Янги Ўзбекистон — жаҳон медиамаконида

Ўзбекистоннинг жаҳон ахборот маконидаги нуфузига бевосита таъсир ўтказувчи механизмларни яратиш, мустақиллик йилларида шаклланган медиа имижни сифат жиҳатдан янги босқичга олиб чиқиш, қолаверса, бу борада тегишли коплекс чора-тадбирларни жорий этиш давр талаби ҳисобланади.

“Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепцияси” лойиҳасида “Халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ижобий имижини самарали мустаҳкамлаш ва бу жарённинг барқарорлигини таъминлаш учун қатор чора ва тадбирлар кўрилмоғи лозим”, дейилади.

Мазкур ҳужжат давлат ва жамоатчилик даражасида Ўзбекистоннинг халқаро имижини шакллантириш ва тарғиб қилишнинг яхлит тизимини муҳим аҳамият касб этади. Бу соҳада энг долзарб визифалардан бири — мамлакатнинг ўзига хос имиж хусусиятларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўлиб, булар қаторига бой маданий, тарихий, маънавий ва интеллектуал мерослар, кўп асрлик давлатчилик, жаҳон цивилизацияси ривожига қўшилган эътироф этилган ҳисса, юқори даражадаги миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ижтимоий тотувлик, бой табиий ресурслар, ривожланган транспорт ва коммуникация инфратузилмалари, мафкуравий дунё қарашлардан қатъий назар тенг ҳуқуқли ҳамкорликка тайёрлик киради.

Қайд этиш ўринлики, ушбу концепция қабул қилинишидан олдин Тошкентда халқаро ва миллий экспертлар иштирокида қатор учрашувлар, давра суҳбатлари ва анжуманлар ўтказилди. Хусусан, 2019 йил 26 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат бошқаруви академиясида “Ўзбекистон Республикасининг халкаро имижини мустахкамлашнинг долзарб масалалари” мавзуидаги давра суҳбатида маҳаллий ва хорижий экспертлар шу хусусда тўхталди.

Россиянинг “Sputnik” халқаро ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги мухбири Дилшода Раҳматова ўз маърузасида “Оммавий ахборот воситалари жамоатчилик фикрини шакллантириши, унга таъсир кўрсатиши ва бошқариш кучига эга. ОАВ сиёсатчилар имижи ва давлат имижига ҳам таъсир кўрсата олади”, деган фикрни илгари сурди. Шу билан бирга у “олқишларга тўла матбуот — тузумнинг риёкорлигини кўрсатади. Буни жаҳонда жуда яхши билишади”, деб қайд этди.

Мамлакат ёки ҳудуд имижини ошириш механизмларини реал ҳаётга татбиқ этишда медианинг ўрни беқиёсдир.

Rivard Report янгиликлар сайтининг Бош муҳаррири Граҳам Уатсон-Ринго тадқиқотимиз учун берган интервьюсида бундай деганди:

“Сайтимизда маҳаллий аҳоли томонидан тайёрланадиган мақолаларга ҳам кенг ўрин ажратилади. Бу материаллар “Мен яшайдиган жой” (“Where I live”) номли рубрикаси остида берилади. Ўқувчилар бажонидил ўзлари истиқомат қилаётган маҳалласи ҳақида тўлқинланиб ёзади. Биз матнларни озгина таҳрир қиламиз ва уларни чиройли расмга олиш учун фотографни юборамиз.

Биласизми, бошқа шаҳарда яшайдиган бир АҚШ фуқароси Сан Антониога кўчиб келишига айнан бизнинг шу рубрикамизда бериладиган материаллар сабаб бўлган экан. У берилган мақолалардан илҳомланиб шаҳримизда яшашга қарор қилган экан.

Ваҳоланки, шаҳримиз катта эмас ва бошқа йирик шаҳарларга нисбатан бу ерда олий  маълумотли фуқаролар кўпчиликни ташкил этмайди. Шундан келиб чиқиб, “Apple”га ўхшаган обрўли компаниялар бу ерда завод қурмайди. Қурганлари эса фақат оддий ишчи кучига эҳтиёжи бор қурилиш ёки юк ташувчи компаниялардир”.

Демак, мамлакатнинг ёки бирон бир ҳудудга бўлган қизиқишнинг ошишида оммавий медиа коммуникациялари жуда катта аҳамият касб этади.

Зеро, ҳозирги даврда мамлакатнинг имижини сифат жиҳатдан ўзгартириш, унга ижобий таъсир ўтказиш механизмларини амалга ошириш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда.

Янги Ўзбекистон халқаро майдонда ўз нуфузини юксалтириш йўлидан борар экан, изчил ислоҳотларнингжорий этилиши баробарида, миллий рейтингни белгилайдиган халқаро агентликлар мавжуд ўзгаришларни муносиб баҳоламоқда.

“Мамлакатда янги босқичдаги ўзгаришлар бошлангунга қадар тегишли йўналишлар бўйича миллий рейтингларимизни юксалтиришга хизмат қиладиган, амалга оширилаётган ислоҳотларнинг халқаро мезон ва стандартларга мувофиқлигини баҳолайдиган яхлит тизим яратилмаган эди. Халқаро майдондаги нуфузимизни ошириш нечоғли муҳим эканини ўз фаолиятининг дастлабки кунларидаёқ таъкидлаган Шавкат Мирзиёев бу борада қатор ғояларни илгари суриб, барча зарур ташкилий-ҳуқуқий чораларни белгилаб келмоқда. Президент вазифасини бажаришга киришган илк даврдаёқ очиқлик сиёсатини устувор йўналиш сифатида эълон қилди. Бунинг натижаси ўлароқ, Ўзбекистон дунё ҳамжамияти учун очилиб бормоқда”, дейди “Тараққиёт стратегияси” марказининг ижрочи директори Элдор Туляков.

Унинг таъкидлашича, “Ташқи сиёсат соҳасида дунёдаги барча давлатлар, аввало, қўшни мамлакатлар билан яхши қўшнилик, дўстлик ва ҳамкорлик муносабатларини ривожлантиришга устувор эътибор қаратилиб, ўзаро тенглик ва манфаатдорликка асосланган, очиқлик ва хайрихоҳлик руҳидаги конструктив, прагматик сиёсат юритилмоқда. Ҳозирги кунда Ўзбекистон дунёнинг 166 дан ортиқ давлати билан савдо-иқтисодий алоқаларни йўлга қўйгани бу фикрнинг ёрқин далилидир. Умуман, ташқи сиёсатда амалга оширилаётган диверсификация Ўзбекистоннинг халқаро имижи юксалишида муҳим роль ўйнамоқда”.

Республиканинг жаҳон медиа маконидаги имижини сифат жиҳатдан ўзгартириш жараёнида оммавий ахборот воситалари билан бир қаторда бошқа етакчи соҳалар, хусусан ташқи сиёсат, дипломатик алоқалар, халқаро ташкилотлар доирасида йўлга қўйилаётган хамкорлик ҳам муҳим аҳамият касб этмоқда.

2018 йилнинг 22 июнь куни БМТ Бош Ассамблеясининг ялпи мажлисида “Марказий Осиё минтақасида тинчлик, барқарорлик ва изчил тараққиётни таъминлаш бўйича минтақавий ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш” резолюцияси қабул қилингани бунинг ёрқин мисолидир. Ўзбекистон томонидан Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорликда ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат лойиҳасини БМТга аъзо барча мамлакатлар бир овоздан қўллаб-қувватлади. Мазкур резолюция Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 2017 йил сентябрь ойида Нью-Йоркда бўлиб ўтган БМТ Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида илгари сурилган ташаббуснинг амалий натижасидир.

Мамлакат имижини сифат жиҳатдан ўзгартириш, унга ижобий таъсир ўтказиш механизмларини жорий этиш масалалари ўз долзарблиги ва республикамиз тараққиётидаги ўрни билан аҳамиятлидир. Бу борада амалга ошириладиган барча ишларга концептуал ёндашиш зурур.

Беруний АЛИМОВ,

филология фанлари бўйича фалсафа доктори,

ЎзДЖТУ доценти

 

«Янги Ўзбекистон» газетаси

29.02.2020й.