БИРИНЧИ БЎЛИШ: МАШАҚҚАТМИ ЁКИ ШАРАФ?

Мустақиллик оддий ўзбек журналисти тақдирида
1 сентябрь ўйлари…
Бундан 33 йил олдин Ўзбекистон миллий университети журналистика факультетининг 1-босқич талабаси эдим.
Кечагидек эсимда, у пайтда Тошкентда нафақт ўқиш, балки кун кўришнинг ўзи бўлмас эди.
Энг қизиғи, бир томондан ич-ичимдан Ватан Мустақиллиги эйфориясини туйсам, иккинчи томондан эса турли ижтимоий ва иқтисодий муаммоларга дуч келардик.
Ҳозирги ёшларга ўхшаб кийиниш уёқда турсин, қорнимизни амаллаб тўйдириш муаммо эди.
Яхшиямки талаба бўлганимиз учун тушликда бир марта тўйиб овқатланиш имкониятини берадиган талонимиз бўларди.
Ойда бир марта бўлса ҳам ётоқхонада ярим кило шакар, ярим литр пахта ёғи ва кир совун олардик.
Бу вазиятдан қутилишнинг ягона йўли ўқишдан кейин бирон жойда ишлаш эди.
Курсдошлар билан пойтахтлик ёши улуғ қарияларнинг ҳовлисида иш борлигини билиб қолдик.
Камина каби қишлоқдан келган бола учун унчалик мушкул эмас: 4та қўйга вақтида ем ва сувини бериш, гул экиладиган иссиқхонага кўмир ташиб, уни иситиш, бошқа майда-чуйда ишларга ёрдам бериш, тамом.
Бунинг эвазига бепул квартирант бўлиб туриш, 3 маҳал бепул овқатланиш имконияти бор эди.
Биз ўртоқларим билан бажонидил рози бўлдик.
Лекин курсдошларим бир ойдан кейин чиқиб кетишди, иши оғир экан деб.
Мен эса кетмсаликка қарор қилдим. Сабаби улардан фарқли ўлароқ каминанинг орқасидан мунтазам нон ёки пул юбориб турадиган ота-онам йўқ эди.
Аслидаям ишдан ҳеч ким ўлмаган. Тўғрими?
Иккинчи курс охирида ўз соҳамизга яқинроқ иш топдим.
Чорак ставка мусаҳҳиҳлик, яъни таҳририятнинг оддий югурдаги сифатида фаолиятни бошлаб юбордим.
Ундан кейин мухбирликка олишди.
Сизга ёлғон, менга чин.
Айнан Мустақиллик сабаб биринчилардан бўлиб чет элда ўқиш имкониятига эга бўлдик.
3-босқичга ўтканимизда 11 нафар ўзбек журналисти қаторида каминани ҳам Деҳлидаги Ҳиндистон коммуникация институтига ўқишга юборишди. Албатта имтиҳон ва суҳбат орқали саралаб олишганди.
Қайтиб келгач, яна имтиҳон топшириб, бошқа бир газетада ишлаш баробарида, қўшиммча инглиз тили курсларига қатнадим.
Сўнгра телевидениеда таржимон, мухбир, янгиликлар дастури бошловчиси ва кейинроқ шарҳловчи бўлиб юрдим.
Бекитиб нима қилдим?
Мустақилликнинг ўткан йиллари давомида турли кўринишдаги чақириқлар, муаммоли вазиятлар кам бўлмади.
Ҳаммаси бир текисда кетган деб айтиш учун одам ойдан тушган бўлиши керак.
Лекин нима бўлганда, ана шу тарангликлар, мураккабликлар ва қийинчиликлар қаторида жуда кўп нарсаларда айнан биринчи бўлиш бахтига мушарраф бўлганимни ҳам ғурур ила қўшиб кетишим жойиз.
Мустақиллик туфайли биринчилар қаторида халқаро журналистикага қадам қўйдим.
Дастлаб Британия, кейин Япония, АҚШ, Россия … ҳозиргача дунёнинг 40га яқин давлатида журналистик фаолият билан шуғулландим.
Ўзбекистон номини бутун жаҳонга ёйишдек олийжаноб ишга озми-кўпми ўз ҳисса қўшдим.
Устозларим Аброр Аҳрорович Ғуломов ҳамда Хуршид Набиевич Дўстмуҳамедовлар маслаҳатлари ва яқин кўмагида Халқаро медиа маконда Ўзбекистоннинг медиа имижи мавзуида илмий тадқиқот олиб бордик.
Дастлаб PhD, кейин эса DSc диссертацияларимиз объекти шу масалага қаратилди.
Илмий тадқиқотлар ва шахсий кузатувлар натижасига кўра, 1991 йилларда дунёдаги етакчи оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон сўзининг ўзи ниҳоятда кам учрар эди.
Қайд этилса-да, оддий хабарларда “ёш аграр мамлакат”, “собиқ совет иттифоқининг бир бўлаги”, “кичик республика”, “эндигина ривожланаётган давлат” сифатида шунчаки кўринар эди холос.
Орадан йиллар ўтиб, дунёдаги энг нуфузли медиа саҳифаларида “Янги Ўзбекистон” атамаси тез-тез кўзга ташлана бошлади.
“Саноати ривожланган мамлакат”, “юқори инвестицион салоҳиятга эга юрт”, “сиёсий ва иқтисодий жиҳатдан барқарор ўлка” каби сифатлар хорижлик журналистлар томонидан қайд этиладиган бўлди.
Яқинда дуёндаги энг кўҳна ақл марказларидан бири, Лондон марказида жойлашган Чатам хаусда ҳам дунё медиа тадқиқотчилари олдида Ўзбекистоннинг дунёда ҳеч кимдан кам эмаслиги, аксинча минтақадаги лидер давлат сифатида дадил бўй кўрсатаётганлигини ич-ичимдан тўлқинланиб гапирдим.
Бу ўзгаришларнинг барчаси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг дунё сиёсий саҳнидаги нуфузи, харизмаси, билдираётган кучли позициялари, Бирлашган миллатлар ташкилоти каби энг нуфузли минбарлардан туриб қилган чиқишлари ва олиб бораётган кенг кўламли реал ислоҳотларининг натижаси деб ўйлайман.
Ўзбекистон Мустақиллик йилларида босиб ўтган йўлнинг ҳар бир қаричини қадрлашимиз, уни янада мустаҳкамлашга
ва тараққий эттиришга ҳисса қўшишимиз керак.
Токи биринчи бўлиш машаққати аслида ҳақиқий шараф эканлигини чин дилдан ҳис этиш барча Ватандошларимизга насиб этсин!
Б.А.
01.09.2024