Бугун кун давомида Юлдуз Файзий ва Насриддин Асриддинов билан катта лойиҳа устида ишладик.
Тўғриси, ижодий жамоанинг аҳиллигига ҳавасим келди.
Ишонмайсиз.
Бир-бирини оддий кўз қараши, имо-ишораси билан, нари борса яримта сўзи билан тушуниб олишар экан.
Телевидениеда ҳозир ҳам шундай иноқ жамоа борлигини, тўғриси, билмас эканман.
Тонг сахардан то кечгача боларидек тиним билишмади.
Тўрт кишилик жамоа 5 дақиқа бўлса-да эркин нафас олганини кўрмадим.
Сценарийни қаранг…
Хиванинг ота дарвозасидан бошлаб, болаликнинг тенгсиз ҳайратларигача, етти авлод шажара тарихидан тортиб қавмлар қабристонигача, ота ҳовлидан бошлаб мактабгача, балиқ овидан тортиб, ҳаёт ҳақидаги жуда оддий, бироқ фалсафий мушоҳадаларгача…
Шунча ишнинг бир нафасда бажарилганига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.
Адашмасам бу каби теле-очерклар камида 4-5 кун давомида тасвирга олиниши керак.
Негаки чет эл тажрибаси айнан шундай.
Эсимда, чамаси 20 йил олдин Ал Жазира телеканалининг “атиги” 15 кишилик ижодий жамоаси Ўзбекистон бўйлаб тайёрлаган қисқагина бир фильмини тасвирга олиш жараёни нақд бир ҳафта давом этган эди.
Менга “хўш, сиз булар билан теппа-тенг юриб хориб қолмадингизми” дейсизми?..
Асло!
Аксинча янги куч, чексиз илҳом ва мотивация олдим.
Муҳими, устимда анча ишлашим кераклигини, ёши улуғлар ўгитини ҳар қандай вазиятда қулоқда сақлашим кераклигини ич-ичимдан яна бир карра англадим.
Қаранг-да…
Бир гужумнинг ўсиб улғайишида, унинг одамларга қандайдир соя бера бошлашида не-не одамларнинг пешона тери тўкилмайди.
Бошланишида кимдир уни экади. Кимдир сувини беради. Яна кимдир уни беминнат парваришлайди
Очиғини айтаман.
Бу ҳаётда агар нимагадир эришган бўлсам…
Барчаси аввало яратган эгамники.
Ўта мураккаб, баъзида беаёв, ҳатто энг қақшатқич йўлларда учратганларим, йўлчи юлдузларим, мураббийларники.
Диссертация ҳимояларида бировга билинтирмасдан елкалари билан сим-сим йиғлаган буюк устозимники.
Бу ёруғ дунёга келтирган ота-онам ҳамда меҳрибон холамники.
Мени ҳанузгача елкасида кўтариб юришга тайёр турган мард оғаларимники.
Қўйиб берсангиз, ҳозир ҳам ширин тушлар кўришим учун ўзи тўқиган эртакларни айтиб беришдан чарчамайдиган опамники.
Йиқилсам, устимдаги чангни артиб, нафақат мени тиклаб қўядиган, балки янада шиддатлироқ курашга ундайдиган сонсиз дўстларим, китобларники.
Жоним сал оғригудек бўлса, мижжа қоқмайдиган ҳурлиқомники. Атрофдаги гирдикапалак дилбандларимники.
PS
“Изларим…” лойиҳасининг тўлиқ вариантини яқин орада насиб қилса эфирда ва ижтимоий тармоқларда кўришингиз мумкин.
Б.А.
15.05.2024