СУНЪИЙ ИНТЕЛЛЕКТ ахборот хавфсизлигига таҳдидми ёки тараққиёт калити?

Тарихий экскурс

Марказий Осиё газетачилиги 150 йил олдин айнан Ўзбекистонда, жаҳон телевидениеси тарихи ҳам бундан 100 йил аввал Тошкентда бошланганини медиа экспертлари яхши билади. Бугунги рақамли бурилиш даврида миллий журналистикамиз яна олдинда. Айниқса, сунъий интеллект технологияларидан самарали фойдаланиш борасида.

1956 йилда Дортмут конференциясида Жон Маккарти биринчи марта “сунъий интеллект” (СИ) атамасини муомалага киритди. Умидсизлик ортиши ва молиялаштириш ҳажми камайиши туфайли 1970-1980 йиллар “сунъий идрокнинг қиш даври” деб аталади. 2000-йилларда катта ҳажмдаги маълумотлар ва кучли компьютерлар ёрдамида техникавий ўрганиш соҳаси ривожлана бошлади. 2010-йилларда чуқур ўрганиш ва нейрон тармоқлар юксалди. 2020-йилларда эса трансформер архитектураси ва катта тил моделлари (LLM) каби илғор технологиялар пайдо бўлди.

Ҳозирга келиб, сунъий идрок орқали ҳаётнинг турли жабҳаси, хусусан, замонавий хизматларни жорий этиш, онлайн савдо-сотиқ амалиётларини йўлга қўйиш, масофали таълим курсларини ташкил қилиш ва ҳатто тиббиёт соҳасида ҳам тарихда мисли кўрилмаган натижаларга эришилмоқда.

Инсоният цивилизациясининг энг муҳим янгиликларидан бири деб эътироф этилаётган сунъий идрок воситасида интернет учун замонавий медиаконтент ишлаб чиқиш бўйича жадал қадам ташланяпти. Нафақат оддий хабар матнлари, балки чуқур таҳлилий ҳамда илмий мақолалар ҳам тайёрланмоқда. Сунъий идрокнинг генератив имкониятлари замонавий журналистакада ҳам кенг қўллана бошлади. Бу жараён нафақат интернет журналистика, балки радио ва телевидениеда, ҳатто босма матбуотда ҳам мунтазам кузатилмоқда.

Матбуот ва янги технологиялар

ХХI асрда ахборот узатиш воситалари мисли кўрилмаган тезлик ва шаклда ривожланмоқда. Асосийси, бугун сунъий идрок матбуотга ҳам кириб келди ва унинг саҳифаларида кенг намоён бўлмоқда. Айни пайтда у варақалар чиқармоқда, пресс-релизлар тайёрламоқда, ҳатто газеталар босмоқда. Италияда шундай газеталар аллақачон чиқди.

Газеталарнинг таҳлилий контентида жуда ҳам керак бўладиган турли графикалар ҳам ишланяпти. Айрим таҳририятлар газета макетини сунъий идрок ёрдамида шакллантирмоқда. Расм ва турли инфографикалар тайёрлаяпти. Бунга мисолларни миллий ОАВдан ҳам кўплаб келтириш мумкин. Масалан, 2024 йилда “Ўзбекистон матбуоти” журналида сунъий идрок билан илк интервью чоп этилди. “Янги Ўзбекистон” ва “Жадид” газеталари эса ўз сунъий интеллект ёрдамида чизилган расмлар ва турли иллюстрациялардан унумли фойдаланмоқда.

“Янги Ўзбекистон” газетасининг расмий yuz.uz сайтида ҳам сунъий интеллект ёрдамида тезкор мақолалар, янгиликлар, лавҳалар ва блоглар тайёрланмоқда. Шунингдек, маълумотларни таҳлил қилиш, қайси мавзулар оммабоп эканини аниқлаб, аудитория қизиқишига мос ахборот тайёрланмоқда. Масалан, сарлавҳалар учун бир неча вариант бериб, сайт ўқувчилари эътиборини жалб этадиган форматлар яратилмоқда. AI SEO қоидаларига мос, калит сўзлар билан бойитилган матнларни тузиб, сайт траффигини оширишда муҳим роль ўйнамоқда. AI сурат ва иллюстрация генерацияловчи дастурлар ёрдамида сайт учун эксклюзив визуал контент тайёрланмоқда.

Эътиборли жиҳати ҳудудий газеталар ҳам сунъий идрок имкониятидан фойдаланяпти. Мисол учун, Тошкент вилоятида чоп этиладиган “Машъал” газетаси 2025 йилда унинг ёрдамида алоҳида суҳбат ёзиб олди ва ўқувчилар эътиборига ҳавола этди. Шунингдек, сунъий идроквоситасида чизилган расмлар газета саҳифаларида мунтазам берила бошлади.

Радиода инновацион ечимлар

Аудиожурналистика (радио)да сунъий идрок технологиялари ёрдамида овоз ишлаб чиқиш, монтаж, янгиликлар яратиш каби кўплаб жараён автоматлаштирилмоқда. Бунинг энг ёрқин кўринишлари овоз синтези, овоз таниб олиш, овозларнинг турфалиги, уларни исталганча такомиллаштириш, ҳатто умуман сохта овоз билан эфирга чиқиш технологияларидир.

Овозни хоҳлаган таниқли одамнинг тембри (овознинг жарангдорлиги, оҳанги)га мослаштириш мумкин. Тембрдан ташқари овознинг тезлиги ва баланд-пастлигини ҳам ўзгартириш мумкин. Миллий аудиовизуал журналистикада бу борада яхши натижалар қўлга киритилди. Машҳур актёр ва сухандон, дубляж санъати устаси, Ўзбекистон халқ артисти Афзал Рафиқовнинг афсонавий овози сўнгги технологиялар асосида қайта тикланди. Сунъий идрок ечимларини ишлаб чиқишга ихтисослашган маҳаллий AIM Lab компанияси Афзал Рафиқовга жарроҳлик амалиётидан сўнг шикастланган овозини тиклашнинг инновацион усулини таклиф қилди. Натижа эса кутилганидан ҳам аъло бўлди.

Замонавий радиода овозли моделлар технологияси инсон овозига жуда ўхшаш сунъий овоз ишлаб чиқишга имкон беради. Масалан, ElevenLabs, Descript Overdub, Google Text-to-Speech хизматлари орқали исталган машҳур инсоннинг овози нусхасини яратиш мумкин. Шунингдек, GPT-4 каби тил моделлари ёрдамида янгиликлар, эшиттириш сценарийлари, суҳбатлар матни автоматик ёзилади. Adobe Podcast, Auphonic, Cleanvoice.ai кабилар эса овоздаги шовқинни автоматик тозалаш, паузаларни йўқотиш, оҳангни текислаш каби аудиомонтаж ишларини бажаради.

Миллий ва хорижий тажриба ҳақида гап кетганда, бир фактга эътибор қаратиш ўринли: BBC радиоси AI-generated voices орқали 2023 йилда бир нечта тажриба подкасти тайёрлаб эфирга узатди. NPR (National Public Radio, АҚШ) сунъий интеллект ёрдамида янгиликлар таҳрирловчи, виртуал диктор ва интеллектуал монтажчини ишлаб чиқиб, синовдан ўтказди.

Телевидение замонавийлик сари

Хусусиятига кўра, телевидение нафақат ахборот узатади, балки эстетик, ижтимоий ва маданий функцияларни ҳам бажаради. Ушбу жараёнда сунъий интеллект кўплаб ишларни автоматлаштириб, контент яратишда ҳам янги босқични бошлаб берди.

Дунё тажрибасига эътибор қаратсак, ТВда сунъий интеллектдан фойдаланиш масаласида бугун Япония ва Хитой етакчилик қилаётганини кўрамиз. Масалан, кунчиқар мамлакат биринчилар қаторида кўрсатув олиб борувчи роботларни яратди.

Телевидение тизимида сунъий идрок орқали кўрсатув олиб борувчилар, робот ёки анимацион персонажлар орқали янгиликлар ўқиш амалиёти кенг тарқалган. Шунингдек, сунъий идрок ёрдамида видеомонтаж ва кўрсатувни эфирга тайёрлаш, видеоматериалларни автоматик таҳлил қилиш ҳамда керакли саҳналарни танлаб олиш, томошабинлар хулқини таҳлил этиш, томоша статистикаларини ўрганиб, тавсиялар бериш, матнни реал вақт режимида таржима қилиш ҳам мумкин.

Япония сунъий идрок соҳасида энг илғор давлатлардан бири. 2018 йилда Tokyo Broadcasting System – TBS телеканалида сунъий интеллект асосида ишлайдиган Эриcа номли сунъий бошловчи илк бор эфирга чиқди. Эриcа инсон мулоқотини имитация қилиш, юз ифодаларини кўрсатиш ва янгиликларни табиий оҳангда ўқиш имкониятига эга эди. NHK телеканали эса сунъий идрокдан тарихий видеоларни рангли форматга ўтказиш, нутқни таҳлил қилиш ва телероликлар яратишда фойдаланмоқда.

Хитойда сунъий интеллект соҳасига катта маблағ сарфланмоқда. 2019 йилда Хитойнинг Xinhua агентлиги “AI News Anchor” номли виртуал бошловчи яратди. Бу бошловчи 24 соат давомида янгиликларни ўқиб, юз ифодаси ва овоз оҳанги билан табиий бошловчи образига кираолди.

Ўзбекистон телевидениеси ҳам ушбу йўналишда жаҳон тажрибасини ўрганиб, салоҳиятини тобора ошириб бормоқда. Масалан, Uzreport TV ва “Ўзбекистон 24” телеканаллари хорижий видеоларга субтитр ёзишда автоматик воситалардан фойдаланмоқда. Шунингдек, бу телеканалларда ахборот таҳлили ва янгиликларни фильтрлаш амалиёти бажарилмоқда.

“Матнни — овозга” (Text-to-speech) технологияси ёрдамида баъзи янгиликлар блоки ёки ҳужжатли фильмларнинг сунъий овоз ёрдамида тайёрланишига эътибор қаратилади. Масалан, “Ўзбекистон 24” телеканалида баъзи ижтимоий-ҳуқуқий роликлар, кўрсатувлар сунъий интеллект ёрдамида тайёрланган аудиофон орқали эфирга узатиляпти.

Визуал контент яратишда ҳам сунъий идрок қўл келмоқда. График дизайн, анимация ёки интерактив кўрсатмалар учун сунъий идрок воситалари (масалан, Adobe Firefly ёки RunwayML) ишлатилмоқда. Жумладан, “Milliy TV” ва “MY5” телеканалларида тайёрланган айрим визуал эффектлар сунъий идрок ёрдамида автоматлаштирилган.

Интернет нашрларидаги технологик ютуқлар

Интернет нашрлари замонавий медиа политрасининг ажралмас қисмига айланган. Сунъий интеллект эса интернет тармоғи юксалишида энг асосий технологик кучлардан бири бўлиб хизмат қилмоқда. Сунъий идрок ёрдамида интернет контентлари автоматик таҳлил қилинади, фильтрлаб чиқилади, фойдаланувчи истакларига мослаштирилади.

2024 йил бу борада Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги – ЎзА пешқадамлик қилганини медиа экспертлари алоҳида эътироф этган эди. Сунъий интеллект ёрдамида яратилган робот-мухбир – Собира Холдорова (у шундай номланди) Ўзбекистон янгиликларини ўзбек, инглиз, рус, француз, араб, хитой, немис, испан ва қозоқ тилларида ўқиб бера бошлади.

Kun.uz интернет нашри ҳам сунъий идрок имкониятларидан самарали фойдаланмоқда.Масалан, йирик ҳажмли матнни ихчам шаклга келтириш ва бу жараёнда олиб чиқилаётган мавзунинг энг муҳим ва қизиқарли жойларига эътибор қаратиш амалиёти бажарилмоқда. Шунингдек, катта хронометражли видеоматериалларни сўзма-сўз матнлаштириш борасида ҳам ижобий натижаларга эришилган.

Муаллифлик ҳуқуқи,

фактчекинг ва этика масалалари

Журналистикада сунъий идрокни қўллаш бўйича этика кодекси биринчи бўлиб Грециядақабул қилинди. Мазкур кодекснинг асосий принципи шаффофликдир. Журналист сунъий интеллектдан фойдаланса, унга тегишли белги қўйилиши керак. Панелленик Журналистлар уюшмалари федерацияси – POESY томонидан тақдим этилган “Сунъий интеллект бўйича янги амалиёт кодекси” оммавий ахборот воситалари фаолиятида сунъий интеллектдан фойдаланиш асослари ва қоидаларини белгилайди.

Кўплаб хорижий ОАВда плагиатга қарши қатъий сиёсат юритилади. Масалан, The New YorkTimes ва The Guardian каби нашрлар ҳар бир мақола манбаларини жиддий текшириш тизимига эга. Ғарб университетлари ва медиасида Turnitin, Copyscape, PlagScan каби дастурлар орқали матнлар автоматик текширилади. Журналист плагиатда айбланса, ишдан бўшатилади ёки “қора рўйхат”га киритилади.

Ўзбекистон журналистикаси ҳам бу муаммодан холи эмас. Бизда манбаларни тўлиқ кўрсатмаслик, интернетдаги мақолаларни шунчаки кўчириб ўзлаштириш, ОАВлар ўртасида мақолаларни бир-бирининг рухсатсиз кўчириш ва қайта босиш каби муаммолар кузатилади.

Ваҳоланки, журналистикада плагиат нафақат ҳуқуқий, балки ахлоқий муаммо ҳамдир. У журналистиканинг асосий қадриятлари – ишончлилик, ҳалоллик ва мустақиллик тамойилларига зид. Шунинг учун журналистлар, таҳририятлар ва ОАВлар бу муаммони жиддий қабул қилиши ва унга қарши чора-тадбирларни кучайтириши лозим.

Сунъий идрок ёрдамида тайёрланган материаллар кўпинча интернетда олдиндан мавжуд бўлган контентдан бевосита фойдаланган (кўчирилган) ҳолда яратилади. Бу эса баъзан журналистнинг матнни ҳеч қандай таҳрирсиз ва текширувсиз борича кўчириб олиб, ўз мақоласи сифатида тақдим этишига олиб келмоқда. Натижада муаллифлик ҳуқуқи жиддий тарзда бузилмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг “Муаллифлик ҳуқуқи ва турдош ҳуқуқлар тўғрисида”ги қонунига кўра, ҳар қандай асар муаллифнинг розилигисиз бевосита ёки билвосита, тўлиқ ёки қисман кўчирилмаслиги лозим.

Сунъий идрок воситалари орқали яратилган контентда, айниқса, очиқ манбалар асосида яратилган матнларда муаллиф аниқлиги йўқолиб кетади. Мисол учун, 2023 йилда New York Times нашриёти OpenAI тизимини судга берди. Сабаби, компания унинг мақолаларидан розиликсиз фойдаланиб, сунъий интеллектни ўқитган. Бу ҳолат халқаро журналистик муҳитда муаллифлик ҳуқуқларининг сунъий идрок воситалари ёрдамида бузилиши масаласини яна бир бор долзарб қилиб қўйди.

Яна бир жиддий ҳолат “halusination” деб аталади. Бунда сунъий идрок мавжуд бўлмаган фактларни ўзи тўқиб чиқаради. Масалан, BBC 2024 йил аввалида сунъий идрок томонидан яратилган мақолада “манба” сифатида келтирилган ҳаволалар текширилганда, улар аслида мавжуд эмаслиги аниқланган.

Юқоридаги каби салбий ҳолатларнинг олдини олиш учун ўзбек тилида ишловчи AI ва NLP воситаларини яратиш ва оммалаштириш, журналистлар учун фактчекинг ва AI бўйича махсус тренинглар ташкил қилиш, маҳаллий ва халқаро ҳамкорликда медиамониторинг платформаларини яратиш, ҳукумат, ОАВ ва технологик институтлар ўртасида янгича кўприклар ўрнатиш лозим.

Сунъий идрок ёрдамида яратилган контентни ахборот сифатида тарқатиш журналистнинг ахлоқий позициясига бевосита таъсир қилади. Айниқса, ёлғон хабарлар, нотўғри фактлар ёки бошқа муаллифларнинг фикрини ўзиники қилиб кўрсатиш фақат журналистик этикани эмас, балки жамиятдаги ишончни ҳам емиради.

Ўзбекистон журналистларининг этика кодексида белгиланишича, журналист ахборотни ҳаққоний, тўлиқ ва холис тарзда ёритиши керак. Бу қоида сунъий идрок воситаларидан фойдаланганда ҳам ўзгармайди.

Шахсий маълумотларни асрашда синчковлик зарур

Катта ва ўрта ёшли журналистлар жуда яхши эслайди: бундан қарийб 20-25 йил олдин интернет энди пайдо бўлган даврда ҳам “бу ўзи оқми ёки қорами?”, “фойдалими ёки зарарли?” каби саволлар кўпчиликни ўйлантирган эди. Лекин орадан кўп вақт ўтмай, бу каби саволлар ўз-ўзидан йўқолди. Аниқроғи, жавоби топилди. Демак, интернет яхшилик учун ишлатилса, албатта, яхшилик олиб келади. Ундан ёмонлик йўлида фойдаланилса, сўзсиз акси бўлади, деган хулосага келинди.

Аслида сунъий ақл ҳам худди шундай. Яъни ижобий мақсадда ишлатилса, жуда кўп одамга бир пайтнинг ўзида яхшилик олиб келади. Ғаразли мақсадда қўлланса, жуда катта зарар келтириши турган гап.

Бу қараш ҳозирги ахборот хавфсизлигига бевосита боғлиқ. Чунки сунъий ақл воситасида тайёрланган катта ёки кичик ёлғон хабар одамларга нафақат иқтисодий, молиявий, балки руҳий ҳамда саломатлик борасида ҳам жиддий талафот етказиши мумкин.

Яна бир муҳим жиҳат шундаки, ҳозиргидек тарихий бурилишлар жараёнида сунъий идроктурли ёлғон ахборот ва фейклар кўпайишидан ташқари, жамият аъзоларининг ҳақоратланиши, шахсий дахлсизлиги бузилиши каби муаммоларни ҳам каррасига ошириб юбориши мумкин.

Шу ўринда Ўзбекистонда оддий ўқувчилар ҳақ-ҳуқуқлари ҳимояси борасида кўрилаётган янги реалликка мос чора-тадбирлар, қонунчиликнинг такомиллашуви айни муаддаодир.

Истаймизми-йўқми, оддий қидирув шартлари, топшириқлар ва турли промпт (керакли расм ёки матнни олиш учун нейрон тармоққа сўров)лар сунъий идрок хотирасига мустаҳкам жойлашиб қолади. Натижада у кундалик турмушимиздан фаолиятимизгача батафсил тасаввурга эга бўлади.

Демак, бу жараёнда шахсий маълумотлар ҳимоясига янада жиддий эътибор беришимиз керак. Бундан ташқари, биз фойдаланаётган сунъий идрок дастури ташқи бузғунчи кучлар, ҳакерлар хуружига учраса, рақамли қадам изларимиз (digital footprint) ва геолокацияларимизгача ошкор бўлиши эҳтимоли катта. Бу эса нафақат рақамли, балки жисмоний хавф-хатарни бир неча бор оширади. Шу боис, сунъий идрокдан фойдаланиш жараёнида мазкур жиҳатни ҳам инобатга олиш зарур.

Соҳанинг келажаги: устувор вазифалар

Сунъий интеллект билан боғлиқ технологик прогнозлар замонавий илм-фан ва саноатнинг энг долзарб йўналишларидан биридир. Ҳар йили юзлаб илмий тадқиқотлар, таҳлилий ҳисоботлар ва технологик ривожланиш сценарийлари ушбу мавзуда эълон қилинади. Уларнинг барчаси инсоният келажагида сунъий интеллект қандай ўрин тутиши мумкинлигини аниқлашга хизмат қилади.

Энг асосий фаразлар сунъий идрок тизимларининг салоҳияти, ўрганиш тезлиги, мустақил қарор қабул қилиш лаёқати ва инсон билан мулоқот даражаси борасида бўлиб, бу прогнозлар кўп ҳолларда ҳайратланарли сценарийларни илгари суради.

Сунъий интеллект технологияларининг яқин келажакдаги ривожи, биринчи навбатда, генератив тизимлар, яъни ўзи мустақил тарзда матн, расм, мусиқий композиция ёки ҳатто илмий ғоялар яратишга қодир бўлган моделлар билан боғлиқ. Бу каби тизимлар аллақачон GPT, DALL·E, Midjourney каби шаклларда оммага намоён бўлган ва уларнинг имконияти йилдан-йилга кенгаймоқда.

Сунъий идрок ҳаддан ташқари кучга эга бўлиб, уни назорат қилиш механизмлари сусайиб кетса, инсониятга хавф туғдириши мумкин. Шу сабабли илғор тадқиқот марказлари ва олимлар сунъий интеллект хавфсизлиги, ахлоқий ва ҳуқуқий чегараларини аниқлаш устида ҳам жиддий ишламоқда.

Демак, сунъий интеллект соҳасидаги прогнозлар фақат технология ҳақида эмас, балки инсониятнинг келажаги, ҳаёт мазмуни ва ижтимоий қадриятлари ҳақида чуқур ўйлашга ундовчи масалалардир.

Техник ишлар эса бутунлай сунъий идрок зиммасига юкланади. Виртуал бошловчилар, реалистик AI авлодлар, синтез қилинган овозли репортажлар, персоналлаштирилган янгиликлартасмаси – буларнинг барчаси истиқболдаги журналистикада реал воқеликка айланиши мумкин.

Бироқ технология қай даражада ривожланмасин, журналистиканинг объективлик, ҳаққонийлик, аниқлик, мувозанатлилик каби фундаментал тамойиллари бузилмаслиги лозим. Сунъий идрок ёрдамида яратилган контентда ҳам бу қоидалар устувор бўлиши зарур.

Шунинг учун фойдаланишда журналистлар сунъий идрок воситаларининг имкониятини тўғри баҳолаши, ахборот хавфсизлиги, муаллифлик ҳуқуқлари ва ахлоқий меъёрларни эътибордан четда қолдирмаслиги шарт.

Беруний АЛИМОВ,

“Янги медиа таълим маркази” ННТ директори,

филология фанлари доктори

«Yangi O’zbekiston» gazetasi

03.06.2025