ЎЗБЕКИСТОН ИМИЖИНИ ОШИРИШДА МИЛЛИЙ ПУБЛИЦИСТИКАНИНГ РОЛИ

 

Abstract. The article analyzes the role of print media and journalism in improving the country’s image. It is also noted that their main task is to inform the public about current events in the life of society, to awaken public opinion on existing issues and problems.

Just as journalism and the press are the lifeblood of all media, they are also important for the information space and its consumers, readers in the era of mass communication. While recognizing its social functions of public life, its reflection, analysis of events around it and its impact on readers and audiences, the role of the press in strengthening the country’s internal and external image in the media should not be overlooked.

Recognizing that the country’s prestige in the external media space is primarily an integral part of its image in the domestic media space, it is worth noting that the national press and journalism play a unique role in shaping the country’s image. Therefore, if Uzbek journalism wants to enter the architecture of the world information space as a rightful member, the language of articles, their style and genres are impossible without adapting to the modern forms and formats accepted in the world press.

The press is not limited to disseminating information about events, but also analyzes the current situation, draws conclusions, presents proposals and comments to the public. Modern Uzbek publicists boldly write, analyze and criticize the problems that hinder the development of society.

Keywords: journalism; printed edition; newspaper; image of the country; theory; practice; functions of print media; media text; language.

 

Аннотация. Ушбу мақолада босма нашр ва публицистиканинг мамлакат имижини оширишдаги роли таҳлил қилинади. Шунингдек, уларнинг асосий вазифаси жамият ҳаётида шу кун, айни замонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ҳақида жамиятни хабардор қилиш, ундаги мавжуд масалалар, муаммолар бўйича жамоатчилик фикрини уйғотишдан иборат эканлиги қайд этилади.

Публицистика ва матбуот барча оммавий ахборот воситаларининг ўзаги, қон томири бўлгани каби, у ҳозирги оммавий коммуникациялар даврида ҳам медиа макон ва унинг истеъмолчилари, ўқувчилар учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Унинг жамият ҳаёти, атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ўзида акс эттириши, таҳлил қилиши ва ўқувчилар аудиторияга таъсиридан иборат ижтимоий функцияларини эътироф этган ҳолда, матбуотнинг мамлакат ички ва ташқи медиа имижини мустаҳкамлаш жараёнидаги ўрни беқиёслигидан холис одам кўз юмолмайди.

Мамлакатнинг ташқи медиа макондаги нуфузи авваламбор унинг ички ахборот маконидаги имижининг узвий давоми эканлигини тан олган ҳолда шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, миллий матбуот ва публицистика мамлакат  имижини шакллантиришда ўзига хос роль ўйнайди. Бинобарин, Ўзбекистон журналистикаси жаҳон ахборот макони архитектоникасига ҳақли аъзо сифатида киришни истар экан, мақолаларнинг тили, уларнинг яратилиш услуби ва жанрлари ҳам дунё матбуотида қабул қилинган замонавий шакл ва форматларга мослашмасдан иложи йўқ.

Матбуот воқеа-ҳодисалар ҳақида ахборот, маълумот етказиш билан чекланмайди, балки мавжуд ҳолатни таҳлил, тадқиқ қилади, хулосалар чиқаради, таклиф-мулоҳазаларни кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этади. Замонавий ўзбек публицистлари жамият равнақи йўлида тўғаноқ бўлаётган муаммоларни дадиллик билан ёзиш, таҳлил қилиш, танқид қилиш борасида ўз сўзларини айтмоқдалар.

Калит сўзлар: публицистика; босма нашр; газета; мамлакат имижи; назария; амалиёт; матбуот функциялари; медиа матн; тил.

 

Аннотация. В статье анализируется роль печатных СМИ и публицистики в улучшении имиджа страны. Также отмечается, что их основная задача – информировать общественность о текущих событиях в жизни общества, пробуждать общественное мнение по существующим вопросам и проблемам.

Подобно тому, как журналистика и пресса являются источником жизненной силы всех средств массовой информации, они также важны для информационного пространства и его потребителей, читателей в эпоху массовой коммуникации. Признавая ее социальные функции общественной жизни, ее отражение, анализ событий вокруг нее и ее влияние на читателй и аудиторию, нельзя упускать из виду роль прессы в укреплении внутреннего и внешнего имиджа страны в СМИ.

Очевидно, что имидж страны во внешнем медиапространстве является, прежде всего, неотъемлемой частью ее имиджа во внутреннем медиапространстве. Исходя из этого, стоит отметить, что национальная пресса и публицистика играют уникальную роль в формировании имиджа страны. Поэтому, если журналистика Узбекистана хочет войти в архитектуру мирового информационного пространства в качестве полноправного члена, язык статей в национальной периодике, их стиль и жанры должны быть адаптированы к современным формам и форматам, принятым в мировой публицистике.

Пресса не ограничивается распространением информации о событиях, но также анализирует текущую ситуацию, делает выводы, представляет общественности предложения и комментарии. Современные узбекские публицисты смело пишут, анализируют и критикуют проблемы, мешающие развитию общества.

Ключевые слова: публицистика; печатное издание; газета; имидж страны; теория; практика; функции печати; медиа текст; язык.

 

Жорий асрнинг интеллектуал аср эканлиги, ҳар қандай замонавий тараққиёт ва юксалиш замирида илм-фан ютуқлари қатори интеллектуал салоҳият ётиши исбот талаб қилмайдиган аксиома. Хусусан, ижтимоий-гуманитар соҳадаги илмий салоҳият мавжуд зиёли қатламнинг жамиятда кечаётган ислоҳотларга, воқеа-ҳодисаларга муносабатида акс этади. Бундай муносабатлар майдони эса оммавий ахборот воситаларидир. Матбуот воқеа-ҳодисалар ҳақида ахборот, маълумот етказиш билан чекланмайди, балки мавжуд ҳолатни таҳлил, тадқиқ қилади, хулосалар чиқаради, таклиф-мулоҳазаларни кенг жамоатчилик муҳокамасига тақдим этади. Жамоатчилик вакилларини баҳс-мунозарага ундайди. Том маънодаги оммавий коммуникация шу тариқа шаклланади. Миллий интеллектуал салоҳият шахснинг, миллатнинг, халқнинг, жамиятнинг ва албатта давлатнинг энг катта бойлиги ҳисобланади. Ушбу нуқтаи назардан Ўзбекистон имижини шакллантириш ишида ахборотнинг нафақат етказилиши, балки унинг аудитория онгига таъсири жараёни, яъни кўтарилаётган масаланинг назарий-когнитив аспектларини тадқиқ қилиш муҳимдир. Шу маънода россиялик мутахассис И.Василенконинг, «Ҳозирги шароитда исталган давлатнинг кучи ва таъсири унинг ахборот маконидаги ўрни билан бевосита боғлиқдир» деган сўзларига қўшилиш мумкин (1). И.Сушненкова эса масалага қуйидагича янада чуқурроқ ёндашган: «Бугун жаҳонда у ёки бу субъектнинг муваффақиятли фаолият олиб бораётганлигини унинг ахборот маконида қандай тақдим этилганлиги ва унинг қандай имижга эга эканлиги билан баҳолаш мумкин» (12).

Россиялик таниқли матбуотшунос олим Е.П.Прохоров матбуотнинг  асосий вазифалари сифатида мафкуравий, маданий-маърифий ва рекреатив (дам олдиришга мўлжалланган) ва бевосита ташкилотчилик функцияларини тилга олади. Журналистика функцияларини тўрт кўринишга бўлган тадқиқотчи С.Г.Корконосенко таснифи ҳам қарийб шунга яқин. Биз мазкур рўйхатга матбуотнинг миллий интеллектуал салоҳият кўзгуси эканлигини ҳам қўшиш зарур деб ҳисоблаймиз. Зеро, такрор таъкидлаш жоиз бўлса, жамиятнинг илғор вакиллари бўлмиш зиёлилар, қолаверса, жонкуяр фаоллар ўз қарашлари, мулоҳазалари билан авваламбор матбуот орқали халққа таниладилар ҳамда “миллий ақл” хазинасини бойита борадилар. Кенг оммани фикрий фаолликка даъват этадилар. Филология фанлари доктори Мухтор Худойқулов тўғри ёзганидек, оммавий ахборот воситалари воқеликни тасвирлаб бериши ва таҳлил этиши орқали ўқувчилар аудиториясига бевосита тасъсир этиши ижтимоий вазифа даражасига кўтарилади (15). Кези келганда айтиш жоизки, домла М.Худойқуловнинг қаламига мансуб «Журналистикага кириш», «Оммавий ахборот воситалари назарияси», «Оммавий ахборот воситалари типологияси», «Бадиий публицистика жанрлари», «Ўзбек ҳажвий публицистикаси»,  «Журналистика ва публицистика» каби асарлари (16) журналист-тадқиқотчилар учун муҳим назарий манба ҳисобланади.

Публицистика (лот. publicus – ижтимоий) – даврнинг ижтимоий-сиёсий ва бошқа долзарб масалаларига бағишланган адабий ижод тури. Публицистиканинг вазифаси ижтимоий фикр уйғотиш ва уни шакллантириш, маълум мақсадга йўналтириш, ҳужжатли факт-маълумотлар асосида воқелик манзарасини яратишдан иборат (9).

Ҳар қандай давлат имижи ўзгармайдиган, муқим  характерига эга бўлиб, у узоқ йиллар, баъзан асрлар давомида жаҳон халқлари онгида шакллана боради. Маълум бир мазмунда пайдо бўлиши ва кейинчалик кишилар онгида қолган тасаввурни кескин ўзгартириши осон кечмайди.

Айниқса, ушбу тадқиқот жараёнида мамлакат имижининг инсон тасаввури, онгу шуурига таъсири, муаммонинг психологик аспектлари ўрганилар экан, унга нисбатан кишилар хаёлидаги акснинг қанчалик муқимлиги масаласига алоҳида эътибор бериш тақозо этилади. Афсуски, имижнинг когнитивлиги муаммоси жуда кам ўрганилганлиги олимлар билдирган фикрларни қиёсий тадқиқ этиш имкониятини бирмунча чеклайди.

Бироқ энг асосий масала – мамлакатга нисбатан кишилар онгидаги тасаввурни ўзгартириш қанчалик мураккаб жараён бўлмасин, уни назарий жиҳатдан чуқур таҳлил этиш, ечимини кутаётган масалаларни илмий жиҳатдан ҳал этиш, исботталаб қарашларга ойдинлик киритиш, табиийки, муаммога комплекс ёндашув заруратини кўрсатади.

«Публицистика ижтимоий ҳаётни акс эттиришнинг алоҳида бир тури ҳисобланиб, жамият ҳаётининг шу кундаги, айни замондаги ҳолатини, ютуқ ва камчиликларини, муаммоларини ўзида акс эттиради ва шу кунга, айни замонга хизмат қилади. Публицистиканинг вазифаси жамият ҳаётида шу кун, айни замонда юз берган воқеалар, ҳодисалар ҳақида жамиятни хабардор қилиш, ундаги мавжуд масалалар, муаммолар бўйича жамоатчилик фикрини уйғотишдан иборатдир (15)».

Ўзбек миллий публицистикаси катта ва салмоқли ҳаётий тажрибага эга. Мустақиллик йилларининг ўзида ўнлаб публицистлар ўзларининг ғоятда долзаб мавзуларга бағишланган мақолалари билан зиёлилар сафининг олдида бордилар. Одил Ёқубов, Примқул Қодиров, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов, Абдулла Орипов, Иброҳим Ғафуров, Абдуқаҳҳор Иброҳимов сингари атоқли ижодкорлар, Наим Каримов, Шерали Турдиев, Холида Аҳророва, Сирожиддин Аҳмад каби манбашунослар, Анвар Обиджон, Эркин Аъзам, Хуршид Даврон, Ёқубжон Хўжамбердиев, Мирзо Кенжабек, Анвар Жўрабоев, Аҳмаджон Мелибоев, Алиназар Эгамбердиев каби яна қанчадан-қанча қалам соҳиблари даврнинг энг долзарб муаммоларига бағишланган мақолалари, суҳбатлари, интервьюлари билан жамоатчилик диққат-этиборида бўлдилар.

Кенг омма дунёқарашини ўстириш, одамларни бохабарлигини ошириш, фикрлашга даъват қилиш, умумлаштириб айтганда, замон ва макон “пулс”ини идрок этишга катта ҳисса қўшдилар. Айни мустақиллик йилларида ўзбек матбуотида тарихда илк бор “Журналист текшируви” йўналишидаги тадқиқотлар кенг омма эътиборига ҳавола этилди. Ҳабибулло Олимжонов, Сафар Остонов, Аъло Хўжаев, Шоҳруҳ Акбаров, Муҳаммаджон Обидов, Қурбон Эшмат, Абдунаби Ҳайдаров, Бекқул Эгамқулов сингари журналистлар чиқишлари таҳлил ва тадқиқнинг чуқурлиги билан ҳаёт ҳақиқатини ҳимоя қилишга қаратилган мақолалар ёздиларки, биз уларнинг энг сара намуналари мамлакат ва миллат обрўси, нуфузи ва имижини янада мустаҳкамлашга ҳисса бўлиб қўшилди дея оламиз.

«…кўпчилигимиз шўронинг тузини ичиб катта бўлганмиз, − деб ёзади Ўзбекистон Қаҳрамони, атоқли адабиётшунос олим О.Шарафиддинов, «Муқаддас бурч» сарлавҳали мақоласида, − унинг темир қолиплари, аёвсиз тақиқлари ичида улғайганмиз. Биз қафасда яшашга, тутқинлиқда умр кечиришга ўрганиб қолгандик. Биз ҳамма нарсани билмоғимиз шарт эмас эди, мабодо Искандарнинг шохи борлигини билиб қолганимизда ҳам ривоятдаги сартарош каби билганимизни бориб айтадиган қудуқ йўқ эди. Ёрилиб кетсак кетардикки, оғиз очиб бемалол нафас олабилмасдик. Албатта, тутқинликда, фикрий асоратда яшаш кўникмаси қисқа фурсатда ўтиб кетадиган иллат эмас» (13).

Адиб барча чиқишларида халқ дарди, унинг ўтмиши, бугуни ва келажаги ҳақида қайғуради, германиялик таниқли адабиётшунос Ингеборг Балдауф ҳақида ёзадими, номдор адиб Салмон Рушдига очиқ хат йўллайдими, мулоҳазаларини самимий куюнчаклик билан, катта эҳтиросларга тўлиб-жўшиб баён этади.

Иброҳим Ғафуров, Виктор Алимасов каби публицистлар асарларида маънавият масалаларидан сўз юритилса, Абдуқаҳҳор Иброҳимов, Ёқубжон Хўжамбердиев мақолаларида халқимиз ўтмиши тарихий-фалсафий йўналишда ўрганилади.

Замонавий ахборот оқими хусусиятлари, имкониятларидан (ҳар қандай ахборотни исталган дақиқада дунёга ёйиш оддий ҳолга айлангани) келиб чиқилса, мамлакат ҳудудида фаолият юритаётган оммавий ахборот воситалари тарқатаётган хабарлар, янгиликлар ички ахборот эҳтиёжини қондириши билан бир вақтда, мамлакатимиз ва халқимиз ҳаётига доир янгиликларни жаҳон аҳлига етказаётган ҳисобланади. Ва ҳар қандай ахборот бир вақтнинг ўзида ҳам ички, ҳам ташқи ахборот вазифасини ўтаётган ҳисобланади.

Биргина шу ҳолатнинг ўзи, бир томондан, замонавий ахборот дунёсининг янгиланаётганини ифода этса, иккинчи томондан, маҳаллий журналистлар зиммасига фавқулодда жиддий масъулиятлар юклайди.

Ҳозирги замон ўқувчиси – ўқувчи эмас, у аввало томошабин. У матндан кўра визуал ахборотни катта қизиқиш билан қабул қилади ва узоқ вақтгача эслаб қолади. Бошқача айтганда, замондошларимиз кун давомида қабул қиладиган ахборотнинг 70 фоизини кўз билан кўрган маълумотлари орқали олади. Шу сабабдан бугунги журналистикани, мисол учун газета-журналларни, телевидениени, ахборот порталларини визуаллашган ахборотсиз тасаввур этиб бўлмайди. Инфографика, лонгрид, стори теллинг каби янги форматлар анъанавий журналистиканинг барча йўналишларини ўзида мужассамлаштира олади.

Биз ҳозир «мақола»ни нафақат ўқишимиз (матн), балки уни тинглашимиз (аудио файл), томоша қилишимиз (видео ва бошқа визуал материаллар), ҳатто унга бевосита муносабат билдиришимиз ҳам мумкин.

Дарҳақиқат, ҳозирги замон ўзгаришлари, оммавий ахборот воситаларининг технологик жиҳатдан шиддат билан янгиланиши соҳага ўзгача ижодий услуб ва шаклларнинг яратилишига, янгича ифода воситалари, янгича тил, тасвир йўсинларининг кашф этилишига эҳтиёж туғдирмоқда. Бундай эҳтиёж миллий журналистикамизнинг имкониятларини глобал миқёсларда кенгайтириш учун айни муддаодир.

Публицист Аҳмаджон Мелибоев моҳир халқаро шарҳловчи сифатида танилди, маънавият ва миллий матбуот муаммолари, унинг жамиятни демократлаштиришдаги ўрни, аҳамиятига бағишланган туркум мақолалари жамоатчиликни эътиборига тушди.

Мамлакатнинг ташқи медиа макондаги нуфузи авваламбор унинг ички ахборот маконидаги имижининг узвий давоми эканлигини тан олган ҳолда шуни алоҳида қайд этиш ўринлики, миллий матбуот ва публицистика мамлакат  имижини шакллантиришда ўзига хос роль ўйнайди. Бинобарин, Ўзбекистон журналистикаси жаҳон ахборот макони архитектоникасига ҳақли аъзо сифатида киришни истар экан, мақолаларнинг тили, уларнинг яратилиш услуби ва жанрлари ҳам дунё матбуотида қабул қилинган замонавий шакл ва форматларга мослашмасдан иложи йўқ. Масалан кўпсўзлилик, жимжимадорлик, баландпарвозлик, ортиқча ҳамду санога йўл қўйишлардан  ҳозирги хориж матбуоти воз кечганига анча вақтлар бўлган. Ўз ўқувчиларимизнинг диди-савияси ҳам, талаби ҳам ўша халқаро андозалар руҳида ўзгариб бораётгани кундек равшан бўлиб қолди. Публицист А.Мелибоев «Газета тили қандай бўлиши керак?» деб номланган мақоласида шундай ёзади (7): «Газета тилини қашшоқлаштираётган мақолаларнинг кўпи у ёки бу ижодкорнинг юбилейи муносабати билан ёзиладиган ҳамду санолардир. Аммо мақолада олимнинг маълум бир соҳа ривожига қўшган ҳиссаси нима, деган жўн саволга жавоб топа олмайсиз».

Муалллиф ўтмиш ва бугунги кун матбуотини солиштирар ўз шахсий кузатишларини қуйидагича хулосалайди (8): «Бугун энди журналистикада бутунлай бошқача иш услуби юзага келди. Тез ва таъсирчан ёзиш керак. Ҳамкасблар тили билан айтганда, муаммони қўя билиш лозим».

Ҳақиқатан ҳам публицистика замон билан ҳамнафас журналистик жанр ҳисобланади. Ушбу фикр Х.Дўстмуҳаммад ижодига доир турли йилларда чоп этилган публицистик асарлар, мақолалар ва суҳбатларда баён этилган. 1990 йили «Ёшлик» журналида эълон қилинган «Ўзбекистон Мустақил бўла оладими?» сарлавҳали мақолада муаллиф шундай ёзади: «Жумҳуриятимизнинг ҳар бир фуқароси, ҳар бир оила, ҳар бир жамоа, ҳар бир уруғ, элат ўз қадр-қимматини англамоғи зарур. Қадр-қимматни англаш ўз ҳуқуқини англашдан бошланади. Ҳар бир фуқародан бошлаб санаб ўтилган бирликлар ўзлигини англаган сайин охир-оқибатда жумҳурият қадр-қиммати англанади, мустақиллигига замин яратилади. Англаш шу даражада олий мақомга кўтарилсинки, токи Ўзбекистон худди бир комил шахсга айлансин» (6). «Миллий тикланиш» газетасида 1995 йил чоп этилган мақолада эса адиб ўзининг фалсафий қарашларини илгари сурар экан, тарихан ўтиш даврида яшаётган халқ ва миллатнинг обрўси ва имижига ишора қилади: «Шахслари кўпайган миллатнинг халқ сифатидаги нуфузи ортади. Шахс кўпайгани сайин миллий маънавий бутлик юзага келади. Шу тариқа миллат феномени шаклланади» (5).

Муаллиф 2002 йилда нашр этилган «Демократлашаётган менталитет» мақоласида  «Мамлакатимизда демократия бор ё йўқлиги ҳақида гап қўзғалса, олис-яқин хорижга қулоқ тутамиз: у томонларда бизнинг шаънимизга нималар дейишаётган экан? Ва нимадандир иймангандек, тилимиз қисиқдек бўйнимизни эгамиз, суҳбатдошдан кўзимизни олиб қочамиз. Шундай ҳолатларга тушганда яна ва яна демократлашган жамият, сўз эркинлигига эришган оммавий ахборот воситалари тўғрисида ўйлаб кетасан, киши (3)» деб ёзади. «Мулкдор» газетасига берган интервьюсида ёзувчи шундай дейди: «Аслида журналист касбининг зуваласи фаоллик хамиридан қорилган, десам янглишмасам керак. Ёзувчи илҳомли лаҳзалардагина қўлига қалам-қоғоз олар, журналистнинг илҳоми эса ҳар куни, ҳар соатда эгарланган отдек шай турмоғи шарт! У бугуннинг воқеа-ҳодисалари қозонида қайнайди, у бугун ҳақида сўз юритади, мулоҳаза айтади, танқид-таҳлил ёзади» (4).

Публицистнинг 2004 йилда ёзган «Асримизга муносиблик туйғуси» сарлавҳали мақоласида қуйидаги сатрлар бор: «Ҳар қандай жамиятни ҳамиша муайян мақсад жипслаштириб туради. Лекин Ватан тақдири, тинчлиги муддаоси ҳеч қачон иккинчи ё учинчи даражага тушмайди. Она-Ватанни нотинч қилиш эвазига эришилган ҳеч бир мақсаду маслак зинҳор ўзини оқламайди» (2). «Шахс, жамият ва давлат бир-бири билан боғлиқ узвий тушунчалар. Юлдузлар қутб юлдузи атрофида айлангани каби ҳозирги даврнинг ҳамма муаммоси мана шу тушунчалар атрофида айланади», дейди муаллиф «Шеър – дард, дард – сиёсат» сарлавҳали суҳбатда (14). Кўриниб турибдики публицистнинг турли матбуот нашрларида эълон қилинган бу асарлари пировардида бир мақсадга – мамлакатимиз имижини кўтаришга хизмат қилади.

Бугунги ўзбек журналистикаси жаҳон ахборот макони архитектоникасига таркибий бўлим сифатида кириб борар экан, ахборотнинг замонавий жанрлари ва шаклларидан фойдаланишни жорий этиш масаласи давр талабидир. Яъни, ахборот матнига ортиқча безак бериш, сўзларни керагидан ортиқча ишлатиш тавсия этилмайди. Чунончи дунё ахборот майдонида пайдо бўлаётган замонавий жанрларнинг барчаси қисқаликка ва тезкорликка йўналтирилмоқда. Эскича, сийқа ёки аморф (ўлик) усулларнинг даври ўтди.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Жаббор Раззоқов ахборот маконидаги ҳозирги жараёнлар, бугунги матбуот муаммолари ҳақидаги хулосаларини «Ўқиш бошқа, уқиш бошқа» сарлавҳали мақоласида шундай хулосалайди (10): «Замон ўзгараяпти, кун, ҳатто ҳар дақиқада содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар билан танишиш осон кечмаяпти. XXI аср ахборот асри деганлари шу-да. Бу даврда ахборот тарқатувчи ҳар қандай кўринишдаги воситалар, у босма бўладими, электронми, ижтимоий тармоқ ё телефон, гаджетларми, хуллас жиддий рақобатга киришиб, уларсиз ҳаёт тарзимиз мазмунсиз бўлди қолди… Муаллифнинг фикрига кўра, «Республикамизда матбуот, ахборот тарқатиш масаласида мавжуд муаммоларни ҳал қилмас эканмиз, халқаро миқёсдаги обрўмиз яхшиланмайди».

Мамлакат имижини яратишда журналистик жанр, услуб, тил ва тасвир воситасида умумсамарадорликни ошириш, халқаро медиа маконда мамлакат имижини кўтариш, шакллантиришга доир хабарларни сифатли тайёрлаш ҳар қандай муаллифдан юксак ижодий маҳоратни талаб қилади.

Ўйлаймизки, хорижий тилларда ахборот узатаётган ҳар бир миллий ОАВ материалларини жанр, тил ва услуб жиҳатидан қайтадан кўриб чиқиш, таҳлил қилиш, хорижий тилларда сўзлашувчи муҳаррирлар хизматидан тизимли равишда фойдаланишни талаб қилади.

Шунингдек, жаҳон медиа маконида Ўзбекистон имижи билан боғлиқ ахборотлар тарқатиш, бу борадаги барча ишларни умум эътироф этилган этика ва касб этикаси меъёрлари асосида ташкил этиш зарурлиги таъкидланади.

Қайд этиш керак, Ўзбекистон жаҳон медиа майдонида ўзининг ижобий имижини шакллантириш учун етарли даражадаги куч ва салоҳиятга эга бўлган мамлакатдир. Бинобарин, бу борадаги ишларга мавжуд ёндошувни концептуал жиҳатдан янги босқичга олиб чиқадиган пайт келди. Булар давлат бошқаруви органлари, турли вазирлик ва ташкилотлар, муассасалар ахборот хизматларининг медиа макондаги мамлакат имижини шакллантиришга йўналтирилган фаолиятини қайта кўриб чиқиш, уларни баҳолаш, тегишли хулосалар ҳамда тажриба асосида янада фаоллаштиришни тақозо этади.

Босма нашрланинг жамиятимиз учун муҳим аҳамияти ҳақида Ж.Раззоқов ЎзА мухбирига берган интервьюсида ҳам алоҳида тўхталади (11): «Ўтган асрнинг 85- йиллари ҳозирги «Ёшлар овози» газетасининг бош муҳаррири эдим. Ёшлар матбуотининг жўшқин, ҳар доим олдинги сафда бўлиши учун курашиб, сара, керакли, фикрлашга ундайдиган мақолалар билан саҳифаларни безаганмиз. Газетанинг ўзи ҳаётдан олдинда бўлиши керак”. Муаллифнинг фикрича Ватан равнақи,  маърифат ва маънавиятини  сақлаб қолишда матбуотнинг роли беқиёсдир.

Замонавий цивилизациянинг ўзига хос муҳим хусусиятларидан бири, бу унинг мавқеи, салоҳияти, тақдири кўп жиҳатдан ахборотга боғлиқ бўлиб қолганлигида кўринмоқда. Оддий инсонлардан тортиб машҳур шахсларнинг, давлат раҳбарларининг, шунингдек, халқларнинг, давлатларнинг ҳаёти, яшаш тарзи, истиқболи ахборот майдонларида ҳал этилмоқда, десак муболаға бўлмайди. Кўринадики, вужудга келган ёш мустақил давлатларнинг оёққа туриши, минтақада ва жаҳон ҳамжамиятида мустаҳкам ўринга эга бўлиши, ҳар жиҳатдан ахборотга, яна бир карра миллий ва жаҳон ахборот маконида кечадиган жараёнларга боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Маълумки, ҳар қандай миллий журналистика, яъни миллий матбуот, биринчи навбатда, мамлакат аҳолисининг ахборотга бўлган эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади. Бир йўла халқ, жамият ва давлат ҳақида муайян тасаввур яратади.

Шундай экан, биз ана шу «янги нефть»ни қазиб чиқарувчи кадрларни тайёрлаш ишига ҳар доимгидан ҳам жиддийроқ ёндашишимиз керак.

Ўзбекистоннинг халқаро медиа макондаги имижини оширишда миллий ОАВнинг ўрни беқиёсдир. Чунки журналист ўзининг профессионал фаолияти давомида ўз Ватани ҳақида дунё аудиторияга ахборот етказар экан, мавжуд сиёсий ва иқтисодий ўзгаришларни холисона ёритиш баробарида, унинг нуфузини оширишга бевосита хизмат қилади. Яъни халқаро ахборот майдонида миллий манфаатларни ҳимоялайди.

Умуман олганда Ўзбекистон ўзининг ижобий имижини шакллантириш учун етарли даражадаги куч ва салоҳиятга эга бўлган мамлакатдир. Лекин бу борадаги ишларга мавжуд ёндошувни концептуал жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш лозим. Ана шу мақсадда давлат бошқаруви органлари, турли вазирлик ва ташкилотлар, муассасалар Ахборот хизматларининг медиа макондаги мамлакат имижини шакллантиришга йўналтирилган ишларини қайта кўриб чиқиш, уларни баҳолаш, тегишли хулосалар ҳамда тажриба асосида янада фаоллаштириш жоиз.

Айни пайтда ҳанузгача ишлатилмаган заҳиралар ва қатор долзарб масалалар борки, улардан фойдаланиш ёки ҳал этиш орқали мамлакат имижини шакллантиришнинг «умум иши» эканлигини кўпчилик томонидан англанишига эришиш мумкин. Чунки аёвсиз рақобат даврида мамлакатнинг ижобий имижи ва брендини кучайтиришга йўналтирилган навбатдаги сифат босқичига чиқиш учун давлат, фуқаролар, ишбилармон доиралар бир ёқадан бош чиқаришлари шарт.

Авваламбор, ижобий имижни шакллантиришга тизимли ва комплекс ёндошув талаб этилади. Бу соҳада тушунчаларни умумлаштириш, устивор йўналишлар,  мақсад ва вазифаларни белгилаб олиш, амалга ошириш услублари ва шаклларини ишлаб чиқиш керак.

Ана шу ишларни амалиётга тадбиқ этиш учун нафақат давлат маблағлари, балки мамлакатдаги етакчи экспертлар ҳамда бизнес доиралар имкониятларидан ҳам кенг фойдаланиш мумкин. Булардан ташқари, фуқаролик жамиятининг барча қатламлари «имиж сиёсати»ни амалга оширишда фаол иштирок этишлари мақсадга мувофиқдир. Бунда мамлакатда тўпланган тажриба ва ўрганилган хорижий манбаларга асосланган ҳолда навбатдаги масалаларга алоҳида эътибор қаратиш зарур:

“Ягона медиа имиж сиёсати”нинг самарадорлигини ошириш учун давлат ташкилотлари ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш лозим.

Республикада бу йўналишдаги масалаларни ўз вақтида ва сифатли бажаришга қаратилган ўзига хос ҳуқуқий база яратилган. Мисол учун мазкур соҳада 10 та қонун мавжуд бўлиб, булар: “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида” (янги таҳрирда), “Ахборот олиш кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”, “Ахборот эркинлиги тамойиллари ва қафолатлари тўғрисида”, “Журналистлик фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида”, “Телекоммуникациялар тўғрисида”, “Ахборотлаштириш тўғрисида” ва бошқалар. Мазкур қонунлар фуқароларнинг сўз ва ахборот эркинлиги, уни олиш, сақлаш ва тарқатиш ҳуқуқи, бу борадаги бошқа тегишли ҳуқуқларини амалга оширишга хизмат қилади.

Хулоса ўрнида шуни айтиш керакки,  публицистика ва матбуот барча оммавий ахборот воситаларининг ўзаги, қон томири бўлгани каби, у ҳозирги оммавий коммуникациялар даврида ҳам медиа макон ва унинг истеъмолчилари, ўқувчилар учун муҳим аҳамиятга эга ҳисобланади. Унинг жамият ҳаёти, атрофда содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларни ўзида акс эттириши, таҳлил қилиши ва ўқувчилар аудиторияга таъсиридан иборат ижтимоий функцияларини эътироф этган ҳолда, матбуотнинг мамлакат ички ва ташқи медиа имижини мустаҳкамлаш жараёнидаги ўрни беқиёслигидан холис одам кўз юмолмайди. Зеро, замонавий ўзбек публицистлари жамият равнақи йўлида тўғаноқ бўлаётган муаммоларни дадиллик билан ёзиш, таҳлил қилиш, танқид қилиш борасида ўз сўзларини айтмоқдалар.

Ёш мустақил Ўзбекистоннинг халқаро нуфузини оширишда жаҳон ахборот макони, хусусан, оммавий ахборот воситалари ҳал қилувчи аҳамият касб этиши республикамиз ҳақида эълон қилинган матбуот чиқишлари мамлакатимиз ва халқимиз имижини вужудга келтириш, шакллантириш ва ривожлантиришда асосий омил бўлиб қолиши юзасидан таклифлар ишлаб чиқишни талаб этади.

Глобаллашув шароитида дунё ахборот маконини эгаллашга уринишлар, унга мутлақ эгаликка интилиш кайфиятлари яққол кўзга ташланмоқда. Бунинг халқаро медиамаконда ахборотнинг монополлашувига йўл очиши, айрим ҳолларда эса қудратли давлатларнинг эндигина мустақиллик йўлини танлаган ва ривожланаётган ёш давлатлар манфаатлари билан ҳисоблашмаган ҳолда иш тутишлари натижасида юзага келадиган, мамлакат имижига салбий таъсир этиши мумкин бўлган омилларни аниқлашни тақозо этади.

 

      Фойдаланилган адабиётлар

  1. Василенко И.А. Геополитика современного мира. – М., 2006. – 317 с.
  2. Дўстмуҳаммад Х. «Асримизга муносиблик туйғуси» // «XXI аср» газетаси. 2004 йил, 9 сентябрь, 37-сон.
  3. Дўстмуҳаммад Х. «Демократлашаётган менталитет» // «Халқ сўзи» газетаси. 2002 йил, 16 октябрь, №223 (3051)-сон.
  4. Дўстмуҳаммад Х. «Журналист касбининг зуваласи фаоллик хамиридан қорилган» // «Мулкдор» газетаси. 2002 йил, 28 июнь, 26 (400)-сон.
  5. Дўстмуҳаммад Х. «Ғаввосларга зориққан уммон» // «Миллий тикланиш» газетаси. 1995 йил, 19 сентябрь, 15-сон.
  6. Дўстмуҳаммад Х. «Ўзбекистон Мустақил бўла оладими?» // «Ёшлик» журнали 1990 йил, 9-сон.
  7. Мелибоев А. «Газета тили қандай бўлиши керак?». Қирқ бешинчи бекат. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти. Тошкент – 2008. 128 б.
  8. Мелибоев А. «Алло, мелизодамисиз?». Қирқ бешинчи бекат. Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси нашриёти. Тошкент – 2008. 128 б.
  9. Публицистика. — URL.:https://qomus.info/encyclopedia/cat-p/publitsistika-uz/
  10. Раззақов Ж. «Ўқиш бошқа, уқиш бошқа». https://pv.uz/ 2020 йил, 2 май.
  11. Раззақов Ж. «Рўзномани ўлдирмаслик учун курашганмиз, холос». — URL.:http://uza.uz/oz/society/zhabbor-razzo-r-znomani-ldirmaslik-uchun-kurashganmiz-kholos-31-01-2019?fbclid=IwAR0J_Sh6fTyPv7oMfRNIYsMlxEqXYSBuqs3NcZPpaHWmh8sogLh1e1nNDX0.
  12. Сушненкова И.А.Моделирование фрейма как инструмент регионального имиджмейкинга // Средства массовой информации в современном мире. Петербургские чтения: Материалы 50-й международной научной конференции. – СПб.,2011. – С.238.
  13. Шарофиддинов О. «Муқаддас бурч» (166-171). 2003. Ижодни англаш бахти. – Т.: «Шарқ», 2004. – 640 б.
  14. «Шеър – дард, дард – сиёсат» // «Миллий тикланиш» газетаси. 2018 йил, 31 январь, 5 (489)-сон. Шарофиддинов О. «Муқаддас бурч» (166-171). 2003. Ижодни англаш бахти. – Т.: «Шарқ», 2004. – 640 б.
  15. Худойқулов М. Журналистика ва публицистика. –Т.: “Тафаккур”, 2011. –Б. 30-33.
  16. Худойқулов М. Китоблар, асарлар. — URL.: https://kitobxon.com/uz/yozuvchi/muhtor_hudoykulov

 

 

References

  1. Vasilenko I.A. Geopolitika sovremennogo mira. – M., 2006. – 317 p.
  2. Dustmuhammad H. «Asrimizga munosiblik tuygusi» // «XXI asr» gazetasi. 2004 jil, 9 sentyabr’, 37-son.
  3. Dustmuhammad H. «Demokratlashayotgan mentalitet» // «Halq sozi» gazetasi. 2002 yil, 16 oktyabr, №223 (3051)-son.
  4. Dustmuhammad H. «Jurnalist kasbining zuvalasi faollik hamiridan qorilgan» // «Mulkdor» gazetasi. 2002 jil, 28 iyun, 26 (400)-son.
  5. Dustmuhammad H. «Gavvoslarga zoriqqan ummon» // «Milliy tiklanish» gazetasi. 1995 jil, 19 sentyabr, 15-son.
  6. Dustmuҳammad H. «Ozbekiston Mustaqil bola oladimi?» // «Yoshlik» jurnali 1990 jil, 9-son.
  7. Meliboev A. «Gazeta tili qanday bolishi kerak?». Qirq beshinchi bekat. Alisher Navoiy nomidagi Ozbekiston Milliy kutubhonasi nashriyoti. Toshkent – 2008. 128 p.
  8. Meliboev A. «Allo, melizodamisiz?». Qirq beshinchi bekat. Alisher Navoiy nomidagi Ozbekiston Milliy kutubhonasi nashriyoti. Toshkent – 2008. 128 p.
  9. Publicistika. — URL.: https://qomus.info/encyclopedia/cat-p/publitsistika-uz/
  10. Razzaqov J. «Ўқish boshқa, uқish boshқa». https://pv.uz/ 2020 jil, 2 maj.
  11. Razzaqov J. «Roznomani oldirmaslik uchun kurashganmiz, holos». — URL.: http://uza.uz/oz/society/zhabbor-razzo-r-znomani-ldirmaslik-uchun-kurashganmiz-kholos-31-01-2019?fbclid=IwAR0J_Sh6fTyPv7oMfRNIYsMlxEqXYSBuqs3NcZPpaHWmh8sogLh1e1nNDX0
  12. Sushnenkova I.A.Modelirovanie freyma kak instrument regional’nogo imidzhmeykinga // Sredstva massovoy informacii v sovremennom mire. Peterburgskie chteniya: Materialy 50-j mezhdunarodnoj nauchnoj konferencii. – SPb.,2011. – P.238.
  13. Sharofiddinov O. «Muqaddas burch» (166-171). 2003. Ijodni anglash bahti. – T.: «Sharq», 2004. – P. 640.
  14. «Sher – dard, dard – siyosat» // «Milliy tiklanish» gazetasi. 2018 jil, 31 yanvar, 5 (489)-son. Sharofiddinov O. «Muqaddas burch» (166-171). 2003. Ijodni anglash bahti. – T.: «Sharq», 2004. – 640 b.
  15. Hudoyqulov M. Jurnalistika va publicistika. –T.: “Tafakkur”, 2011. –B. 30-33.
  16. Hudoyqulov M. Kitoblar, asarlar. — URL.: https://kitobxon.com/uz/yozuvchi/muhtor_hudoykulov

 

THE ROLE OF NATIONAL JOURNALISM IN IMPROVING THE IMAGE OF UZBEKISTAN

Beruniy Sultonovich ALIMOV

PhD, docent

Uzbek State World Languages University. Tashkent, Uzbekistan

 

ЎЗБЕКИСТОН ИМИЖИНИ ОШИРИШДА МИЛЛИЙ ПУБЛИЦИСТИКАНИНГ РОЛИ

Беруний Султонович АЛИМОВ

PhD, доцент

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети. Тошкент, Ўзбекистон

 

РОЛЬ НАЦИОНАЛЬНОЙ ПУБЛИЦИСТИКИ В ПОВЫШЕНИИ ИМИДЖА УЗБЕКИСТАНА

Беруний Султонович АЛИМОВ

PhD, доцент

Узбекский государственный университет мировых языков. Ташкент, Узбекистан.

beruniyalimov@gmail.com, beruniyalimov.uz

“Ўзбекистонда хорижий тиллар” журнали

2020 йил 3-сон

РОЛЬ НАЦИОНАЛЬНОЙ ПУБЛИЦИСТИКИ В ПОВЫШЕНИИ ИМИДЖА УЗБЕКИСТАНА