Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов томонидан тақдим этилган “Мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш концепцияси”да ахборот соҳасини ислоҳ қилиш, ахборот ва сўз эркинлигини таъминлаш борасида белгиланган вазифалар изчил амалга ошириб келинмоқда.
Бугунги кунда мамлакатимизда 1400 дан зиёд оммавий ахборот воситаси мавжуд бўлиб, уларнинг эркин ва самарали фаолият юритиши учун зарур ҳуқуқий асос ва кафолатлар, кенг имкониятлар яратилган. Ўндан ортиқ қонун, 30га яқин қонуности ҳужжатлари қабул қилинган. Концепцияга мувофиқ, Ўзбекистон Республикасининг “Оммавий ахборот воситалари фаолиятининг иқтисодий асослари тўғрисида”ги, “Оммавий ахборот воситаларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш кафолатлари тўғрисида”ги қонун лойиҳалари тайёрланган.
Мамлакатимизнинг Биринчи Президенти И.Каримов 2016 йил 27 июнь – Матбуот ва оммавий ахборот воситалари куни муносабати билан журналистларга йўллаган байрам табригида мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари олдида турган вазифалар ҳақида фикр юритар экан, қуйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратган эди.
Бугунги кунда юксак касб маҳоратига эга бўлган журналистлар, таҳлилчи ва шарҳловчиларни, ўз касбининг ҳақиқий устаси бўлган мутахассисларни тайёрлаш вазифаси ҳамон долзарб бўлиб турибди. Журналистларимизнинг ҳаётга чуқур кириб бориши, жамиятимиздаги ижтимоий-сиёсий жараёнларни туб моҳияти ва аҳамияти, мураккаблиги билан очиб бериш, тараққиётимиз йўлида тўсиқ бўлиб турган муаммоларни дадил кўтариб чиқиш, мавзуга холисона ва ҳаққоний ёндашиш каби мезонлар матбуотимизнинг ўзгармас қоидаси бўлиб қолиши керак.
Замон талабларига жавоб берадиган журналист кадрларни тайёрлаш, тегишли олий ўқув юртларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, таълим стандартлари ва ўқув дастурларини такомиллаштириш, профессор-ўқитувчиларнинг савияси ва малакасини ошириш, таълим жараёнига энг илғор педагогик ва инновацион технологияларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишларни янги босқичга кўтариш зарур.
Республика оммавий ахборот воситаларининг жаҳон медиа маконидаги ўрнини мустаҳкамлаш, бу орқали мамлакатимиз нуфузини янада кўтариш, мавжуд халқаро тажрибани ўрганиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Кейинги йилларда соҳа вакилларининг 700 нафарга яқини чет элларда малака ошириб келгани қувонарли ҳолдир.
2016 йилда республикамиз олий таълим тизими ўқув даргоҳларида замонавий халқаро тажрибалар, хусусан, хорижий адабиётларни ўрганиш асосида янги ўқув дастурлари ва ўқув-услубий мажмуаларни яратиш жараёнлари ҳам мазкур масала аҳамиятини янада оширади.
Зеро, олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотларнинг стратегик мақсади – жаҳон бозорида рақобатдош, ахборот асрининг янги даъватларига ҳозиржавоб бўла оладиган, касбий малакаларни мукаммал эгаллаган журналист кадрларни етиштиришдир.
Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети халқаро журналистика факультетида мавжуд халқаро алоқаларни янги босқичга олиб чиқиш мақсадида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Айни пайтда факультет Германия, АҚШ, Испания, Польша, Россия, Япония, Корея Республикаси, Хитой Халқ Республикаси каби давлатлар тегишли таълим муассасалари билан икки томонлама алоқаларга эгадир.
Шу пайтга қадар 8 нафар талаба журналистика ва хорижий тиллар мутахассислиги бўйича Республика талабалар олимпиадаси ғолиби; 10 нафар талаба турли халқаро таьлим грантлари соҳиби; 22 нафар талаба Корея Бутунжаҳон ёрдам фонди, 2 нафар талаба КOIСA ташкилоти стипендияси совриндори, 2 нафар талаба Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт Дастури (UNDP) гранти соҳиби бўлди.
2016 йил 14–24 октябрь кунлари Ҳанкук чет тиллар университети таклифига биноан Халқаро журналистика факультети декани А. Матякубов ва халқаро журналистика назарияси ва амалиёти кафедраси ўқитувчиси Б.Алимов Корея Республикасида хизмат сафарида бўлдилар.
Сафардан кўзланган асосий мақсад – ЎзДЖТУ ва Ҳанкук университети билан 2016 йилда имзоланган икки томонлама Алмашув меморандумида кўрсатилган ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва ривожлантириш билан боғлиқ масалалар юзасидан музокаралар олиб бориш эди.
Маълумот учун қуйидагиларни қайд этиш мумкин:
Корея чет тиллар университети (HUFS – Hankuk University of Foreign Studies) 1954 йилда ташкил қилинган бўлиб, бу ерда дастлаб инглиз, француз, хитой ва немис тиллари факультетлари фаолият олиб борган.
Бугунги кунга келиб талабаларга ўргатилаётган хорижий тиллар сони – 45тага етган. Талабаларга ўқитилаётган жаҳон тиллари қаторида ўзбек тили ҳам мавжудлиги алоҳида эътиборга моликдир.
HUFS ўрганилаётган чет тиллар сони бўйича дунё университетлари орасида, Франциядаги INALCO (93та), Россиядаги МГИМО (53та)дан кейинги учинчи ўринни эгалламоқда.
HUFS журналистика факультети (Media Communication Division)да учта йўналиш мавжуд.
Булар:
- журналистика ва медиа тадқиқотлари (Journalism & Media Studies);
- реклама ва оммавий алоқалар (Advertising & Public Relations);
- телевидение ва кино (Television & Film).
Халқаро алоқалар: Корея хорижий тиллар университети жаҳондаги 64та давлатнинг 200дан зиёд университетлари билан халқаро ҳамкорлик келишувларига эга.
Жорий йилнинг 17 октябрь куни мазкур университет ректорати биносида сиёсатшунослик, ҳокимият бошқаруви ва коммуникациялар факультети декани Ким Чунсик, медиа ва коммуникациялар бўлимининг етакчи профессор-ўқитувчилари, шунингдек, халқаро алоқалар бошқармаси вакиллари билан учрашув ўтказилди.
Унда ЎзДЖТУ ва HUFS ўртасидаги ҳамкорлик истиқболлари, хусусан, журналистика соҳасига оид қўшма илмий тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш ва уларни амалга ошириш; факультетларда фаолият олиб бораётган профессор-ўқитувчилар ўртасида ўзаро тажриба алмашиш; биргаликда халқаро илмий-амалий анжуманлар ташкил этиш; соҳага доир мавзуларда масофали видео-конференциялар уюштириш; он-лайн ва офф-лайн шаклларида “маҳорат мактаби”, маъруза, шунингдек, ўқув теле-радио студияларини ташкил этиш ва улардан таълим жараёнида фойдаланишнинг самарадолигини ошириш; ўзаро талабалар алмашинувини йўлга қўйиш каби қатор масалалар бўйича ўзаро фикрлар билдирилди.
18 октябрь куни Корея миллий матбуот марказида журналистик тадқиқотлар институти раҳбарияти, етакчи ОАВ вакиллари билан учрашув ўтказилди. Суҳбат чоғида икки мамлакат олимлари ва журналист-амалиётчилари ўртасида ҳамкорлик имкониятлари ҳақида фикрлар алмашилди.
Шу куни Кореядаги энг йирик китоб савдо марказида журналистика таълимига доир янги адабиётлар билан бевосита танишилди.
20 октябрь куни Жежу миллий университетида ўтказилган учрашувда ўзаро ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш ва уларни ривожлантиришга доир келишувларга эришилди. Университетлар ва факультетлар ўртасида икки томонлама ҳамкорлик меморандумлари имзоланди.
Шунингдек, мазкур университет кутубхонасидаги журналистикага доир мавжуд янги ўқув адабиётлари билан яқиндан танишилди, хусусан, спорт журналистикаси бўйича китоблар танлаб олинди.
21 октябрь куни Корея телерадиокомпанияси (KBS) таҳририятидаги ижодий жараён билан танишилди. Бўлиб ўтган музокаралар давомида замонавий аудиовизуал журналистика олдида турган долзарб вазифалар ва бу борада ҳар икки мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар, уларнинг ижобий натижалари ҳақида фикр алмашилди.
Юқоридаги учрашувларда Ўзбекистон олий таълим тизимида эришилаётган ютуқлар, ЎзДЖТУ ҳамда халқаро журналистика факультетининг бугунги фаолияти, мавжуд ҳамкорлик имкониятлари ҳақида ҳикоя қилувчи фильм ва тақдимотлар намойиш этилди.
Шунингдек, ўзбекистонлик ва кореялик профессор-ўқитувчиларнинг мақола, тезис ҳамда илмий ишларини нашр этишда ўзаро ҳамкорлик масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, Кореяннинг “Central Asian Studies” илмий журнали фаолияти билан танишилди. Шу билан бирга “Ўзбекистонда хорижий тиллар” илмий-методик электрон журнали (Fledu.uz) ҳақидаги буклетлар тақдим этилиб, мавжуд имкониятлар ҳақида маълумотлар берилди.
Бугунги кунда Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг дунёдаги етакчи олий таълим муассасалари билан ўзаро ҳамкорлик алоқаларини кенгайтириши таълим сифатининг ошишига, илғор тажрибалардан самарали фойдаланишга, жаҳон стандартларига мос мутахассислар тайёрлашга катта имкон беради.
Беруний АЛИМОВ,
тадқиқотчи.