ биламан. Агар мен бошласам, сен ҳам тинмасдинг.
Шубҳасиз, кўз ёшларимиз Мексика бўғозини тўлдириб юборарди.
Ҳеч ўйлаб кўрганмисан?
Сен билан ер куррасининг мутлақо қарама-қарши томонларида туғилиб ўсган бўлсак-да, тилсиз ҳам бир-биримизни ҳар доим яхши тушунганмиз. Инглиз ва ўзбек тилидан осон бир-бирига ўтардигу, қайси тилда гаплашаётганимиз мутлақо аҳамиятсиз булиб коларди. Шунчаки, одам тилида гаплашардик, тўғриси…
Қийинчилик кўрмадик деб айтолмайман.
Аммо бизни ҳаёт тоблади. Ҳеч нарсага осонликча эришмадик. Фақат югур-югурлар, оғир меҳнат, сабр-бардош косамизни оқартирди.
Сен билан эслаганимиз – ўша қоғоз талонларнинг овқати қанчалик ширин бўлганини одамлар деярли унутиб бўлишди. Гўёки бир думалаб, ҳаёт гўзаллашиб қолгандай.
Зардани куйдирадиган буханка, елим халтага ўлчаб солинган шакар ва бутилкали пахта ёғи учун сарғайиб туришлар-чи?
Биргина банка сут учун тонги соат 4-5да навбат олмасак, бўш бидонларнинг тубини кўрардик.
Кийим-бошни-ку эсламаса ҳам бўлади.
Талабаликнинг илк йилларида бировларнинг уйида қўйини боққанман, парнигига ўт ёққанман, десам ҳозиргача ҳеч ким ишонмайди.
Нима бўлганда ҳам ҳаётдан нолиш йўқ бизда.
Ҳар доим кулиб яшаганмиз. Ҳатто қорнимиз тўйиб овқат емаган ёки биров бизни қучоқ очиб ишга олмаган бўлса-да.
Мария, сен ўзбек тилида булбулдек сайраган биринчи америкаликлардансан. Сени шунинг учун ҳам яхши кўраман.
Ҳалирок, яъни катта бўлганимда китоб ёзсам, сен унда асосий қаҳрамонлардан бир бўласан.
Эсингдами?
“Ахборот”нинг биринчи марта инглизчаси – “First Channel News” эфирга узатилганда қувончимиздан болаларча осмонга сакраб-сакраб хурсанд бўлгандик.
Ҳақиқатан ҳам бола эдик балки… Телестанция ҳовлисидаги қизил тутни эслайсанми? Талашиб-талашиб ердик…
Сен Марияхоним тахаллуси билан бошловчилик қила бошладинг. Мен эса ўзимча сюжетлар тайёрлардим.
Стенд-аплар…. Ёлғонтакам “живой” телемостлар…
Эсингдами?
Кўрсатганига шукр.
Балким ўша дуч келган қийинчиликларимиз мукофоти сифатида жуда кўп нарсаларда биринчи бўлгандирмиз.
Журналист эсак-да, дикторлар ўрнига бошловчилик қилиш имконияти берилди.
Мухбирлардан биринчи бўлиб чет элларга ўқишга бориб келдик. Биринчилардан ишга кетдик. Дунёни айландик.
Тўғри, кейин 15 йилча журналистикадан сал йироқ соҳаларда юрдим. Сен ҳам тадқиқотларингни умуман бошқа соҳага буриб юбординг.
Ҳозирги қилаётган ишларинг мени ҳайратлантиради.
Саратон бўйича тадқиқотларинг натижасини миллионлаб одамлар кутиб ўтирганини бир тасаввур қилиб кўр…
Ер думалоқ-да. Қара!
Кўришган йилларимиз – 1995, 2000, 2019…
Ўзбекистондан келган қуртларни иштаҳа билан еётганингда бизнинг юртни қанчалик соғинганингни кўрдим. Ишонаманки, ёввойи арилар асали ҳам сенга шундай ёқади.
Мен келтирган Шоҳи рўмолни ўраб бир расмга тушиб юборарсан… Хурсанд бўламан.
Сен берган Нашвилл ширинликларини атайлаб очмадим. Тошкентга борганда ейман.
Футболка ва кепка учун алоҳида раҳмат.
Вой-бўй, қара… Сен билан хайрлашмасдан туриб, сени яна соғина бошлабман.
Омон бўл.
Келажакда дийдорлашиш насиб этишини яратгандан сўраб қоламан.
Бир умрлик дўстинг
Беруний.
Сан Антонио, Техас.
2 ноябрь 2019 йил