Ҳар қандай мамлакат имижининг ўлчов мезонлари қаторида туризм соҳаси алоҳида ўрин тутади. Бунда хусусан, хорижликларнинг мамлакатни бориб кўришга бўлган қизиқишлари, маҳаллий шарт-шароитлар, табиатнинг гўзаллиги ва инсон қўли билан яратилган диққатга сазовор жойларнинг мавжудлиги эътиборга олинади.
Расмий маълумотларга кўра, ўтган 2018 йилда Ўзбекистонга 5 миллиондан зиёд хорижий сайёҳ ташриф буюрди. Уларга 795 та туристик компания хизмат кўрсатди. Муҳими, келаётган туристлар учун янги қулайликлар яратилмоқда. Хусусан, республикага виза олиш бир мунча енгиллаштирилди.
«Ўзбекистонда туризмни тезкор ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент фармони қабул қилинди.Фармон билан Ўзбекистон Республикасида 2019-2025 йилларда Туризмни ривожлантириш концепцияси ва чора-тадбирлар режаси тасдиқланди. Унга кўра, 2019 йилнинг 1 февралидан 45 та давлат фуқаролари учун 30 кунлик муддатга визасиз режими жорий қилинди.
Мамлакат имижи тушунчаси турли ахборот оқимларининг кенгайиши баробарида журналистика фанининг олдига янги вазифаларни қўя бошлади. У эндиликда назарий ва амалий масала сифатида жиддий тадқиқот объектига айланди.
Назарий жиҳатдан олиб қаралганда, мамлакатнинг халқаро имижи барқарор константа (лотин. сonstans – доимий, ўзгармайдиган, муқим) бўлиб, у узоқ йиллар мобайнида жаҳон ҳамжамияти онгида ўрнашиб қолади. Ўрнашиб қолган тасаввурни ўзгартириш эса осон кечмайди.
Дейлик, Англиянинг “консерватизм ўлкаси”, Италиянинг “мафия макони”, Таиланднинг “туристик жаннат” деб таърифланиши дунё жамоатчилиги орасида яхши маълум. АҚШ Президенти Р. Рейген СССРга “ёвузлик салтанати”, Эрон Президенти Хумайни АҚШга “тўнғич иблис” деб ном берганини тарихдан биламиз.
Бундай ёрлиқлар қўллаш ўтган асрларда ҳам, яъни, ҳали PR фани шаклланмаган пайтда ҳам одатий ҳол ҳисобланган. Жумладан, Эронни “Форс кўрфази жандарми”, Хива хонлигини “Ўрта Осиё Жазоири” деб аташ урф бўлган.
Мустақиллик йилларида Ўзбекистоннинг минтақавий имижи географияси кенгайди. Чунончи, Тошкент ислом маданияти пойтахти, Элликқалъа кўҳна маданият ўчоғи, Сурхондарё (Термиз) цивилизация бешиги, Асака автосаноат маркази, Навоий замонавий халқаро ҳаво дарвозаси сифатида хорижий ОАВда тилга олинмоқда.
XX асрнинг 50-йиллари ўрталарида Д.Огилви Лотин Америкасида жойлашган Пуэрто-Рикодек мўъжаз бир давлатнинг ташқи нуфузи масаласини тарихда биринчи марта бренд сифатида кўтариб чиққан. Мутахассиснинг бундан кўзлаган асосий мақсади америкаликларнинг ушбу мамлакатга бўлган салбий муносабатини ўзгартириш ва мамлакатга сайёҳларни кўпроқ жалб этишдан иборат эди. Натижада Пуэрто-Рико ташқи дунё тасаввурида нотинч бир давлатдан тарихан бой ва маданияти ўзига хос Ренессанс даврини бошдан кечираётган давлатга айланган. Шу тариқа бу кичик, кўзга кўринмас диёрга ривожланган Ғарб мамлакатларидан ташриф буюрувчиларнинг сони кескин кўпайишига эришилган.
Қайд этиб ўтиш керак, мамлакат имижига баҳо берилганда туризмдан ташқари яна бешта жиҳат инобатга олинади. Булар – мамлакат одамлари, ўзига хос маданий меросга эгалиги, ҳукуматнинг очиқлиги, унинг халқ олдидаги нуфузи, мамлакатнинг хорижга сотаётган маҳсулотлари сифати, сармоявий ва имиграцион шароитлар.
Мамлакат имижида туризмнинг тутган ўрни ҳақида сўз борар экан, дунё мамлакатларининг сайёҳлик шиорлари ҳақида ҳам тўхталиб ўтиш зарур.
Назаримизда Ўзбекистоннинг туристик шиори – “Табиий бетакрор!”
(инг. Naturally irresistible!) кутилган натижани бера олмаслиги мумкин. Чунки у бошқа мамлакатлар шиорлари билан солиштирганда ўйлаб топилган, ғализ, нотабиий тушунчага ўхшайди. Ваҳоланки, Ҳиндистоннинг «Ҳайратомуз Ҳиндистон» (Incredible India), Туркиянинг «Бизнинг меҳмонимиз бўлинг»(Be our guest) ва Хитойнинг «Хитой аввал бундай бўлмаган»(China Like Never Before) шиорлари бир мунча мафтункор эшитилади.
Ўзбекистон туризм саноатини ривожлантириш, иқтисодиётнинг тез ўсишини таъминлашда унинг ролини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, дунё бозорида миллий туристик маҳсулот салоҳиятини юксалтиришга хизмат қилувчи барча шароитлар яратилмоқда.
Мазкур фаолият миллий туризм соҳасини ахборот билан таъминлаш, туристик операторлар учун замонавий ахборот технологиялари ечимлари ва компьютер дастурларини ишлаб чиқиш, ахборот бозори субъектларига уйғунлашган ҳолда ишлаш, халқаро миқёсда мамлакатимиз нуфузини ошириш бўйича оммавий ахборот воситаларида кенг тарғибот ишларини олиб боришни тақозо этади.
Кузатишлар шуни кўрсатадики, сўнги даврда хорижий ОАВда Ўзбекистон билан боғлиқ чиқишларнинг кўпчилигини туризм мавзусидаги мақолалар ташкил этади. Масалан, АҚШ пойтахти Вашингтонда нашр қилинадигин “The Diplomat” журналида республикамизга дунёдаги 45 дан зиёд мамлакат фуқаролари учун туристик виза бекор қилинганлиги ҳақида мақола эълон қилинди.
“Бу Президент Ш.Мирзиёевнинг ислоҳотлар дастуридан ўрин олган виза либерализациясининг амалга оширилганлиги билан боғлиқ”, – дейди америкалик травел журналист Катерин Путз.
Нью-Йорк шаҳрида анъанавий тарзда ўтказиладиган “The New York Times Travel Show 2019” йирик халқаро туризм кўргазмасида дунёдаги 150 та давлат қаторида Ўзбекистон компаниялари ҳам иштирок этганлиги ҳақида “Дунё” ахборот агентлиги хабар тарқатди. Қайд этилишича, “юртимиз вакилларининг ушбу тадбирда иштирок этишлари туризм жабҳасида хорижлик шериклар билан ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш имконини берди. Хусусан, The New-York Times нашри билан NYT Journey бренди остида Буюк ипак йўли бўйлаб жамоавий турлар ташкил этиш бўйича келишувга эришилди”.
“Ўзбекистон Марказий Осиёнинг энг сир-синоатга бой ўлкаси ҳисобланади. Мамлакатга виза олиш жараёни анча осонлашди. Хива, Бухоро ва Хива шаҳарларида танишиш керак бўлган жойлар жуда кўп”, – деб ёзади британиялик саёҳатчи журналист Ҳейзл Плаш. “The Telegraph” газетасида эълон қилинган ушбу мақола “Ўзбекистон: сиз бориб кўрмаган энг ажойиб мамлакат” сарлавҳаси остида эълон қилинган.
“Россиялик туристлар Ўзбекистонга кўпроқ боришмоқда” деб номланган мақола “РИА Новости” ахборот агентлиги сайтида эълон қилинди. Унда қайд этилишича, 2018 йил давомида ушбу мамлакатдан республикамизга келган туристлар сони 270 мингдан ошиб кетган. Бу кўрсаткич сайёҳлар оқимининг олдинги даврга нисбатан уч баробар ортганлигини тасдиқлайди.
Юқорида келтирилган мисоллардан кўриниб турибдики, уларда биринчидан туристлар учун Ўзбекистонда қизиқарли ҳудудларнинг мавжудлиги, иккинчидан виза олиш билан боғлиқ либерализация жараёнларига эътибор қаратилади ва шу асосда маъно-мазмун жиҳатдан бир-бирига яқин бўлган семантик фреймлар юзага келади.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси томонидан 72 та давлатдан келган 5,7 минг нафар сайёҳ орасида тадқиқот ўтказган. Маълум бўлишича, туристларнинг кўпчилиги дўстлари ва оила аъзолари, шунингдек, ижтимоий тармоқлар орқали берилган маслаҳатлар асосида Ўзбекистонга келишга қарор қилишган. Қолаверса, газета ва журналлар, телевизион ҳужжатли фильмлар ва янгиликлар дастурлари ҳам бу борада муҳим ўрин тутиши маълум бўлган.
Демак, Ўзбекистоннинг туристик жозибадорлиги ошишига хизмат қилувчи долзарб ахборот ресурсларини, Ўзбекистоннинг ноёб тарихи, ўтган буюк алломалари ва олимлари, диққатга сазовор жойлари, миллий таомлари, анъаналари ҳақида ҳужжатли фильмлар ва телекўрсатувлар яратиш ва тарқатишни кўпайтириш зарур.
Бунда туристларни нафақат жалб этишга эътибор қаратиш зарур. Токи улар мамлакатга яна мунтазам равишда ташриф буюришсин ва ўз давлатларидаги дўстларига ҳам буни тавсия этишсин.
Келаётган ҳар бир сайёҳ диққатга сазовор жойларни томоша қилишдан ташқари тўлақонли туристик маҳсулотлардан баҳраманд бўлишга ҳақлидир. Бунинг учун ҳудуд имижини шакллантириш бўйича алоҳида дастурларни жорий этиш керак бўлади.
Халқаро медиа маконда туристик имижни мустаҳкамлаш учун қуйидаги ишларни амалга ошириш керак:
Умуман олганда жаҳон медиа маконида Ўзбекистон имижини шакллантириш ва уни ҳимоя қилишнинг ягона давлат стратегиясини (дастури) ишлаб чиқиш зарур. Мамлакатнинг ижобий имижи бўйича миллий стратегияни амалга оширувчи ташкилотни аниқлаш, белгилаш керак бўлади. Миллий брендинг бўйича Президент кенгаши / Presidential Council on National Branding ташкил этиш лозим.
Амалга оширилиши зарур бўлган комплекс чора-тадбирлар қаторида қуйидагиларни алоҳида санаб ўтиш мумкин:
I. Минтақавий (Марказий Осиё, МДҲ, ШОС) ва глобал ахборот маконидаги ОАВ билан тенг рақобат олиб борувчи йирик миллий медиа-холдингларни ташкил этиш;
II. Ривожланган хорижий мамлакатлардаги ОАВ ва тадқиқот марказлари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янги босқичга кўтариш;
III. Етакчи хорижий тилларда эфирга узатиладиган сунъий йўлдош телеканалини ташкил этиш;
IV. Хорижий давлатлардаги оммавий ахборот воситаларининг акцияларини, улушларини сотиб олиш ва улар билан тенг муносабатларга киришиш воситасида жаҳон медиа бозори (макони)га тўғридан-тўғри чиқиб олиш;
V. Журналистика бўйича олий таълим муассасаларида “Трэвел-журналистика” (ингл. travel journalism) – йўналишини очиш ва уни ривожлантириш.
Беруний Алимов, ЎзА
http://uza.uz/oz/tourism/beruniy-alimov-zbekistonning-turistik-shiori-kutilgan-natizh-17-03-2019?m=y&ELEMENT_CODE=beruniy-alimov-zbekistonning-turistik-shiori-kutilgan-natizh-17-03-2019&SECTION_CODE=tourism&fbclid=IwAR032vHXAgxZpQfsaLVMRBj2SzEO3AUtY5cMspuNLU4opE-hJZCyjk-Pinw