Минбар: Миллий контент яратиш нега долзарблашди?

Бугунги глобаллашув жараёни табиийки, илмий-техникавий ютуқлар билан бирга айрим салбий ҳолатларни ҳам келтириб чиқармоқда. Жумладан, жараёнда миллий қадрият, маънавият, урф-одат, анъана ва тарихимиз, ўзлигимиз кучли синовдан ўтмоқда. Айниқса, ахборот хуружлари энг катта таҳдидлардан бирига айланди. Шу маънода ахборот хавфсизлигини таъминлаш миллий хавфсизлик соҳасидаги муҳим вазифа бўлиб қолмоқда. Айни мана шундай қалтис вазиятда унга қарши курашишда миллий контент яратиш, уни тўғри шакллантира олиш муҳим. Шу боис,  Президент Шавкат Мирзиёев жорий йил 12 январь куни Хавфсизлик кенгашининг кенгайтирилган йиғилишида ахборот хавфсизлиги масалаларига тўхталиб, Ўзбекистон ахборот маконида миллий контент яратишдаги ташаббусни сақлаб қолиши кераклиги ҳақида гапирди. Хўш, давлат раҳбари тилга олган миллий контент тушунчаси ўзи нима? У қандай бўлиши керак?

Бу ўринда миллий контент деганда Ўзбекистоннинг миллий манфаатларини кўзлаган тарзда дунё ва мамлакат ичидаги воқеа-ҳодисаларга холис баҳо бера оладиган ахборот майдони назарда тутиляпти. Демак, миллий контент, бу — Ўзбекистон ичидаги сифатли медиамакон, дейиш мумкин. Унга эҳтиёж ҳар доим бўлган.

Агар биз миллий контент яратмасак, одамларимиз четдан ахборот олишга мажбур бўлади. Ваҳоланки, ташқаридан туриб ёритилган ахборот ҳар доим тўғри бўлавермайди. Шунинг учун ҳозир миллий контент яратиш янада долзарблашди. Чунки биз эркин ахборотлашган жамият қуряпмиз. Олдинги даврлардагидек, мана бу оқ, мана бу қора, дейидиган даврдан ўтиб бўлдик.

Энди ҳар бир ўқувчи ахборотни  ўзи танлайди. Нима қизиқ бўлса, нимага ишонса, ўшани ўқийди. Демак, журналистларимиз яна олдингидек, текширилмаган ахборот ёки қизиқ бўлмаган мавзуларда мақола ёзишни давом эттиришса, албатта, буни ўқувчи ўқимайди. Улар нимани хоҳлаётганини билиш керак, бироқ бериш шарт, деганимас. Чунки журналистиканинг яна бир талаби аҳоли нимани сўраса, нимани талаб қилса, ўшани бериш эмас. Балки аҳоли онги, дунёқарашини кенгайтирадиган, уларга наф келтирадиган мақолалар тайёрлаш ва хақчил тарзда етказиш масъулиятини бўйнига олишидир. Фақат ўйин-кулгу, кўнгилочар ёки негатив ахборотлар, албатта, одамларни психологик жиҳатдан кўпроқ қизиқтиради. Аммо шу билан бирга ҳақиқий объектив ёритилган мавзуларни кўтариш орқали миллий контент сифатини ошириш лозим. Мен бу ўринда фақат мақтов, баландпарвоз чақириқлар билан йўғрилган мақолалар, кўрсатувлар тайёрлашни назарда тутмаяпман. Бунга мутлақо қаршиман. Аксинча, энди сифатли контент таркибидан таҳлил асосий ўрин эгаллашини истардим.

Мавзу доирасида таклифларимни билдириб ўтаман. Маълумки, информацион дунёда фейк ахборотлар кўпайиб кетяпти. Оддий ўқувчи эмас, журналист, блогерларимизнинг ўзи билиб-билмасдан, текширилмаган ахборотни тарқатиб қўймоқда. Бундан кейин хавф янада ортса ортадики, камаймайди. Чунки медиамаконга сунъий ақл кириб келмоқда. Масалан, олдинги даврларда фақат фотошоп қилинган, расм ё видеоконтент ўзгартирилган экан, дердик. Яъни мақоладаги сохтакорликни осон илғаб олардик. Бугунги кунда сунъий ақл ёрдамида қайта ишланган овозни оддий мухбир сифатида фарқлай олмаслигимиз мумкин.

Яқинда Парижда ташкилланган медиасаводхонлик мавзусидаги халқаро анжуманда шу мавзу кўтарилди. Дунёнинг 35 мамлакатидан 400 нафар мутахассис иштирок этган халқаро конференцияда фейк хабарлардан ҳимояланиш, таҳририятда фактчекингни йўлга қўйиш таклифи илгари сурилди. Бу тажрибани бизда ҳам жорий этиш фурсати келди.

Қолаверса, миллий контент яратиш ғоясини айрим журналист ва блогерлар нотўғри тушуниб, назорат, деб талқин қилишяпти. Бу — хато хулоса. Миллий контент асло эркин матбуотни назорати эмас. Агар шундай қабул қилишаётган бўлса, муаммо сифатида қарашмасин.  Чунки матбуот ҳар доим ўз эркинлиги учун курашиб келган. Бунинг пойдевори сифатли контент яратиш. Шундай экан аввало, шу ҳақида бош қотирсак тўғри бўлади.

 

Беруний АЛИМОВ,

“Янги медиа таълим маркази” ННТ директори,

филология фанлари доктори.

 

Mahallagazetasi. 08.02.2024-yil.