ИНТЕРНЕТГА ЯНГИ МУНОСАБАТ ДАВРИ КЕЛДИ

Канадалик педагог Раймонд Гариепи ўзининг «Интернет: яхши, ёмон ва хавфли» мақоласида жаҳон тармоғи мактаб ўқувчилари ва университет талабаларини ўз устида ишламасликка, ялқовликка, кўчирмачиликка (plagiarism) ўргатиб қўяётганидан жиддий хавотирда эканлигини ёзади. Бироқ шу билан бирга хорижлик эксперт Интернетнинг жамият тараққиёти учун ўта муҳим восита эканлиги, хусусан, унинг ахборот эркинлигини таъминлашдаги ролига алоҳида эътибор қаратади.

Эътироф этиш керак, Интернетнинг пайдо бўлиши билан ҳаётимизнинг жуда кўп аспектлари, жумладан, мактаблар ва олий таълим муассасаларидаги барча жараёнлар, қолаверса, кундалик маиший хизматлар, бизнес ва менежмент, юридик ва консуллик хизматларигача бирин-кетин виртуал дунёга кўча бошлади. Хориждаги университет профессорлари талабаларга Интернет орқали дарс беришни маъқул кўриб, айрим маърузаларини «YouTube»га жойлаштирадиган бўлдилар.

Интернетнинг ривожланиши баробарида унинг техник-технологик имкониятлари ва аудтиория қамрови ҳам шиддатли равишда ошиб борди. «Ўргимчак тўри» одамларнинг анъанавий суҳбатлашув шаклини тубдан ўзгартирди. Олис масофадан туриб нафақат эшитиш, балки кўриш имкониятининг юзага келиши виртуал суҳбатларни кескин оммалаштирди. Шундай ҳолатлар ҳам кузатилмоқдаки, бугунга келиб нафақат «бир девор қўшни»лар, ҳатто бир оиланинг аъзолари ҳам ўзаро Интернет воситасида «гурунглашмоқ»далар. Аслини олиб қараганда, ўзаро мулоқотга, тезкор ахборот алмашишга бўлган эҳтиёжнинг ўзи Интернетнинг пайдо бўлишига туртки бўлган эди.

Кейинчалик Интернет оммавий ахборот воситаларининг тараққиётига катта таъсир ўтказа бошлади. Умуман олганда Интернет тармоғининг анъанавий ОАВ оламига кириб келиши босқичма-босқич амалга ошди албатта. Аввалига анъанавий ОАВ билан электрон ОКВ (оммавий коммуникация воситалари) ўртасида рақобат юзага келмоқдами ёхуд ҳамкорликми, деганга ўхшаш хавотирли саволлар пайдо бўлди. Босма нашрлар йўқликка юз тутишини “башорат” қилувчи қарашлар тарқади. Бундай қарашлар исботи ўлароқ мисоллар кўп эди. Чунончи 1645 йилдан буён чоп этиб келинаётган Швециянинг энг кекса газетаси бўлмиш Post-och Inrikes Tindingar (“Почта ва шаҳар ичидаги хабарлар”) номли нашри 2007 йил январидан ўз фаолиятини тўласича онлайн тизимига ўтказиши катта шов-шувга сабаб бўлди. Бироқ мутахассислар, шунингдек, кенг жамоатчиликни ташвишлантираётган шунга ўхшаш хавотирлар бирёқли бўлмай туриб ОАВ билан ОКВ орасида ҳамкорлик алоқалари ривожланиб кетди.

Анъанавий тарзда фаолият юритаётган босма нашрлар (молиявий имконияти етарли бўлган бир қатор газета ва журналлар ва ҳ.) ўзларининг электрон нусхаларини тарқата бошладилар. Теле-радио каналлари ўз кўрсатув ва эшиттиришларини айни вақтда Интернет орқали тарқатиш тажрибасини қўлладилар. 2005-2007 йилларни ўз ичига олган мазкур дастлабки босқич  тажрибалари Интернет тармоғидан самарали фойдаланиш анъанавий ОАВ имкониятларини янада кенгайтиришини кўрсатди. “Интернет бамисоли сел, тошқин, цунами сингари шиддат билан кириб келди ва ОАВ имкониятларини бениҳоя кучайтирди” деб таърифлайди таниқли соҳа муррабийси, олим ва публицист С.Умиров.

Имкониятнинг кенгайиши ва кучайиши анъанавий ОАВнинг ахборот олиш ва тарқатиш самарадорлигида айниқса намоён бўлди. Босма нашрлардан тортиб радиотележурналистика мазкур янгиликни ўз фаолиятида кенг жорий эта бошлаши яна бир жиддий янгиликни – дунё миқёсида ахборотни исталган манзилга етказиш имкониятини келтириб чиқарди. Филология фанлари доктори Х.Дўстмуҳаммад тўғри таъкидлаганидек “ахборот оқими зўрайгани устига эндиликда у чек-чегара билмай қолди”.

Ахборотни чекланмаган миқдорда ва чекланмаган масофага узата олишнинг техник  имкониятлари нечоғли соҳада инқилоб ясаган бўлса, ушбу имкониятлар натижаси ўлароқ вужудга келган ютуқлар ҳамда муаммолар алоҳида илмий-амалий масала сифатида замонавий ақл-идрок олдига, жумладан мутахассислар олдига мутлақо кутилмаган муаммоларни кўндаланг қўйди.

Бу орада ахборот-коммуникация соҳасидаги тараққиёт кейинги босқичига чиқди. Республикамизда 2007 йилнинг январ ойларидан алоҳида, яъни фақат Интернетда фаолият юритадиган нашрлар пайдо бўлди. Босма нашрлардан, анъанавий теле-радиоканаллардан буткул мустақил равишда фаолият юритадиган электрон ОАВ яратиш авж олди. Яъни, интернет–оммавий ахборот воситалари ҳисобланмиш интернет-теле ва радиоканаллар, интернет-газеталар ва ҳоказо интернет-нашрлар сони кўпая бориб (www.anons.uz, www.infoman.uz, www.12.uz сингари) улар алоҳида ахборот маконига айлана бошлади. 2012 йил  “Ҳуррият” газетасида чоп этилган мақоламизда  республикада янги турда шакллана бошлаган ОАВ, яъни Интернет газеталар ҳақида алоҳида тўхталган эдик.

АҚШнинг мамлакатимиздаги собиқ элчиси Ж.Хербст ўз чиқишларидан бирида Ўзбекистоннинг очиқ жамият сари бораётганлигини эътироф этар экан, ўз фикрининг исботи сифатида Ўзбекистонда Интернетдан фойдаланишдаги монополия олиб ташланганлиги, ОАВда цензура бекор қилинганлиги ҳамда Мустақил инсон ҳуқуқлари ташкилотининг рўйхатга олинганлиги каби фактларни қайд этган эди.

Ҳақиқатан ҳам Интернетнинг Ўзбекистонга кириб келиши – миллий медиа маконда мутлақо янги воқелик, янги реаллик бўлди.

Яна бир муҳим масала. Сир эмаски, айни  даврда Интернетдан фақат ўз манфаатлари йўлида фойдаланиш Ғарб мамлакатларининг асосий мақсадларидан бирига айланмоқда. Ривожланган мамлакатларда кибер хавфсизликни мустаҳкамлаш масаласига, шунингдек, Интернетдан ҳарбий-психологик таъсир ўтказиш мақсадида фойдаланишга жиддий эътибор берилмоқда. Баъзи бир давлатлар Интернетни ўз мақсад-режаларига тўғридан-тўғри бўйсундиришни маъқул кўрсалар, айримлари уни чеклаш, чегаралаш орқали ҳимояланиш чорасини ишлаб чиқмоқдалар.

Бунга жуда кўп мисоллар келтириш мумкин. Чунончи, Эрон Ислом Республикасида мамлакатни ташқи Интернетдан узиб, мутлақо миллий ички “ўргимчак тўри”ни яратиш устида иш олиб борилмоқда. Хитой ва Россияда эса хорижий ижтимоий тармоқларни батамом ёпиб ташлаш ҳамда матнни фильтрлаш борасида техник чораларни кўрмоқда.

Бугун кўпчиликнинг куни нафақат бир пиёла чой устидаги нонушта билан, балки у ёки бу ижтимоий тармоқдаги шахсий саҳифани кўздан кечириш билан бошланади. Ҳозирги пайтда ер куррасининг қарийб 70 фоиз аҳолиси бирон-бир ижтимоий сайтда фаолдир. Уларнинг айримлари эса бир вақтнинг ўзида бир нечта тармоқларда рўйхатдан ўтган.

Статистик маълумотларга кўра, дунё ёшларининг 96 фоизи ижтимоий тармоқлар воситасида ўзаро мулоқотга киришишмоқда.

Айрим ҳолатларда баъзи ёшларнинг оммавий тармоқларга муккасидан кетиб, ўз вақтларини беҳудага сарфлаши яхши оқибатларга олиб келмаяпти. Бу ҳақда ҳиндистонлик олим К.Шривастава алоҳида фикр билдириб, ижтимоий тармоқлардан аниқ мақсадда фойдаланиш жоизлиги, акс ҳолда у вақтнинг бесамар кетишига олиб келишини таъкидлаган эди.

Афсуски, “ўргимчак тўрига илинган” айрим ёшларнинг ўқиш ва ишга муносабати ўзгариб, ҳаётга бефарқлиги кучайиб бораётганлиги бор ҳақиқат. Интернетни бежизга ўргимчак тўрига ўхшатишмаган. Чунки тармоқ домига бир марта тушган одамни, агар у ақлини ишлатмаса, ўз гирдобига тортиб олиши турган гап. Муаммонинг ижтимоийлиги ҳам ана шунда.

Кейинги 10-15 йил давомида дунё матбуотида энг кўп муҳокама қилиниб келинаётган масалалардан бири бу – Интернетнинг ёшлар аудиториясига қандай таъсир кўрсатаётганлиги билан боғлиқ. Тармоқни айрим хорижий экспертлар мажозий маънода ўткир болтага ўхшатишади. Чунки образли қилиб айтганда болта ёрдамида қуриган дарахтни чопиб, ундан ўтин тайёрлаш мумкин ёки айнан шу болта билан гуллаб-яшнаб турган, ям-яшил дарахтни яксон қилиш ҳам мумкин. Шу сабабдан жаҳон тармоғини фақат мақташ ёки аксинча уни қоралаш мантиқсиз ишга ўхшайди.

Образли қилиб айтадиган бўлсак, «бинодан чиқаётганда олдин калишни чап оёққа кийиш керакми ёки ўнггами?» каби илмий баҳс-мунозараларга чек қўйиш вақти келди. Афсуски, ёшлар муаммоларига бағишланган турли форумларда, катта йиғилишларда, дарс машғулотлари чоғида ва қолаверса ўзаро суҳбатда кўпчилик Интернетнинг ҳали ҳамон салбий томонларини гапиришдан чарчамаяпти. Бу, бир қарашда, табиий ҳолга ўхшайди. Негаки, Интернет манбаларининг ҳаммаси ҳам мукаммал эмас.

Тан олиш керак, электрон адабиётларга, янги авлод андроид китобларига, вики-справочникларга ҳозир ҳам шубҳа билан қарашлар мавжуд.

Ёшлар Интернетга ишониб жиддий китобларни ўқимай қўйишди, уларнинг билими саёзлашиб кетмоқда, деб жон куйдираётган педагогларни яхши тушунамиз, албатта. Ота-оналарнинг фарзандимнинг кўп вақтини Интернет ўғирлаб қўймоқда қабилидаги хавотирлари ҳам асоссиз эмас.

Ушбу мақолани тайёрлаш жараёнида кўтарилаётган масалада ёшларнинг фикрларини бевосита ўрганишга ҳаракат қилдик.

Хўш, уларнинг ўзлари Интернетни зарар деб билишадими ёки фойдали? Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультутетининг 2-босқич талабалари ўртасида ўтказилган кичик сўровнома натижасида турли хил жавобларни олдик.

Аҳамиятли томони шундаки, респондентлар Интернетнинг бир пайтнинг ўзида ҳам ижобий, ҳам салбий томонлари борлигини қайд этишди.

Талабаларнинг фикрига кўра, Интернетнинг ижобий томонлари қуйидагилар: унинг ёрдамида тезкор хабарлардан баҳраманд бўлиш, дарслар ва семинарларга тайёргарлик кўриш, фанлар бўйича қизиқтирган барча саволларга жавоб топиш мумкинлиги, итерфаолликнинг мавжудлиги, турли соҳаларга оид фойдали маълумотлар, дарсликлар, адабиётлар, электрон китоблар борлиги, дўстлар билан қулай ва арзон коммуникация воситаси эканлиги, унинг ёрдамида кундалик ишларга кетадиган ортиқча вақтни тежаш мумкинлиги, яхши кўрган теледастур, кинофильм ва концертларни маъқул пайтда томоша қилиш мумкинлиги ва ҳоказо.

Интернетнинг салбий жиҳатлари ҳақида эса қуйидаги фикрларни билдирдилар: ёлғон хабарларнинг кўплиги, маълумотларнинг тўғрилиги ёки ҳаққонийлигини аниқлашнинг қийинлиги, ахборот спекуляцияси мавжудлиги, одамларнинг ўзаро мулоқоти давомида баъзан этика нормаларининг қўпол равишда бузилиши, ўйламасдан қилинган айрим ҳаракатларнинг орқага қайтариб бўлмаслиги, қолдирилган баъзи ноўрин постларни ўчириб бўлмаслиги, ёмон кучларнинг Интернетдан тарғибот майдони сифатида фойдаланишлари, мисол учун ақидапарастлик ғояларининг ёшларни тўғри йўлдан чалғитиши, «кўк кит» каби ўйинларнинг фожеали оқибатлари, шунингдек, хакерлик хуружлари, шахсий маълумотларнинг ўғирланиши, вирус ва бошқа техник таҳдидларнинг мавжудлиги.

Демак, бугунги ёшларимиз Интернетнинг бир-бирига қарама-қарши бўлган икки жиҳатини, яъни унинг «оқи ва қораси»ни яхши идрок этмоқдалар.

Бундан кўринадики, жаҳон тармоғидан самарали фойдаланиш, унда ёшлар аудиториясига фойдали бўлган миллий сегментни янада чуқурлаштириш, улар учун билим ва профессионал кўникмаларни бойитиш юзасидан янги имкониятларни яратиш тўғрисида кўпроқ бош қотириш даври келди.

Беруний Алимов,

тадқиқотчи.

Қорақалпоқ давлат университети, журналистика кафедраси томонидан “Глобаллашув жараёни ва оммавий ахборот воситалари” мавзуида ташкил этилган республика илмий анжумани материаллари тўплами. 2018 йил 28 май. 47-51 б.

Фойдаланилган адабиётлар

 

  1. Raymond G. The Internet: The good, the bad and the ugly. https://www.teachers.ab.ca
  2. Srivastava K.M. Social media in business and governance. Sterling. New Delhi, India. 2013. 267.
  3. Хербст Ж. Ўзбекистон очиқ жамият сари бормоқда. // Моҳият. 2002й. 8 ноябрь.
  4. Дўстмуҳаммад Х. Оммавий ахборот воситаларини ривожлантиришнинг демократик андозалари. –Т.: “Ўзбекистон”, 2005 йил. – Б. 25.
  5. Умиров С. Интернет журналистика (интернетда радио ва телевидение). Илмий мақолалар тўплами. ЮНЕСКО, ЎзДЖТУ, – Т.:, 2005. – Б. 21.
  6. Алимов Б. Интернет газеталар кўпаядими? “Ҳуррият” газетаси, 2012 йил 11 июль. 4-б.