Янги медиа таълим маркази ўз фаолиятини бошлайди

Адлия вазирлиги томонидан муассаса шаклидаги “Янги медиа таълим маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти давлат рўйхатидан ўтказилди.

Марказнинг асосий мақсади – аҳолининг ахборотга бўлган талабини қондириш, интернетнинг миллий сегментини ғоявий жиҳатдан бойитиш, ёшларда тажовузкор контентга нисбатан мустаҳкам иммунитетни шакллантиришдир.

Шунингдек, оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, тадбиркорлик субъектлари, давлат ва хўжалик бошқаруви органлари вакилларининг медиасаводхонлигини ҳамда ахборот хизматлари ходимлари, журналистлар ва блогерларнинг малакасини ошириш марказ фаолиятининг яна бир йўналиши.

Янги ННТни давлат рўйхатидан ўтказилгани ҳақидаги  гувоҳномани топшириш тадбирида марказнинг олдига қўйган хайрли мақсадини тўлақонли бажаришига ишонч билдирилди. Шу билан бирга миллий ахборот хавфсизлигини таъминлашга кўмаклашиш, ахборот соҳасига оид қонунлар ва дастурларни ишлаб чиқиш ҳамда қабул қилишда қонун ташаббускорлари, жамоат фондлари, парламент ва бошқа ташкилотлар билан ҳамкорлик олиб бориш каби масъулиятли ишларга ҳам марказ мутахассислари кўмак кўрсатиши мақсадга мувофиқ.

“Янги медиа таълим маркази” НТТ халқаро ва миллий медиа макондаги етакчи мутахассисларни жалб қилган ҳолда семинар-тренинглар, давра суҳбатлари, маҳорат мактаблари, пресс-турлар, ўқув ижодий лаборатория машғулотлари, тўгараклар, махсус ўқув курсларини ташкил этишни режалаштирган.

Миллий ОАВнинг халқаро ахборот ҳудудидан муносиб ўрин эгаллашишига кўмаклашиш, миллий журналистикани назарий жиҳатдан ривожлантириш учун ушбу  йўналишларда  мутахассисларни жалб қилган ҳолда дарсликлар, электрон дарсликлар, ўқув ва методик қўлланмалар яратиш масалаларига ҳам алоҳида эътибор қаратилади.

Ёшларда интернетдан самарали фойдаланиш кўникмаларини ҳосил қилиш, фейк ва манипулятив ахборотларга нисбатан уларда иммунитетни шакллантиришда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, таълим муассасалари билан ҳамкорлик йўлга қўйилади.

Давлат ва нодавлат ташкилотлари учун PR кампаниялар, ивент-менежмент, маркетинг ва брендинг, имижмейкинг, кризис менежментга йўналтирилган лойиҳаларни амалга оширишда фаол иштирок этиш, республика ва халқаро миқёсидаги медиа таълим дастурларини ишлаб чиқиш ва уни жорий этишда марказ бевосита иштирок этади.

 

Н.Абдураимова, ЎзА

https://uza.uz/uz/posts/yangi-media-talim-markazi-oz-faoliyatini-boshlaydi_307614