ЙИЛДИРИМНИНГ ЎҚИ

Бўлмаган гап… Одам ҳеч қачон меҳнатдан ўлмайди. Аксинча у пишади, майда ташвишларни осон енгади, бошқалардан олдида кетади ва энг муҳими – икки елкасидан оппоқ қанотлари ўсиб чиқа бошлайди.

1960 йилларнинг охири.

Ҳали мерс-лимузин деганлари Қулон-қорабоғ аҳлининг тушига ҳам кирмаган пайтлар.

Агар бўлганида борми, хазоразсплик бу қизгина балки парижлик келиндан ҳам кўпроқ иззат-икром кўрармиди.

Сочлари жайхун сойларидек товланган, икки кўзи қоп-қора, ҳусн-латофатда тенги йўқ Саодат – энди 15 ёшни қоралаб, 16 га қараб кетаётган даври.

Уни удумга кўра, яъни “суякни бузмаслик учун” бегонага эмас, узоқроқ қариндошига узатишаётган эди.

Қаранг! Ана кўраяпсизми?…

Саодатни оппоқ паранг рўмолга ўраб, олис-олислардан эшак аравада олиб келишаяпти.

Ҳамма хурсанд…

Мактабни ҳали битиришга улгурмаган Одамбойнинг тўйи бугун. У Олимхўжанинг энг яхши кўрган, кенжа ўғли эмасми, табиатан жуда ўр, эркин ва шўх эди.

Шундай қилиб, бизнинг уйимизга, камина туғилишидан беш-олти йил олдин биринчи келин тушган.

Катта оиланинг шуниси яхши-да.

Бир ёқдан келинлар қўзилай бошлайди. Иккинчи томондан оналар ҳам, уларнинг бош фарзандлари ҳам бекор ўтиришмайди.

Хуллас, мен туғилишимгача анча-мунча жиянларим мени уйда кутиб олишган.

Майли, бу бошқа мавзу.

Кейин Одамбой акам милицияда бир муддат ишлаганини аранг эслайман.

Бошқа пайтларда асосан шамол заводида бош менежер лавозимида ишлаганлар.

Яқинда “Меҳнат шуҳрати” олсалар керак.

Саодат янгам-чи?

Турмушга чиқиб, нима рўшнолик кўрдилар?

Акаларимни, опамни, мени, ўзларининг фарзандларини, кейинчалик невраю эвараларини катта қилишдан бўшамадилар.

Эсимда…

1991 йил 9 май, тонг сахар пайти…

Боғнинг тўрида, ҳеч ким ўтмайдиган жойга бориб, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ўтирганимда холамнинг тобутини эндигина Тошкентдан олиб келгандик.

–  “Болам, келдингизларми?” деб мени бағрига босган ҳам шу янгам бўлади…

Яна нимасини айтай?

Уйимизда “энг катта боғбон”, “тиниб-тинчимас селекционер”, «узумшунос», «анжир устаси» қишдаям даладан чиқмайдиган “парникчи”, “илғор сутсоғар” ва “энг тез юмурта барак пиширадиган келин” каби қатор шарафли номларни мана ярим асрдан бери ҳеч кимга бермай келаяптилар.

Ҳар сафар қишлоққа борганимда, ҳол-аҳвол сўрагандек бўламан:

– Янга, ничиксиз?

– Йилдиримнинг ўқидайман, болам!

 

24 июль 2021 йил