САМАРАЛИ ДАВЛАТ БОШҚАРУВИ УЧУН ЭЛЕКТРОН ҲУКУМАТ

2017 йил 26-27  октябрь кунлари Ўзбекистон Республикаси давлат бошқаруви органларининг Ахборот хизматлари ходимлари, шунингдек, ОАВ вакиллари учун Интерактив Давлат хизматларининг Ягона Портали орқали давлат хизматларини тарғиб қилиш масалаларига бағишланган семинар-тренинглар бўлиб ўтади.

Ушбу тренинглар Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, «Электрон ҳукумат» тизимини ривожлантириш маркази томонидан «Info Capital  Group» консалтинг компанияси билан ҳамкорликда Осиё Тараққиёт Банки кўмагидаги «Самарали давлат бошқаруви учун электрон ҳукумат» лойиҳаси доирасида ташкил этилади.

Кейинги йилларда ҳаётнинг барча соҳаларини бирин-кетин электрон тизимлар эгаллаб бормоқда. Жаҳондаги аксарият мамлакатлар онлайн режимидаги давлат хизматларини ривожлантириш ва уларни тарғиб қилиш бўйича ўз ёндашувларини умуман қайта кўриб чиқмоқдалар. Олдинги  даврлардаги каби онлайн ва оффлайн ҳукуматни ҳеч ким ўзаро таққосламаяпти. Яъни, давлат хизматлари эндиликда «электрон» ва«электрон бўлмаган»турларга ажратилмаяпти. Интернетнинг янги имкониятлари, йирик  ҳажмли ҳужжатларни сақлашнинг қулай услублари, сунъий интеллект ва «ақилли» ечимлар – ушбу  соҳадаги илғор мамлакатларда давлат хизматларини кўрсатиш борасидаги ишларни кескин ўзгартириб юборди.

Ўзбекистонда 2017-2021 йилларда мамлакатни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича ҳаракатлар Стратегиясининг биринчи йўналиши – «Давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш»ни амалга ошириш доирасида «Электрон ҳукумат» тизимини такомиллаштириш, аҳоли ва бизнес вакиллари учун давлат хизматлари сифати ва самарасини ошириш, жамоатчилик назорати механизмларини ҳаётга татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтлари ва оммавий ахборот воситаларининг ролини кучайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Электрон ҳукумат– давлат бошқарув органларининг жисмоний ва юридик шахслар билан ўзаро ҳамкорлигининг бугунги ахборий жамият талабларидан келиб чиққан ҳолдаги янги кўриниши ҳисобланади. 2016 йил 30 июль куни эълон қилинган БМТ ҳисоботида қайд этилганидек, электрон ҳукумат тараққиёти индекси бўйича Ўзбекистон жаҳондаги 193 та давлат ичида 80 ўринни эгаллади. Электрон ҳукуматни ривожлантириш бўйича олиб борилган кенг кўламли чора-тадбирлар натижасида республикамиз олдинги кўрсаткичга нисбатан 20 поғона юқорига кўтарилди (2014 йилда – 100-ўрин).

Жорий йилда Ҳаракатлар стратегияси доирасида Ягона порталнинг янгиланган версияси ишлаб чиқилди–ЯИДХП 2.0 (my2.gov.uz). Мазкур портал айни пайтда тест режимида фаолият кўрсатмоқда. Ягона порталда 300 дан зиёд давлат хизматлари бир жойга тўпланган бўлиб, бу ерда шунингдек, фуқаролар ўзларининг фикр-мулоҳазалари, аризалари ва мурожаатларини қолдиришлари мумкин.

Мазкур семинарда давлат хизматларининг онлайн режимга ўтиши борасида аҳолини ҳар томонлама хабардор қилишнинг долзарблиги билан боғлиқ масалалар ўртага ташланади. Бугунги кунда ҳар бир давлат муассасаси Интернет воситасида фаолиятнинг янги форматига ўтмоқда: аризалар, мурожаатлар, ҳисоботлар, ҳужжатларни расмийлаштириш, мулкни ва бизнесни рўйхатдан ўтказиш ва шунингдек, жуда кўплаб хизматларни тармоқдан олиш мумкин. Бироқ, аҳоли ҳар доим ҳам бу каби янгиликлардан, э-хизматдан фойдаланиш тартиби, уларнинг осон ва қулайлиги ҳақида етарли даражада бохабар бўлавермайди. Ваҳоланки, айни даврда давлат органлари аҳолига кўрсатилаётган хизматларнинг такомиллаштириш ва кенгайтириш бўйича мунтазам равишда иш олиб бормоқда. Буларнинг барчаси кўтарилаётган масаланинг долзарблигини оширади. Бошқача айтганда одамларнинг ортиқча вақт ва куч сарфламасдан, масофадан туриб у ёки бу хизматдан фойдаланиш имконияти мавжуд эканлиги тўғрисида кенг маълумотларни етказиш зарурлигини вақт кўрсатмоқда.

Воркшоп форматида бўлиб ўтадиган семинар машғулотлари чоғида ахборотларни тарқатишда самарали усуллар, ЯИДХП орқали кўрсатилаётган электрон давлат хизматларини самарали тарғиб қилишда янги методлардан фойдаланиш, замонавий медиа форматларни ишга солиш билан боғлиқ маълумотлар берилади.

Бунда PR хизматлар ва масс медиа вакилларининг асосий эътибори тарғибот жараёнида мақсадли аудитория (targetaudience)ни ўрганиш, ташқи коммуникация (externalcommunications) каналларини тўғри танлаш, замонавий инструментлар ва медиа платформалар (newmedia, SMM-режалаштириш), визуал контент (графика, видеоролик, инфографика)дан фойдаланиш масалаларга қаратилади.

Буларнинг барчаси рақамли маданиятни оширишга, давлат бошқарув органлари PR хизматлари ходимлари, шунингдек, журналистларнинг  электрон ҳукумат тарғиботига оид билимлари ва имкониятларини янада кенгайтиришга хизмат қилади ҳамда «Халқ билан мулоқот» йилида алоҳида аҳамият касб этади.