Янги масжиднинг очилишига кириб чиқаётганимизда кутилмаган воқеа бўлди.
Одатда бундай муқаддас жойларга, зиёратгоҳларга, масалан, Нақшбандийга бориладиган бўлса, тонг сахардан ёки имкони бўлмаса, узоғи билан тушгача кириб ўтишга ҳаракат қилинарди. Бу сафар ҳам шундай бўлди.
Навоийдаги завод ишчилари, маҳаллий фермерлар ва жамоатчилик билан учрашувлар орасида янги қурилган жомега ҳам киришимиз керак эди. Баланд, ҳашаматли, жилодор масжид қад ростлаганини кўриб, кўзимиз қувонди. Айниқса, нақшинкор ёғоч эшиклар, виқорли девордаги мовий нақшлар, шунингдек, остонадан бошлаб тўшалган, ўтдек ловуллаб ёнаётган зангори гиламлар… кишининг бор вужудию хаёлини ўғирлаб, кўздан ҳатто ёш чиқариб юборадиган даражада муҳташам эди.
Бинога киришдан олдин баланд дарвоза этагига, аниқроғи, унинг ўнг томонига оёқ кийимларимизни ечиб, қатор териб қўйдик. Ичкарида эса ерлик оқсоқоллар билан қурилиш ҳақида суҳбат бўлди. Қуръон тиловат қилинди.
Ислом ака кейин уларга “муборак бўлсин!”, дея хайрлашдилар. Эшикдан биз, журналистлар тезроқ чиқишга улгурдик. Аммо қизиғи ана шу ерда, яъни бино ташқарисида бўлди.
Туфлиларни кийиш осон бўлиш учун, барака топкурлар, бир метрлик “ложка” қўйиб қўйишган экан. Ислом аканинг навбати келди. Шунда ўрта ёшлардаги бир одам, жамоа ичидан югуриб чиқиб, уларга ҳарна ёрдам бериш мақсадида, тирсакларини ушлаб туришга уннади. Уннади ҳамки, бояги ложка билан “мана сенга!” деган маънода тарсаки еди, бояқиш.
Қаттиқ эмас, шунчаки, оталарча… Бор гап шу.
Ислом ака билан атиги 4-5 йил ишлаган бўлсак-да, бекитмайман, ўзимни уларга нисбатан ҳар доим сал қарироқ ҳис қилганман. Чунки бу одамда 30 яшар йигитчанинг характери бор эди.
Мардлик, бир сўзлилик, керак пайтда, кесган жойидан узадиган, қаттиққўллик. Подхалимчилик қилганларни эса умуман аяб ўтирмасдилар, худди боягидек.
Камина у кишининг олдига ишга борганимда аллақачон 33 га кириб қўйган “чол” эдим. Айни сабабдан бўлса керак, «чоллар» ва «ёшлар» ўртасида учрайдиган, ўзаро англашилмовчилик ҳолатлари бизда кам учрамасди. Майли, бу бошқа мавзу.
Хуллас, юқоридаги воқеа кечагидек эсимда. 2006 йил 18 май куни Навоий вилоятидаги Алишер Навоий жоме масжидида бўлган эди. Бундан 16 йил олдин айнан ўша расм олинган ерда юз берган юқоридаги кичик бир воқеани эслагандек бўлдим.
Айтишларича, ҳозир бу сурат Кармана туманида Деггороний зиёратгоҳи музейида экан.
Беруний АЛИМОВ,
Блогер, таржимон, собиқ дипломат, филология фанлари доктори, DSc.
Манба: https://birinchi-prezident.uz/?p=1334