ФОЙДАЛИ ЙОГА МАШҚЛАРИ

Соғлом ва хотиржам бўлай десангиз

Рамешвар Дасс Гуптанинг шу номли асари асосида қайта ишланган

Мутахассисларнинг фикрича, саноати юқори даражада ривожланган мамлакатларда кўпчилик аҳолининг соғлиғига гипокинезия (камҳаракатлилик) катта хавф солмоқда. Дарҳақиқат, инсоннинг ҳар томонлама соғлом, бақувват ва хотиржам бўлишида жисмоний мукаммаллик, доимий ҳаракат муҳим роль ўйнайди.

Йоглар амал қиладиган гигиеник, маънавий-аҳлоқий қарашлар негизида эса ана шу уйғунликни кўриш мумкин.

Биз сиз билан ушбу рисолада ўрганадиган Хатха-йога маълум тартибдаги жисмоний машқларни ўз ичига оладиган яхлит тизимдир.

Албатта, йога таълимотининг, кенг маънода олиб қарайдиган бўлсак, диний томони ҳам мавжуд. Лекин биз унинг фақат ҳаракатлантирувчи, жисмонан бақувват қилувчи, энг муҳими, инсонни руҳий тинчлантирувчи хусусиятларига эътибор берамиз, холос.

Дарвоқе, бугуни кунда қатор мамлакатларда, шу жумладан Ўзбекистонда ҳам замонавий тиббиёт соҳасида, хусусан психотерапияда йоганинг руҳий толиқиш ва стрессни йўқотишдаги афзалликларидан унумли фойдаланилмоқда.

Бундан ташқари, маҳаллий шифокорларимиз кўпчиликка тавсия қилаётган “даволовчи жисмоний тарбия машқлари”да ҳам йога ҳаракати элементлари талайгина.

Камина 1993-1994 йилларда Ҳиндистон пойтахти Деҳли шаҳридаги Ҳиндистон Оммавий ахборот воситалари институтида (Indian Institute of Mass Communications) ўқиб юрган кезларимда Бҳарат Бҳушан Бабу исмли журналсит билан танишиб қолган эдим. У Андҳра Прадеш штатининг Гунтур шаҳрида туғилган.

Ўша биз тақсил олиб юрган пайтимизда Бҳарат мазкур институтни эндигина тамомлаб, Ҳиндистоннинг энг йирик телерадиокомпанияси – “Дурдаршан”нинг Янгиликлар дастурида муҳаррир вазифасида иш бошлаган эди.

Билишимча, Бҳарат Бабу болалигидан юрак ҳасталиги билан оғриган ва у врачлар маслаҳатига кўра, мактабдалигиданоқ Хатха-йога машқларини бажариб туришга одатланган экан. Бҳаратнинг қайд этишича, мазкур машқлар уни шу оғир дарддан батамом фориғ этган ва унинг ўзига хос ҳаёт тарзига айланиб қолган.

Муҳим жиҳати шундаки, ҳиндистонлик замондошимиз, қолаверса, оддий бир мухбир учун кундалик йога машғулотлари ҳозирги кунда ҳам тетик, соғлом ва ўз кучига ишонадиган, иродали инсон бўлишга асос бўлиб келмоқда.

Батафсил: PDF