Сиамлик жўрам

Нима десангиз-денгу 6-7 ёшлигимдан бери яхши кўрадиганим жонивор ҳақида ёзмасам бўлмайди.

Аслида 5-6 тонна келадиган баҳайбат фил табиатан жуда ювош бўлар экан. 

Пхукет оролида учрайдиганлари аслида Сиам филлари турига киради. 

Улар назарий жиҳатдан Осиё филлари оиласи вакиллари сифатида классификацияланади. 

Илмий номи: Elephas maximus. 

Ҳиндистонда олдин кўрганларимиз асосан  кулранг бўлса, Тайланддагиларнинг умумий танаси қорамтир, хартумининг олди тўқ сариқ, қора нуқталарга эга бўлар экан.

Тайландда оқ рангли – албинослар бармоқ билан санарли экан. Жуда кам туғилади, дейишди.

Бу хилдаги филлар маҳаллий халқ афсоналари ва диний ақидаларига кўра энг юқори поғонага реинкарнация бўлади дейилади. 

Шу сабабдан ҳозирда мавжуд жами 10та оқ филни мамлакат Қиролининг шахсан ўзи қарамоғига олган экан.

Сиам филлари 1963 йилдан буён давлат рамзи сифатида эътироф этилади ва уларнинг барчасига жуда катта ҳурмат билан қарашади.

Ҳатто бир пайтлар Сиам давлатининг байроғида филнинг акси бўлган.

Маълумотларга қараганда, оқ филларнинг асосий қиладиган “иши” – Қирол иштирокидаги давлат расмий тадбирларида қатнашишдан иборат экан. 

Айтмоқчи, Осиё филларига нисбатан Африка филлари анча катта бўлади. 

Яқинда Африка филларини Найробидаги Миллий боғда, аниқроғи ота-онаси броканерлар томонидан ўлдириб кетилган ёш филларнинг “болалар уйида” кўргандим.

 

Ер юзидаги энг йирик ҳайвон ҳисобланадиган ушбу Саванна филларининг тана вазни 6-7 тонна, оёқлари ниҳоятда узун, бошлари осиёлаикларникидан фарқли ўлароқ танасига қараганда ўртача экан.

 

 

Шунингдек, Африка филларинҳда кўпроқ ёввойи қилиқлари сақланиб қолган, ўта баджаҳл дейишди.

Илмий номи: Loxodonta africana.

 

 

Осиё филларининг тана тузилиши ва вазни ҳақида: 

боши танасига нисбатан бироз каттага ўхшайди. Узоғи билан 5-6 тоннагача  боради.

Умр кўриши узунлиги: озодликда ўртача 55-60 йил, тутқинликда 80-85 йил.

Сабаби: филларнинг тиши 60 ёшида деярли тушиб қолади. Натижада керакли миқдорда овқат ейиш имконияти қолмайди ва қорни тўймасдан, турли касалликларга чалиниб ўлиб кетади.

Тутқинликда эса улар яхши парвариш қилинади. Юмшоқроқ овқатлар берилади. Вақтида тиббий ёрдам кўрсатилади.

Бундан 100 йил олдинги Сиам давлатида яшаган ва асосан қишлоқ хўэалигида ишлаган 100 000 нафар филдан ҳозирги кунга келиб 3-4 минг қолган холос.

Муҳими, худди Британиядаги отлар каби филлар ҳозир 60 ёшдан кейин Тайландда расман пенсия олади. 15 минг баҳт  миқдорида. Бу доллар ҳисобида 450 га ҳам етмайди. 

Ваҳоланки, ҳар бир фил бир суткада  камида 400 кг овқат ейиши керак.

Камина ҳам баҳонада сиамлик жўрамни 2 тоғора кичкина, яхши пишган юмшоққина банан билан боқдим. 

Тиши бўлмаса-да, милклари билан яхши еди. 2 тоғора бананга 200 баҳт кетди холос. 

Умумий ҳисобда филларнинг ёнига бориш учун бошқа турлар ҳам қўшилганда бир кунга 100 кўкида кетди. Тўғриси, мингдан-минг розиман.

Ўзи бу гал айнан Тайландга келишимнинг асосий сабаби ҳам улар эди. 

Бекитмайман. Бунинг учун ўткан йил ёзда 2-3 ой тинмасдан ишлаб, пул йиғдим. 

Билет бироз арзон бўларкан деб, 5 ой олдин уни тур фирмадан олиб ҳам қўйдим.

Хулас, филларни болаликдан яхши кўрсам-да, ёшим 50га чиқиб эндигина улар билан яқиндан мулоқотда бўлдим.

Етказганига шукр! 

Нмҳоят, реал таассуротлар ва баъзи хулосаларга эга бўлдим.

Ҳаяжон чексиз эди.

Ҳаммернинг олдига ўтириб, филларнинг “қариялар уйига” кетар эканман, тамоғимга нимадир тиқилиб қолганини сездим. 

Машинани ҳайдаб кетаётган маҳаллий “Жўшқин”га кўз ёшимни кўрсатгим келмади…

Ахир тирик филларни кўриш, улар билан ростмана ёнма-ён бўлишни неча йилдан бери орзу қилардим… 

Хуллас, ФИЛ!

(Бу ҳақда YouTube га кичик видео жойладим: https://m.youtube.com/watch?v=t8qgFeywz10) 

Фил деган жонивор одам айтганини сўзсиз бажарар экан. 

Масалан, унга қараб: 

“хартумингни кўтариб тур, оғзинга бананни ўзим соламан!” 

деб бир қўлингизни баландга кўтарсангиз, у айнан шундай қилади.

Яъни хартумини тепага тик кўтариб, оғзини катта очиб, сизни кутиб туради.

Ана кейин қанча бананингиз бўлса, бемалол солаверасиз. 

Фақат тоғораларни сал нарироққа қўйишингиз керак. Негадир улар тоғора ва бошқа шунга ўхшаш идишлардан қўрқишаркан. 

Айни сабаб қўлингизга сиққунча 5-6 та бананни оволиб, уларни 1тадан филнинг тўғридан-тўғри оғзига соласиз.

Истасангиз, бананни фил хартумининг учига тутсангиз ҳам бўлади. Оғзига ўзи солиб қўяди.

Яна бир муҳим жиҳати шундаки, зартуми анча қаттиқ экан, машинанинг шинаси каби. 

Танасидаги жунлари эса сал юмшоқроқ тиканни эслатди. Асло қўрқманг, қўлга санчилмайди.

 Фил хартуми, яъни бошқача айтганда “қўли”нинг учи анчагина юмшоқ экан. 

Оғзи, жағи, тили момиқдек юмшоқ, иссиқ ва ёқимлигиналигини тасаввур ҳам қилолмайсиз. 

Олдин бу жойларига тегишга қўрқардим.

Сигир ёки ҳўкизга қараганда анча дуруст. Ишонаверинг.

Б.А.

Пхукет. 

30.12.2023.