ИМИЖ ЯРАТИШДА СЕМАНТИК ФРЕЙМЛАРНИНГ АҲАМИЯТИ

Россиялик олимлар Т.Глушкова ҳамда О.Зайцева билдирган фикрга кўра, объектнинг медиа образини яратишда стереотип ва фрейм каби когнитив структуралардан фойдаланиш мақсадга мувофиқ бўлади.

Стереотип дефинициясига таъриф берадиган бўлсак, у бирон бир нарса, предмет ёки бизнинг ҳолатимизда мамлакат, яъни Ўзбекистон образи билан боғлиқ барқарор, ўзгармайдиган, соддалаштирилган, схематик тушунчани ўз ичига олади. Стереотиплар амалиётда салбий ёки ижобий бўлади. Албатта имижни юксалтиришда ижобий стереотиплардан самарали фойдаланиш мумкин бўлади.

Фрейм эса – аниқ бир маъно юзасидан ўзаро бирлашиб кетадиган семантик муносабатлардан ташкил топади. У назарий жиҳатдан моделлаштирилаётган объект ҳақидаги тасаввурлар ва билимларни тартибга солишда қўл келади  [Т.Глушкова. О.Зайцева. Медиаобраз как инструмент создания территориального имиджа: когнитивный аспект. https://cyberleninka.ru/article/n/mediaobraz-kak-instrument-sozdaniya-territorialnogo-imidzha-kognitivnyy-aspekt. Мурожаат қилинган сана: 17.12.2018].

Биз ушбу тадқиқот жараёнида Ўзбекистон туристик салоҳияти бўйича ОАВ томонидан шакллантирлаётган тасаввурларни таснифлашга ҳаракат қиламиз. Шу жараёнда уларнинг маъно-мазмун жиҳатидан бир-бирига ўзаро яқин бўлган фреймларни ҳосил қилиши кузатилади.

Сир эмаски, ҳар қандай мамлакат имижининг ўлчов мезонлари қаторида туризм соҳаси алоҳида ўрин тутади. Бунда хусусан, хорижликларнинг мамлакатни бориб кўришга бўлган қизиқишлари, маҳаллий шарт-шароитлар, табиатнинг гўзаллиги  ва инсон қўли билан яратилган диққатга сазавор жойларнинг мавжудлиги эътиборга олинади.

Расмий маълумотларга кўра, ўтган 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Уларга 795та туристик компания хизмат кўрсатди [https://uzbektourism.uz/uz. Бош саҳифа, статистика. Мурожаат қилинган сана: 07.03.2019].

Муҳими, келаётган туристлар учун янги қулайликлар яратилмоқда. Жумладан, республикага виза олиш жараёни бир мунча енгиллаштирилди.

Ўзбекистонда туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисидаги Президент фармони қабул қилинди [«Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармони. http://lex.uz/docs/4143188. Мурожаат қилинган сана: 07.03.2019]. Ушбу ҳужжат билан мамлакатда 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш концепцияси ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланди.

Бундан ташқари фармонга кўра, 2019 йилнинг 1 февралидан 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режим жорий қилинади.

Қайд этиб ўтиш керак, мамлакат имижига баҳо берилганда туризмдан ташқари яна бешта компонент мавжуд. Булар – мамлакат одамлари, уларнинг меҳмондўстлиги; ҳудуднинг ўзига хос маданий меросга эгалиги; ҳукуматнинг очиқлиги, халқ билан муносабати; мамлакатнинг хорижга сотаётган маҳсулотлари сифати; сармоявий ва имиграцион шароитлар.

2018 йил 3 февраль куни эълон қилинган «Ўзбекистон Республикаси туризм салоҳиятини ривожлантириш учун қулай шароитлар яратиш бўйича қўшимча ташкилий чора-тадбирлар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармонида мамлакат туризм салоҳиятини тарғиб қилиш масаласи алоҳида вазифа сифатида қайд этилган [http://uza.uz/oz/documents/zbekiston-respublikasi-turizm-salo-iyatini-rivozhlantirish-u-05-02-2018. Мурожаат қилинган сана: 09.03.2019]. Жумладан ушбу ҳужжатнинг 4-бандида «Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий туризм маҳсулотини тарғиб қилиш маркази» ДУК Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳузуридаги «Миллий PR-маркази» ДУК этиб қайта ташкил этилсин, унга республиканинг туризм салоҳиятини тарғиб қилишни ташкил этиш бўйича вазифалар юклатилиши» қайд этилган. Фармонда Ўзбекистоннинг туризм салоҳиятини тарғиб қилиш бўйича материалларни тайёрлайдиган ижодий гуруҳлар фаолиятини доимий асосда, шу жумладан аутсорсинг орқали молиялаштирилиш кўзда тутилган.

Мазкур ҳужжатнинг 12-бандида туризмни тарғибот қилиш билан боғлиқ яна бир муҳим масалага эътибор қартилган.  Хусусан, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпаниясининг «Dunyo Bo‘ylab» телеканали Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг ички туризм, дам олишнинг фаол турлари ва спорт туризмини ривожлантириш, маданий мерос объектлари ва табиий бойликлар, шу жумладан муҳофаза этиладиган табиий ҳудудларни сақлаш ва улардан фойдаланиш бўйича ўтказиладиган тадбирларни ёритиш масалалари бўйича бош ахборот ҳамкори сифатида белгилаб қўйилган.

Кузатишлар шуни кўрсатадики, сўнги даврда хорижий ОАВда Ўзбекистон билан боғлиқ чиқишларнинг кўпчилигини туризм мавзусидаги мақолалар ташкил этади. Масалан, АҚШ пойтахти Вашингтонда нашр қилинадигин «The Diplomat» журналида республикамизга дунёдаги 45дан зиёд мамлакат фуқаролари учун туристик виза бекор қилинганлиги ҳақида мақола эълон қилинди [Citizens of 45 More Countries to Get Visa-Free Access to Uzbekistan. https://thediplomat.com/2019/01/citizens-of-45-more-countries-to-get-visa-free-access-to-uzbekistan/. Мурожаат қилинган сана: 09.03.2019]. “Бу Президент Ш.Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастуридан ўрин олган виза либерализациясининг амалга оширилганлиги билан боғлиқ”, дейди америкалик травел журналист Катерин Путз.

Нью-Йорк шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган «The New York Times Travel Show 2019» йирик халқаро туризм кўргазмасида дунёдаги 150 та давлат қаторида Ўзбекистон компаниялари ҳам иштирок этганлиги ҳақида «Халқ сўзи» газетаси («Дунё» ахборот агентлигига таянган ҳолда) хабар тарқатди. Қайд этилишича, «юртимиз вакилларининг ушбу тадбирда иштирок этишлари туризм жабҳасида хорижлик шериклар билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имконини берди. Хусусан, The New-York Times нашри билан NYT Journey бренди остида Буюк ипак йўли бўйлаб жамоавий турлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди». Хабарда таъкидланишича, кўргазмага «ташриф буюрувчилар Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ва Нью-Йоркдаги Бош консуллигида АҚШ фуқароларига тезлаштирилган ҳолда электрон визалар бериш бўйича қулайликка алоҳида эътибор қаратишди» [Туризм соҳасида The New York Times билан келишувга эришилди. http://xs.uz/uzkr/post/turizm-sohasida-the-new-york-times-bilan-kelishuvga-erishildi. Мурожаат қилинган сана: 09.03.2019].

«Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг сир-синаотга бой ўлкаси ҳисобланади. Мамлакатга виза олиш жараёни анча осонлашди. Хива, Бухоро ва Хива шаҳарларида танишиш керак бўлган жойлар жуда кўп», – деб ёзади британиялик саёҳатчи журналист Ҳейзл Плаш. «The Telegraph» газетасида эълон қилинган ушбу мақола «Ўзбекистон: сиз бориб кўрмаган энг ажойиб мамлакат» сарлавҳаси остида эълон қидинган [Uzbekistan: the most fascinating country you’ve never been to. https://www.telegraph.co.uk/travel/destinations/asia/uzbekistan/articles/uzbekistan-highlights-silk-road-why-you-should-visit/. Мурожаат қилинган сана: 09.03.2019].

«Россиялик туристлар Ўзбекистонга кўпроқ боришмоқда» деб номланган мақола «РИА Новости» ахборот агентлиги сайтида эълон қилинди. Унда қайд этилишича,  2018 йил давомида ушбу мамлакатдан республикамизга келган туристлар сони 270 мингдан ошиб кетган. Бу кўрсаткич сайёҳлар оқимининг олдинги даврга нисбатан уч баробар ортганлигини тасдиқлайди. Мақолада Тошкентдаги Россия элчихонасининг консуллик бўлими раҳбари Иван Фетисовнинг Ўзбекистон аэропортларидаги божхона хизматлари бир мунча яхшиланганлиги ҳақидаги фикрлари келтирилади [Российские туристы стали чаще посещать Узбекистан. https://ria.ru/20190125/1549903078.html. Мурожаат қилинган сана: 09.03.2019].

Юқорида келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, уларда биринчидан туристлар учун Ўзбекистонда қизиқарли ҳудудларнинг мавжудлиги, иккинчидан виза олиш билан боғлиқ либерализация жараёнларига эътибор қаратилади ва шу асосда маъно-мазмун жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган семантик фреймлар юзага келади.

«Халқ сўзи» газетаси «Ўзбекистонга келган сайёҳлар ўртасида тадқиқот ўтказилди. Натижа қандай?» сарлавҳаси остида мақола эълон қилди. Унда таъкидланганидек,  Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 72 та давлатдан келган 5,7 минг нафар сайёҳ орасида тадқиқот ўтказган. Маълум бўлишича, туристларнинг кўпчилиги дўстлари ва оила аъзолари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали берилган маслаҳатлар асосида Ўзбекистонга келишга қарор қилишган. Қолаверса, газета ва журналлар, телевизион ҳужжатли фильмлар ва янгиликлар дастурлари ҳам бу борада муҳим ўрин тутиши маълум бўлган [http://xs.uz/uzkr/post/ozbekistonga-kelgan-sajyohlar-ortasida-tadqiqot-otkazildi-natizha-qandaj. Мурожаат қилинган сана: 09.03.2019].

Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатнинг ёки исталган ҳудуднинг туристик имижини қуйидаги босқичлар орқали шакллантириш имконияти мавжуд. Бунинг учун PR назариясидан мустаҳкам ўрин олган америкалик тадқиқотчи Г.Ласвеллга тегишли коммуникация моделидан фойдаланиш мумкин [https://zaochnik.com/spravochnik/menedzhment/modeli-kommunikatsii/. Мурожаат қилинган сана: 07.03.2019]

  1. чет эл жамоатчилиги мамлакатдан нима кутаётганлигини аниқлаш;
  2. ҳудуднинг туризм соҳасидаги ўзига хослик ва устунлик жиҳатларини юзага олиб чиқиш;
  3. хорижликлар истаган ҳудуд образи билан мавжуд реал имижни солиштириш;
  4. чет эл жамоатчилиги билан мамлакат ўртасидаги устувор комммуникация каналларини белгилаб олиш: Интернет (блоглар, форумлар), ОАВ, махсус тадбирлар, шахсий учрашувлар, воситачилар (турагентлар);
  5. турли субъектлар манфаатларини инобатга олган ҳолда тегишли ҳаракатлар дастурини ишлаб чиқиш ва уни амалга ошириш;
  6. туризм имижини ривожлантириш борасида олиб борилаётган ишларни таҳлил қилиш ва тегишли хулосалар чиқариш.

Бунда туристларни нафақат жалб этишга эътибор қаратиш зарур. Токи улар мамлакатга яна мунтазам равишда ташриф буюришсин ва ўз давлатларидаги дўстларига ҳам буни тавсия этишсин.

Келаётган ҳар бир сайёҳ диққатга сазавор жойларни томоша қилишдан ташқари тўлақонли туристик маҳсулотлардан баҳраманд бўлишга ҳақлидир. Бунинг учун ҳудуд имижини шакллантириш бўйича алоҳида дастурларни жорий этиш керак бўлади.

Амалга оширилиши зарур бўлган комплекс чора-тадбирлар қаторида қуйидагиларни алоҳида санаб ўтиш мумкин:

Минтақавий (Марказий Осиё, МДҲ, ШОС) ва глоабал ахборот маконидаги ОАВ билан тенг рақобат олиб  борувчи йирик миллий медиа-холдингларни ташкил этиш;

Ривожланган хорижий мамлакатлардаги ОАВ ва тадқиқот марказлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш;

Ўзбекистон туризм брендларини яратиш ва уларни миллий ҳамда хорижий ОАВ ёрдамида тизимли равишда тарғиб қилиш;

Етакчи хорижий тилларда эфирга узатиладиган сунъий йўлдош телеаканалини ташкил этиш;

Хорижий давлатлардаги оммавий ахборот воситаларининг акцияларини, улушларини сотиб олиш ва улар билан тенг муносабатларга киришиш воситасида жаҳон медиа бозори (макони)га тўғридан-тўғри чиқиб олиш;

Журналистика бўйича мамлакатимизда фаолият олиб бораётган олий таълим муассасаларида “Трэвел-журналистика” (ингл. travel journalism) йўналишини очиш ва уни ривожлантириш;

Ўзбекистон туризм салоҳиятига оид статистик маълумотларга таянган ҳолда хорижий аудиториянинг онгига таъсир қилиш мақсадида когнитив методологик услублар устида илмий ишлар олиб бориш баробарида янги медиа фреймларни ишлаб чиқиш ва уларни медиа каналлар орқали тарқатиш.

Беруний Алимов, PhD

 

“Оммавий ахборот воситаларида тил, услуб ва таҳрир масалалари” мавзуидаги республика VII анъанавий илмий-амалий конференцияси материаллари тўплами.

ЎзМУ журналистика факультети “Услубият ва тахрир” кафедраси. 2019 йилнинг 28 май.

 23-27 бетлар.