“Қароқчилар макони”ни икки йилда жаннатмонанд мамлакатга айлантира олган имижмейкер
Таъсир ўтказиш технологияси
Франциялик олим Б.Паскалнинг фикрича, “имиж — таъсир ўтказиш технологияси”. Одамларга таъсир ўтказишнинг икки усули мавжуд: биринчиси — ишонтириш, иккинчиси — ёқиш, яъни, маъқул бўлиш. Мазкур назарияни бевосита давлатлар имижини шакллантириш мақсадларига ҳам татбиқ этиш мумкин. Имижни сақлаш ва муттасил яхшилашга тараққий этган қудратли мамлакатнинг ҳам эҳтиёжи бўлади. Ривожланиш йўлидан одимлаётган мустақил давлатлар учун бу вазифа янада зарурроқ, муҳимроқдир.
“Имиж” атамаси лотинча — image сўзидан олинган. Сиймо, тимсол, қиёфа, образ маъноларини англатади. Бироқ, ушбу синоним сўзлар гуруҳи “имиж” моҳиятини муфассал ифодалай олмайди. Бу атама жозиба, мафтункорлик, эътибор, нуфуз сингари тушунчалар билан ҳам ҳамоҳангдир.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича Ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида назарда тутилган мамлакатимизнинг халқаро нуфузини мустаҳкамлаш, жаҳон медиа маконини республикамиз ҳақидаги холис маълумотлар билан таъминлашга эътибор қаратилганлиги соҳа экспертлари, тегишли ташкилотлар, оммавий ахборот воситалари олдига муҳим вазифалар қўяди. Бу борада ечимини кутаётган масалаларни ҳал этишда хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибасидан фойдаланиш, мавжуд ички имкониятларни бирлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Аслида жаҳон медиа маконида мамлакатнинг ижобий имижини шакллантиришни фаоллаштириш ҳам ички, ҳам ташқи сиёсатдаги энг муҳим, энг долзарб масалалардандир. Айниқса, ҳозирги ахборот глобаллашуви асрида тобора кучайиб бораётган рақобат шароитида мамлакат имижи стратегик капитал вазифасини ўтаётгани сир эмас.
Ҳаркатга баракат
Кейинги икки йилда мамлакатимизда савдо-иқтисодий эркинлик, сармоявий имкониятлар мисли кўрилмаган даражада кенгайтирилди. Хориждаги сиёсий ва бизнес доиралар, инвесторлар ҳамда сайёҳларнинг юртимизга қизиқиши кучайди. Чет элларда фаолият олиб бораётган дипломатик миссияларимиз ўзаро фойдали ҳамкорликни ривожлантириш борасида салмоқли ишларни йўлга қўймоқда.
Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университетининг ташкил этилиши соҳа учун замонавий мутахассислар тайёрлаш борасида муҳим аҳамият касб этади. Ушбу университетда мамлакатимиз нуфузини жаҳон медиа маконида янада оширишга ҳисса қўшадиган, бир нечта хорижий тилларни ўзлаштирган, ахборот технологияларидан самарали фойдалана оладиган кадрлар тайёрланади. Университет магистрлари учун “Халқаро ахборот маконида Ўзбекистон имижи” мавзуидаги янги фаннинг жорий этилгани ҳам айнан шу мақсадга йўналтирилган.
Жорий йилнинг август ойида ахборот майдонига шиддат билан кириб келган “Turon24” ахборот агентлиги нафақат республикамиз ва минтақамизда, балки бутун жаҳон ахборот майдонида Ўзбекистон сегментини фаоллаштиришдек ўта муҳим ва долзарб миссияни бошлаб юборди. Энг муҳими, мазкур агентлик дунёнинг исталган нуқтасидаги оддий ўқувчидан то етакчи янгилик нашрининг талаб ва қизиқишларига жавоб бера оладиган кўп форматли материаллар, мультимедиавий контентлар яратишга бел боғлаган. Материаллар ҳозирча уч тилда — ўзбек, рус ва инглиз тилларида узатила бошланди.
Яқин келажакда агентлик мухбирлари Марказий Осиёнинг барча мамлакатларида, шунингдек, Афғонистон ва Россияда фаолият юритади. Бугунги кунда эса 14 мухбирлик пункти бутун Ўзбекистонни қамраб олишга улгурмоқда. “Turon24” журналистиканинг мумтоз қоидалари ва устувор қадриятлари, хусусан — мустақиллик, холислик, аниқлик ва тезкорлик каби тамойилларига таянган ҳолда иш юритишга астойдил киришди. Айни пайтда агентлик икки юздан зиёд ходими билан Ўзбекистон ва бутун жаҳоннинг энг муҳим хабарларини ўз вақтида ва сифатли ёритиб боришга ҳаракат қилмоқда.
Хориж журналистларининг Ўзбекистонга эътибори ортиб, жаҳоннинг етакчи медиа тармоқларида Ўзбекистоннинг сармоявий ва туристик салоҳиятига бағишланган дастурлар кўпая бошлагани ҳам бу борадаги муҳим ўзгаришлардандир.
Чунончи, BBC телеканалида яқинда узатилган тарихий ҳужжатли фильмни британиялик журналист шундай сўзлар билан якунлади: “Бугун биз қаерда ва қачон бўлишимиздан қатъий назар, қаҳва ёки чой устида хоҳлаган кишимиз билан интернетда эркин мулоқот қилганимизда ёки веб саҳифаларни кузатаётганда, ёки чегараланмаган ҳажмдаги ахборотларни сақламоқчи бўлганимизда, барча янги хай-тек технологияларининг ривожида ўчмас из қолдирган Марказий Осиёнинг бизга деярли нотаниш маконида яшаб ўтган ал-Хоразмий исмли алломанинг кашфиётлари мужассамлигини унутмаслигимиз ва ҳамиша ундан миннатдор бўлишимиз керак!”
Россиянинг “Sputnik” янгиликлар агентлиги мухбири эса шундай ёзади: “Мирзо Улуғбек расадхонасидаги 40 метрлик устурлобда Қуёш, Ой ва бошқа сайёрларнинг самодаги ҳаракатлари кузатилган, ўлчанган, уларга таъриф берилган. Дунёда ҳозиргача бу иншоот билан тенглаша оладиган илмий марказ йўқ. 1437 йилда Улуғбек расадхонасида юлдузлар жадвали тузилган. Унда 1018 юлдузнинг тўлиқ тавсифи берилган. Шу билан бирга, юлдузли йилнинг узунлиги: 365 кун, 6 соат, 10 дақиқа, 8 сония эканлиги аниқланган. Бундан ташқари, Ернинг ўқи 23,52 даражалиги максимал аниқлик билан ўлчанган”.
Жаҳондаги етакчи бизнес журнал — “Forbes” мухбири: “Абу Райҳон Беруний фанда биринчи бўлиб ёруғлик тезлиги ҳақида мулоҳаза юритган алломадир. У 973 йилда бугунги Ўзбекистон ҳудудида таваллуд топган. Беруний геология, социология, иқтисодиёт, астрономия, физика, тиббиёт ва геометрия йўналишларида кенг илмий изланишлар олиб борган. Буюк мутафаккир илгари сурган назариялар ва Қоялар ўарбда 600 йилдан кейин тан олинган ва ҳозирги кунда ҳам ундан бутун дунё аҳли кенг фойдаланади”.
Бундай мисолларни яна кўплаб келтириш мумкин.
Изчил ва муттасил
Одатда мамлакат имижи билан давлат ташкилотлари шуғулланади. Бироқ, уларнинг аксарияти ташқаридаги фаолияти давомида ўзини нодавлат ташкилот сифатида таништиришни маъқул кўради.
Глобал ахборот ҳамжамияти шаклланиб, молиявий, сармоявий ҳамда табиий ресурсларга кўпроқ эгалик қилишга уринувчи турли рақобатчи кучлар фаоллашаётган даврда мамлакатнинг жозибадор имижини яратиш рақобатбардошлигини таъминловчи энг муҳим воситалардан бирига айланмоқда.
Замондошимиз, британиялик эксперт Саймон Анхольт 1996 йилда миллий бренд концециясини ишлаб чиққан. У бугунги кунга қадар элликдан зиёд давлат ва ҳукумат, шаҳарлар раҳбарлари билан бевосита ҳамкорлик қилган. С.Анхольт, шунингдек, 2002 йилда илк бор “ҳудуд брендинги” атамасини ишлатган. У миллий брендни ташкил этишнинг 80 фоизи ҳукумат томонидан бажариладиган ишлар билан боғлиқ, дейди.
Халқаро тажриба, хусусан, илғор давлатларда амалга оширилган ва оширилаётган ишлар натижаси шуни кўрсатадики, жаҳон майдонида мамлакат нуфузини ошириш ишлари давлат ва нодавлат секторнинг ҳамкорликдаги молиявий кўмагига таянади. Ушбу мамлакатлар вазирликлари ва муассасалари бюджетида жозибадор имижни шакллантиришга сарфланадиган маблағлар миқдори алоҳида кўрсатилади. Маблағлардан уйғун ва самарали фойдаланади. Ташқи сиёсат билан боғлиқ ташаббусларни қўллаб-қувватлайди ва миллий манфаатларни ҳимоялайди, энг муҳими — мамлакатнинг ташқи жозибадор имижини шакллантириш ва юксалтириш масалалари билан изчил ва муттасил шуғулланади.
Бундай муҳим вазифани, масалан:
АҚШда — Давлат департаменти, Халқаро ривожлантириш агентлиги (ЮСАИД) ва шу каби бошқа қатор “нодавлат” ташкилотлар;
Германияда — Гёте институти, “Немис тўлқини” телерадиокомпанияси;
Россияда — “Россотрудничество” федерал агентлиги, “Русский мир” жамғармаси, А.Горчаков номидаги жамоатчилик дипломатиясини қўллаб-қувватлаш жамғармаси ва бошқалар;
Хитойда — Хитой халқ хорижий мамлакатлар билан дўстлик ассоциацияси, Пекин радиоси, Хитой марказий телевидениеси (CCTV);
Жанубий Кореяда — Миллий брендинг бўйича Президент кенгаши (Presidential Council on Nation Branding), Корея халқаро ҳамкорлик агентлиги (KOICA) ва Корея телерадио тизими (KBS);
Саёзликдан —
дадилликка
Хориж тажрибасига кўра, экспертлар ва тадқиқотчилар халқаро медиа маконни ижобий ахборотлар билан бойитиш билан боғлиқ давлат буюртмаларини профессионал даражада бажаришлари мумкин. Аммо ахборот майдонини бир марталик ёки тор доирадаги таҳлилий материаллар билан тўлдириш кутилган натижани бермаслиги аён. Хорижий оммавий ахборот воситаларида ҳозир ўзбекистонлик экспертлар томонидан тайёрланган оригинал чиқишлар, улардан иқтибос келтирилган бошқа ахборотлар ҳажми нисбатан кам. Афсуски, халқаро мавзуга ихтисослашган сиёсий шарҳловчиларимизнинг (одатда кечикиб эълон қилинадиган) фикрлари бошқа давлатлар жамоатчилигига тўла етиб бормайди.
Фақат ички медиа маконимиз қобиғи доирасида қолиб кетаётган шарҳловчиларнинг суст ҳаракатлари сабаб, Ўзбекистон имижини шакллантириш ишлари асосан давлат органлари — вазирлик ва идоралар, айрим ахборот агентликлари ва нашрлар зиммасида қолиб кетаётир.
Хорижий мамлакатлардаги элчихоналаримиз билан доимий ҳамкорлик қилувчи маҳаллий профессионал социологлар, сиёсатшунослар, иқтисодчилар, журналистлар иштирокида экспертлар ҳамжамиятини тузиш ҳам синовдан ўтган тажриба.
Ўзбекистонда ёки ташқарида фаолият олиб бораётган экспертлар гуруҳлари академик доиралардан узилиб қолгани сезилади. Шу сабабдан, оммавий ахборот воситаларида республикамиз ҳаётига доир эълон қилинаётган чиқишларда илмий асослар саёзлиги кўринади.
Ачинарли ҳолат
Нуфузли халқаро нашрларда республикамиз имижи билан боғлиқ салмоқли илмий мақолаларнинг камлиги ачинарли ҳол. Бу борада хорижда босилган фундаментал асарлар деярли учрамаслигини ҳам афсус билан таъкидлаш даркор.
Мустақил экспертлар ва тадқиқот марказларининг фаолиятига баҳо беришда, авваламбор, улар томонидан хорижий оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган мақолаларнинг сифати ва миқдорига эътибор қаратиш тўғри бўларди.
Самарали меҳнат қилаётган ўзбекистонлик экспертларни тақдирлаш мақсадида, уларни мутахассислар алмашуви дастурлари орқали ривожланган давлатларга қисқа муддатли малака ошириш курсларига юбориш тажрибасини кенгайтириш керак.
АҚШ, Россия, Хитой, Германия, Буюк Британия, Франция, Исроил каби мамлакатларда экспертлар ҳамжамияти имкониятларидан мунтазам фойдаланиб келинмоқда. Масалан, АҚШда қарийб 2000 ана шундай йирик “ақил марказлари” борки, уларнинг ҳар бири мамлакат ичида ва ташқарисида ўз бўлимларига эга. Дарҳақиқат, Американинг таҳлилий муассасалари ўзларини сиёсий жараённинг “мустақил” элчилари деб таърифлашса-да, аслида, улар АҚШ манфаатларига оғишмасдан хизмат қилади. Мамлакатининг ахборий рақибларига қарши муросасиз кураш олиб боради.
Даъволарнинг давоси
Бу куннинг манзараси ва кўлами шундайки, ривожланган мамлакатлар дунёнинг барча мамлакатларидаги ахборот маконида ҳукмронлик ўрнатишга ҳаракат қилмоқда. АҚШ миллий манфаатларини ҳимояловчи тарғибот материаллари, жумладан, китоблар, брошюралар, буклетлар ва плакат ҳамда фотосуратлар муттасил тарқатилмоқда. Жаҳоннинг ўттиздан зиёд тилига таржима қилинадиган бундай материалларнинг йиллик тиражи 10 миллиондан ошади. Улар юқоридаги “ақл марказлари” номидан турли нашриётларда (лекин марказлашган ҳолда) чоп этилади. Аксарият ҳолатларда муаллиф сифатида халқаро ёки минтақавий ташкилотлар раҳбарлари, чет эллик холис ёзувчи-экспертлар номлари қайд этилади.
“Экспертлар дипломатияси” борасида Хитойда ҳам салмоқли натижалар қўлга киритилмоқда. ХХРда сўнги 5 йил ичида “ақл марказлари” сони икки баробар ошган. Хитой миллий тадқиқот марказлари миқдори жиҳатидан дунёда АҚШдан кейинги иккинчи ўринда туради. Эътиборли томони шундаки, хитойлик экспертлар ҳамжамиятлари ўз фаолиятининг биринчи босқичини мамлакат ичидаги ташвиқот-тарғибот ишлари билан бошлайди. Кейин мутахассислар глобал доирага чиқиб, ғоявий-ахборий ишларни жадал ва дадил олиб боради. Бунда улар асосан Хитойнинг ташқи имижини юксалтириш, хусусан, тобора кенгайиб бораётган синофобия — “Хитой хавфи”, “Хитой экспансияси” каби тушунчаларга қарши кураш масалалари билан шуғулланади.
Россияда қабул қилинган ташқи сиёсат концепциясида асосий эътибор “мўътадил таъсир кучи”га қаратилган. Бу куч хорижий давлатларга, асосан яқин қўшни мамлакатларга Россиянинг ғояларини ва маданиятини, рус тилини сингдиришга ҳаракат қилади.
Ҳозирги даврга келиб россиялик ташқи тарғиботга мўлжалланган нотижорат ташкилотлар сони беш мингдан ошди. Бу кўрсаткич 2002 йилга нисбатан икки баробар кўпдир. Уларнинг орасида энг машҳурлари қуйидагилар: Ташқи ва мудофаа сиёсати бўйича кенгаш, “ПИР-Центр”, Стратегик баҳолаш ва таҳлил институти, Яқин Шарқ институти, Сиёсий ва халқаро тадқиқотлар маркази, Стратегия ва технологиялар таҳлили маркази, Замонавий тараққиёт институти, Жаҳон сиёсати ва жамоатчилик дипломатияси маркази ва бошқалар.
Ўтказилган хорижий оммавий ахборот воситалари таҳлили натижалари кўтарилган масаланинг нақадар жиддийлигини яққол кўрсатади. Негаки, уларнинг аксариятида Ўзбекистон имижи ҳалигача салбий бўёқларда берилади. Умуман олганда, жаҳон медиа маконидаги республикамизга доир салбий ва ижобий ахборотлар ҳажмини ўзаро солиштирсак, ўртадаги фарқ, ҳозирча, уч баробардан ошади. Салбий материалларда асосан авторитаризм, инсон ҳуқуқларининг бузилиши ҳолатлари, ўзгача фикрловчиларни куч ишлатиш йўли билан йўлдан олиб ташлашга уринишлар бўлаётгани билан боғлиқ даъволар кўп учрайдики, айни чиқишлар мустақил давлатимиз эришаётган бугунги ютуқларга асло тўғри келмайди ва бундай асоссиз ҳуружларга бутунлай берҳам бериш пайти келди.
Тўғри тарғиботнинг
қудрати
Қайд этилган муаммоларни инобатга олган ҳолда, айрим чора-тадбирларни амалга ошириш мақсадга мувофиқ бўлар эди. Жумладан, минтақавий (Марказий Осиё, МДҲ, ШҲТ) ва глоабал ахборот маконидаги оммавий ахборот воситалари билан тенг рақобатга кириша оладиган йирик миллий медиа-холдинглар ташкил этиш. Хорижий тажриба шуни кўрсатадики, дунё ахборот бозорига замонавий технологиялар, мустаҳкам иқтисодий асос ва кучли кадрлар салоҳиятига эга салмоқли ахборот марказлари билан чиқиш кўзланган самарани беради. Бунда АҚШнинг (ЮСИА) ахборот агентлигидан ибрат олиш мумкин. У Давлат департаментининг таркибий қисми ҳисобланади. ЮСИА ижро ҳокимиятининг “иккинчи эшелони”да биринчилардан бўлиб ўз ўрнини топди. Тарихдан маълумки, сиёсий қарорларни тайёрлаш, асослаш ва шакллантиришда ушбу агентликнинг роли жуда катта бўлган ва ҳатто айрим ҳолатларда мамлакат Президенти даражасида қабул қилинадиган қарорларга ҳам ўз таъсирини ўтказган.
ЮСИА “Америка овози”, “Озодлик радиоси (Озод Европа)”, “Озод Осиё Радиоси” каби телерадио корпорациялар ҳамда Марти радио ва телевидениесига раҳбарлик қилади. Агентлик штатида 5 мингдан зиёд мутахассис бор. Жаҳоннинг 143 мамлакатида ўзининг икки юздан ортиқ бўлимига эга. ЮСИАнинг сунъий йўлдош телеканалини элликдан зиёд мамлакат қабул қилади.
Хорижий давлатлардаги етакчи оммавий ахборот воситаларининг акцияларини, улушларини сотиб олиш ва улар билан тенг муносабатларга киришиш воситасида жаҳон медиа бозори (макони)га тўғридан-тўғри чиқиш. Ушбу усулдан Россия, Хитой ва бошқа қатор давлатлар самарали фойдаланиб келишмоқда. Хусусан, Пекин чет эл оммавий ахборот воситалари акцияларини харид қилиб, ахборот бозорига тезроқ чиқишга интилмоқда. 2008 йилда ХХРнинг “Anhui Daily Press Group” медиа гуруҳи Жанубий Африкадаги “Mallard South Africa Media Group” билан ҳамкорликда “Xin”an Media Co., Ltd.” компаниясини тузди. У асосан Хитой ҳаёти ва маданиятини тарғиб қилиш билан шуғулланади…
Масаланинг ибтидосига қарасангиз, қизиқ воқеаларга дуч келасиз. Реклама ишида имижга мурожаат 1963 йилга бориб тақалади ва у Пуэрто Рикодек қолоқ ва мўъжаз давлатни тўғри тарғиб қила олган Дэвид Огилви номи билан боғлиқ. Огилви хорижликлар назарида “нотинч”, “ваҳимали”, “қароқчилар макони” деб “донг таратган” Пуэрто Рико имижини бор-йўғи икки-уч йил ичида “тинч-осуда”, “жаннатмонанд”, “ривожланган мамлакат”га ўзгартира олган. Натижада жаҳоннинг манаман деган пулдору сармаядорлари Пуэрто Рикога оқиб кела бошлаган.
Беруний АЛИМОВ
филология фанлари бўйича
фалсафа доктори.
“Ҳуррият” газетаси, 19.09.2018й.