Мувaффaқиятли фaнлaр коммуникaцияси сирлaри

2024 йил 19 декабрь куни Ўзбекистон Фанлар Академияси мажлислар залида ЎзФА раҳбарияти, олимлар, ёш тадқиқотчилар, Ахборот хизмати ходимлари учун (жами 35-40 нафар киши) “Мувaффaқиятли фaнлaр коммуникaцияси сирлaри” мавзуидаги тренинг  бўлиб ўтди.

Айни мавзуда Ўзбекистонда илк бор ташкил этилган мазкур тренинг  Осиё тараққиёт банкининг “Осиё тараққиёт банки ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни самарали коммуникациялар орқали чуқурлаштириш” техник ёрдам лойиҳаси доирасида амалга оширилди.

Қайд этиш ўринлики, Осиё тараққиёт банки дунёнинг қатор мамлакатларида, хусусан Осиё ва Тинч океани минтақасида фаолият олиб бораётган илмий доиралар, таҳлил марказлари билан кенг ҳамкорлик алоқаларини амалга ошириб келмоқда. 

Банк турли ташаббуслар орқали минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш, ўзаро билимлар алмашиш, фан ва илм ўчоқлари билан барқарор алоқаларни ўрнатишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. 

Фан, таълии ва илм марказлари билан ҳамкорлик ОТБнинг 2030 йилгача бўлган стратегиясида баён қилинган инклюзив ва барқарор ривожланишни рағбатлантириш каби стратегик мақсадларига айнан мос келади.

Фанлар коммуникацияси аҳамиятининг бир нечта асосий жиҳатлари мавжуд.

Биринчидан, у ҳар қандай чуқур илмий тадқиқот натижаларини тушунарли шаклга олиб келади. Аниқроқ айтадиган бўлсак, самарали мулоқот мураккаб илмий тушунчаларни айни соҳада мутахассис бўлмаганлар, жумладан, сиёсатчилар, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда журналистлар ва блогерлар учун тушунарли маълумотларга айлантиради.

Иккинчидан, у муҳим сиёсий қарорларнинг қабул қилиниши жараёнига бевосита таъсир қилади. Яъни юзага келган аниқ ва равшан мулоқот янги сиёсатни ишлаб чиқишда тадқиқот натижаларига таяниш баробарида улардан унумли фойдаланиш имкониятини яратади. Бу эса ўз ўрнида замон талабалрига мос илмий ишланмаларга доир хабардорликни янада оширади ва самарали қарорларнинг қабул қилинишига олиб келади.

Учинчидан, фан ва илмий тадқиқотлар хулосаларига кенг жамоатчилик эътиборини жалб этишга хизмат қилади. Иқтисодий тадқиқотлар натижалари билан жамоатчиликни ўз вақтида таништириш аҳоли ўртасидаги иқтисодий масалалардан хабардорлик даражасини оширади ва асоссиз англашилмовчиликларнинг олдини олади. Шунингдек аҳолининг турли масалаларга оид билимларини оширади.

Бундан ташқари, мазкур йўналишдаги ишлар манфаатдаор тарафлар ўртасидаги ҳамкорликни рағбатлантиради. Бир сўз билан айтганда, тадқиқот натижаларини алмашиш иқтисодчилар, сиёсатчилар ва бошқа манфаатдор томонлар ўртасидаги яқин ва ўзаро фойдали ҳамкорлик алоқаларини рағбатлантиради. Бу эса янада кенг қамровли ечимларга олиб келади.

Шу сабабдан тренинг дастурини тайёрлашда мавжуд масаланинг юқорида санаб ўтилган энг муҳим жиҳталари инобатга олинган ҳолда фан коммуникациясининг турли замонавий жиҳатлари бўйича хорижий мамлакатларда эришилган энг сара тажрибалар жалб қилинди.

Тренинг жараёнидаги сессияларни амалий жиҳатдан қизиқарли ва самарали ташкил этиш мақсадида мамлакатимиздаги мутахассислар, жумладан ОТБ Ўзбекистондаги ваколатхонаси Ахборот хизмати раҳбари Наргиза Аликулова ҳамда халақаро медиа эксперт, филология фанлари доктори Беруний Алимов томонидан тренинг дастурини ишлаб чиқишда бугунги реаллик, мавжуд талаблар ва жаҳондаги илғор тажрибаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Машғулотлар давомида иштирокчилар тадқиқот мулоқотининг фундаментал ва ҳуқуқий жиҳатлари ҳақида зарур билим ва кўникмаларга эга бўлдилар. 

Айниқса, мураккаб тадқиқот натижаларини кенг жамоатчилик учун тушунарли тилда ифодалаб бериш, турли аудиторияларучун мослаштирилган медиа матнларни тайёрлаш, жараёнга оммавий ахборот воситаларини жалб қилиш ҳақида янги маълумотларни ўзлаштирдилар. 

Шунингдек, мувафақиятли видео-интервю бериш ҳамда оммавий нутқнинг асосий тамойилларига оид амалий машғулотларда фаол қатнашдилар.