ҚАЙТА КАШФ ЭТИЛГАН ДИЁР (травел эссе)

Ғарб ва Шарқнинг 20дан зиёд давлатида бўлган журналистга ён қўшни мамлакат ҳақида етарлича маълумотга эга бўлмаслик, тўғриси, бироз алам қиларкан. Яхшиямки, 2018 йилнинг 14-21 декабрь кунлари ўзбекистонлик журналистлар учун Тожикистонга ташкил қилинган пресс-тур таркибида бориш насиб этди.

Ўтган ёзда “Ҳуррият” газетасининг мухбири сифатида қадимий Хўжандда, ундан олдинроқ расмий делагация билан Душанбеда бўлганимни эътиборга олмаганда, бу сафар Тожикистонни умуман қайтадан кашф этдим десам ҳам бўлаверади.

Тўғри-да, олдинги сафарларим эсимга тушса, “меҳмонхонанинг деразасидан нимани ҳам кўрардим” деб қўяман. Аслида мамлакат билан яқинроқ танишиш учун унинг ичига, кўчаларига, бозорларига бевосита кириб борилмаса фойдаси йўқ экан.

… Душанбе аэропортига қараб қўнишнинг ўзи бир бошқача бўлди. Бу шаҳар қуш учадиган баландликдан янада сеҳрлироқ кўринар эди. Айниқса, тоғлар устидаги оппоқ қорлар яқинидан ўтаётган “Самон эйр” ҳаво кемасидан туриб табиатни кузатар эканман, ёнимдаги шериклардан ҳайратимни бекитолмадим.

Аслида Душанбе мен учун бегона эмас. Болалгимда бу шаҳар бозорлари ҳақида кўп эшитганман. Чунки ўтган асрнинг 60-70-йилларида раҳматлик бобом ва дадам Хоразмдан шу ергача поездда келиб, жийда сотиб кетишар экан.

                                               Миллий кутубхона –  ҳайратларим бешиги

Худди Европа қасрларини эслатувчи бу бино шу қадар катта эдики, уни ташқаридан кўрган одам кутубхона деб асло ўйламайди.

Яна бир гап: нима учундир бир жойнинг ўзида тўпланган кўп китобларни кўрсам, у ердан жилгим келмай қоладиган одатим бор. Бунинг сабабини ўзим ҳам тушунмайман. Китобларнинг ўзгача оҳанрабоси бордай.

Кутубхонадаги қадимий қўлёзамалар хонаси диққатимизни тортди. Айиқса, Алишер Навоий қаламига мансуб “Ҳамса” асарининг 300 йил олдин кўчирилган нусхасини кўриш оддий китобхон учун тарихий воқеа бўлди.

Бундан ташқари бу ердаги замонавий китоблар, уларнинг электрон нусхаларининг сон-саноғи йўқ. Энг асосийси, биз борганимизда китобга навбатда турган, залларда дарс қилаётган ёшларни кўриб хурсанд бўлдик.

                                            Александр ва Рухшонанинг тўйи қаерда бўлган?

Уч минг йиллик тарихга эга бўлган кўҳна Ҳисор қалъаси нафақат ўзининг катталиги, балки тарихан муҳим воқеа-ҳодисаларни бошдан кечирганлиги билан ҳам ажралиб туради. У Марказий Осиё ҳудудидаги энг қадимий масканлардан саналиб, бугунги кунда сайёҳлар учун “албатта бориб кўрилиши керак бўлган жойлар” рўйхатидаги энг биринчиларидан бўлса ажаб эмас.

Азалдан Ҳисор водийси Буюк ипак йўлидаги савдо марказларини бирлаштириб келган. Араблар истилосидан аввал бу ҳудудда Аҳорун ва Шумон давлатлари бўлган. 9-10 асрларда эса Сомонийлар давлати таркибига кирган, кейинги асрларда Бухоро амирлигига қараган. Ҳисор қалъасига кираверишда ҳозирги кунгача қадимий мадраса жуда яхши сақланиб қолган.

….Водий тепалигида жойлашган қалъага шом пайтида келганимиз учунми, билмадим, у тинч-осуда, шу билан бирга маҳобатли кўринар эди. Табиатнинг гўзаллиги, атрофдаги адирлар ва уларга туташиб кетган виқорли тоғларни ифодалаш учун камида шоир бўлиш керак.

Маҳаллий гиднинг бизга айтишича, саркарда Александр Македонский афсонавий гўзал Рухшонага айнан шу Ҳисор қалъасида уйланган экан.

                                                                    ТАЛКО – бор гап шу

Тожикистон алюминий заводи ҳақида жуда кўп эшитган ва ўқиган эдим. У мамлакатдаги ишлаб чиқариш корхоналари ичида энг етакчиларидан ҳисобланади.

Биз заводда алюминий қуйиш жараёнидан тортиб, тайёр маҳсулотлар билан ҳам яқиндан танишдик. Ҳамма жой тоза-озода. Эколог эмасману, лекин қиш бўлишига қарамасдан очилиб ётган гулларни кўриб, ҳавасимиз келди.

ТАЛКО музейини кўздан кечирдик. Шунингдек, завод остонасидаги журналистлар боғида бўлдик. Айтишларича, боғдаги ҳар бир дарахт бу ерга келган мухбир томонидан экилган экан. Вақти келиб биз ҳам шу ерда бир туп кўчат экишни ният қилиб қўйдик.

Эсимда, 2004 йилда Япония тоғларига уюштирилган пресс-турда шахсан кўчат ўқазгандим. Ўтган 2018 йил январида эса (бундан 25 йил олдин) камина ўқиган Ҳидистон оммавий коммункациялар институти ҳудудида ҳам шундай бахтга муяссар бўлгандим.

Аслида новда ўтқазиш нафақат абадий дўстлик билан боғлиқ рамзий тушунча ҳисобланади. Балки у катта савоб иш ҳамдир. Айниқса, чет давлатда ниҳол ўтқазиб келиш қандай завқли. Демак, яқин орада ТАЛКОга яна боришимиз керак.

                                                               Ду ю спик инглиш, хожи бобо?

ТАЛКО баҳонасида Турсунзодага борганимизда завод яқинидаги машҳур боғбон Неъмат ҳожи бобо билан ҳам танишдик.

Қиш бўлишига қарамасдан унинг боғида ҳалиям узумлар осилиб ётарди. Омборхонада сақланаётган навларни-ку асти қўяверасиз. Есангиз тилингиз ёрилади.

Айтмоқчи, 2018 йилда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бу ерга ташриф буюрганида Неъмат ҳожи бобога машина совға қилган экан.

Биз ҳожи бобо билан суҳбатда қишда узум сақлашнинг сирларини айтиб беришини сўрадик. У киши “ҳозирги замонда сир сақлаб бўладими? Ҳамма нарса Интернетда бор-ку” деб ҳазиломуз жавоб берди. Неъмат аканинг келиб чиқиши ўзимизнинг водийдан экан. Шунинг учун бўлса керак, “тили анча ўткир, уддабурон” деб ўйладим.

Гектарлаб узумзорларни тарбиялаб, бу ердан мўл ҳосил олиб келаётган отахоннинг асли касби инглиз тили ўқитувчиси эканлигини билиб ҳайрон қолдик.

Отахоннинг зийраклигидан фойдаланиб, “ду ю спик инглиш, ҳожи бобо”, деб унга савол берсам, “йес, офкос. Боғимизга чет элликлар келса менга таржимон умуман керак бўлмайди”, деди.

Атрофда эса самимий кулги кўтарилди.

                                                           

                                                                Сафед дарада қиш ҳавоси

Душанбедан бир соатлик масофада жойлашган бу тоғли оромгоҳ Швейцариянинг ўзи. Тўрт томони баланд тоғлар билан ўралган. Сайёҳлар учун барча шароитлар муҳайё.

Ҳавонинг мусаффолигидан одамнинг танаси яйрайди. Шаҳар ҳаётидан чарчаган инсон учун бундай гўшада тўйиб-тўйиб нафас олишга нима етсин.

Биз кун давомида чанғида учишдан тортиб, отда юриш, баланд канатда сайр қилиш ва ҳатто балонда учишга ҳам улгирдик. Шунингдек, меҳмонхона, ошҳона ва соғломлаштириш мажмуаси билан ҳам танишдик.

Бир олам таассурот. Узр, шу ўринда мақтанмасликнинг илож йўқ: тоғнинг чўққисида икки қўшни мамлакат байроқларини ҳилпиратиш ҳар кимга ҳам насиб этавермайди…

                                                                   Ўша куни Душанбеда душанба эди

Ҳа, ўша куни ҳақиқатан ҳам Душанбеда душанба эди. Бунинг устига ҳар ойнинг мен яхши кўрадиган 17-куни эди. Аслида ирим-сиримларга ишонмайдиган одамман. Бироқ нима учун биринчи марта Ўзбекистон ташқарисида айнан 17 декабрь куни медиа тренинг ўтганимни тасодиф деб билмайман (олдинги дипломатик ишимда Ўзбекистон билан боғлиқ турли мамлакатларда ўтказган тақдимотларим ҳисобга ўтмайди!).

Энди яширишга ҳожати йўқ. 17 рақами билан боғлиқ воқеа-ҳодисалар ҳаётимда жуда кўп. Ота-онам ўрнида мени катта қилган раҳматлик холам 1931 йил 17 апрелда, Самарқандда настарин гуллаганда туғилган эканлар. Мактабда ва университет журналларида ҳар доим 17-рақам остида бўлганман (ўша пайтларда Олимов бўлганим учун). 1993 йил 17 декабрб куни биринчи марта хорижга чиққанман. Биринчи машинамнинг номери ҳам шу. Хуллас, қаерга қараманг, 17 ва яна 17.

Олдинига ишонмадим. Чунки навбатдаги чет эл тренингини тожикистонлик ҳамкасблар билан биргаликда ўтишимиз хаёлга ҳам келмаганди. “Ўзбекистонда он-лайн журналистика тараққиёти ва визуализация тенденциялари” мавзуида маъруза ўқидим. Тўғриси, хаяжон босса-да қўлимдан келганича ҳаракат қилдим.

Умуман олганда Тожикистонга амалган оширилган бир ҳафталик пресс-тур узоқ вақтгача хотирамизда сақланиб қолиши шубҳасиз. “Тожикистон XXI” мустақил журналистика мактаби қўшни мамлакатни ҳам қайта кашф этишимга, ҳам соҳамизда янги билимларни олиб қайтишимига сабабчи бўлди.

ОАВ вакиллари ўртасидаги бу каби борди-келдилар, сўзсиз, медиа майдоннинг миллий сегментларидаги ахборот бўшлиғини тўлдиради. Натижада қардош халқлар янада жипслашади.

 

Беруний Алимов, PhD,

Тошкент-Душанбе-Тошкент.

14-21 декабрь 2018 йил.