Ёшларнинг ижтимоий тармоклар орқали мамлакат имижини оширишдаги роли

Замонавий оммавий коммуникация воситалари жадал оммалашуви натижасида улар жаҳон медиа майдони саҳнасида катта мавқега эга бўлиб бормоқда. Шундай оммавий мулоқот воситаларидан бири – ижтимоий тармоқлардир. Ҳамон оммавий коммуникация ҳозирги замон цивилизациясининг муҳим воқелигига айланган, тараққий этган ва эндигина тараққиёт йўлидаги давлат фуқаролари ҳам бир хил эҳтиёжлардан келиб чиқиб оммавий мулоқот субъекти даражасига кўтарилаётган экан, бунда ижтимоий тармоқлар устувор воситалигини эътироф этмай иложи йўқ.

Умуман Интернетнинг пайдо бўлиши билан ҳаётнинг жуда кўп аспектлари, жумладан, кундалик маиший хизматлардан тортиб, бизнес ва менежмент, юридик ва консуллик хизматлари ва ҳатто давлат бошқарувигача бирин-кетин виртуал дунёга кўча бошлади.

Энг муҳими, у ёшларнинг анъанавий мулоқот шаклини тубдан ўзгартириб юборди. Олис масофадан туриб нафақат эшитиш, балки кўриш имкониятининг юзага келиши виртуал суҳбатларни кескин оммалаштирди. Кейинги 15-20 йил давомида дунё мамлакатлари аҳолиси, шу жумладан, ўзбекистонлик ёшлар ҳаётида мобил алоқа урф тусини олган бўлса, ҳозирги  даврга келиб мобил ускуналардаги WhatsApp, ICQ, MSN Messenger ва Telegram орқали матнли мулоқот (инг. text messaging) оммавийлик касб этмоқда.

Қайд этиш керак, бугунги кунда дунё аҳолисининг қарийб ярми – яъни 3 млрд.га яқин киши турли ижтимоий тармоқлардан фойдаланмоқда. Шулардан энг катта қисми – 2 млрд. одам “Facebook”да. https://napoleoncat.com сайти берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда “Facebook” тармоғидан фойдаланувчилар 1 миллионга яқинлашиб қолган. Улар ўртача 25-34 ёшда бўлиб, 65,5 фоизини эркаклар, 34,5 фоизини хотин-қизларимиз ташкил этар экан.

Айни пайтда дунёда 1 млрд.лик аудиторияга эга Instagram Ўзбекистонда  1.586.500 нафар фойдаланувчига эга. 2.476.590лик Facebook эса  мамлакатимизда 686.400 кишини бирлаштирган. 200 млн.лик Telegram – Ўзбекистонда  18 млн.кишига хизмат кўрсатмоқда.

Якка тартибдаги мулоқот чин маънода оммавий тус олди. Бошқача айтганда, машҳур олим Э.Тоффлернинг ахборот асрида барча ишлаб чиқаришлар, жумладан ахборот воситалари ҳам оммалашувдан нооммалашув томон, яъни индивидуллашув томон юз тутади деган башорати бир қадар ўз исботини топмоқда [Тоффлер 2010, 298]. Мана шундай хусусиятлари билан оммавий коммуникация замонавий цивилизациянинг ўзига хос кўринишига айланиб улгурмоқда.

Оммабоп ижтимоий тармоқларда юзага келаётган ватанпарвар ёшларнинг турли гуруҳлари  ахборот маконидаги ўзига хос тарғиботчи сифатида эътироф этилиши мумкин. Эътиборли жиҳати шундаки, фаол ёшларимизни жипслаштираётган тармоқдаги бу каби оммабоп гуруҳлар ўз ўрнида миллий ОАВ каби мамлакатимиз медиа имижини мустаҳкамлашга бевосита хизмат қилмоқда.

XXI асрнинг  иккинчи ўн йиллигида ижтимоий тармоқлар (инг. social media) жаҳон медиа маконида фаолият юритиб келаётган анъанавий ОАВ билан шу қадар аралашиб, қўшилиб кетмоқдаки, бунинг натижасида уларни бир-биридан ажратиб кўрсатиш ёки уларни бир-бирларига қарши қўйиш  мантиқсизлик бўлур эди.

Ватанимиз маданияти, тарихи ва ҳозирги ютуқларини бутун дунёга тарғиб қилишда ва шу орқали давлатимиз имижи ва обрўсини оширишда ижтимоий тармоқлар имкониятларидан тўғри ва мақсадли фойдаланиш талаб этилмоқда. Чунки ҳозирги пайтда ер куррасининг 50 фоиздан ортиқ аҳолиси бирон-бир ижтимоий сайтда фаолдир.

Маълумотларга кўра дунё ёшларининг 96 фоизи ижтимоий тармоқлар воситасида ўзаро мулоқотга киришмоқда.

Демак, ёш мустақил давлат медиа имижини шакллантириш масаласида бу қадар улкан имкониятдан оқилона ва самарали фойдалана билмасликни ҳеч қандай сабаблар билан оқлаб бўлмайди. Тан олиш керак, бу борада қилинган ишларимиздан кўра, бажарилмаган ишларимиз кўпроқ.

Тарихга назар ташласак, дастлабки ижтимоий тармоқларнинг пайдо бўлиши интернет ихтиро қилинган 1969 йилга бориб тақалади [http://vsetke.ru/post/20447276]. Биринчи тўлақонли ижтимоий тармоқ 1995 йилда америкалик Рэнди Конрадс томонидан ишлаб чиқилган Classmates.com сайтидир (Сlassmates сўзи инглиз тилидан синфдошлар – одноклассники деб таржима қилинади). Дастлаб тор доирадагина ўзаро алоқалар ўрнатиш мақсадида яратилган мазкур сайтда АҚШ ва Канада фуқароларидан иборат 50 млн.дан зиёд фойдаланувчи рўйхатдан ўтган. Сайт бугунга келиб Швеция, Германия, Австрия ҳамда Франция аҳолисига ҳам хизмат кўрсатмоқда. Демак, давлатимизнинг халқаро имижини оширишда  Сlassmates тармоғидан унумли фойдаланиш айни муддао.

Хорижда ижтимоий тармоқлардаги маркетинг стратегияси турли аспектларда тадқиқ этилган. Ю.Митяева ва Ю.Чернишов тадқиқотлари эса  ҳокимият органлари имижини тармоқлар воситасида шакллантириш масаласига бағишланган [Митяева, Чернышов 2013, 4-1(80)].

Таъкидлаш керак, Ўзбекистондаги даврий нашрлар ва умуман анъанавий ОАВдан ташқари ижтимоий тармоқларнинг бевосита ўзида ҳам Ватанимизни улуғловчи, унинг тарихи ва маданиятига эътиборли кишиларни жамлаган ижтимоий гуруҳлар мавжуд, зеро улар ҳам жаҳон медиа маконида диёримиз обрўсини янада ошириш борасида катта хизмат қилишмоқда.

Бунга мисоллар талайгина. Facebook тармоғидаги 15461 кишини жамлаган “I love Uzbekistаn”, 19426 нафар фойдаланувчига эга “Uzbekistan Travel” ва 35010 фойдаланувчини бирлаштирган “I love Tashkent”  ҳамда бошқа қатор гуруҳларни санаб ўтиш мумкин [ушбу статистик маълумотлар 2018 йил 17 апрель куни олинган].

Муҳим жиҳати шундаки, мазкур гуруҳларга аъзо бўлганлар орасида Ўзбекистон ёшларидан ташқари хорижий мамлакатлар фуқаролари ҳам бор.

Кези келганда шуни ҳам таъкидлаш керак, “I love Tashkent” гуруҳи 2014 йилнинг 27 сентябь кунидан бошлаб янгиланмаган. Балки администраторнинг бу гуруҳни юритиш учун вақти ва имконияти йўқдир. Лекин ижобий имижни шакллантиришга хизматни қилаётган 35 минг кишилик саҳифаларни бирон бир ташаббускор ёшларимиз ўз қўлга олишса жуда яхши бўларди.

“I love Tashkent” гуруҳида эълон қилинган материаллар ва фото лавҳаларда асосан мамлакатимиз пойтахти имижини мустаҳкамловчи, уни улуғловчи мавзулар кўтарилган.

“I love Uzbekistаn” гуруҳи саҳифасида эса ватанимизнинг кўҳна ва замонавий шаҳарларини кўз-кўз қилувчи, халқимизнинг бетакрор маданияти, гўзал табиатимиз ҳақида маълумот берувчи фото лавҳалар ва мақолалар берилиб борилади.

Бундан ташқари ижтимоий тармоқлар ёрдамида давлат ва хўжалик бошқаруви органлари ҳам ўз фаолиятларини кенг ёритиш имкониятига эга бўлмоқдалар.

Қайд этиш керак, ташкилотларнинг тармоқлардаги саҳифаларини ташкил этиш бўйича Ўзбекистонда қонунчилик базаси муттасил такомиллаштирилмоқда. Мамлакатимизда ҳатто етакчи демократик давлатлар қонунчилигида ҳам камдан-кам кузатиладиган ўта муҳим ҳужжатлар ишлаб чиқилди ва тасдиқланди.

Шунингдек, веб-сайтлар – идораларнинг фаолияти тўғрисидаги ахборотни ўз ичига олган расмий веб-сайт сифатида идентификация қилинадиган, энг муҳими, ундан ҳамма эркин фойдаланиши мумкин бўлган ресурс эканлиги белгилаб қўйилган. Демак, расмий ташкилотларнинг веб-саҳифаси маълум маънода интернет нашр функциясини бажармоқда.

Ана шу сайтлар плагинларининг оммабоп социал тармоқлар таркибидаги бугунги шаклланиш жараёнини ахборот соҳасидаги энг замонавий йўналишлардан бири дейиш мумкин. Улар ҳам ёшларимизни бирлаштиришга ўз ҳиссаларини қўшмоқдалар.

Умуман, глобал медиа майдонда рақобатбардош фаолият юритишга қодир ижтимоий тармоқлар яратиш алоҳида бир муаммо бўлса, юртимиз ҳудуди доирасида фаолият юритаётган ОАВнинг мавжуд тармоқлардан  унумли фойдаланишлари яна бир муаммодир. Ваҳоланки, жаҳон медиа маконига тўғридан-тўғри чиқиш, пировардида  ўқувчилар сони ва географиясини бир неча бор кенгайтириш борасида ижтимоий тармоқларга тенг келадиган восита йўқ ҳисоби. Хусусан, ижтимоий тармоқларнинг мамлакат имижини шакллантиришдаги, яъни, мустақил давлатимиз қўлга киритаётган оламшумул ютуқларни жаҳон медиа маконида кенг тарғиб қилишдаги ўрни тобора ортиби бормоқда.

Ваҳоланки, “Интернет яхшими ёки ёмонми?”, “ижтимоий тармоқлар оқми ёки қорами?” каби саволларни муҳокама қилиш давридан аллақачон ўтиб бўлдик. Энди вақтни йўқотмасдан ҳар бир жабҳа учун улардан оқилона, рационал фойдаланиш йўлларини излашимиз керак.

Хулоса ўрнида шуни айтиш мумкинки, цивилизациянинг бугунги босқичида нафақат одам, ташкилот ёки компания, балки мамлакатнинг тақдири ҳам унинг  медиа макондаги имижи билан бевосита боғлиқ бўлиб қолмоқда.

Шундай экан юқоридагилардан келиб чиққан ҳолда, қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:

  1. Ижтимоий тармоқлар воситасида мамлакат имижини ривожлантиришга йўналтирилган инновацион технолгияларни кашф этиш ва уларни амалиётга жорий этиш;
  2. Ўзбекистон ёшларининг илмий ва интеллектуал фаолияти, уларнинг фантазияси, ижодий жараёни, кашфиётлари, ихтиролари ва рационализаторлигининг якуний натижаларини ижтимоий тармоқларда бутун дунёга мақсадли тарғиб этиш;
  3. Турли ижтимоий тармоқларда фаол бўлган ёшларни ватанпарварлик руҳидаги янги гуруҳларга бирлаштириш орқали уларни инновацион ишланмаларга жалб этиш;
  4. Мамлакат имижини янада кучайтириш баробарида Ўзбекистонга кириб келаётган янги инвестициялар оқимига ижобий таъсир ўтказиш;
  5. Пировардида ижтимоий тармоқлар сегментини фаол ёшлар иштирокида ташқи тарғибот ишларининг самарадорлигини жиддий равишда оширадиган омил даражасига олиб чиқиш.

(2019 йил 27 апрель Тошкент шаҳридаги “Пойтахт” бизнес марказида “Ёшлар инновацион фаоллигини оширишнинг долзарб вазифалари” мавзусидаги республика илмий-амалий коференцияси тўплами)

Беруний Алимов,

филология фанлари бўйича

фалсафа доктори,

ЎзДЖТУ доценти.